Имомликка ихтиёр қилинишлари

235

photo_2017-08-24_11-15-45

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ҳидоят ато қилган эди. Ана шу сабабдан у зот ёшликларидан ширк, зулм ва истибдодга қарши бўлиб ўсдилар. Вақти-соати келганда Аллоҳ таоло Иброҳим алай­ҳиссаломни пайғамбарликка танлаб олди:

«Робби Иброҳимни калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этганини эсла! У зот: «Албатта, Мен сени одамларга имом қилмоқчиман», – деди. У: «Зурриётимдан ҳамми?» – деди. У зот: «Золимлар аҳдимга (ҳеч қачон) эриша олмаслар», – деди» («Бақара» сураси, 124-оят).

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни синаган «калималар» ҳақида тафсирчиларимиз турлича фикрлар билдирганлар.

Хулоса шуки, бу калималар буйруқ ва қайтариқлар мажмуасидир. Яъни Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни бир қанча ишларга амр қилди ва бир қанчаларидан қайтарди. Иброҳим алайҳиссалом вафодор банда сифатида у калималарни бекаму кўст адо этдилар. Мукофот тариқасида Аллоҳ таоло у кишига:

«Албатта, Мен сени одамларга имом қилмоқчиман» – деди».

«Имом» сўзи «пешво», «бошловчи» деган маъноларда ишлатилади. Бу оятдан Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни одамларга пешво, бошлиқ, раҳнамо қилмоқчи эканликлари англанади.

Шу пайтда Иброҳим аллайҳиссаломнинг инсонлик табиатлари жўш урди: оддий бир инсон сифатида болалари, набиралари, зурриётларини ўйладилар ва:

«Зурриётимдан ҳамми?» – деди».

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу саволга бевосита жавоб бермади, балки умумий қоидани айтди:

«Золимлар аҳдимга (ҳеч қачон) эриша олмаслар», – деди».

«Золимлар» кимлар?

Зулм, золимлик турлича бўлади. Куфр, ширк ва гуноҳ ишлар қилиш билан инсон ўзига-ўзи зулм қилади. Ўзга кишиларга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиб зулм қилиш ҳам золимликка киради.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

Мулоҳаза билдиринг