Саҳобалар

Ҳавла бинти Саълаба

3 йил аввал 4259 siyrat.uz

Улуғ саҳобия Ҳавла бинти Саълаба ибн Асром ибн Фахр ибн Саълаба ибн Ғанам ибн Авф розияллоҳу анҳо Ислом тарихида ном қолдирган машҳур аёллардан. Бу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчилардан бўлиб иймон келтирган, Бадр, Уҳуд, Ҳандақ жангларида иштирок этган. У таниқли саҳобий Авс ибн Сомитга турмушга чиққан эди. Ҳавла ниҳоятда солиҳа бўлган. Эрига вафодорлиги, бола тарбиясидаги тенгсиз матонати билан шуҳрат қозонган эди. Бу зукко ва доно аёл оиласи ва фарзандлари учун жонини фидо қилишга ҳам тайёр эди. У фарзандларига чавандозликни, камондан ўқ отишни ўргатар, кейин оналик меҳри жўш уриб, болаларининг кийимларидаги чангини қоқар, уларни эркалаб, елкаларини силар эди. Тарихчилар Ҳавла билан боғлиқ машҳур воқеани ҳикоя қилишади: «Жоҳилият даври одатларига кўра, эр аёлига «сен менга онам кабисан» дейиши билан зиҳор бўлиб, хотинини талоқ қилар эди. Исломнинг илк кунларидан бирида Авс ибн Сомит розияллоҳу анҳу хотини билан бўлишни истаб қолди. Ҳавла эса бунга розилик кўрсатмай, бош тортди. Авснинг жаҳли чиқиб, «сен менга онам кабисан», дея зиҳор қилди. Сўнгра ғазабидан тушган Авс айтган гапидан пушаймон бўлди: «Сени талоқ қилишни истамаган эдим, бироқ энди менга ҳаром бўлиб қолдинг», деб кўп надоматлар чекди. Ҳавла эрига: «Мени талоқ қилганинг йўқ-ку», деб эътироз билдирди. Авс бунга жавобан: «Сени зиҳор қилиб қўйдим, менинг ёшим катта, болаларимиз кўп, сен фаҳму фаросатли аёлсан, менга ва аҳли байтимга садоқатлисан, аммо буларга қарамай, шундай оиламиз энди бузилиб кетади, менинг кексалик туфайли адашганим бунга сабаб бўлди», деб афсус чекди. Ҳавла бинти Саълаба дарҳол Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига чопдилар. У Зот Оиша онамизнинг ҳужраи саодатларида эдилар. Ҳавла ҳужрага киргач, Пайғамбар алайҳиссаломга бундай дедилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, амакимнинг ўғли, болаларимнинг отаси, одамлар ичида менга энг суюкли киши бўлган зотдан бир кичик гуноҳ содир бўлди. Сизга туширилган ҳақ Китобда талоқ зикр қилинмаган. Авс ибн Сомит: «Сен менга онам кабисан», деди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Эй Ҳавла, сен энди унга ҳаром бўлдинг», дедилар. Ҳавла эрини оқлаб: «Эй Аллоҳнинг Расули, эрим кексайиб ақли заифлашиб қолган, болаларим эса ёш, энди мен нима қиламан», деб эридан айрилгиси келмаётганини яна қайтарди. Пайғамбаримиз яна аввалги жавобларини айтдилар. Шунда Ҳавла бинти Саълаба Аллоҳ таолога йиғлаб, шундай дуо қилди: «Эй Аллоҳим, Сенга арз қиламан, мени бу мушкулотдан Ўзинг қутқар, Эй Роббим, ишимиз ечимини Набийинг тилига Ўзинг тушир». Оиша онамиз ривоят қиладилар: «Мен ҳам, ҳужрада бўлган бошқалар ҳам Ҳавланинг ҳолига ачиниб йиғладик. Шу пайт унинг илтижолари, оҳу фарёди Аллоҳ таолога етиб боргани маълум бўлди. Аллоҳ таоло Ўз Ҳабибига еттинчи қат осмондан ваҳий нозил қилиб, аёлни севинтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб, нозил бўлган қуйидаги оятни тиловат қилдилар: «Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Аллоҳ ўз жуфти ҳақида сиз билан баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Аллоҳ икковингизнинг сўзлашувингизни эшитур. Албатта, Аллоҳ Эшитувчи ва Кўрувчидир. Ораларингиздаги ўз хотинларини «зиҳор» қиладиган кимсаларга улар (хотинлари асло) оналари эмасдирлар. Уларнинг (чин) оналари туққан (аёл)лардир. Улар, ҳақиқатан, номақбул ва ёлғон сўз айтурлар. (Лекин) Аллоҳ Афв этувчи ва Кечиргувчидир» (Мужодала, 1-2). Ҳавла бинти Саълаба айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эрингга айт, бир қул озод қилсин», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг қули йўқ», дедим. Расули акрам: «Икки ой пайдар-пай рўза тутсин», дедилар. Мен: «Аллоҳга қасамки, Авс кексайиб қолган, икки ой узлуксиз рўза тутишга қодир эмас», дедим. Шунда у Зот бундай дедилар: «Олтмиш мискинни едириб-ичирсин». Мен Пайғамбар алайҳиссаломга айтдим: «Аллоҳга қасамки, унинг ҳеч нарсаси йўқ». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга бир замбил хурмо бераман», дедилар. «Мен унга бир замбил хурмода ёрдам бераман», дедим. Набий алайҳиссалом: «Энди бориб, амакингнинг ўғлига бу хушхабарни етказ», дедилар». Ҳавла бинти Саълаба эрига ҳалол бўлди. Бу хушхабар Авсга етиб борганида у ниҳоятда севиниб кетди. Бироқ бу воқеадан кўп ўтмай у бандаликни бажо келтирди. Аёл эри вафотидан кейин бошқа турмуш қурмади. У эрига кўп ачинар, унинг ҳаққига дуолар қилар эди. Садоқатли аёл умри охиригача эрига Аллоҳдан мағфират тилаб яшади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Ҳавлани кўрсалар: «Ассалому алайка, эй дуосини Аллоҳ ижобат этган аёл, эй сўзини Аллоҳ тинглаган аёл» деб саломлашар эдилар. Ўз халифаликлари даврида бир куни Умар ибн Хаттоб асҳоблар билан масжиддан қайтаётганларида бир аёл йўлларини тўсиб чиқиб, таъна қила бошлади: «Эй Умар, сени бир вақтлар Умарча дейишарди, кейин Умар деб аталадиган бўлдинг. Бугун эса сени «мўминлар амири» дейишмоқда. Эй Умар, масъулият бобида Аллоҳдан қўрқ, ким қиёмат кунидан қўрқса, ўша олис кун унга яқинлашиб қолади, ким ўлимдан қўрқса, ўткинчи нарсалар уни қўрқувга соладиган бўлади». Ҳамроҳлари Ҳазрати Умарга: «Шу кампирнинг гапига қулоқ солиб ўтирибсизми?» дейишди. Шунда Ҳазрати Умар: «Бу аёлнинг кимлигини билмайсизларми? У Авс ибн Сомитнинг хотини Ҳавла бинти Саълаба бўлади. У шундай аёлки, унинг сўзини Аллоҳ таоло эшитган-у, Умар эшитмасинми?» дедилар. Шариатда зиҳор муаммосининг ҳал этилишида сабабчи бўлган тақводор мўмина, эрга вафодорликнинг ибратли тимсоли бу аёл саҳобиялар ичида кўркам ва ифорли гул мисоли яшаб ўтдилар. Умар ибн Хаттоб раҳбар бўлган йилларда боқий дунёга сафар қилдилар. Аллоҳ таоло бу саҳобиядан Ўзи рози бўлсин!

«Нисоус-солиҳот» китобидан Муҳаррам ҚУТБИДДИНОВА таржимаси




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ