САРКАШ ҚАВМ ИЛА ТОРТИШУВ

3 йил аввал 3253 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Мазкур ҳолат Нуҳ алайҳиссаломнинг саркаш қавми билан олиб борган даъватларининг содда бир кўриниши, холос. Аслида эса у зот узоқ вақт турли шароитларда даъват олиб борганлар. Ана ўша хилма-хилликни яхшироқ англашимиз учун «Аъроф» сурасидаги Нуҳ алайҳиссалом қиссасига оид оятларни ҳам ўрганиб чиқайлик.

Аллоҳ таоло буни қуйидагича баён этади:

«Батаҳқиқ, Нуҳни ўз қавмига юбордик. Бас, у: «Эй қавмим! Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизлар учун Ундан бошқа илоҳ йўқ. Ал-батта, мен сизларга буюк куннинг азоби (бўлиши)дан қўрқаман», – деди» («Аъроф» сураси, 59-оят).

Ҳар бир қавмга ўша қавм ичидан танлаб, пайғамбар юбориш – Аллоҳ таолонинг одати. Шундай қилса, бандаларига осон бўлади. Зеро, ўша пай­ғамбар ўз қавмининг тилини, урф-одатини, табиатини ва бошқа жиҳатларини яхши билади. Қавмлар ҳам пайғамбар бўлиб келган зотнинг шахсини яхши танийдилар. Нуҳ алайҳиссалом қавмига:

«Эй қавмим! Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизлар учун Ундан бошқа илоҳ йўқ», дедилар.

Маълумки, Қуръони Каримда «ибодат» лафзи маълум бир диний амал-лар тизимини эмас, бутун ҳаётини маълум бир таълимотга, ҳукмга амал қилиб ўтказишни англатади. Шундан хулоса қилиб, Нуҳ алайҳиссаломнинг:

«Аллоҳга ибодат қилинглар», деган кўрсатмаларини «Дунё ҳаётида Аллоҳ таолонинг кўрсатмалари асосида яшанглар» деган маънода тушу-намиз. Жамики пайғамбарлар асосан ушбу даъват ила юборилганлар.

«Сизлар учун Ундан бошқа илоҳ йўқ».

«Илоҳ» сўзи «ибодатга лойиқ зот» маъносини англатишини яхши би-ламиз. Демак, юқоридаги маънодан ҳисса «Сизлар учун айтганини амалга ошириб, унга бўйсуниб яшашингиз лозим бўлган Зот Аллоҳ, Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ», дегани бўлади.

Шу билан бирга, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмига нима сабабдан бундай даъватни қилаётганларини ҳам эслатиб:

«Албатта, мен сизларга буюк куннинг азоби (бўлиши)дан қўрқаман», – деди».

Аллоҳ таолонинг, пайғамбарларнинг ва жумладан, Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳам мақсади – бандаларнинг қиёмат кунининг азобига гирифтор бўлмаслиги. Ўша кун азобига дучор бўлмаслик учун Аллоҳ тао-лога ибодат қилиш, Унга иймон келтириб, бу дунёда Унинг ҳукмларини адо этиб яшаш керак. Ҳаётнинг ҳамма жабҳасида Унинг айтганларини қилиш, қисқаси, Унинг ҳақ динига мукаммал амал қилиш банданинг бир-ламчи вазифасидир. Чунки бу дунёнинг мутлақ эгаси – Унинг Ўзи.

«Унинг қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, биз сени очиқ-ойдин залолатда кўряпмиз», – дедилар» («Аъроф» сураси, 60-оят).

Ҳар бир қавмнинг ўз зодагонлари бўлади. Уларни зодагон қилган мол-дунёси, пули, куч-қудрати, маккорлиги ва устамонлиги бўлади. Бу зотлар қавм номидан гапириш ҳаққини ўзларига ўзлари берганлар. Шу тоифа зо-дагонлар Нуҳ алайҳиссалом қавмида ҳам бор эди.

Улар Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватини эшитишлари билан дарҳол қавм номидан ўйламай-нетмай:

«Албатта, биз сени очиқ-ойдин залолатда кўр­япмиз», – дедилар».

Кофирлар ҳар қачон иймон, дин ва диёнатни залолат деб номлайдилар. Уларга Аллоҳнинг ҳидоятини олиб келган Нуҳ алайҳиссаломга «Сен очиқ-ойдин залолатдасан», дейишмоқда.

Нуҳ алайҳиссалом қавмидан бундай номаъқул гапларни эшитгач:

«У деди: «Эй қавмим! Менда залолат йўқ. Ва лекин мен оламлар-нинг Роббидан Расулдирман. Сизларга Роббимнинг рисолатларини етказаман, насиҳат қиламан ва Аллоҳ томонидан сиз билмаган нарса-ларни биламан. Ўзингиздан бўлган бир кишига, сизларни огоҳлантириши учун ҳамда тақво қилишингиз учун ва шояд, раҳматга эришсангиз деб, Роббингиздан эслатма келганидан ажаб-ландингизми?!» («Аъроф» сураси, 61–63-оятлар).

Пайғамбарларнинг вазифаси – кишиларга тушунтириш, даъватни етка-зиш. Шунинг учун Нуҳ алайҳиссалом қавмларидан нолойиқ жавобни эшитган бўлишларига қарамай, уларга ҳақиқатни англатишга ҳаракат қилавердилар ва уларнинг кўнгилларини овлаш учун:

«Эй қавмим! Менда залолат йўқ...», дедилар.

Яъни «Сиз ўйлаётгандек, мен адашганим йўқ. Мен адашувда эмасман».

«Ва лекин мен оламларнинг Роббидан Расулдирман».

«Сизларга ўзимдан-ўзим сўзлаётганим йўқ.

Барча оламларнинг Робби мени сизларга Пай­ғамбар қилиб юборди. Ўша улуғ вазифани адо этиб, мен:

«Сизларга Роббимнинг рисолатларини етка­заман…».

Аллоҳ таоло икки дунё саодатига эришиши­нгиз учун нималар қилишингиз лозимлигини баён қилиб, сизларга кўрсатмалар – амрлар, наҳийлар, турли ҳукмлар йўллади. Мен сизга бу юборилган кўрсатмаларни етказяпман, холос. Шу билан бирга, керак бўлиб қолганда, сизларга ўз томонимдан:

«насиҳат қиламан».

Чунки мен:

«Аллоҳ томонидан сиз билмаган нарсани биламан».

Худди шу билимим менга сизларга насиҳат қилиш учун имкон беради.

Кейин, оятнинг давомида Нуҳ алайҳиссалом қавмларининг у зотнинг пайғамбар бўлиб келганларидан ажабланишлари ноўрин эканлигини ҳамда пайғамбарликнинг асл мақсадини баён қилдилар:

«Ўзингиздан бўлган бир кишига, сизларни огоҳлантириши учун ҳамда тақво қилишингиз учун ва шояд, раҳматга эришсангиз деб, Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?!» деди».

Дарвоқе, кишилар нима учун ажабланадилар? Ахир ажабланишга ўрин йўқ-ку. Пок, заковатли, ростгўй, ўзида олий инсоний фазилатларни жамла-ган бир инсонни Аллоҳ таоло элчи – пайғамбар қилиб олса, бунинг нимаси ажабланарли? Боз устига, пайғамбар бўлган инсон ўзларининг орасидан бўлса. Улар унинг шахсини яхши билсалар. Бу ҳам етмаганидек, пайғамбар уларни ёмонликдан қайтариб, Аллоҳнинг раҳматига эришиш-лари учун жон чекаётган бўлса! Пайғамбар бўлган зот асосан одамларга Роббиларидан келган тирик эслатма бўлса! Одатда ҳар бир инсофли одам-га ҳақиқий мақсад тушунтирилгандан кейин у бир оз бўлса-да, ҳовуридан тушиб, ўзини ўнглаб, ақлини пешлаб, мулоҳаза юритади. Аммо қалби кўр кофирлар иймон ҳақида ҳар қанча кўп ва хўб панду насиҳат эшитсалар ҳам, ақлларини пешламайдилар, фикр қилмайдилар. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми билан ҳам худди шу ҳол рўй берди. Нуҳ алайҳиссалом уларга куюниб тушунтиришларига қарамай:

Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Ҳамда бу ноқулай ҳолат мисли кўрилмаган даражада узоқ давом этди.

«Бас, уларнинг ичида эллик йили кам минг йил турди» («Анкабут» сураси, 14-оят).

Нуҳ алайҳиссалом қавмини тўққиз юз эллик йил давомида иймонга даъват қилдилар. У зотнинг пайғамбар бўлгунча ҳам, тўфон балосидан кейин ҳам яшаганлари эътиборга олинса, умрлари бундан ҳам узоқ кечга-ни ойдинлашади.

Бу ҳақда имом Жалолиддин Суютий «Ад-Дуррул Мансур фит-тафсири бил маъсур» китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ри-воят қиладилар:

«Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни қирқ ёшлигида пайғамбар қилиб юборди. У ўз қавмини эллик йили кам минг йил Аллоҳга даъват қилди. Тўфондан кейин олтмиш йил яшади, ҳатто одамлар кўпайиб, кенг дунёни тор қилдилар».

Бир одамнинг минг йилдан ортиқ ҳаёт кечир­г­­ани кўпларга ғалати туюлиши мумкин. Лекин бу нарса инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони Каримда келган хабарни инкор қилган одам кофир бўлади. Айни чоғда, бу ҳол ақл тарозисида тортса бўладиган оддий бир иш. Қадимда кишиларнинг умрлари узун бўлганлиги ҳаммага маълум. Бунинг устига, оз сонли жонзотларнинг умри узун, адади кўплариники қисқа бўлиши ҳам тажрибада кўрилган. Нуҳ алайҳиссаломнинг инсоният тўфон туфайли қирилиб кетган бир даврда яшаганликлари эътиборга олинса, мазкур ум-ри­ узоқлик оддий бир ҳол эканлиги билинади.

Аллоҳнинг пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом турли йўллар билан тўққиз юз эллик йил даъват қилсалар ҳам, озгина одамдан бошқа ҳеч ким иймонга келмади. Бундай ҳолда кўплар синовга дош бера олмай, қайтиб кетиши мумкин. Аммо ҳақиқий иймон соҳиблари бутун дунё абадий кофир бўлиб ўтса ҳам, ўз иймонларидан қайтмайдилар. Нуҳ алайҳиссаломнинг даврла-рида ҳам шундай бўлди. Нуҳ алайҳиссалом ва у зотга иймон келтирганлар иймонларида собит қолдилар.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ