Тўфон битди

3 йил аввал 3047 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Вақти-соати етиб, тўфон тинчиди. Дунёни сукунат босди.

«Эй ер, сувингни ютгин! Эй осмон, ўзингни тутгин!», – дейилди. Сув қуриди. Иш битди. (Кема) Жудийга жойлашди ва «Йўқолсин золим қавмлар!» – дейилди» («Ҳуд» сураси, 44-оят).

Ҳаммаси Аллоҳнинг амри ила бўлди.

Тўфон вақтида ўзига заррача сув сингдирмаган замин

«Эй ер, сувингни ютгин» хитобига биноан, ҳамма сувни ютди.

Тўфон вақтида тинмай жала қуйдириб турган само

«Эй осмон, ўзингни тутгин» деган амрга биноан, ўзини тутди.

Ундан бир томчи ҳам сув тушмай қолди.

«Сув қуриди. Иш битди. (Кема) Жудийга жойлашди».

Эски тафсир китобларимизда Жудий тоғи қаерда эканлиги ҳақида турли ривоятлар келтирилган. Лекин, аввал айтилганидек, илмий асосда исбот этилмаган.

Ҳозир у тоғ бугунги Туркия ҳудудларида эканлиги собит бўлди. У ердан мазкур кеманинг қолдиқлари ҳам топилди.

«Йўқолсин золим қавмлар!» – дейилди».

Одатда ёқмаган кишидан ёки жамоадан қутулганда шунга ўхшаш гап айтилади. Кофирларни тўфон ғарқ қилиб, мўминлар улардан қутулганда шу гап айтилди.

Шу пайт Нуҳ алайҳиссаломнинг оталик меҳрлари яна жўш урди ва:

«Нуҳ Роббига нидо қилиб, деди: «Роббим! Албатта, ўғлим аҳлимдандир ва албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг кучлисисан» («Ҳуд» сураси, 45-оят).

Яъни бу билан Нуҳ алайҳиссалом «Эй Роббим, Сен менга «Аҳлингни қутқараман», деб ваъда берган эдинг. Ўғлим аҳлимдан-ку, ўша боламни менга бергин, Ўзинг ҳикмат ила ҳукм чиқаргувчи Зотсан», демоқчилар.

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу нидоларига қуйидагича жавоб берди:

«(У Зот) деди: «Эй Нуҳ! Албатта, у аҳлингдан эмасдир. Албатта, у яхши амал эмасдир. Илминг бўлмаган нарсани Мендан сўрама! Албатта, Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», – деди» («Ҳуд» сураси, 46-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло улуғ ҳақиқатни кишилар орасидаги ҳақиқий боғлиқлик риштаси қон, ирқ, насл билан эмас, балки иймон билан бўлишини баён қилмоқда.

У Зот Нуҳ алайҳиссаломга хитоб қилиб:

«Эй Нуҳ! Албатта, у аҳлингдан эмасдир», демоқда.

Яъни «У ўғлинг сенинг сулбингдан бўлгани, жигаргўшанг эканлиги билан аҳлинг эмас». Чунки:

«Албатта, у яхши амал эмасдир».

Яъни «Унинг қилган иши яхши эмас. У кофирлик қилди. У кофирлиги билан сенинг аҳлингдан бўла олмайди. Сенинг аҳлинг иймони борлар бўлади».

«Илминг бўлмаган нарсани Мендан сўрама!».

«Аҳлимдан, деб ўғлингни қутқаришни сўраганинг каби».

«Албатта, Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди».

«Билмаган нарсаларингни сўрайвериб, жоҳиллар қаторига қўшилиб қолмагин, дейман. Мисол учун, юқоридаги саволинг билан инсонлар орасидаги ҳақиқий алоқа иймон алоқаси эканлигидан, аҳл деганда кимни эътиборга олиш кераклигидан, Аллоҳ Ўз ваъдасини қандай бажарганидан бехабарга ўхшаб кўриняпсан. Ҳолбуки, Аллоҳ иймонли қалблар ўртасидаги риштани ҳар қандай алоқадан устун қўяди, аҳл деганда, иймонли аҳлни кўзда тутади. Аҳлингни қутқаришга ваъда берган бўлса, сенга ҳақиқий аҳл бўлганларни тўфон балосидан халос этиб қўйди».

Нуҳ алайҳиссалом шошилиб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўради.

«У деди: «Роббим! Албатта, мен илмим бўлмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тиларман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм қилмасанг, зиён кўрувчилардан бўламан» («Ҳуд» сураси, 47-оят).

Ўзини билган одам учун бир оғиз гап кифоя қилади. Нуҳ алайҳиссалом керакли хулосани чиқариб олдилар. Энди юқоридагига ўхшаш саволларни бермасликка қарор қилдилар. Ҳамда Аллоҳ таолодан мағфират ва раҳмат сўрадилар.

Аллоҳ таоло у зотга сўраган нарсаларини берди.

«Эй Нуҳ! Биздан Сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга бўлган салом ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бир оз баҳралантирурмиз, сўнгра уларни Биздан бўлган аламли азоб тутар», – дейилди» («Ҳуд» сураси, 48-оят).

Яъни «Сенга ва иймонли умматларга Биздан салом тинчлик ва хайру баракотлар бўлади, кемадан тушиб, истиқомат қилаверинглар.

Аммо дунё ҳузурини кўзлаганлар бўлса, уларни бу дунёда истаган нарсалари билан бир оз ҳузурлантирамиз, лекин уларни Биз томондан аламли азоб тутади».

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Нуҳ алайҳиссалом билан нажот кемасида саксон киши ўз оилалари билан бўлган. Улар кемада бир юз эллик кун бўлганлар.

Нуҳ алайҳиссалом мустақил шариат ила келган биринчи пайғамбар бўлдилар.

Нуҳ алайҳиссалом ширкдан огоҳлантирган биринчи пайғамбар бўлдилар.

Нуҳ алайҳиссалом пайғамбарларнинг шайхи номини олганлар.

Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида шундай дейди:

«Илгари Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни ҳам (ҳидоят қилдик). Яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлармиз» (84-оят).

Нуҳ алайҳиссалом энг кўп умр кўрган инсон ва пайғамбардирлар.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, у зот Мак­каи Мукаррамада, Масжидул Ҳаромнинг яқинига дафн қилинганлар.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ