Сиз пайғамбарни кўрганмисиз?

Абдул Азим Зиёуддин
6 йил аввал 5912
Китоб ҳақида | Муаллиф ҳақида

— Қўлингда нима бор?

— Хайру саховат.

— Белингда нима бор?

— Камари хизмат.

— Кўзингда нима бор?

— Нури Муҳаммад...

Халқ оғзаки ижодидан

 

Замонамизнинг яхшиларидан бири: «Агар Муҳаммад алайҳиссалом бўлмаганларида, дунёни ёритишга бу қуёшнинг нури етмасди», деган эди. Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссаломнинг нурлари зим-зимистон ичимизни ёритмаса, муз қалбларимизни эритмаса, осмондаги қуёш ҳеч нарса қилолмас эди. Шунинг учун ҳам бу Нур сари талпинишимиз чексиздир.

У зотга Аллоҳдан беадад салавот ва саломлар йўллаймиз. Дийдорларини кўришга муштоқмиз. Ҳатто муборак равзалари сари талпинамиз. Узотни бизга соғинтирган, нурлари ила қалбларимизни нурлантирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз.

Азиз ўқувчи, қўлингиздаги ушбу ажиб сарлавҳали китоб Пайғамбаримизга бўлган соғинчнинг, нурлари сари талпинишнинг бир кўринишидир. Устозлар унинг услуби, бошқа сийрат китобларидан фарқи, фойдали жиҳатлари ҳақида хўб айтибдилар. Каминангизга эса, асарнинг сарлавҳаси ҳақида озгина тушунча бериб ўтиш вазифаси топширилди.

«Сиз Пайғамбар алайҳиссаломни кўрганмисиз?»

Бир қарашда ғалати савол. Чунки сиз-у бизнинг у зотни кўрмаганимиз ойдай аниқ. Аммо бир пайтлар у зотни кўрганларга шу савол берилганда, чўк тушиб йиғлашган, сим-сим йиғлашган, Пайғамбарга бўлган соғинчларини босолмай йиғ-лашган... Уларнинг ҳолатларини ўйласам, айни савол менинг ҳам юрагимни ўртай бошлайди. Менга ҳам шу савол билан мурожаат этишларини истаб қоламан. Пайғамбар алайҳиссаломга шунчалар яқин бўлгим келади.

«Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?»

Кўрмаган бўлсам-да, кўришга бўлган иштиёқ, йўқ, дейишга қўймайди.

Бу савол мени, тўғриси, Оламлар сарварига янада яқинлаштиради. Йўқ, у «Сиз саҳобамисиз?» деганга ўхшамайди. Лекин, тушунтиролмайман, у юрагимга жуда яқин савол. Бу яқинликни, таққослаш ноўрин бўлса-да, бир ҳаётий мисол билан англатмоқчиман.

Биринчи синфда ўқир эдим. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир куни раҳматлик отамдан: «Сиз Лелинни кўрганмисиз?» деб сўраганман. Кулоғимизга қуйишаверганидан уни яхши кўриб қолган ва болалигимга бориб, тирик деб ўйлаган эканман-да...

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, унинг ўзи ҳам, иши ҳам узоқ яшамади. Бугун ҳақиқат устидаги пардалар кўтарилган, фикру қарашларимиз ҳақиқий ўрнини топгандай. Аммо бир нарсадан хижолатим бор...

Хижолатим, балки армоним шуки, болаларим ҳали мендан: «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» деб сўрагани йўқ. Шубҳасиз, бунга ўзим айбдорман.

Лекин умид узмайман. Ушбу ва шу каби китобларни ўқиган фарзандларимиз эртага: «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» дея савол бериб қолишса, ажабмас...

Шу ўринда, у зотни ҳатто туш кўрмоқ нечоғлик бахт экани ҳақида икки оғиз айтиб кетмасам, бўлмас.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Ким мени тушида кўрса, бас, ўнгида ҳам (яъни қиёмат кунида ҳам) кўради. Ва шайтон менинг қиёфамда кўрина олмайди», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Аллоҳ таоло бандаларига туш деган неъматни бермишки, киши суюклилари дийдорини кўриб, соғинчини озгина бўлса-да, тиндириб туради. Энди, соғинганингиз, тушингизда кўрганингиз Оламлар сарвари бўлса, бахт узра бахт, нур устига нур эмасми ?! Чунки ул зотни туш кўриш саодатдан аломат, шафоатдан далолат. Қиёматга қадар кўп имкониятларни қўлга киритган шайтони лаин ҳам Пайғамбаримизнинг суратларига кира олмас экан! Демак, Пайғамбаримизни туш кўрсак, ҳаққи-рост у зотни кўрган бўламиз. Аммо бир нарсага эътибор берайлик, кўрганимиз ҳақиқатда Расулуллоҳ эканларини билишимиз учун у зотни яхши таниб олишимиз керак. Шайх Муновий мазкур ҳадис шарҳида: «Расулуллоҳни саҳиҳ нақл билан собит бўлган суратда тушида кўрган одам у зотни чиндан кўрган бўлади. Агар бошқача суратда кўрса, демак, у зотни кўрмабди», деганлар. Саҳиҳ ҳадисларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг шамоиллари батафсил чизилган. Ўша хабарларда таниганимиздан бошқачароқ бир нуроний одамни кўриб, гумон билан, бу Расулуллоҳ эди, десак, хато бўлади...

Хуллас, мана, азиз ўқувчи, озгина меҳнат-машаққатларимиздан кейин Аллоҳ таоло ушбу китобни қўлингизга етказди. Ҳаммаси Узотнинг иродаси, изни, марҳамати билан бўлди. Китобда ёзилганлар туфайли ўзингизнинг, фарзанд-ларингизнинг Расулуллоҳни танишлари заррача зиёдалашса, фақат Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз. Камчиликлари бизга тан.

Сўзим сўнгида яна сарлавҳадаги саволга қайтмоқчиман: «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» Китоб нега бундай аталганини, балки яхши тушунтиролмагандирман. Унда, қисқача қилиб айтиб қўяман, бу савол «Сиз Пайғамбарни қанчалик танийсиз? У зотга қанчалар яқинсиз? У зотни қанчалик севасиз?» деган маънодадир.

Азиз биродар, сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?

Муҳаррир Узр, яна икки оғиз сўз: Ушбу мақола ёзиб бўлинган эди. Бир биродаримизга мазкур саволни бердим. Таажжубланди, ўйланиб турди, сўнг жилмайди. Табассуми юракдан келди. «Ажойиб савол», деди. Назаримда, биродарим мен юқорида Сизга ту-шунтирмоқчи бўлганимдан ҳам кўра чуқурроқ, гўзалроқ ту-шунган эди бу саволни. Шундан кейин ишондимки, Сиз ҳам уни Сизга тавсифланганидан кўра яхшироқ тушунасиз, иншааллоҳ...

Абдул Азим Зиёуддин ўғли 1974 йил Чирчиқ шаҳрида туғилган. 1991-1994 йилларда Бухородаги «Мирараб» мадрасасида таҳсил олган. Сўнгра 1997 йили Тошкент Ислом институтини тугатган. Ҳозирда шу даргоҳда «Таҳфизул Қуръон» бўлимида мударрис.

 

Батафсил

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ