Саҳобалар

Талҳа ибн Убайдуллоҳ

6 йил аввал 1727 siyrat.uz

Талҳа ибн Убайдуллоҳ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) қурайшликларнинг савдо карвони билан Шомда эди. Карвон Басрага кириб келгач, Қурайшнинг катта тижоратчилари шаҳарнинг гавжум бозорига ошиқишди ва савдони қизитиб юборишди. Талҳа ҳали ёш ва тажрибасиз бўлишига қарамай, ақллилиги ва закийлиги туфайли кўпни кўрган савдогарлар билан рақобатлаша олар, фойданинг энг каттасига эришар эди. Талҳа эртадан-кечгача вақтини турли ўлкалардан одам ёғилиб келаётган бозорда ўтказарди. Худди шу жойда рўй берган бир воқеа унинг ҳаётини тубдан ўзгартирибгина қолмай, тарихнинг кейинги эврилишларидан дарак ҳам берди. Келинг, яхшиси сўзни Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг ўзига берайлик, бу ажойиб ҳодисани ўзи гапириб берақолсин: «Бир куни Басра бозорида турганимизда насроний роҳибларидан бири атрофидагиларга: – Ҳой тожирлар, одамлардан сўраб кўринглар-чи, ораларида маккаликлар бормикин? – деб қолди. Мен унга яқин турганим учун жавобга шошдим: – Мен маккаликликлардан бириман. – Сизларнинг орангиздан Аҳмад чиқдими? – сўради у. – Аҳмад ким бўлди? – сўрадим. – Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибнинг ўғли, – жавоб берди роҳиб. – Айни шу ойда пайғамбарларнинг энг охиргиси чиқиши керак эди… У сизларнинг Макка заминингиздан чиқади, кейин қора қоялар, хурмозорлар ва суви чиқиб турган булоқлар ўлкасига кўчади. Унинг ҳузурига шошил, йигитча. Роҳибнинг сўзлари юрагимга маҳкам ўрнашди. Шу заҳоти туяларимни ўрнидан турғизиб, йўлга тайёргарлик кўра бошладим. Карвонни ҳам кутмай Маккага жўнадим. Шаҳарга яқинлашишим билан одамлардан: – Йўқлигимизда Маккада бирор нарса содир бўлдими? – деб сўрадим. – Ҳа, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ўзини Пайғамбар деб эълон қилди, Ибн Абу Куҳофа эса унга эргашди, – дейишди. Яхши хулқли ва хушмуомала Абу Бакрни яхши билардим. У софдил ва ҳалол савдогар эди, биз у билан дўст эдик, кўп вақтимизни бирга ўтказардик. Абу Бакр қурайшликлар тарихини яхши билар, уларнинг насабларини бир неча аждодларигача айтиб бера олар эди. Унинг олдига бориб: – Муҳаммад ибн Абдуллоҳга пайғамбарлик келгани ва унга эргашганинг ростми? – деб сўрадим. – Ҳа, – деди у, – худди шундай бўлди. Кейин у менга Пайғамбар ҳақларида гапириб берди ва уларга қўшилишга чақирди. Абу Бакрга басралик роҳиб ҳақида гапириб берганимда у бўлган воқеадан ҳайратга тушди ва: – Бирга Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига борайлик, бу ҳақда айтиб берасан, Аллоҳнинг динига кириш учун нима дейишларини ҳам ўзларидан эшитасан, – деб таклиф қилди. Абу Бакр билан Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига келганимизда у Зот Қуръони каримнинг бир неча оятларини ўқиб бериб, Исломга кириш таклифини қилдилар. Аллоҳ қалбимни Исломга мойил қилди ва Пайғамбарга басралик роҳиб ҳақида гапириб бердим. Айтганларим Муҳаммад алайҳиссаломда катта таассурот қолдирди, бу у Зотнинг юзларида акс этиб турарди… Кейин у кишига шаҳодат калималарини айтдим. Шу тариқа, Абу Бакр шарофатидан Исломга илк кирганларнинг тўртинчиси бўлдим».

* * * Талҳанинг Исломга кириши қариндошлари ва яқинларига яшин ургандай таъсир қилди. Айниқса, онаси Саъба бинти Хазрамия унинг мусулмон бўлганидан қаттиқ хафа эди. У тинмай ўғлини қарғар, бу йўлдан қайтариш учун қабиладошларини ишга солар эди. Қурйшликлар уни калтаклашдан, ҳақоратлашдан чарчашмасди. Бир куни «Қурайшнинг арслони» лақабини олган Навфал ибн Хувайлид уни арқон билан Абу Бакр Сиддиққа маҳкам қўшиб боғлаб, шу ҳолда маккалик безориларнинг қўлига топширди. Улар эса икковларини инсон кўрмаган қийноқларга солишди. Шу сабабга кўра Талҳа ва Абу Бакр Сиддиқ «боғланганлар» лақабини олишди. * * * Кунлар ўтиб борар, воқеалар бирин-кетин алмашар, вақт ўтгани сайин Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу) ҳам улғайиб, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари йўлидаги ишлари ҳам кенгайиб борар эди. Унинг Исломга ва барча мусулмонларга садоқати чексиз эди. Пайғамбаримиз уни «Яхшиликни аямайдиган, сахий ва олийҳиммат Талҳа» деб атардилар. Бу таърифларида эса жон бор эди. Маълумки, Талҳа жуда бадавлат ва омади чопган савдогарлардан эди. Бир куни Хазрамавтдаги тижоратидан етти юз минг дирҳам фойда кўрди. Шундан кейин у тунни қўрқув ва қаттиқ қайғуда ўтказди. Шу аҳволда олдига хотини Умму Кулсум бинти Абу Бакр кириб қолди: – Сизга нима бўлди, эй Абу Муҳаммад, бирортамиз сизни хафа қилиб қўйдикми? – Йўқ, – жавоб берди Талҳа,  – мусулмонларнинг хотинлари ичида энг яхшиси сенсан… Ўзимга ўзим: «Уйида шунча бойликка эга бўлиб хотиржам ухлаган одам Парвардигори ҳузурига борганида нима дея оларкин?» деган саволни бериб, туни билан тўлғониб чиқдим. – Бу сизни нега бунча безовта қилади, – сўради хотини, – фақир ва мискин қабиладошларингизни ўйланг-да, эрталаб пулларни уларга тақсимлаб беринг… – Аллоҳ сенга раҳм қилсин, қанчалар топқир ва мунис хотинсан, ахир Сиддиқнинг қизисан-да! – хитоб қилди эри. Талҳа эрта тонгдаёқ ҳамма пулларни ҳамёнларга солиб чиқди, кейин уларни Маккадан кўчиб келганлар ва ансорларнинг камбағалларига тарқатгани жўнади. * * * Ривоят қилишларича, бир куни Талҳанинг олдига бир одам келиб, қариндошлигини эслатди ва ундан моддий ёрдам сўради. Шунда Талҳа: – Ҳозиргача ҳеч ким қариндошлигимизни менга айтмаганди. Каттагина ерим бор, Усмон ибн Аффон уни уч юз мингга оламан, деган эди… Агар хоҳласанг, ерни ол ёки уни уч юз мингга сотай-да, пулини сенга берай… Бояги одам хурсанд бўлиб кетди ва: – Яхшиси пулни олақолай, – деди. Талҳа ерни сотиб, пулини унга келтириб берди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз таъриф берганларидай «сахий ва олийҳиммат» Талҳадан рози бўлсин ва қабрини нурга тўлдирсин!

«Пайғамбар саҳобийлари тарихи» китоби асосида Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ