Одамга сажда қилиш ҳақидаги фармон

211

Ушбу мавқифда, хусусан, Одамнинг фазли фаришталар кўз олдида намоён бўлганидан кейин Аллоҳ таоло фаришталарга қуйидаги фармонни берди:

«Эсла, вақтики фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» – дедик, бас, сажда қилдилар, фақат иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди» («Бақара» сураси, 34-оят).

Аллоҳ таоло фаришталарга сажда қилишни буюриб, Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни – Аллоҳ таолонинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди.

Фаришталар дарҳол сажда қилдилар, чунки уларнинг фитратида Аллоҳ таолонинг амрига исён қилиш хусусияти йўқ. Фақат Иблис сажда қилмади. Ушбу иборадан келиб чиқиб, баъзилар «Иблис аслида фаришталардан эди, аммо амрга итоат этмай, одамга сажда қилмагани учун уларнинг сафидан чиқарилган», дейишади. Аслида ундай эмас. Иблис асли жиндан бўлган. Бу ҳақда оят бор. Қолаверса, Қуръони Карим оятида айтилганидек, фаришталарда Аллоҳ таолонинг амрига исён қилиш табиати йўқ. Шундан «Аллоҳ таоло фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрган пайтда Иблис ҳам ўша жойда ҳозир бўлган», деб хулоса қилса бўлади.

Ҳа, Аллоҳ таоло Одамга сажда қилишга амр қилганда:

«…бас, сажда қилдилар».

Бу сажда ибодат саждаси эмас, балки табрикдир.

«…фақат иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди».

Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, Одамга сажда қилмади. У мутакаббирлик қилиб, ўзини юқори тутди. Шунинг учун кофирлардан бўлди. Аллоҳ таолонинг амридан бош тортиб, сажда қилмаганлар кофир бўладилар.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

Мулоҳаза билдиринг

*