Курашга шайланиш | Siyrat.uz

Курашга шайланиш

132

photo_2017-08-24_11-15-36

Иброҳим алайҳиссалом ширк ва мушрикларга қарши тавҳид ақийдасини тарқатиш учун тинимсиз даъват қилади. Шунинг учун ўша замон ва унинг муҳитида ўзлари дуч келишлари муқаррар бўлган баъзи саволларга Аллоҳ таолонинг Ўзидан жавоб олиш, баъзи нарсаларни тажрибадан ўтказиб олиш мақсадида Роббил оламинга қуйидаги нидони қилдилар:

«Иброҳим: «Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У Зот: «Ишонмадингми?» – деганини эсла. У: «Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», – деди. У зот: «Қушдан тўртта олгин-да, уларни олдингга тўплаб, кесиб майдала, сўнгра ҳар бир тоққа улардан бир бўлакни қўйгин. Кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келадилар. Ва билгинки, албатта, Аллоҳ Азийз ва Ҳакиймдир»,– деди» («Бақара» сураси, 260-оят).

Бу оятда Аллоҳ таолонинг энг улуғ Пай-ғамбарларидан бири – Иброҳим алайҳиссалом ўз Роббидан ўликларни қандай қилиб тирилтиришни кўрсатишини сўрамоқдалар.

«Иброҳим: «Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда…»

Бу савол мўмин банданинг ўз Роббининг қудратини кўриб, қувониши, иймонига иймон қўшилиши учун берилган саволдир. Ваҳоланки, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:

«Ишонмадингми?» деб сўраганида:

«У: «Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», – деди».

У зот дилда ишонган нарсани кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолиб, кўнгиллар хотиржам бўлиши учун ҳам шундай жавоб қилдилар.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг қалбларидаги бу шавқни қондириш учун саволга амалий жавоб беришни ирода қилди ва бу тажрибада савол берувчининг ўзини ҳам иштирок эттирди.

«Қушдан тўртта олгин-да, уларни олдингга тўплаб, кесиб майдала, сўнгра ҳар бир тоққа улардан бир бўлакни қўйгин»,

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга тўртта қуш олишни ва уларни майдалаб ташлашни буюрди. Ва яна «У қушларни ўзингга торт», деди. Яъни уларга яқиндан қараб, яхшилаб кўриб, таниб олишни амр этди. Қайси қуш қанақа, ранги, қаноти, думи ва бошқа аломатлари қандай? Буларни таниб олишдан мақсад шуки, кесиб, майдалаб ташланган қушлар қайта тирилтирилганда уларнинг аломатлари аввалги ҳолатларига мос келишини кўришдир.

Сўнгра кесиб, майдаланган қушларнинг бўлакларини атрофдаги тоғларга сочиб юборишга, аралаштириб, ҳар жойларга тарқатишга амр қилди.

«Кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келадилар», деди.

Шундай қилса, қушларнинг майдалаб ташланган бўлаклари қайтадан бирлашиб, асл ҳолига қайтиб, тирилган ҳолида келишларини айтди.

Шу тариқа Иброҳим алайҳиссалом ўз тажрибаларида Аллоҳ таоло ўликларни қандай қилиб тирилтиришини кўрдилар.

«Ва билгинки, албатта, Аллоҳ Азийз ва Ҳакиймдир», – деди.

У азиз бўлгани учун хоҳлаган ишини қилади, Унга ҳеч бир зот тўсиқ бўла олмайди. У ҳаким бўлгани учун ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади. Унинг беҳикмат иши йўқ.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

Мулоҳаза билдиринг

*