Пайғамбаримиз сийратлари борасида назм | Siyrat.uz

Пайғамбаримиз сийратлари борасида назм

823

Муқаддима

Оламларни йўқдан бор этиб,
Ерни сокин, барқарор этиб,
Неъматларин индирган Аллоҳ,
Шаънига ҳамд юборгум ҳар гоҳ.
Қуръон, Суннат тутқизиб қўлга,
Сутдек оппоқ чароғон йўлга,
Йўллаб кетган Пайғамбарига,
Саҳобалар, издошларига,
Улар йўлин тутганларга ҳам,
Саломларим борсин дамодам.
Қардошларим, кўзим нурлари!
Юрт келгуси, дин ботирлари!
Келинг, сўйлай ажиб ҳикоят,
Ўрнак олмоқ муҳимдир ғоят.
Зулматларда одам ётганда,
Жаҳолатга олам ботганда,
Чарақлаган Нурни келтирган,
Бебаҳо бир дурни келтирган,
Пайғамбарнинг ҳаётин ўқиб,
Кўзни намлаб, дилга ўт ёқиб,
Бул чашмадан олиб баҳралар,
Диллар жўшиб, ёниб чеҳралар,
Симирайлик, қонсин юраклар,
Муҳаббатдан ёнсин юраклар..

Иброҳим алайҳиссаломнинг Маккага келишлари, Замзам суви чиқиши

Ҳақ амри-ла Халил Пайғамбар,
Макка томон қилдилар сафар.
Ҳожар билан Исмоилни ҳам,
Бу сафарда қилдилар ҳамдам.
Боғу роғлар ташлаб кетдилар,
Охирда бир ерга етдилар..
Атроф қуруқ тоғу тош фақат,
На дарахт бор, на сув, на кўкат..
Жазирама иссиқ тафтидан,
Тоғлар қаро эди афтидан..
Ана шундоғ тоғ орасида,
Қолиб Ҳожар ва норасида,
Қўл кўтариб кўкка Иброҳим,
Дуо қилиб деди: «Аллоҳим!!
Қуп-қуруқ дашт, тоғлар ёнида,
Ўтсиз, сувсиз биёбонида,
Шонли Каъбанг ўрнида мен зор,
Зурриёдим қолдирдим бедор..
Токи Сенга қилиб ибодат,
Намоз барпо қилишсин ҳар вақт..
Бандаларинг кўриб қалбин Сен,
Каъба томон бургин, талпинсин..
Мевалардан ато эт, ё Раб,
Шукр этсалар бунга, не ажаб».
Шундай қилиб, Ҳақ амри бирла,
Исмоилни ташлаб Ҳожар-ла,
Келган томон йўлдан кетдилар,
Тоғ ораси, чўлдан кетдилар..

Ёлғиз қолиб Ҳожар бу ерда,
Егулиги тугаб охирда,
Сафо Марва узра етти бор,
Сув ахтариб кездилар ночор..
Ва ниҳоят, ҳолсизланиб жим,
Ўғли томон ташлади одим..
Кўрдиларки, ўғли Исмоил,
Ёнбошида турар Жаброил,
Ерни қаттиқ бир тепиб шу чоқ,
Шарақлатиб чиқарди булоқ..
Ўшал дамдан сув сероб бўлиб,
Одамлар ҳам бошлади келиб..

Иброҳим алайҳиссалом учун бўлган энг катта синов — ўғиллари ҳақида кўрган тушлари

Оиласин, ўғлин кўргали,
Иккисининг ҳолин сўргали,
Фурсат бўлган маҳалда доим,
Келиб турар эди Иброҳим..
Ўғли гўдак вақтидан ўтиб,
Оқ-қоранинг фарқига етиб,
Қараб унга тўймайдиган чоғ,
Бир воқеа юз берди мундоғ:
Кўзи илиб, ушбу улуғ Зот,
Бир кун мудҳиш туш кўрди ҳайҳот!
Ўғлин ерга ётқизиб қўйиб,
Пичоқ билан турганмиш сўйиб!!
Бу не ҳолдир.. Бу не синоат?!!
Вожиб эрур қилмоқ итоат!!
Зеро Росул кўрган туш, албат,
Ваҳий эрур! Аллоҳдан фақат!!
Шунинг учун қатъият ила,
Юз ризолиқ кайфият ила,
Келиб ўғли томон Пайғамбар,
Бошин силаб етказди хабар:
Ўғлим! Бу кун бир туш кўрибман,
Унда сени сўйиб турибман!
Нима қилай, ўйлагин, болам!!
Жавобини сўйлагин, болам!!
Жавоб берди бирдан болакай,
Ҳеч қўрқмасдан, ҳеч иккиланмай:
Буйруғин тез қилинг, отажон!!
Пичоқ олиб келинг, отажон!!
Иншооллоҳ, сабр қиламан..
Ҳеч тўполон қилмай ўламан..

Сўйиш учун кетаркан олиб,
Шайтон келди рўбарў бўлиб..
Уни уриб уч бора йўлда,
Тўхтади тош кўтариб қўлда..
Сўнгра ўғлин ерга ётқизиб,
Кўзларидан ёшлар оқизиб,
Тортди пичоқ бўғзига эвоҳ!!
Бунга биров бўлсайди гувоҳ,
Манзаранинг даҳшатидан тез,
Ўздан кетиб, бўларди жонсиз!!
Пичоқ тортган маҳал самодан,
Нидо келди Арши Аълодан:
Эй Иброҳим!! Ташланг пичоқни!!
Ўғлингизга очинг қучоқни!!
Тушни жуда тасдиқ этдингиз!!
Имтиҳондан аъло ўтдингиз!!
Халил учун бу танлов эди,
Жуда очиқ бир синов эди..
Бундан эсон-омон ўтдилар,
Ўз севгисин исбот этдилар..

Каъба қурилиши

Кўп ойлару кўп йиллар ўтди,
Исмоил ҳам вояга етди..
Оталари бир кун келдилар,
Ниятларин баён қилдилар:
«Парвардигор менга бу ерда,
Байтуллоҳни қур, деб буюрди…»
Ота-ўғил икки пайғамбар,
Бор кучларин этиб сафарбар,
Байтуллоҳни қуриб битдилар,
Асносида дуо этдилар:
Ё Раб, бизга мададкор бўлгин,
Даргоҳингда мақбул деб билгин…
Ўшал кундан бошлаб одамлар,
Каъба сари ташлаб қадамлар,
Ибодатга сувдек оқдилар,
Дилни тавҳид бирла ёқдилар..
Сажда этиб ёлғиз Аллоҳга,
Юз бурдилар шонли даргоҳга,
Ўшал кундан бу улуғ даргоҳ,
Мўминларга бўлди қиблагоҳ..

Амр ибн Луҳайнинг Иброҳим алайҳиссалом дини бўлмиш Исломни бузиб, бутпарастликни тарқатиши

Юзлаб йиллар шу кўйда ўтди,
Ниҳоят, бу бахтга дарз етди..!
Хузоанинг боши от олмиш,
Амр ибн Луҳай аталмиш,
Кимса яшар эди Маккада,
Ошин ошар эди Маккада,
Ҳожиларга бериб сув, талқон,
Қозонганди ҳурмат, шараф-шон,
Шунинг учун ундан одамлар,
Ўрнак олиб, босар қадамлар…
Алқисса, Шом тарафга бир кун,
Сафар қилиб борди у малъун..
Ўшал жойда бутларни кўриб,
Ажабланиб, жуда ёқтириб,
Ҳубал номли битта бут олди,
Олиб бирга Маккага келди,
Деди: «Шомда кўрдим ажойиб,
Шундай бутга бошларин қўйиб,
Сажда қилиб ётар одамлар,
Кунлари шод ўтар одамлар,
Биз ҳам бунга сажда қилайлик,
Буни улуғ қурбат билайлик…»
Ана шундай қилиб ул малъун,
Халқни гумроҳ айлади бутун..
Йўлдан шундай озиб кетдилар,
Халил йўлин бузиб кетдилар…

Пайғамбаримиз келишларидан аввал дунёда ҳукм сурган жаҳолатлар баёни

Имом Муслим «Саҳиҳ»ларида,
Қудсий ҳадисларнинг бирида,
Расулуллоҳ хутбада туриб,
Асҳобларга маълумот бериб,
Сўзлаб Қодир Аллоҳ номидан,
Шундай ҳадис чиқди комидан:
«Инсонларнинг барчасин мутлоқ,
Тавҳид узра яратдим. Бироқ
Шайтон йўлдан урди уларни,
Динларидан бурди уларни,
Мен ҳалол деб айтган неки бор,
Бандамга манъ этди бадкирдор.
Мендек Қодир Аллоҳга минглаб,
Махлуқларим, қулларим тенглаб,
Ибодатда шерик қилмоқни,
Бу иллатни қурбат билмоқни,
Нодон инсон кўнглига солди,
Жиловларин қўлига олди..»

Йиллар ўтди, шоҳлар ўтдилар,
Пайғамбарлар келиб, кетдилар,
Чақиришиб Ёлғиз Аллоҳга,
Алданманг, деб шайтон гумроҳга..
Лекин ботил тарқаб бўлганди,
Ерда қилар ишин қилганди,
Ҳатто кейин келган Пайғамбар
Исо йўлин тониб, дарбадар,
Насоролар гумроҳ бўлдилар,
Ширкка тамом ҳамроҳ бўлдилар..
Шарқда, узоқ Эрон юртида,
Ундан нари  − Турон юртида,
Мажусийлар ҳукм тутарди,
Оловларга сажда этарди..
Арабистон юртига келсак,
Улар нелар қилганин билсак,
Киши бирдан ёқасин ушлаб,
Ҳайрат ила бармоғин тишлаб,
Деяр: Наҳот эс-ҳушли инсон,
Ақлига қулф урар беомон?!…

Пайғамбаримиз келишларидан аввал дунёда ҳукм сурган жаҳолатлар баёни

Улар турли бутлар ясашиб,
Хушбўйлатиб, ювиб, безашиб,
Уй тўрига илар эдилар,
Ҳар кун сажда қилар эдилар..
Сафарларга чиқсалар ҳар дам,
Ўзларига қилишиб ҳамдам,
«Худоларин» хуржунга солиб,
Кетардилар елкага илиб..!
Баъзи бирлар эсдан чиқариб,
Уйда қолиб кетганин кўриб,
Хурмога сут соғиб юмшатиб,
Бут шаклини ясаб, ўхшатиб,
Кейин сажда қилар эрдилар,
Сўнг очқашиб, бутни ердилар..!!
Ҳатто Каъба − муқаддас даргоҳ,
Бутларга лиқ тўлган эди, оҳ!
Ер юзини айлаб зимзиё,
Ширк ҳукмрон бўлди халқ аро..

Фақат у ёқ, бу ёқда озчил,
Ширкдан кўнгли бўлиб тунд, хижил,
Бармоқ ила санарли ёрлар,
Маскан этиб даралар, ғорлар,
Залолатдан қилишиб нафрат,
Ўзларича қилиб ибодат,
Ҳақ динидан қолмасдан асар,
Яшардилар ожиз, дарбадар…
Қўшилганда халқларга ҳар гоҳ:
«Ширк этмангиз, бўлмангиз гумроҳ»,
Дер эдилар, лекин бир оғиз,
Бу қисқа сўз эди фойдасиз..
Зеро, тоғдек уюлган ширкни,
Қўрғошиндек қуйилган ширкни,
Қўпормоқ-чун фавқулодда бир,
Керак эди зўр чора, тадбир…

Пайғамбаримиз таваллуд топишлари олдидан бўлиб ўтган фил воқеаси

Бу зулматни кўриб, Қодир Зот,
Раҳми келиб, кўрсатиб имдод,
Қутқармоқ-чун элнинг барини,
Танлиб сўнгги Пайғамбарини,
Исмоил бин Халил зотидан,
Сўнг Ҳошимнинг чин зурёдидан,
Муҳаммадни бутун оламга,
Барча жину барча одамга,
Охирзамон Расули қилди,
Эргашганнинг толеси кулди..
Келмай туриб дунёга ҳали,
Энг охирги Расул бўлгали,
Туғилажак йилида муҳим,
Бир воқеа бўлди, тингла жим…:

Кўролмасдан Каъба шонини,
Тутган ўрни, зўр маконини,
Ҳожиларнинг йўлин бурмоқ-чун,
Тарихда бир ном қолдирмоқ-чун,
Абраҳа деб аталмиш подшоҳ,
Турқи ҳабаш, бир ақли кўтоҳ,
Санъо деган жойда каттакон,
Черков қурди, бир оламжаҳон..
«Қуллайс» деган ном бериб унга,
Безак берди ҳар бир устунга…
«Ҳажга бунга келишсин», деди,
«Маккани тарк қилишсин», деди..
«Кўм-кўк ўтлоқ, сўлим жойларда,
Кўркам боғлар, оқар сойларда,
Черков қурдим… Ҳожилар ёниб,
Ҳажга келар Маккадин тониб…!»
Деган ўйда малъун Абраҳа,
Кутар эди очиб иштаҳа…
Лекин Аллоҳ назари етган,
Иброҳимнинг дуоси кетган,
Каъба халқлар қалбидан шундай
Аллақачон олган эди жой..
Бу туйғуни йўқ қилмоқ учун,
Бутун олам йиғса-да кучин,
Қилча таъсир ўтказолмасди,
Қалбларидан кетказолмасди..

Шунинг учун араблардан бир,
Чапаниси туриб, ошиб қир,
«Қайдадурсан Санъо?» деб кетди..
Охирда ул Қуллайсга етди..
Шиддат ила у ерга кириб,
Черковнинг қоқ белида туриб,
«Сенми ҳали атрофин созлаб,
Уй қурувчи Каъбага мослаб?!»
Дея ҳожат ушатиб кетди..!
Ичини хўп бўшатиб кетди..!
Табиий, бу иш бўлиб сабаб,
Абраҳани чулғади ғазаб!
Черик тортиб Байтуллоҳ томон,
Қасам ичди: «Қилурман яксон!
Ўшал Каъба деган бинони!
Бу иш-ла лол қилгум дунёни!»
Йўлда барча қабила, ёвни,
Шаҳар қишлоқ, билмам, нечовни,
Тор-мор қилиб келди Абраҳа,
Қўрқув солиб келди Абраҳа..!
Ўзи билан бирга муттасил,
Олиб юрар эди катта фил..
Бу баҳайбат филнинг келбати,
Оширарди унинг ҳайбатин..

Пайғамбаримиз таваллуд топишлари олдидан бўлиб ўтган фил воқеаси

Хуллас, келиб яқин Маккага,
Қўшинини қўйиб чеккага,
Деди: «Чорланг оқсоқолини,
Азмим айтай, сўрай ҳолини!»
Шунда бошлиқ Абдулмутталиб,
Кирди унга Маккадан келиб..
Бениҳоя хушрўйлигини,
Салобатли, серўйлигини,
Кўриб, жойдан турди ҳурмат-ла,
Тўрга қўйди жуда иззат-ла..
Сўнгра деди: «Недур тилагинг?
Бажаргаймиз, айтгин истагинг».
Жавоб қилди Абдулмутталиб:
«Сарбозларинг даламга келиб,
Икки юзта туямни олиб,
Олдларига кетдилар солиб..
Қайтиб берсанг менга етади,
Сенга бўлган арзим битади».
Таажжуб-ла қараб подишоҳ,
Деди унга: «Эй ақли кўтоҳ!
Энг муқаддас еринг саналган,
Халқинг қалбин эгаллаб олган,
Каъбангга азм қилган бўлсам-у,
Бузиш учун келган бўлсам-у,
Қай ердаги ҳайвонни сўраб,
Турибдурсан қаршимда қараб!
Кирганингда қилган ҳурматим,
Шаклинг кўриб қилган иззатим,
Тузсиз сўзинг ила йўқолди,
Ҳурмат ўрнин ирганиш олди!»
Жавоб қилиб деди: «Эй подшоҳ!
Тўғри, Каъба − муқаддас даргоҳ!
Лекин мен бир бекуч, беқувват,
Хўжайинман туяга фақат!
Каъба эса… унинг Тадбиркор,
Қўриқловчи Хўжайини бор!»

Кейин чиқиб Маккага қайтди,
Одамларга бўлганни айтди,
Сўнгра Каъба ҳалқасин ушлаб,
Дуо қилди кўзини ёшлаб:
«Эй Аллоҳим, ўз уйин барча,
Қўриқлагай қўлдан келганча,
Ўз уйингни қўриқла, ё Раб!
Бу балодан тез сақла, ё Раб!»
Сўнгра халққа деди :«Халойиқ!
Уйинг ташлаб, тезда четга чиқ!»
Ҳувиллатиб уйлар, йўлларни,
Қасд этдилар тоғу чўлларни..

Абраҳа ўз дабдабаси-ла,
Шону шавкат, асъасаси-ла,
Кириб келди Маккага кибор,
Юлиб, талаб, олиб неки бор..
Каъба томон қиларкан юриш,
Олазарак фил қилиб ташвиш,
Турган жойда мих каби қотди,
Каъба томон йўлдан бош тортди!
Сўл томонга йўллашса чопди!
Чўл томонга йўллашса чопди!
Буришганда орқага ҳеч ҳам,
Иккиланмай ташлади қадам..
Лек Каъбага ундашса, одим
Ташламасдан тураверди жим!!!

Шу соатда бу зулм қўшини,
Тепасидан бало тошини,
Ёғдиргувчи қушлар келдилар,
Бунда қилар ишин қилдилар..
Ҳар аскарга бир қуш отиб тош,
Кичик тошга қилолмай бардош,
Кўксин ўқдек тешиб ўтдилар,
Сўнгра келган томон кетдилар..
Фурсат ўтмай бир жон қолмади,
Бир жангчи ҳам омон қолмади..

Ҳақ томондан келган бу тадбир,
Сўнгги Элчи келиш учун бир
Кўрсатилган зўр чора эди,
Ҳурматига ишора эди..

Охирги Пайғамбар бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дунёга келишлари

Ҳодисадан эллик кун ўтиб,
Саодатли фурсатлар етиб,
Ўн иккинчи рабиъул аввал,
Душанба кеч, ой чиққан маҳал,
Дунёда энг покиза вужуд,
Баҳор ойи топди таваллуд..
Милодийда санасанг аниқ,
Беш юз етмиш бўлар мувофиқ..
Ҳақ таоло ҳикмати ила,
Ёзиғлиғи, қисмати ила,
Туғилмасдан олдин Пайғамбар,
Оталари қилганди сафар,
Шу сафарда ажали етди,
Ўғлин кўрмай дунёдан ўтди..
Баъзи келган ривоятларда,
Нақл этилган ҳикоятларда,
Туғилганда порлаб теварак,
Улуғликдан бергандир дарак..

Келинининг туққанин билиб,
Етиб келди Абдулмутталиб,
Хурсанд бўлиб, қувониб, суйди,
«Муҳаммад» деб исмини қўйди..
Абдуллоҳдан қолди деб ёдгор,
Кўзлар тўймай, қарашиб такрор,
Амакилар хурсанд бўлдилар,
Шодликларин изҳор қилдилар..
Абу Лаҳаб бўлганидан шод,
Ўз чўрисин айлади озод..

 

Шокирбек

Мулоҳаза билдиринг

*