Ширкка қарши курашнинг бошланиши

6 йил аввал 2396 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Барча тайёргарликлар кўриб бўлингандан ке­йин Иброҳим алайҳиссалом ширкка қарши курашни бошладилар. Бу ишни у зот аввал оилаларидан бошладилар. Иброҳим алайҳиссалом биринчи навбатда мушрик оталарини ширкни тарк қилишга даъват қилдилар. Ота эътироз билдирди. Орада мунозара бўлди. Ана ўша ҳол «Марям» сурасида қуйидагича васф қилинади:

«Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди» (41-оят).

Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Қуръонда Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссасини зикр қил. У сиддиқ – ўзи ҳам, сўзи ҳам тўғри, шунинг баробарида набий – пайғамбар бўлган эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг сиддиқлик сифатлари «кўп тасдиқловчи» маъносини ҳам анг­латади.

«Эсла, у отасига: «Эй отажон, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бермайдиган нарсага ибодат қиласан?

Эй отажон, албатта, сенга келмаган илм менга келди. Бас, менга эргашгин, сени тўғри йўлга бошлайман.

Эй отажон, шайтонга ибодат қилма. Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир.

Эй отажон, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман», деган эди» (42-45-оят).

Ушбу тўрт оятда «Пайғамбарлар отаси» лақабини олмиш зот – Аллоҳнинг улуғ Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарини ширкни тарк этиб, Аллоҳнинг ибодатини қилишга чақиришлари баён қилинмоқда.

Иброҳим алайҳиссалом оталарини тўғри йўлга даъват этишдан олдин ота нотўғри йўлда эканлигини савол тарзида баён қилдилар.

«Эй отажон, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бермайдиган нарсага ибодат қиласан?»

Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари, шу жумладан, оталари ҳам ўзлари ясаб олган жонсиз бутларга ибодат қилишар эди. Табиийки, бутлар жонсиз бўлганлари учун ҳеч нарсани эшитмайди ва кўрмайди. Шу боисдан, ўзига ибодат қилаётган мушрикларни кўрмаслиги, уларнинг дуоларини эшитмаслиги табиий. Жонсиз, ҳиссиз нарса бировга на фойда, на зиён етказа олади. Иброҳим алайҳиссалом жўяли савол ила ушбу ҳақиқатни оталарига эслатдилар.

Аслида инсоннинг ибодати унинг ўзидан кўра олий, олим ва қудратли Зотга таважжуҳ этиш – юз тутиш ила бўлмоғи лозим. Ана шунда инсон ўз мақомидан чандон юқори мақомга юзланади.

Инсоннинг ҳайвондан ҳам тубан, жонсиз бир нарсага юзланиши, ёлвориши, розилигини топишга уриниши, унга қурбонликлар келтириши ўз қадрини ерга уриш, ўзини жонсиз нарсалардан ҳам паст деб тан олишидир. Бу иш инсоният учун улуғ исноддир.

«Эй отажон, албатта, сенга келмаган илм менга келди».

Яъни «Менга ваҳий йўли билан Аллоҳ таолони таниш, сифатларини англаш, Унга қандай ибодат қилиш илми, яъни сен билмаган илм келди».

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, Иброҳим алай­ҳиссалом оталарига олий мақомдаги одоб билан мурожаат қилмоқдалар. У зот «Сен кофирсан, мушриксан» каби оғир гапларни айтмаяптилар. Шунингдек, «Мен Пайғамбарман, Аллоҳнинг халилиман» каби ўз шаънларини тавсифлаш ҳам йўқ. Балки «Бу гапларни менга келган илм асосида гапирмоқдаман», демоқдалар.

«Бас, менга эргашгин, сени тўғри йўлга бошлайман».

«Чунки мен сен билмаган нарсани биламан».

Демак, дин-диёнат ишида ёши катта ёки ота-бола деган мулоҳаза бўлмас экан. Кичик ўзидан каттага, бола отасига залолат йўлини тарк этиб, ҳидоят йўлида юришни англатиши зарур.

«Эй отажон, шайтонга ибодат қилма».

Яъни «Шайтоннинг айтганини қилма, унинг йўлига юрма».

Бутга сиғиниш ҳам шайтоннинг ишидир. Бу ботил амалга шайтон бошлайди. Бинобарин, бутга ибодат қилиш шайтонга ибодат қилишдир.

«Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир».

Банда Роҳманга осий бўлган шайтонга қандай қилиб ибодат қилиши мумкин? У ҳолда шайтондан ҳам тубан бўлиб қолади-ку?!

Ҳа, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилмаганлар, фақат Унинг кўрсатмалари асосида яшамаганлар шайтондан ҳам баттардир.

«Эй отажон, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман».

Яъни «Агар шу тарзда шайтонга эргашиб юраверсанг, албатта, Роҳманнинг азобига дучор бўласан. Унда бир йўла шайтонга дўст бўлиб қоласан. Бу эса энг ёмон оқибатдир».

Иброҳим алайҳиссаломнинг лутф ила қилаётган куюнишлари отанинг мушрик қалбига таъсир қилмади. Ўғлининг пурҳикмат гапларига қўполлик, дағаллик ва таҳдид ила жавоб берди:

«У деди: «Эй Иброҳим, сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан?! Қасамки, агар тўхтамасанг, сени албатта тошбўрон қиламан! Мендан узоқ кет!» («Марям сураси», 46-оят).

Яъни «Эй Иброҳим, ҳали сен менинг худоларимдан юз ўгиряпсанми?! Уларга ибодатдан бош тортяпсанми?! Билиб қўй! Қасам ичиб айтаманки, агар уларни таҳқирлашдан тўхтамасанг, сени ўлим кутади. Албатта, тошбўрон қиламан. Йўқол! Кўзимга кўринма! Мендан узоқ кет!» деди.

Бундай қаттиқ таҳдиддан кейин ҳам Иброҳим алайҳиссалом жаҳл қилмадилар. Босиқлик билан гапларида давом этдилар.

«У деди: «Омон бўл. Энди Роббимдан сени мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У менга ғоятда лутфу марҳаматлидир» («Марям сураси», 47-оят).

Яъни «Нима десанг ҳам майли, омон бўл. Сен билмай, жоҳиллик қиляпсан. Энди мен Роббимдан сенинг гуноҳингни кечиришини, гумроҳлигингнинг жазоси сифатида залолатда бардавом қолдирмасдан, ҳидоят йўлига ўтишинг учун имконият яратишини сўрайман. У Зот доимо менга марҳаматли бўлган. Қачон бир нарсани сўраб, дуо қилсам, ижобат айлаган. Бу гал ҳам шундай бўлса, ажаб эмас».

Агар менинг даъватим сизларга ёқмаётган бўлса, сизларнинг орангизда туришимни хоҳламаётган бўлсангиз:

«Сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Ажаб эмаски, Роббимга илтижо қилиш ила бахтсиз бўлмасам», деди («Марям сураси», 48-оят).

Яъни «Мен сизлардан ҳам, бутларингиздан ҳам четланаман. Узоққа кетаман. Сизлар билан туриш менга ҳавас эмас. Мен ўз Роббимга ибодат қиламан. Албатта, Роббимга ибодат қилиш ила ҳеч қачон бадбахт бўлмайман».

Тафсирчиларимиз ««Шояд» сўзи Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилганда «албатта» маъносини англатади», деганлар.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ