ОЗ ХУРМОНИ КЎПАЙТИРИБ ҲАҚДОРЛАРГА ЕТКАЗИШ

946

   Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам вафот қилди. Унинг зиммасида қарзи бор эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб: «Отам ўз зиммасидаги қарзни қолдирди. Менда унинг хурмосидан  чиқадиган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ. Унинг йиллар бўйи чиқаргани ҳам зиммасидаги қарзга етмайди. Мен билан борсангиз, ҳақдорлар менга қаттиқ тегмасалар»,  дедим. У Зот мен билан хурмо хирмонларидан бир хирмон атрофида юрдилар-да, Аллоҳга дуо қилдилар. Кейин бошқасини ҳам шундоқ қилдилар ва унинг устига ўтириб олиб: «Уни ўлчаб олинглар», дедилар. Уларга ҳақларини тўлиқ қилиб бердилар. Яна уларга берган нарсаларича ортиб қолди».

   Бухорий ривоят қилган.

Мулоҳаза билдиринг