Кема ясашга амр

230

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул қилди.

«Ва Нуҳга ваҳий қилинди: «Қавмингдан иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас, бас, уларнинг қилаётган ишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин. Албатта, улар ғарқ қилингувчилардир» («Ҳуд» сураси, 36-37-оятлар).

Даъват керагича қилинди, тушунтирилди, иймонга келадиганлар келиб бўлди. Қолганлар гап-сўз, насиҳат таъсир қилмайдиганлардир. Энди улар иймон келтирмайдилар.

Эй Нуҳ!

«Қавмингдан иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас, бас, уларнинг қилаётган ишларидан қайғуга тушмагин».

Сен ўз вазифангни бажариб қўйдинг. Улардан сенга зарар етмайди. Улар нима бўлса, бўлдилар. Уларни Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қил. Ўзинг эса:

«Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин…».

Кема ясашингни Биз риоямизга оламиз ва Ўзимиз ваҳий орқали ўргатиб турамиз.

«…зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин. Албатта, улар ғарқ қилингувчилардир».

Иймон келтирмаганлар ўзларига катта зулм қилдилар: улар азобга дучор бўладилар. Албатта, ҳаммалари ғарқ бўладилар. Сен эса уларни кечириш, азобдан сақлаб қолиш ҳақида Менга сўз очма. Уларнинг куни битган. Энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди.

«У кема ясаркан, қавмининг зодагонлари қа­чон унинг олдидан ўтсалар, уни масхара қил­дилар. У деди: «Агар бизни масхара қилсангиз, албатта, биз ҳам худди бизни масхара қилга­нингиздек, сизни масхара қилурмиз. Бас, яқин­да кимга расво қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига доимий азоб тушишини билиб олурсиз» («Ҳуд» сураси, 38–39-оятлар).

Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтириб, кема ясамоқдалар.

У зот яқинда келадиган тўфондан ўзларининг ва иймон келтирган оз сонли кишиларнинг қутулиб қолишига сабаб бўлгувчи кемани ясамоқдалар. У зотнинг бу ҳаракатлари кофирларга кулгили кўринди. У киши кема ясамоқдалар-у:

«…қавмининг зодагонлари қачон унинг олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар».

Кечагина «Пайғамбарман, Аллоҳдан менга ваҳий келди», деб юрган одамнинг бугун нажжорлик қилиб, кема ясаши улар учун кулгили эди. Лекин Нуҳ алайҳиссалом бу ишни ўзларича қилаётганлари йўқ. Кема ясаш ҳам Аллоҳнинг ваҳийси ила бўлмоқда. Шунинг учун у зот мутлақо жиддийлик билан ишламоқдалар ва мутлақо мустаҳкам ишонч ила:

«Агар бизни масхара қилсангиз, албатта, биз ҳам худди бизни масхара қилганингиздек, сизни масхара қилурмиз», дедилар.

Чунки у зот Аллоҳдан келган ваҳий орқали ўзларининг қутулиб қолишларини ва масхара қилаётган кофирларнинг ғарқ бўлишларини яхши биладилар. Шунинг учун сўзларининг давомида:

«Бас, яқинда кимга расво қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига доимий азоб тушишини билиб олурсиз», дедилар.

«Азоб кимга келади – бизгами, сизгами, ўшанда кўрамиз». Ана ўшанда ҳақиқий масхара қилиш вақти келади.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

Мулоҳаза билдиринг

*