Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу вафотлари

3 йил аввал 7231 siyrat.uz

Абдуллоҳ ибн Умар айтдилар: «Умар розияллоҳу анҳуга пичоқ урилганидан кейин ул зотнинг бошлари менинг қучоғимда эди. Ул киши шу зарба сабабидан вафот этган эдилар. Умар айтдилар: «Юзимни ерга қўй!» Мен айтдим: «Сизга нима фарқи бор – юзингиз менинг қучоғимда турибдими ёки ерда турибдими?» Мен бу ҳолатда ул зотга қийин бўлади, деб ўйладим ва ерга қўймадим. Шунда Умар айтдилар: «Онангни йўқотгур, ёноғимни ерга қўй. Менинг ва онамнинг ҳолига вой бўлсин! Агар Парвардигорим менга раҳм қилмаса, ким раҳм қилади?»

Ривоят этилишича, у кишига пичоқ урилганидан кейин уйга олиб келинганида одамлар сано-ю мадҳ айтиб келишди. Шунда бир ёш киши айтди: «Эй амирал мўминин! Аллоҳ таолодан сизга келган мужда билан хурсанд бўлинг! Расулуллоҳ алайҳиссалом билан суҳбатда бўлиш, Исломда аввал бўлдингиз, буни яхши биласиз, сўнгра бошлиқ бўлиб адолат этдингиз, мана шаҳид ҳам бўлдингиз». Ҳазрат Умар айтдилар: «Мен буларни оз деб биламан. Менинг фойдам ҳам, зарарим ҳам эмас». Сўнгра айтдилар: «Эй Абдуллоҳ ибн Умар! Мўминлар онаси Оиша ҳузурларига бор!.. Айт: «Умар сизга салом айтади…» «Амирул мўминин», деб айтма!.. Ҳақиқатдан ҳам мен бугун мўминларга амир эмасман. Айт: «Умар ибн Хаттоб ўзининг икки соҳиби ҳузурларига дафн этилишига изн сўрайди…» Абдуллоҳ бордилар ва салом бериб Оиша ҳузурларига киришга изн сўрадилар. Сўнгра кирдилар ва у зотнинг ўтириб йиғлаётган ҳолда топдилар. Абдуллоҳ айтдилар: «Умар сизга салом  йўллайди (айтади) ва сиздан икки соҳиби ҳузурида дафн этилишига изн сўрайди». Оиша айтдилар: «Мен бу жойни ўзимга истаган эдим. Бугун у жойни ўзимдан ҳам кўра унга истадим». Вақтики, Абдуллоҳ қайтиб келдилар. Айтилди: «Абдуллоҳ ибн Умар келди!» Ҳазрат Умар айтдилар: «Мени тикланглар!..» Бир киши уни тиклади. Умар сўрадилар: «Нима хабар келтирдинг, эй Абдуллоҳ ибн Умар!» У киши айтдилар: «Эй амирул мўминин! Сиз яхши кўрган хабарни келтирдим. Оиша рухсат бердилар». Умар айтдилар: «Алҳамдулиллаҳ! Менга бундан ҳам ортиқ севимли нарса йўқ… Агар мен ўлсам, олиб боринглар, сўнгра салом айтинглар… Эй Абдуллоҳ! Кейин айт: «Умар ибн Хаттоб изн сўрайди…» Бас, агар Оиша рухсат берсалар, мени киргизинглар ва агар мени қайтарсалар, мусулмонлар қабристонига қайтаринглар (дафн этинглар)…» Имом Муслимнинг Масрур ибн Махрамадан ривоят этилган ягона ҳадисларида ривоят этиладики, ҳазрат Умар айтдилар: «Аллоҳнинг номи билан қасамёд этаманки, агар менинг ер юзи мисолида олтиним бўлса, Аллоҳ таоло азобини кўришдан олдин унга фидо этар эдим». Бошқа бир ҳадисда айтдилар: «Аллоҳ номига қасамёдки, агар менда ҳақиқатдан ҳам қуёш чиқиб ва ботиши ўртасидаги масофада бир нарса бўлса, қўрқинч (даҳшат) муқаддимасига фидо этардим…»  



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ