Одам васвасага учди

6 йил аввал 3430 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Шайтон ўзининг ушбу иғвоси ила:

«Бас, уларни алдов ила паст(ҳолат)га туширди. Икковлари дарахтдан татиб кўришгач, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар. Шунда Роббилари уларга: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтармаганмидим? «Албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир», демаганмидим?!» – деб нидо қилди» («Аъроф» сураси, 22-оят).

Шайтон мақсадига етди. Нишонга бехато урди. Одам Ато ва Момо Ҳавони алдаб, ўз йўлига солди ва ниҳоят, уларни гуноҳкор қилиб, мартабаларини пастлатди. То ўша дамгача уларнинг авратлари берк яратилганлиги учун кўринмас эди. Шайтоннинг ­иғвосига учиб,

«Икковлари дарахтдан татиб кўришгач, авратлари ўзларига кўриниб қолди».

Бу уларнинг гуноҳкорлик ва айбдорлик белгиси бўлди. Уларнинг нигоҳи бир-бирларининг авратларига тушди. Буни сезишлари билан дарҳол:

«ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар».

Яъни улар баргларни бир-бирига улаб, авратларини тўсдилар. Ана шундай хижолатли ва шармандали ҳолда турганларида:

«Шунда Роббилари уларга: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтармаганмидим? «Албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир», демаганмидим?!» – деб нидо қилди».

Яъни Аллоҳ таоло Одам ва Ҳавога тақиқланган ишни қилиб, гуноҳкор бўлганларини билдириб, итоб этди. Аввал Иблис алайҳилаънага ҳам амрини бажармаганини эслатиб, итоб қилган эди.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ