Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ва хулафои рошидинлар вафотлари зикри ҳақида

3 йил аввал 3084 siyrat.uz

Билинг! Ҳақиқатдан ҳам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳолатларида гўзал намуна мавжуд. Маълумки, барча махлуқларнинг ичида Аллоҳ таолога ул Зотдан кўра севимлироқ ҳеч киши йўқ. Ул Зоти шарифнинг ҳаёт муҳлатлари тугаган вақтда Аллоҳ таоло Ўз ҳабибини ҳеч бир кечиктирмади. Расулуллоҳ алайҳиссалом ўлимдан қаттиқ шиддатга йўлиқдилар. Имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ»ларида ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят этадилар. Ҳазрат Оиша айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида кичкина челакча ёки қутичада сув бўлар эди. Расулуллоҳ ундаги сувга қўлларини солардилар, қўлларини олиб юзларига суртардилар-да, айтардилар: «Ла илаҳа иллаллоҳ, ҳақиқатдан ҳам ўлимда қаттиқ шиддат ва талваса мавжуд». Яна шу «Саҳиҳи Бухорий»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда айтилади: «Вақтики, Расулуллоҳ алайҳиссалом оғирлашиб қолдилар, ул Зотни ғам-шиддат ўрай бошлади. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо айтдилар: «Во, отамнинг ғами!..» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугундан кейин отангизга ғам бўлмайди», дедилар». Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтдилар: «Биз онамиз Оиша розияллоҳу анҳонинг уйларига йиғилдик. Жаноб Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга қарадилар ва кўзлари ёшланди. Ўзларининг вафот этишлари хабарини бизга билдирдилар ва айтдилар: «Марҳабо! Аллоҳ сизларни саломат айласин! Аллоҳ сизларни омонликда сақласин! Аллоҳ сизларни риоя айласин! Аллоҳ сизларни жам этсин! Аллоҳ сизларга ёрдам қилсин. Аллоҳ сизларга муваффақият ато этсин! Аллоҳ сизларга фойда келтирсин! Аллоҳ сизларнинг шаънларингизни кўтарсин! Аллоҳ сизларни тинч айласин. Аллоҳга тақвода бўлишларингизни васият этаман. Сизларни Аллоҳ васиятига топшираман. Аллоҳ билан бўлишларингизни сўрайман!» Биз сўрадик: «Эй Расулуллоҳ! Вақтингиз (ажалингиз) қачон?» Ул Зот: «Вақт (ажал) жуда яқин қолди. Аллоҳга қайтиш вақти етди. Жаннат гулига, Жаннати Маъвога, Фирдавси Олийга бориш фурсати келди», дедилар. Биз айтдик: «Эй Расулуллоҳ! Сизни нимада кафанлайлик?» Ул Зот айтдилар: «Агар хоҳласангиз, мана шу либосимда ё яман либосида ёки оқ матода кафанлайсизлар». Биз яна сўрадик: «Эй Расулуллоҳ! Сизга ким жаноза намози ўқийди?» Ва йиғладик… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир оз тўхтанглар! Аллоҳ сизларга раҳм этсин! Аллоҳ сизларга Пайғамбарларингиздан яхшилик билан мукофот берсин! Агар мени ювиб бўлсаларингиз ва кафанласаларингиз, мана шу ётган сарир (чорпоям)ни қабрим четига қўясизлар. Сўнгра менинг ҳузуримдан бир муддатга чиқасизлар. Менга энг биринчи бўлиб дўстим ва ҳабибим Жаброил, кейин Микоил, сўнгра Исрофил, ундан кейин ўлим фариштаси, кейин эса кўплаб фаришталар кириб намоз ўқийдилар ва саловот айтишади. Улардан кейин сизлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб кирасизлар. Менга саловоту саломлар айтасизлар. Менга мадҳиялар айтиш ва турли овозлар чиқариб азият  бермайсизлар. Аҳли байтимнинг эркаклари менга биринчи бўлиб жаноза намози ўқийдилар. Сўнгра уларнинг аёллари жаноза намози ўқишади. Сўнгра сизлар менга жаноза намози адо этасизлар. Шу вақтда ҳозир бўла олмаган асҳобларимга, қиёматга кунига қадар менга эргашиб динимга эргашувчиларга саломлар айтасизлар. Огоҳ бўлинглар! Сизларни гувоҳ этаманки, Исломга кирган ҳар бир кишига алоҳида салом бераман!» дедилар». Имом Табароний «Дуо» бобида, Воҳидий «Тафсир» китобида ривоят этишган ҳадис. Икковларининг бу ҳадислари заиф. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг вафотларидан уч кун аввал ул ЗОт ҳузурларида ташрифда бўлиб дедилар: «Эй Аҳмад! Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таоло мени Сизга юборди. Сиздан ҳам яхшироқ билиб турган нарсани мен орқали сўраб айтади: «Аҳволларингиз қандай?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эй Жаброил! Мен ўзимни аламда кўраман. Мен ҳозир ғам-ташвиш остидаман». Жаброил алайҳиссалом иккинчи куни яна келдилар ва биринчи куни айтган сўзларини қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айтган жавобларини қайтадан гапирдилар. Жаброил алайҳиссалом учинчи куни яна келиб, аввалги кунлари айтган каломни қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айтган жавобларини такрорладилар. Шу вақтда ўлим фариштаси кириш учун изн сўради. Жаброил алайҳиссалом дедилар: «Эй Аҳмад! Бу ўлим фариштаси… Ҳузурингизга кириш учун изн сўраяпти. Сиздан олдин у одам боласи ҳузурига кириш учун асло изн сўрамаган. Сиздан кейин ҳам одамзот ҳузурига кириш учун рухсат сўрамайди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Унга рухсат!» Ўлим фариштаси кирди ва ул Зот олдиларида тўхтаб айтди: «Албатта, Аллоҳ таоло мени сизнинг ҳузурингизга юборди ва сизга итоат этишимга амр этди. Агар мени руҳингизни тарк этишга буюрсангиз, мен уни тарк этаман». Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: «Эй ўлим фариштаси! Ишингизни бажаринг!» У деди: «Сизга шундай итоат этишга амр этилганман». Жаброил алайҳиссалом айтдилар: «Эй Аҳмад! Чиндан ҳам Аллоҳ таоло Сизга жуда ҳам муштоқ». Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: «Эй ўлим фараштаси! Буюрилган ишни бажаринг!» Жаброил алайҳиссалом айтдилар: «Ассалому алайкум, ё Расулуллоҳ! Ҳақиқатдан ҳам дунёдан бўлган ҳожатим Сиз эдингиз. Бу ер юзидаги охирги ўрним шудир». Имом Табароний Ҳусайн ибн Алидан ривоят этган. Ҳадис санадидаги Абдуллоҳ ибн Маймун Қаддоҳ ҳадиси матрук, яъни тарк этилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом Оиша онамизнинг кўксиларига суянган ҳолда, эски устки кийим ва дағал кўйлак-иштонда вафот топдилар. Қизлари Фотима розияллоҳу анҳо ўрниларидан туриб йиғладилар: «Вой отажон! Парвардигорига ижобат қилган отам. Вой отам! Фирдавс жаннати маъвоси бўлган отам! Вой отам! Жаброилга ўлим хабарингизни берамиз. Вой отам! Парвардигорига қандай ҳам яқин бўлган отам, вой отам!..» Вақтики, Расулуллоҳ алайҳиссалом дафн этиб бўлинган эдилар. Фотима розияллоҳу анҳо айтдилар: «Эй одамлар! Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг устларига тупроқ тортиб хурсанд бўлдиларингизми? (Қандай қилиб бунга кўнглингиз бўлди?)» Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтдилар: «Пайғамбарнинг осмонга қараб ётганини кўрган вақтимда, Дунёнинг барча кенг ўринлари менга бўлди тор. Ҳаяжонга тушган ошиқнинг қўрққанидек қаттиқ қўрқдим, Суякларим мадорсиз бўлди, синиб бўлди мажруҳ… Эй атиқ (озод инсон)! Сенга бунчалар ҳам яхши! Чиндан ҳам муҳаббатинг дафн этилди. Сен қолдинг, Ўзинг ягона, ҳасрату надоматда, Кошки, соҳибим ҳалок бўлишидан олдин, Устига ҳарсанг тошлар ташланган қабрда бўлсам эди ғойиб…»




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ