Иброҳим алайҳиссалом

262

001

Қуръони Каримда исми шарифи кўп зикр қилинган зотлардан бирлари Иброҳим алайҳиссаломдир, десак муболаға қилмаган бўламиз. У зотнинг муборак исмлари каломи илоҳийда олтмиш тўққиз марта зикр қилинган экан.

Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссалари ҳам Қуръони Каримда энг кўп келтириладиган қиссалардандир. «Бақара», «Марям», «Анкабут», «Наҳл», «Нисо», «Анъом», «Зарият» ва бошқа сураларда Иброҳим алайҳиссалом ҳақларидаги ояти карималарни тиловат қиламиз.

Шунингдек, каломи илоҳийнинг алоҳида бир сураси ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом номлари билан аталишини ҳам таъкидлаб ўтмоғимиз лозим.

Албатта, Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссаломга бунчалик катта эътибор берилиши бежиз эмас.

Зотан, у зот Халилур Роҳман, Анбиёлар отаси, Улул азм пайғамбарларнинг бири, ҳам яҳудийлик, ҳам насронийлик, ҳам Исломда катта мартаба соҳиби бўлган зотдирлар. Иброҳим алайҳиссалом пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта боболаридирлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, одам боласи Иброҳим алайҳиссаломнинг фазилатлари ва мартабаларини ўрнига қўйишга ожизлик қилади. Шунинг учун у зотнинг васфларида келган бир оят ва бир ҳадиси шарифни мисол тариқасида келтириш билан кифояланамиз.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида «Марям» сурасида шундай марҳамат қилади:

«Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди» (41-оят).

Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Қуръонда Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссасини зикр қил. У сиддиқ – ўзи ҳам, сўзи ҳам тўғри, шунинг баробарида, набий – Пайғамбар бўлган эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг сиддиқлик сифатлари «кўп тасдиқловчи» деган маънони ҳам англатади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй одамларнинг яхшиси!» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўша Иброҳим алайҳиссаломдир», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. Абу Довуд «Суннат китоби»да ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломни энг яхши, энг афзал инсон сифатида кўрганлари билинади. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг афзал халқи бўлганликларига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо бу ҳадисдаги гапни у зот алайҳиссалом ўзларининг афзалликлари ҳақидаги хабар келишидан олдин ва ўта камтарлик сифатлари ила айтганлар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг насаблари

Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарининг исми Озар, боболарининг исми Ноҳур, катта боболарининг исми Соруғ бўлган. У зотнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари Сомга етиб боради.

Иброҳим алайҳиссаломнинг кунялари Абуз Зийфон бўлган. Бу «меҳмонлар отаси» деган маънони англатади. Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз меҳмонлари билан бўлган қиссалари Қуръони Каримдаги энг машҳур қиссалардан эканлиги маълум.

Иброҳим алайҳиссаломнинг туғилишлари

Иброҳим алайҳиссалом Бобилда таваллуд топганлар. Бобил ҳозирги Ироқ ҳудудида бўлганлиги ҳам ҳаммага маълум. Иброҳим алайҳиссалом таваллуд топганларида оталари етмиш беш ёшда бўлган эканлар. Иброҳим алайҳиссалом бош фарзанд бўлганлар.

У зотнинг улғайишлари

Иброҳим алайҳиссалом илоҳий таълимотлардан узоқлашган бузуқ бир жамиятда ўсдилар. Ўша вақтда Бобилга Намруд исмли золим подшоҳ ҳукм­дорлик қилар эди. У ернинг одамлари молу дунё ва айшу ишратга берилган эдилар. Шу билан бирга, ширк эътиқодида бўлиб, буту санамларга сиғинар эдилар. Қавмнинг эътиқоди бузуқлигидан фойдаланган подшоҳ ўзини Худо деб эълон қилган эди. Иброҳим алайҳиссалом ўсиб улғайганлари сари, у зотнинг бу номаъқулчиликларга қаршиликлари ҳам кучайиб борди.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

Мулоҳаза билдиринг