Солиҳ алайҳиссалом

264

Қуръони Каримда Солиҳ алайҳиссаломнинг исмлари тўққиз марта тилга одинган. У зотнинг қиссалари «Шуаро», «Аъроф», «Қамар», «Намл», «Ҳуд» каби сураларда келган.

Солиҳ алайҳиссаломнинг насаблари

Солиҳ алайҳиссаломнинг оталарининг исми Убайд, боболариники Осиф бўлиб, насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари Сомга бориб тақалади. У зот боида араблардан бўлмиш Самуд қабиласига мансубдирлар.

Самуд қавми Арабистон яримороли, Ҳижоз диёрининг шимолий қисмида, Ҳижр деб аталадиган юртда истиқомат қилар эди. У юрт ҳозир Мадоини Солиҳ деб аталади. Аллоҳ таоло Самуд қавмига ўз ичларидан Солиҳ алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди.

Аллоҳ таоло бу ҳақда «Ҳуд» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Ва Самудга ўз биродарлари Солиҳни (юбордик). У деди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни обод қилиш учун жойлаштирди. Бас, Ундан мағфират сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим Қорийб ва Мужийбдир» (61-оят).

Оятдан кўриб турибмизки, Солиҳ алайҳиссалом ҳам Пайғамбар бўлиб келиб, қавмига ўзларидан олдинги пайғамбарларнинг гапларини айтганлар:

«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ».

Нуҳ алайҳиссалом ҳам, Ҳуд алайҳиссалом ҳам шу гапни айтган эдилар. Солиҳ алайҳиссалом ҳам худди шу гапни айтмоқдалар. У зотдан кейин келганлар ҳам шу гапларни айтадилар. Чунки пай­ғамбарларнинг ҳаммаси ягона Аллоҳдан келган, Аллоҳнинг эса битта дини бор. У дин ҳам Исломдир.

«У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни обод қилиш учун жойлаштирди».

Эй қавмим, Аллоҳ сизларни ер жинсидан яратди. Сўнгра ўша ерни обод қилишингиз учун сизни унда қолдирди.

Демак, инсоннинг ер юзидаги вазифаларидан бири уни обод қилишдир.

«Бас, Ундан мағфират сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг».

Бу сўзларни ҳам барча пайғамбарлар ўз умматларига айтганлар.

«Албатта, Роббим Қорийб ва Мужийбдир».

У истиғфор ва тавбангизни яқиндан туриб эшитади, билади ҳамда тезда қабул қилади.

Солиҳ алайҳиссаломнинг бу гапларига қавми қуйидаги жавобни бердилар:

«Улар дедилар: «Эй Солиҳ, бундан олдин ичимизда орзу қилинган киши эдинг. Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми? Албатта, биз сен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳадамиз» («Ҳуд» сураси, 62-оят).

Самуд қавми ҳам бошқа қавмларга ўхшаб, ўзларидан чиққан Пайғамбарга, у даъват қилаётган динга шак-шубҳа билан қарамоқдалар. Шу билан бирга, улар Солиҳ алайҳиссаломнинг аввалги ҳолларини эътироф қилмоқдалар:

«Эй Солиҳ, бундан олдин ичимизда орзу қилинган киши эдинг».

Яъни «Фазилатларинг учун, ақлинг, илминг, ростгўйлигинг, ҳусни хулқинг, омонатдорлигинг учун ҳаммамиз сенга ҳавас қилар, сендек бўлишни орзу этар эдик».

«Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми?»

Барча жоҳил қавмлар ота-бобоси ибодат қилган нарсага ибодат қилишни рўкач қилиб, Аллоҳнинг юборган Пайғамбарини инкор қиладилар. Ота-боболари ибодат қилган нарса ҳақми, ноҳақми, уларга барибир. Ота-бобоси ибодат қилган бўлса, бўлди. Ўзларича ақл ишлатиб кўрмайдилар. Самуд қавми илгари ўзлари ҳавас қилиб юрган одам Пайғамбар бўлиб келиб, Аллоҳнинг амрини етказса ҳам, ота-боболарининг амалини ташлашни эп кўрмасликни баҳона қилиб, Аллоҳнинг динини инкор қиляптилар. Улар Солиҳ алайҳиссаломга:

«Албатта, биз сен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳадамиз», дедилар.

Қавм Ҳақ ҳақида шак-шубҳага тушди. Инсон табиати бузилганда шундай бўлади.

Нобакор қавмнинг бу раддиясидан сўнг Солиҳ алайҳиссалом уларга босиқлик билан ҳақиқатни тушунтиришга уриниб кўрдилар:

«У деди: «Эй қавмим, айтинг-чи, агар Роббим томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам ва У менга Ўз томонидан раҳмат берган бўлса-ю, Унга осий бўлсам, ким менга Аллоҳ (азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради?! Бас, менга зиёндан ўзгани зиёда қилмассиз» («Ҳуд» сураси, 63-оят).

Илгари Нуҳ алайҳиссалом ҳам шу гапларни айтган эдилар: «Сизларнинг мен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳа қилмоғингиз ҳеч нарсани ҳал этмайди. Сиз ҳар хил нарсада шак-шубҳа қилишингиз мумкин. Лекин дунёнинг ишлари, хусусан, Пайғамбарлик, динга даъват қилиш сизнинг хоҳишингиз ёки шак-шубҳа қилишингизга боғлиқ эмас!

«Эй қавмим, айтинг-чи, агар Роббим томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам…».

«Бу очиқ-ойдин ҳужжат У кўрсатган йўл эканлигини ростмана кўрсатиб турса».

«ва У менга Ўз томонидан раҳмат берган бўлса-ю…».

Яъни «У Зот, яъни Аллоҳ таоло Ўз томонидан менга Пайғамбарликни берган бўлса-ю»

«…Унга осий бўлсам…»

«Унинг айтганини бажармасдан, бошқача амал қилсам, албатта, Унинг азобига дучор бўламан. Ўша азобга дучор бўлган пайтимда

«ким менга Аллоҳ (азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради?!»

«Сизми? Йўқ! Сиз ёрдам беролмайсиз. Сиз фақат зарар берасиз».

«Бас, менга зиёндан ўзгани зиёда қилмассиз», деди.

Кўр-кўрона, ҳеч қандай далилсиз, ўзларича ота-бобосидан қолган бидъатларга ёпишиб олган мушриклардан зиёндан ўзга нима ҳам кутиш мумкин?!

Минг афсуски, бу гапларнинг барчаси Самуд қавмига таъсир қилмади. «Шуаро» сурасида айтилганидек:

«Самуд Расулларни ёлғончига чиқарди. Ўшанда биродарлари Солиҳ уларга деди: «Қўрқмайсизларми?! Албатта, мен сизларга ишончли Расулман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар. Бунинг учун сизлардан ҳеч қандай ажр-ҳақ сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина оламлар Роббининг зиммасидадир.

Бу жойдаги нарсаларда омон ҳолда тарк қи­линасизми?! Боғ-роғлар ва булоқларда?! Экинзорлару тугунчаси майин хурмозор ичларида-я?!» (141–148-оятлар).

Аллоҳнинг Пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломнинг қавмига айтаётган ушбу гапларидан бу қавмнинг моддапарастликка, молу дунё ва айшу ишратга берилганлиги кўриниб турибди.

«Ва тоғлардан манманлик-ла уйлар йўнаверасизми?!» (149-оят).

Самуд қавми ҳозирги моддапарастларга ўхшаб,
ўзларидаги мавжуд дунё матоҳлари ила манманлик қилишни хуш кўрар эдилар. Уларнинг манманлик қилишларининг кўзга кўринган соҳаси тоғ ёнба­ғирларидаги тошларни йўниб, уй қилиш эди. Улар тоғнинг мужассам тошларини йўниб, ич томонига кириб, уйлар, қасрлар қилишар эди. Ана шу уйлар ҳозиргача сақланиб қолган бўлиб, Арабистон яримороли шимолида саёҳатчилар уларни томоша қиладилар.

Солиҳ алайҳиссалом қавмига ўша манманлик учун тошдан уй йўнишларини ҳам тан­қид маъносида эслатмоқдалар.

«Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар» («Шуаро» сураси, 150-оят).

Эй қавмим, сиз манманлик ва моддапарастлик ҳамда беҳуда айшу ишратни тарк қилиб, Аллоҳ таолога тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар.

«Ва ер юзида исрофчиларнинг ишига итоат қилманглар. Ер юзида бузғунчилик қиладиган, ислоҳ этмайдиганларнинг» («Шуаро» сураси, 151–152-оятлар).

Солиҳ алайҳиссаломнинг куюниб айтган бу гапларига жиноятчи Самуд қавми қуйидаги жавобни берди:

«Улар дедилар: «Сен, албатта, сеҳрланганлардансан.

Сен бизга ўхшаган башардан бошқа эмассан. Агар ростгўйлардан бўлсанг, мўъжиза келтир» («Шуаро» сураси, 153–154-оятлар).

«Агар Пайғамбарлик даъвоинг рост бўлса, уни тасдиқлаш учун мўъжиза келтир», дейишди.

Самуд қавмининг бу талабига биноан, Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссаломга мўъжиза берди.

Энди Солиҳ алайҳиссалом Самуд қавмига ўша мўъжизани эълон қилмоқдалар:

«У деди: «Мана бу туя. Унга (бир кун) сув ичиш ва сизга маълум бир кун сув ичиш.

Ва унга ёмонлик етказманглар – сизни улуғ куннинг азоби тутадир.

Бас, у(туя)ни сўйдилар-у, надомат че­кувчиларга айландилар» («Шуаро» сураси, 155–157-оятлар).

Бошқа оятларда баён этилганидек, Аллоҳ таолонинг томонидан мазкур туянинг тошдан чиқарилишининг ўзи мўъжиза бўлган эди.

Аллоҳнинг пайғамбари Солиҳ алайҳиссалом Самуд қавмига ўша мўъжиза бўлган туяни кўрсатиб:

«Мана бу туя. Унга (бир кун) сув ичиш ва сизга маълум бир кун сув ичиш», демоқдалар.

Энди ўша мўъжиза туянинг Самуд қавми ичида туришининг шарти қўйилди. Ўша юртдаги булоқдан бир кун туя, бир кун Самуд қавми сув ичади.

Шу билан бирга, яна бир шарт бор.

«Ва унга ёмонлик етказманглар – сизни улуғ куннинг азоби тутадир».

Қавм туяга мутлақо зарар етказмаслиги керак. Агар бу шартни бузиб, туяга зарар етказадиган бўлсалар, уларга азоб етиши турган гап.

Аммо жинояткор қавм шартга амал қилмади.

«Бас, у(туя)ни сўйдилар-у, надомат чекувчиларга айландилар».

Самуд қавми туғёнга кетиб, туяни сўйдилар. Кейин эса надомат чека бошладилар.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

Мулоҳаза билдиринг