Қусай Макка шаҳри амири. Унинг «Мужаммиъ» деб номланиши

3 йил аввал 1917 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: шундан сўнг Қусай Байтуллоҳ ва Маккани бошқара бошлади. У ҳар томонга тарқаб кетган қавмини Маккага тўплади. У қавмига мурожаат этиб, ўзларига амир сайлашларини сўради. Улар Қусайнинг ўзини устларидан амир этиб сайладилар. Қусай арабларнинг урф-одатларини ўзгартирмади. У бу одатларни ўзгартириш мумкин бўлмаган дин, деб эътиқод қиларди. Шунинг учун Оли Сафвон, Адвон, ан-Насъа ва Мурра ибн Авфларни ўз ўринларида қолдирди. Аммо Ислом келгач, буларни бекор қилди. Қусай ибн Килоб, Каъб ибн Луай авлодлари орасида қавми тўлиқ итоат этган ягона кимса эди. Каъба билан боғлиқ беш муқаддас амал – ал-ҳижоба (Каъбага кисва кийдириш), ас-сиқоя (ҳожиларни суғориш), ар-рафода (ҳожиларни тўйғазиш), ан-надва (кенгаш) ва ал-ливо (байроқ тикиш) унинг ҳукми остида бўлган. Шундай қилиб, Қусай Макканинг тўлақонли шарафли кишисига айланган эди. У Макка шаҳри ерларини ўз қавмига бўлиб бериб, у ердан кўчиб кетган қурайшликларни қайтадан ўз манзилларига жойлаштирди. Айтишларича, қурайшликлар Ҳарам ҳудудида жойлашган ўз уйлари ичидаги дарахтларни кесишга ҳам қўрқар эканлар. Қусай аъёнлари билан шу дарахтларни буташни бошлаб берди. Шундан сўнг Қурайш унга «ал-Мужаммиъ» (жамловчи) деб ном берди. Чунки Қусай уларни қайтадан ўз юртларига тўплаган эди. Қурайш қабиласи унинг буйруқларига сўзсиз бўйсунар, ҳаттоки бирор кимсанинг никоҳи, бирор-бир маслаҳатли иш ҳам усиз ўтмас эди. Уруш байроқлари ҳам унинг ҳовлисида боғланар эди. Бу байроқларни Қусайнинг ўғилларидан бирортаси боғлаб берарди. Балоғатга етган қизлар қизлик либосларини ҳам айнан Қусай ҳовлисида кияр эдилар. Қавми орасида унинг буйруқлари ҳаётлик чоғида ҳам, ўлганидан кейин ҳам гўё бошқасини қилиш гуноҳ ҳисобланувчи диний ҳукмдек бўлиб қолганди. Қусай ўзи учун «Дор ан-надва» (мажлислар уйи) қурган бўлиб, унинг дарвозаси Каъба томонга қаратилган эди. Қурайшликлар ўзларининг маслаҳатли ишларини ана шу уйда ҳал қилар эдилар.

Ибн Ҳишом: бир шоир шундай деган:

Умримга қасамки, Қусай Мужаммиъ деб номланарди,

Чунки Аллоҳнинг кўмаги ила тарқоқ Фиҳрни жамлаганди.

Ибн Исҳоқ: менга Абдулмалик ибн Рошид ўз отасидан нақл қилиб деди: мен Соиб ибн Хаббобнинг шундай деганини эшитганман: «Мен бир кишининг Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳуга халифалик чоғида Қусай ибн Килоб ва унинг ўз қавмини қайта жамлагани, Маккадан Хузоъа ва бани Бакр қабилаларини чиқариб юборгани ҳамда Байтуллоҳ ва Маккага бошчилик қилганлари ҳақида сўзлаган пайтида Умар розияллоҳу анҳу буларни инкор қилмаганини кўрганман».




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ