Саҳобалар

Зайдул Хойр

6 йил аввал 1554 siyrat.uz

Одамлар одатда деярли ўзгаришмайди: жоҳилият давридаги яхшилари Ислом келганида ҳам яхшилардан бўлишади. Сизларга таништирмоқчи бўлганимиз саҳобий Зайдул Хойр розияллоҳу анҳу жоҳилият замонида ҳам, саодат асрида ҳам энг яхши инсонлардан эди. Бу саҳобийни жоҳилият одамлари Зайдул Хойл (Отларнинг Зайди) деб аташган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Зайдул Хойр (Яхшилик Зайди) деб ном бердилар. Зайдул Хойрнинг Исломдан олдинги яхшиликлари ҳақидаги бир воқеа тарих китобларида бор: Бани Омир қабиласи қаттиқ қурғоқчилик туфайли қийинчиликка тушиб қолган кезлар эди. Қабиладан бир киши бола-чақасига егулик қидириб, етти кун деганда туя боқиладиган бир мароҳ (қўра) олдидан чиқиб қолди. Ўртада чодир, унинг атрофида бир қанча туя ётарди. Чодирда бир   чавандоз йигит кекса отасини овқатлантириб ўтирарди. Ярим тун бўлиб, ҳамма уйқуга кетганида бояги киши пайт пойлаб, туялардан бир уюрини ҳайдаб йўлга тушди. У болалари оч қолишини ўйлаб бу оғир жиноятга қўл урган эди. Эртаси чошгоҳ маҳали чавандоз туя ўғрисига етиб олди ва туяларини қайтариб беришни сўради. Ўғри аҳволни тушунтирди. Шунда чавандоз бу туялар ўзиники бўлмай, балки синглисига тегишли эканини айтганида туя ўғриси уни таниб қолди ва: «Сен Зайдул Хойлмисан?» деб сўради. Зайд тасдиқ жавобини бергач, ночор кишининг кўнглини кўтариб: «Сен ҳозирча бизникида яшаб тур, яқинда қўлимга ўлжа тушади, шунда уни сенга бераман», деди. Уч кундан сўнг Зайдул Хойр юз чоғли туяни унга бериб, уйига эсон-омон етиб олиши учун қўриқчилар ҳам ажратди.

* * * Пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг Исломга чорлашлари хабари Зайд қулоғига чалиниши билан у сафар анжомларини тайёрлай бошлади. Қавмининг улуғларини Ясрибга бориб, Набий алайҳиссалом билан учрашиб келишга кўндирди. Той қабиласидан кўпчилик сафарга отланди. Улар орасида Зур ибн Садус, Молик ибн Жубайр, Омир ибн Жувайн ва бошқалар бор эди. Меҳмонлар Ясрибга етиб келиб, тўғри масжидга боришди. Бу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда хутба қилаётган эдилар. Қабиладошлар Расули акрам сўзларидан, мусулмонларнинг у Зотга муҳаббатидан таъсирланиб, ҳайратга тушиб ўтиришар эди. Шерикларидан баъзиларига эса бу ажойиб сўзлар ёқмаётгани ҳам сезилиб турарди.  Пайғамбар алайҳиссалом кўзлари меҳмонларга тушганида: «Мен сизларга Уззодан (бут номи) ва сизлар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган қора туянгиздан ҳамда бошқа ибодат қилаётган нарсаларингизнинг ҳаммасидан яхшироқман…» деб хитоб қилаётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбалари тугаши билан Зайд ўрнидан турди. У қоматдор, баланд бўйли, келишган киши эди, отга минса, оёқлари ерга тегай-тегай деб турарди. У қаддини ростлаб, баланд овозда: – Эй Муҳаммад, гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, сиз Унинг элчисисиз! – деди. Расули акрам: – Сен кимсан? – деб сўрадилар. – Муҳалҳил ўғли Зайдул Хойлман. – Сен Зайдул Хойл эмас, балки Зайдул Хойрдирсан. Сени саҳрою тоғлар оша бу ерга келтирган, қалбингни Исломга мойил қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. Шу воқеадан сўнг уни ҳамма Зайдул Хойр деб чақирадиган бўлди. Кейин Той қабиласидан келган меҳмонлар Умар ибн Хаттоб ва бир гуруҳ саҳобийлар ҳамроҳлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам манзилларига боришди. Пайғамбар алайҳиссалом Зайдга мулозамат қилиб, суяниш учун болиш таклиф этдилар. Аммо меҳмон Набий ҳузурида ёнбошлаб ётишни эп кўрмай болишни рад этди. Расули акрам яна таклиф қилдилар, у яна кўнмади ва бу ҳол уч бор такрорланди. Суҳбат чоғида Пайғамбар алайҳиссалом Зайдул Хойрга: – Мен илгари васфини эшитиб юрган одамларнинг ўзларини кўрганимда улар ҳақида айтилган мақтовлар ошириб юборилгани гувоҳи бўлардим. Аммо сенинг хусусингда бундай эмас. Биласанми, Зайд, сенда Аллоҳ ҳамда Унинг Расули яхши кўрадиган икки хислат бор, – дедилар. – Қандай хислатлар экан? – қизиқиб сўради Зайд. – Вазминлик ва ҳалимлик. – Аллоҳ ҳамда унинг Расули ёқтирадиган хислатларни менда бор қилган Аллоҳга мақтовларим бўлсин, – деди Зайд қувонч билан. Шундан кейин Зайд Расули акрамга бундай деди: – Эй Аллоҳнинг Расули, менга уч юз отлиқ аскар беринг, Рум шаҳарларига юриш қилиб, уларни итоатингизга келтиришга кафилман! Пайғамбар алайҳиссалом унинг ҳимматига қойил қолганларини изҳор этиб: – Сен ажойиб инсонсан, Зайд, ажойиб инсонсан! – дедилар. * * * Ўшанда Зайднинг қавмдошлари ҳам Исломга киришди. Қайтиш фурсати етиб, янги мусулмонлар юртлари Наждга жўнашар экан, Расули акрам улар билан хайрлашдилар ва яна бир бор Зайдга: – Қандоқ ажойиб одамсан-а! – деб қўйдилар. Ўша пайтда Мадинада безгак вабоси қутурган эди. Зайдул Хойр шаҳардан чиқиб улгурмасидан безгакка чалиниб қолди. Йўлда у ҳамроҳларига: – Қайс қабиласи манзилини айланиб ўтайлик, жоҳилият аҳмоқлиги сабабли улар билан кўп жанг қилганман, энди мусулмон бўлганимдан кейин то Аллоҳга йўлиққунча ноҳақ бировнинг қонини тўкмасликка аҳд этдим, – деди. * * * Зайд бошлиқ мусулмонлар Наждга қараб шитоб билан кетишарди. Унинг аҳволи эса тобора оғирлашар, безгак тинмай хуруж қилар, аммо бунга қарамай у ҳамроҳларини янада шоширар эди. Чунки у қавмига тезроқ етиб олиб, уларнинг ҳаммасини Аллоҳ динига киритиш иштиёқи билан ёнарди. Инсон ва ажал ўртасида кимўзар пойгаси тобора қизиб борарди. Аммо ажал, барибир, эпчиллик қилди, Аллоҳнинг иродаси устун келди. Зайдул Хойр розийаллоҳу анҳу диёрига етиб бормай, ярим йўлда жон таслим этди. Унинг Исломи билан ўлими орасидаги фурсат шу қадар оз эдики, ҳатто биронта гуноҳ қилишга улгурмади. Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ