Од қавмининг қўполлиги | Siyrat.uz

Од қавмининг қўполлиги

318

Ҳуд алайҳиссаломнинг бу даъватларига Од қавми саркашлик қилиб, қўполлик билан салбий жавоб берди:

«Улар дедилар: «Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун олиҳаларимизни тарк қилувчи эмасмиз ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз.

Фақат, сени баъзи олиҳаларимиз ёмонлик ила урибди, деймиз, холос». У деди: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ қиламан ва сиз ҳам гувоҳ бўлингки, албатта, мен сиз келтираётган ширкка алоқадор эмасман – Ундан ўзгага. Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилинг-да, менга муҳлат бермай қўяверинг» («Ҳуд» сураси, 53-55-оятлар).

Ҳуд алайҳиссалом мўъжиза келтирмаганга ўхшайдилар, шунинг учун ҳам Од қавми таъна қилиб:

«Улар айтишди: «Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг».

Шу туфайли биз сенинг пайғамбар эканлигингга ишонмаймиз ва айтган сўзларингни қабул қилмаймиз», демоқда.

«Биз сенинг гапинг учун олиҳаларимизни тарк қилувчи эмасмиз» ва сенинг илоҳингга сиғинувчи эмасмиз».

«ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз».

«Сенинг ҳақингда қилаётган ишингга, айтаётган гапингга қараб, бир фикрга келдик. У ҳам бўлса:

«Фақат, сени баъзи олиҳаларимиз ёмонлик ила урибди, деймиз, холос», дедилар.

Яъни «Жинни бўлибсан», деган сўзни бошқачароқ қилиб айтишди. Улардаги руҳий ва маънавий бузуқлик шу даражага бориб етган экан. Ўзларига Пайғамбар бўлиб келган зотни жиннига чиқариб, «Алаҳсираб, ҳар хил гапиряпти», демоқдалар.

Ҳуд алайҳиссаломнинг гапларида ҳеч алаҳсираш аломати, жиннилик белгиси йўқ эди. У зотнинг ҳар бир сўзлари пурҳикмат эди. Олий маъноларни, ўша қавмни бахт-саодатга етаклайдиган кўрсатмаларни ўз ичига олган эди.

У қавм бундай гапларни айтиб турганида Ҳуд алайҳиссаломнинг ҳам қаттиқроқ гапиришдан, уларни ожиз қолдиришга уринишдан ўзга чоралари қолмади:

«Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ қиламан».

«Менинг пайғамбарлигимга Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ. Агар ёлғончи бўлсам, мени жазолайди. Сиз гуноҳкор бўлсангиз, унда сизни жазолайди. Лекин ҳозир орани очиқ қилиб олайлик, мен сизларга бир ҳақиқатни айтиб қўяй:

«ва сиз ҳам гувоҳ бўлингки, албатта, мен сиз келтираётган ширкка алоқадор эмасман – Ундан ўзгага».

Яъни «Аллоҳ таолога У зотдан ўзга нарсаларни шерик келтиришингизга менинг дахлим йўқ. Мен ширкка қарши курашиб, сизларни тавҳидга даъват қилиш учун Пайғамбар бўлиб келган эдим. Сизлар менинг даъватимни қабул қилмай, мушриклигингизча қолдингиз. Энди сизлар билан орамиз узилди. Агар мен сизларнинг насабингиздан, ирқингиздан, қабилангиздан бўлсам ҳам, орамизда алоқа қолмади. Чунки сизлар асосий алоқа риштаси бўлмиш иймонни тутмадингиз».

«Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилинг-да, менга муҳлат бермай қўяверинг».

Бу ҳам иймони комил инсоннинг Аллоҳ таолога ишонч билан айтган гапларидир.

Ўзлари ёлғиз бўла туриб, қаршиларидаги душманга – қуввати, шиддати билан донг таратган бутун бошли бир халққа бу гапларни айтиш осон эмас.

Аммо Ҳуд алайҳиссалом ҳақ йўлда эканликларини бутун вужуди билан англаб етган пай­ғамбар эдилар. Аллоҳнинг хоҳишисиз у зотга ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаслигини яхши билар эдилар.

Ҳуд алайҳиссалом яна сўзларида давом этдилар:

«Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккул қилдим. Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир. Албатта, Роббим тўғри йўлдадир» («Ҳуд» сураси, 56-оят).

Шунинг учун ҳам:

«Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккул қилдим».

Фақат Унгагина суяндим. Ундан ўзга таваккал қиладиган зот йўқ.

«Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир».

«Ана шунинг учун ҳам мен сиздан эмас, ўша қудратли, ғолиб ва қаҳрли Аллоҳ таолодан қўрқаман ва Унгагина суянаман».

«Албатта, Роббим тўғри йўлдадир».

«Мен Роббимнинг йўлига юрганман ва Унинг ёрдами ила мақсадга етишимда шубҳа йўқдир. Сиздан заррача қўрқмаслигимнинг боиси ҳам шунда».

«Агар юз ўгириб кетсангиз, батаҳқиқ, сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим. Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради ва сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз. Албатта, Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчидир» («Ҳуд» сураси, 57-оят).

Яъни «Агар сиз мендан юз ўгириб кетмоқчи бўлсангиз, бемалол кетаверинг, менинг қўрқадиган ёки мулоҳаза қиладиган жойим йўқ».

«…батаҳқиқ, сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим».

«Аллоҳ таоло ўз пайғамбари сифатида менга нимани топширган бўлса, ўшани бажардим. Вазифамни адо этдим. Энди У зотнинг Ўзи сиз билан ҳисоб-китоб қилиб олади. Агар хоҳласа:

«Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради».

«Сиз куфрингиз, бебошлигингиз ила азобга ҳақли бўлдингиз. Шунинг учун У сизни хоҳлаган вақтида ҳалок қилиб, йўқотиб ташлаб, ўрнингизга Ўзига иймон келтирадиган, тақво қиладиган бир қавмни келтириши ҳеч гап эмас. Агар шундай қилса:

«…ва сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз».

«Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Чунки сиз ожиз бир бандасиз».

«Албатта, Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчидир», деди.

«Сиз Ундан қочиб қутула олмайсиз. Биз, мўминларни ва динни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳимоя қилиб олади».

Энди мунозара иши тугаб, белгиланган вақт келди.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

Мулоҳаза билдиринг

*