Жаннатдан тушишга амр

3 йил аввал 4270 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Шундан сўнг Аллоҳ таоло Одам, Ҳаво ва Иблисга хитоб қилиб:

«(У зот:) «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар. Сизларга ер юзида қароргоҳ ва маълум вақтгача баҳрамандлик бордир», – деди.

(У зот:) «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар», – деди» («Аъроф» сураси, 24-25-оятлар).

Аллоҳ таоло Одам, Ҳаво ва Иблисни жаннатдан ер юзига тушишга амр қилди.

Жуда қадим даврлардан бошлаб «Ўша жаннат қаерда эди?», «Қандай эди?» каби саволлар ва уларга жавоблар ғоят кўп бўлган. Бунга талай умр, заковат, вақт ва бошқа имкониятлар зое этилган. Бугун ҳам бу масалаларда «ёқа бўғишаман» де­ганлар хоҳлаганча топилади. Аммо улар бу ило­ҳий сирнинг сўнгига ета олмайдилар. Фаразан, етдилар ҳам дейлик, бундан нима фойда? Агар ўша жаннатнинг қаерда эканлигини, унда шайтон алайҳилаъна Одам Ато билан Момо Ҳавога қай ҳолда қутқу солганини айнан билиш мусулмонларга манфаатли бўлганида, Аллоҳ таолонинг Ўзи бундан огоҳ этар ёхуд излаб, топишга амр қилар эди. Аллоҳ таоло бундай қилмади. Демак, уни топишга уринишнинг ҳеч қандай ҳожати йўқ. Муҳими, уларнинг жаннатдан ер юзига тушишлари экан, Аллоҳ Ўз Китобида бу ҳақда зикр қилди. Ана шуни билсак бўлди. Улар жаннатдан ер юзига туширилганларида:

«Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар», дея амр бўлди.

Яъни Одам алайҳиссалом билан шайтон алайҳилаъна ер юзига бир-бирларига душман бўлган ҳолларида тушдилар ва қиёматга қадар душман бўлиб қолдилар. Шайтон одамнинг сабабидан, яъни унга сажда қилишдан бош тортиб, Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлди ва қиёматгача уни иғво қилишга аҳд қилди. Унинг табиати ёмонликдангина иборат. У дои­мо Одамга душманлик қилади.

Одам шайтоннинг васвасасига учиб, Аллоҳ таоло олдида гуноҳкор бўлди. Сўнгра тавба қилиб, Аллоҳ таолога илтижо этди. Демак, Одамнинг асл табиатида яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бор. Яхшилик йўлини тутса, Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, шайтондан юз буради. Ёмонликни ишга солса, шайтоннинг йўлидан юради. Қиёматгача шундай бўлиб қолаверади. Аллоҳ таоло уларга шуни раво кўрган:

«Сизларга ер юзида қароргоҳ ва маълум вақтгача баҳрамандлик бордир».

Улар қиёматгача ер юзида яшаб, ундаги бор неъматлардан ризқланиб турадилар. Аллоҳ таоло Одам болаларининг ер юзида истиқомат қилиб, умри тугагач, ўлиб, қайта тирилишларига ишора этар экан:

«Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар», деди».

Шундай бўлмоғи муқаррар. Қайта тирилганларида ер юзида қилган амаллари эвазига мукофот ёхуд жазо оладилар, жаннат ёки дўзахга дохил бўладилар.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ