Йиғлатган ҳадис (шеър)

1657
1b911a8c1191b4363cf8f2bbc4608dff
Бухорий ривоят қилган бир ҳадис
Қалбимни жумбишга келтирди ғоят.
Бутун вужуд ила тингланг, дўстларим,
Абу Ҳурайрадан ушбу ривоят:
Пайғамбар дедилар: «Бир кун тушимда
Жаннат боғларини қилдим зиёрат.
Қарасам, гўзал бир қаср олдида
Бир аёл қилмоқда эмиш таҳорат.
«Бу қаср кимники?» сўрадим ундан,
«Умарники» деган жавобни илдим.
Умарнинг рашкини эслаб, шу заҳот,
Ўзимни қасрдан узоққа олдим».
Шундай деб пайғамбар тугатди сўзин,
Бутун мажлис аҳли тўкдилар кўз ёш.
Абу Ҳирр йиғлади, Умар йиғлади,
Йиғлади ким бўлса Набийга диндош.
Вужудлар титраган шу оний дамда
Умар бир сўз айтди, чекиб қалбда оҳ:
«Мен фақир сиздан ҳам ўша қасрни
Рашк қилар эдимми, ё Расулуллоҳ».
Шу ерда бу ҳадис топар интиҳо,
Балки демоқчисиз: «Бунда не ҳикмат?»
Гар билсангиз эди Умарнинг ҳолин
Келмасидан олдин унга ҳидоят.
Бир пайтлар Набийни ўлдирмоқ учун
Қўлига қиличин олиб чиққан ким?!
Энди-чи, Набийнинг битта сўзи-чун
Кўз ёш денгизида аста оққан ким?!
Қодир Аллоҳ бергач унга ҳидоят,
Кўриб қўйинг энди Умарнинг ҳолин.
Оламга нур бўлиб келган рисолат
Тубдан ўзгартирди унинг жамолин.
Сўзимни тугатгум ушбу лаҳзада,
Мен билмам қанчалик олдингиз ибрат.
Лекин билиб қўйинг нопок инсонни
Иймон ўзгартирар фақат ва фақат!
Ёлқин Муқимов ижодидан (2012)
(Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам
Абу Ҳирр – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу)

Мулоҳаза билдиринг