Иблис гуноҳини эътироф қилмади

216

Аллоҳ таоло ҳамма нарсани дақиқ жойларигача билгувчи Зотдир. У Зот Иблиснинг Одамга нима учун сажда қилмаганини билиб турса ҳам унинг дилидагини тилига чиқариш учун сўради.

«(У зот:) «Эй, иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима тўсди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки «олий»лардан бўлдингми?!» – деди» («Сод» сураси, 75-оят).

Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратган Зотдир. Лекин Ўзи яратган махлуқотлари ичида Одамга алоҳида эҳтимом берганини доимо эслатиб туради. Аввал руҳидан пуфлаганини айтган эди, энди Ўз қўли билан яратганини эслатмоқда. Демак, Одамга сажда қилишга буюриш уни алоҳида илоҳий эҳтимомга сазовор деб билиш экан. Шунинг учун ўша амрга бўйсунмаган Иблисга таҳдид қилиб, Аллоҳ таоло:

«(У зот:) «Эй, иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима тўсди?!», деб сўрамоқда.

Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки «олий»лардан бўлдингми?!» – деди».

Аввал айтилганидек, Аллоҳ таоло Иблиснинг нима учун Одамга сажда қилмаганини жуда яхши билар эди. Аммо айбини ўз тили билан эътироф қилдириш учун Иблисга шу саволни берди. Натижада Иблиснинг дилидаги тилига чиқди.

«(У:) «Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг», деди» («Сод» сураси, 76-оят).

Бу жавобдан Иблис Аллоҳ таоло томонидан Одамга берилган мартабага ҳасад қилиб, куфрга кетгани билинади.

«Мен ундан яхшиман».

Иблис «Мен одамдан яхшиман, нима учун ўзимдан паст махлуққа сажда қилишим керак экан», деб бош тортди.

«Мени оловдан яратгансан».

Уламоларимиз Иблиснинг мана шу жавобига таяниб, унинг жинлар тоифасидан эканлигини айтадилар. «Иблис фаришталардан эди», деган гапларни рад қиладилар. Иблис фаришталардан бўлмаса ҳам, Аллоҳ таоло фаришталарни одамга сажда қилишга амр этганида у ҳам ўша ерда бор эди. У ҳам амрга дохил бўлган эди. Иблис ўзининг оловдан яратилганини афзал билди. Шунинг учун лойдан яратилган одамга сажда қилмасликни, Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунишдан бош тортишни ўзига раво кўрди.

«Уни эса лойдан яратдинг», деди».

Иблис кимнинг нимадан яратилгани эмас, балки Аллоҳнинг руҳи билан руҳлангани муҳим эканлигини тан олгиси келмади. Шунда:

«(У зот) деди: «Бас, сен ундан чиқ! Албатта, сен қувилгансан. Ва албатта, жазо-мукофот кунигача сенга Менинг лаънатим бўлгай» («Сод» сураси, 77–78-оятлар).

Аллоҳ таоло «Эй Иблис, сен энди жаннатдан чиқ, сен, албатта, лаънатланган – раҳматимдан қувилгансан, сенга қиёмат кунигача менинг лаънатим бўлгай», деди.

«(У) деди: «Роббим! Улар қайта тирилтириладиган кунгача менга муҳлат бергин!» («Сод» сураси, 79-оят).

Иблис Аллоҳ таолога ёлвориб, одамлар қайта тирилтириладиган қиёмат кунигача бу дунёда туришга муҳлат сўради. Аллоҳ таоло Ўзигагина маълум ҳикмат юзасидан Иблисга ўша кунгача муҳлат берди.

«(У зот) деди: «Албатта сен муҳлат берилганлардансан. Маълум вақт кунигача» («Сод» сураси, 80-81-оятлар).

Аллоҳ таоло Иблисга қиёмат кунигача муҳлат берилганлар қаторида эканлигини айтди.

«(У) деди: «Иззатинг ила қасамки, уларнинг барчасини албатта йўлдан оздиражакман. Улардан танланган бандаларингдан бошқасини», деди» («Сод» сураси, 82-83-оятлар).

Иблис Аллоҳ таолонинг иззати ила қасам ичиб, Одам болаларини қиёмат кунигача иғво қилишни қасд этди. Шу билан бирга, Аллоҳга ихлос қилган, Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларга иғвоси таъсир қилмаслигини ҳам айтиб қўйди. Инсонни шайтоннинг иғвосидан сақловчи қалқон унинг Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишидир. Аллоҳга ихлос билан ибодат қилмаганлар эса Иблиснинг иғвосига учраши турган гап. Аллоҳ таоло Иблиснинг иғвосига учганларнинг оқибатини унинг ўзига ўша пайтдаёқ эълон қилиб қўйган.

«(У зот) деди: «Ҳақ шулки, зотан, Мен фақат ҳақни айтурман. Жаҳаннамни сен билан ва улардан сенга эргашганларнинг барчаси билан албатта тўлдирурман» («Сод» сураси, 84-85-оятлар).

Аллоҳ таоло ҳақиқатни айтди: «Эй Иблис, сен одамларни иғво қилавер, улардан хоҳлаганлари сенга эргашаверсинлар. Аммо сен ҳам билиб қўй, улар ҳам билиб қўйсинлар, Мен, албатта, сени ҳам, сенга эргашганларни ҳам жаҳаннамга тушираман», деди ва Иблисни жаннатдан қувиб чиқарди.

Иблис билан инсон орасидаги душманлик шундан бошланди.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

Мулоҳаза билдиринг

*