Туш

1168

342260_1421587549

Одатдагидай оқшом тушиб, атроф қоронғуликка чўмди. Ҳамма ёқ зим-зиё бўлишига қарамай, Илёснинг хонасидаги липиллаб тургувчи чироқ ярим тун бўлса ҳам ўчмаган. Мана икки йил бўлди ҳамки Илёс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўқиб ўрганишга киришган. Баъзида ҳорғин, баъзида хурсанд ва баъзида эса кўзлари тўла ёш ҳолда хонасидан чиқувчи Илёс бугунги кундан тамоман узилган, ҳаёлан ўша, НУБУВВАТ асрида яшар эди. Набий алайҳиссаломнинг сийратларини, ташқи кўринишларини неча маротаба ўқиган бўлсада, у зотнинг кўринишларини тасаввур қилишга қўрқар, аммо бир маротаба бўлса ҳам тушида кўришни орзу қиларди.

   Илёс бу оқшом ҳам китоб мутолааси билан банд ҳолда, кўзларидан дув-дув ёш оққан кўйи ўтирар эди. Бу сафар уни йиғлашга нима мажбур қилди? Нима бўлдики у бугун жуда қаттиқ изтиробда? Ҳа уни йиғлатган воқеа “ Тоиф сафари” эди. Бу воқеа Расулуллоҳ алайҳиссаломга умматман деган ҳар қандай кишини йиғлатмай қўймас.

   Илёс китобни ёпди. Китобни ёпгач кўзларини юмганча ҳаёллар оғушига чўмди. У кўз олдига Мадинанинг ўша эски, чанг кўчаларини келтиришга уринди. Мана у Расули акрам алайҳиссалом севган шаҳар. Унинг одамлари софдил ва беғубор. Битта байроқ остида бирлашган бу халқ, бир бирига нисбатан ўта хушфел. Бу Сарвари коинотнинг юрган кўчалари.  Илёс кўчадан кетиб борар экан, ҳар томонга қараб, жондан севгани, соғингани Набий алайҳиссаломни излар эди. Охири масжид сари юришга қарор қилди. Узоқдан кўзга ташланган бу иморат, айнан ўша Масжидун Набавий эди. Илёс масжидга яқинлашиб, дераздан ичкари томон қаради. Ичкарига қарар экан неча йиллар қалби соғингани, кўзлари у зот алайҳиссаломнинг дийдорларига мушарраф бўлиш учун жолалари ила дуо қилгани, Ҳабиби, жондан суйгани алайҳиссаломни кўриб бир муддат қотиб қолди.

   Мана одамларнинг ичида юзлари энг гўзал, хулқлари энг гўзал бўлган зот, одатларига кўра минбарда, асҳобларига юзланган ҳолда амри-маъруф қилмоқдалар. Саҳобалар у зоти бабаракотнинг сўзларини жон қулоқлари билаан тиингламоқдалар.

   Айнан ўша саҳиҳ ҳадислар билан ворид бўлганидек у зот алайҳиссалом оқ-қизғиш рангли, сочлари ўта жингалак эмас, бошларининг олд қисми ва соқоллари мошгуруч ҳолда. У зот амри-маъруф чоғи бир оз терлаган ҳолда ўтирар эдилар. Терлари чиндан ҳам луълуъдек. Қани энди имкони бўлсаю у зотнинг муборак терларидан бир идишга йиғиб олса.

   Оламларга раҳмат пайғамбар, мушрикларнинг ҳаққига дуо қилиш сўралганда <<Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта мен раҳмат этиб юборилганман>> деган зот, бугун ҳам ашоблари орасида раҳмат нурлари ила ўтирган эдилар.

    Мана ўша Ҳасан ибн Алийни ўпган муборак лаблар. Я Аллоҳ қани эди бу лаблар бир маротаба бўлса ҳам менинг пешонамга тегса. Оиша онамиз розияллоҳу онҳо айтганларидек у зот алайҳиссалом гапларини шошилмай, бўлиб-бўлиб гапирмоқдалар. Биз эса доим шошамиз.

   Мана ўша гўзал табассум. Мисли йўқ табассум. Буюк хулқ соҳиби фақат табассум қилмоқдалар. Биз эса қаҳ-қаҳа отиб куламиз.

   Илёс у зот алйҳиссаломга термулганча ҳаёллар оғушида турар эди. Ҳаёлида “ Наҳот мендек бир ожиз бандага Набий алйҳиссаломни кўриш насиб қилган бўлса!? Мендек гуноҳкор, нотавонгая? Ёки бу васвасами?” дер эди. Шу пайт дераза олдига учиб келиб қўнган қушча, унга қарата сўз қотди:

—        Ҳой сен!? – деди у. — Ҳа сен! Нималар ҳақида ўйлаб қолдинг!? Ёки кўзларинга ишонмаябсанми!? – деди. Илёс энди лабларини жуфтлаётган эди ҳамки қушча сўзида давом этиб:

—        Нима сен Набий алйҳиссаломнинг “ Ким мени тушида кўрса, батаҳқиҳ мени кўрипти. Чунки шайтон мени коринишимга кира олмас” деган гапларини эшитмаганмисан!? – деди. Шунда Илёс:

—        Албатта эшитганман! Лекин, лекин… – дедию , сўзи оғзида қолиб кетди. Қушча эса:

—        Бундан кўра айт, ўзинг билан нма келтирдиннг!? – деди. Илёс бир муддат ўйлаб қолди. Ўзи яшаб турган замонда уммат бошига тушаётган кулфатлар, бир-бир ҳаёлидан ўтди. Айтишни истамадию, аммо айтмасдан кетишга юрак бетламади ва қушчага қараб:

—        Ўзим билан бирга уммат қонлари ва кўз ёшларини олиб келдим. Бу кўз ёшлар аёллар, болалар ва қариялар кўз ёшидир. Аммо қон эса уммат қалқонлари бўлмиш ака-укаларимизники. Батаҳқиҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам башоратини берганлари фитналр зоҳир бўлди. Улар ўзимиздан ажраб чиқиб, ўзимизга қарши қурол кўтардилар. Ака-укаларимизни қатл, аёлларимизни тул, болаларимизни эса етим қилдилар ва қилмоқдалар. Ҳатто ёши улуғларимизга ҳам раҳм қилмаяпдилар. – деди. Шунда қушча:

—        Батаҳқиҳ зоҳир бўлдими!? Албатта Набий алйҳиссалом буни ташвишидан юзлари ҳўл бўлиб кўз ёш тўкадилар. Албатта у зот алайҳиссалом умматни бу фитналардан огоҳ этдилар. Албатта бунинг кетидан тезда нусрат ҳам бўлади. – деди. Илёс эса:

—        Улар бошимиз узра юриб тургувчи бало бўлдилар. Устимиздан истаганларини қилмоқдалар. Бизни эса умидимиз фақат ва фақат аллоҳдан. – деди ва, — Менга нимани насиҳат қиласан? – деди. Қушча эса:

—   Мен сенга кўриб турганинг бу зот алайҳиссаломнинг айтганларини айтаман. Набий алайҳиссалом “ – Мусулмонга қай бир мусийбат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки, тикон киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорот қилур” дедилар. Яна у зот “ – Сизларни бир нарсадан қайтарсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга бир нарсани амр қилсам, қудратингиз етганича амал қилинглар” дедилар. Билиб қўй эй инсон Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом мусулмонлар жамоасини тафриқадан, кишиларни ноҳақ ўлдиришдан, аёлларга озор беришдан ва ҳаттоки ғайри динга азият етказишдан ҳам қайтардилар. Яна у зот алайҳиссалом мусулмонларни бирликка, кишиларга гўзал муомалада бўлишга, жамоатни маҳкам тутишга амр қилдилар. Унутма нажот суннатни маҳкам тутганларга насиб бўлади. –дедию, қанотларини ёйганча учиб кетди. Илёс эса бомдод намозига азон айтаётган муаззин овозидан уйғониб кетди.

Юсуф Шоший

Мулоҳаза билдиринг

*