Эгизакларга Ҳасан-Ҳусайн ва Фотима-Заҳро деб ном қўйиш

3 йил аввал 29326 siyrat.uz

Халқимизда эгизак туғилган ўғил фарзандларга Ҳасан-Ҳусан, қизларга эса Фотима-Зуҳра, бир ўғил бир қиз бўлиб, ўғил биринчи туғилган бўлса Ҳасан-Зуҳра, қиз илгари туғилган бўлса Фотима-Ҳусан исм қўйиш одат тусини олган ва эгизаклар бундай номланиши суннат деган тушунча ҳам бор.

Бир куни бир талаба йигит келиб: "Бир оилада иккинчи бор ўғил эгизак фарзанд туғилган экан. Биринчиларига Ҳасан-Ҳусан деб исм қўйишган. Иккинчи эгизакларга ажратиш учун "Муҳаммад Ҳасан-Муҳаммад Ҳусан" деб от қўйса бўладими?", деб савол сўради.

Қўшни қишлоғимизда айнан шундай ҳолат бўлганда кичик эгизакларга "Шоҳасан-Шоҳусан", деб от қўйилганини гувоҳимиз.

Бир оилада қиз бола эгизаклар туғилиши такрорланса кичик эгизакларга "Биби Фотима-Биби Зуҳра" ва ҳоказо исмлар қўйилади.

Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: ҳақиқатда шундай исм қўйиш суннат амалми?  Пайғамбаримизнинг эгизак фарзанд ва набиралари бўлганми?

Аввало, бу исмларнинг лафзи ва маъносига бироз тўхталсак:

Фотима-Зуҳра аслида эгизак қизларга қўйилган исм эмас. Асли унинг лафзан тўғри шакли Фотима Заҳро бўлиб, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима онамизнинг исм ва сифатларидир. Фотима исмлари, Заҳро эса сифатларидир. Заҳронинг маъноси юзидан нур таралувчи, ёрқин, гўзал юзли маъноларини билдиради. Демак, Фотима Заҳро дегани "Нур юзли Фотима хоним" дегани экан. Зеро Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эгизак қизлари бўлмаган.

Ҳасан-Ҳусаннинг асл тўғри шакли Ҳасан-Ҳусайндир. Ҳасан исмининг маъноси чиройли, гўзал маъноларини билдиради. Ҳусайн эса унинг мусағғар яъни сағир(кичик)лаштирилган шакли бўлиб, чиройлича, гўзалча деган маънони билдиради. Биздаги Ҳусан отини бироз тўғрилаб, Ҳусайн дейиш тўғри ва мақсадга мувофиқ бўлади. Пайғамбаримиз юқорида сўз юритилган Фотима қизларининг биринчи фарзандларига Ҳасан бир йил ўтиб туғилган иккинчи фарзандларига Ҳусайн деб исм қўйганлар. Булар эгизак эмас, балки ораларида бир ёш фарқ бор ака-укадирлар! Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эгизак набиралари бўлмаган! Қуйида муҳтарама хоним Фотима Заҳро онамиз ҳамда у зотнинг фарзандлари Ҳасан ва Ҳусайн разияллоҳу анҳум ҳақларида батафсилроқ тўхталсак, масалага янада ойдинлик киради, иншааллоҳ!

Фотима Заҳро (ҳижратдан аввалги 18-11ҳ)

Фотима. Аллоҳнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари. Қурайш қабиласининг Бану Ҳошим уруғидан. Оналари Хадижа бинт Хувайлид. Қурайшнинг машҳур ва зиёли аёлларидан бири. У хонимни мўминлар амири Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳумо никоҳига олган. Ҳасан, Ҳусайн, Умму Кулсум ва Зайнаб исмли фарзанд кўрганлар. (Гўдаклик чоғида вафот этган Муҳсин исмли ўғил фарзандлари ҳам бўлган). Оталари вафотидан олти ой ўтиб вафот этганлар. Ислом тарихида биринчи бўлиб шу зотнинг муборак жасадлари тобутга солинган. Фотима онамиздан ўн саккизта ҳадис ривоят қилинган. У зотнинг фазилатлари ҳақида Имом Суютийнинг "Ас-Суғурул босима фий маноқибис Саййида Фотима" номли ва Умар Абу Назрнинг "Фотима бинт Муҳаммад" китоблари бор.

           Ҳасан ибн Али (3-50 ҳ)

Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб, Абу Муҳаммад, Ҳошимий. Мўминлар амири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севикли набиралари, дунёдаги райҳонлари ҳамда Жаннат аҳли йигитларининг саййиди. Жаноб боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, отаси Али, иниси Ҳусайн ва тоғаси Ҳинд ибн Абу Ҳола разияллоҳу анҳумлардан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса ўғли Ҳасан, мўминлар онаси Оиша (р.а.), Икрима, Муҳаммад ибн Сирин ва бошқалар ҳадис ривоят қилган. Ўта ҳалим, парҳезкор, фозил зот бўлган. Отасидан сўнг бир неча ой халифалик қилган. Сўнг халифаликдан ўз ихтиёри билан воз кечиб, уни бир неча шартлар билан Муовияга топширган. У ўзининг бу оқилона ҳаракати билан кўплаб мусулмонларни сақлаб қолган. Натижада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Менинг бу ўғлим Саййиддир. Аллоҳ таоло унинг қўли билан икки мусулмон жамоаси орасини ислоҳ қилса, ажабмас!", деган мўжизалари рўёбга чиқиб, ўз тасдиғини топди. Ҳасан р.а. Мадинаи мунавварага кетиб, то вафот этгунга қадар у ерда яшаган. У заҳарланиш оқибатида вафот этган, деган гап ҳам бор.

       Ҳусайн ибн Али (4-61 ҳ)

Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб, Абу Абдуллоҳ, Ҳошимий. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севикли набиралари, дунёдаги райҳонлари ҳамда Жаннат аҳли йигитларининг саййиди. Мадинада туғилган ва у ерда то отаси билан Куфага чиқиб кетгунча яшаган. Куфада отаси билан Жамал, сўнг Сиффин урушларида ва хаворижларга қарши курашда қатнашиб, то отаси қатл этилгунга қадар бирга турган. Сўнг у ерда акаси билан қолиб, то акаси халифаликни Муовияга топширгунча шу ерда истиқомат қилган. Топширгач,  оға-ини биргаликда Мадинаи мунавварага кўчиб кетганлар. Бобоси, отаси, онаси ва тоғаси Ҳинд ибн Абу Ҳола ҳамда Умар ибн Хаттоб р.а.лардан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса акаси Ҳасан, фарзандлари: Али Зайнулобидин, Фотима ва набираси Боқир ҳамда фарзанди бўлмаганлардан Имом Шаъбий ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар. "Сунан" муаллифлари ҳам китобларида у зотдан озроқ ҳадис ривоят қилганлар. Фозил, обид зот бўлган. Язид ибн Муовиянинг даврида халифаликка қарши чиққанида Ироқда қатл қилинган.

Ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Ҳасан туғилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб: "Менга ўғлимни кўрсатингларчи, исмини нима қўйдинглар?", дедилар. Мен: "Ҳарб" яъни "Урушқоқ" деб исм қўйдим", дедим. Шунда У зот: "Йўқ, ундай эмас, балки унинг исми Ҳасан бўлсин", дедилар. Вақтики, Ҳусайн туғилгач, унга ҳам Ҳарб деган исм қўйдик. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдиларда:  "Менга ўғлимни кўрсатингларчи, исмини нима қўйдинглар?", дедилар. Мен: "Ҳарб" яъни "Урушқоқ" деб исм қўйдим", дедим. Шунда У зот: "Йўқ, ундай эмас, балки унинг исми Ҳусайн бўлсин", дедилар. Учинчиси туғилганда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдиларда:  "Менга ўғлимни кўрсатингларчи, исмини нима қўйдинглар?", дедилар. Мен: "Ҳарб" яъни "Урушқоқ" деб исм қўйдим", дедим. Шунда У зот: "Йўқ, ундай эмас, балки унинг исми Муҳсин бўлсин", дедилар...".

Майли, ихлос ва муҳаббатли халқимиз эгизак қизларини яхши ниятда, Пайғамбаримизнинг қизлари орасида У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг кўп ўхшайдиган қизларининг исми ва сифатларини алоҳида-алоҳида исм шаклида қўйсалар, қўяверсинлар. Аллоҳ ихлосларига яраша хайр-баракали ҳаёт насиб этсин, эгизакларига!

Эгизак  ўғил фарзандларига эса мазкура Фотима онамиз билан Ҳазрат Алининг фарзандлари, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари, Жаннат райҳонлари, Жаннат йигитларининг саййид-сардорлари бўлмиш Ҳазрат Ҳасан ва Ҳусайн разияллоҳу анҳумнинг муборак исмларини қўяверсинлар. Улардек, улуғлиги оламга тарқаладиган, Ислом ва мусулмон халқларга намуна бўладиган зотлар бўлсин, эгизаклари!

Биз масаланинг асл моҳиятини, бундай номлаш суннат амал эмас эканини баён қилмоқдамиз холос. Токи, баъзи бир оилаларда икки бор эгизак ўғил ёки қиз фарзанд туғилиб қолганда айнан шу исмлар билан номлашим суннат эди, энди нима қиламан, деб ўйланиб юрмасинлар! Қолаверса, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш нодуруст иш бўлишини айтиб ўтмоқчимиз! Аллоҳ таоло Суннат амалларни суннат бўлмаган амаллардан ажратиб, суннатларига амал қилишни насиб айласин! Омин.

Манбалар асосида Андижон "Саййид Муҳйиддин махдум"  ўрта махсус

Ислом билим юрти  мударриси Баҳодир Баҳромжон ўғли тайёрлади.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ