Саҳобалар

Муоз ибн Жабал

3 йил аввал 7127 siyrat.uz

Ҳазраж қабиласига мансуб Муоз ибн Жабал Исломни биринчи бўлиб қабул қилган мадиналиклардан эди.

Бу саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаёт синовларидан ўтди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доим бирга бўлганлари боис у Зотдан кўп нарсаларни ўрганди. Ҳатто Расулуллоҳ алайҳиссалом : «Умматимнинг ичида ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчиси Муоз ибн Жабалдир», дердилар. Ямандан бир гуруҳ элчилар келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан  ўзларига ҳақ йўлини кўрсатувчи устоз юборишни илтимос қилишди. Барча саҳобийлар бундай олий шарафга сазовор бўлишни истаб У Зотдан ишора кутишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга Муоз ибн Жабални розияллоҳу анҳуни жўнатдилар. Сафар олдидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига саволлар билан мурожаат қилдилар: – Эй Муоз! Ҳукм чиқаришда нимадан фойдаланасан? – Аллоҳнинг Китобидан. – Агар Аллоҳнинг Китобидан топа олмасанг-чи? – Расулининг суннатидан қидираман. – Расулининг суннатидан ҳам топа олмасанг-чи? – Ақлимни ишлатиб масалани ечаман. Эринмайман. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида хурсандчилик аломатлари кўринди. Қувонганларидан:«Расулуллоҳнинг элчисини Аллоҳ ва Расули рози бўладиган ишларга муваффақ қилиб қўйган Раббимизга ҳамд бўлсин», дедилар. *   *   * Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида илми ва фаросати билан ҳам ажралиб турарди. Ушбу воқеани Оизуллоҳ ибн Абдуллоҳ зикр қилади: – Умар ибн Хаттобнинг розияллоҳу анҳу даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига бир қанча саҳобалар билан кирдик. Ўттиз нафардан ортиқ  одам суҳбатлашиб ўтирган мажлисга қўшилдим. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларини эслашарди. Ораларида қорачадан келган, ширинсухан истарали йигит ўтирарди. Менимча, у қавмнинг орасидаги энг ёши эди. Саҳобалар ҳадис айтишса, ўша йигит шарҳлаб, фатво берар эди. Сўрамасалар, жавоб бермасди, яъни ортиқча гапирмас эди. Мажлис тугаганидан кейин унга яқин бордим ва сўрадим: – Эй Аллоҳнинг бандаси! Сиз кимсиз? – Мен Муоз ибн Жабалман, – деб жавоб берди саҳобий. *   *   * Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу барча соҳада Муоз ибн Жабалнинг розияллоҳу анҳунинг маслаҳати билан иш кўрар, унинг фатвосига таянар эди. Саҳобийга ҳурмати сабабли «Агар Муоз ибн Жабал бўлмаганида, Умар шак-шубҳасиз ҳалок бўларди», дерди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Муоз розияллоҳу анҳу Яманда ул Зот буюрган ишларни бажараётган эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу вақтида Мадинага қайтиб келди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу бой эди. Келганидан сўнг Умар ибн Хаттоб Абу Бакр розияллоҳу анҳум билан кенгашиб, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга молидан камбағалларга эҳсон қилишни маслаҳат берди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу эса ҳеч нима демади. Эртаси куни тонгда Умар ибн Хаттоб Муоз розияллоҳу анҳуни  ўз уйи олдида ҳаяжонланган, йиғлаб турган ҳолда кўрди. У киши йиғидан зўрға тийилиб, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мурожаат қилди: «Эй Умар, кеча кечаси туш кўрдим. Уммон гирдоби мени ўзига тортиб, ғарқ қилмоқчи бўлаётган эмиш. Шунда сиз келиб мени қутқариб қолдингиз...». Икковлари шу заҳоти Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига боришди. Муоз ибн Жабал Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўз молининг ярмини олишини ва муҳтожларга истаганича эҳсон қилишини айтди... *   *   * Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни тонгда учратиб қолдилар ва саволга тутдилар: – Эй Муоз, уйқудан қай ҳолатда уйғондинг? – Ҳақиқий мўмин бўлиб уйғондим, ё Расулуллоҳ, – деди Муоз. – Ҳар нарсанинг ҳақиқати бўлади, иймонингнинг ҳақиқати нима? – Уйғонганимда келаётган тунни кўра оламанми-йўқми – билмайман. Уйқуга кетишимдан олдин тонгни кўра оламанми-йўқми – билмайман. Яна қадам босиб юраётганимда кейинги қадамимни боса оламанми-йўқми – билмайман. Хаёлимда, ўтиб кетган қавмларга қиёматда китоблари берилаётганини, жаннат аҳли роҳатланаётганини, гуноҳкорлар эса қийналаётганини кўргандай бўлавераман. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом : – Ҳақиқатни билибсан, унда бардавом бўлгин, эй Муоз, дедилар. *   *   * Муоз ибн Жабал умрини инсонларни тўғри йўлга бошлашга, фойдали илм қолдиришга бағишлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу у киши ҳақида: «Муоз Аллоҳга бўйсунувчи, ҳақиқий мусулмон эди. Биз уни Иброҳим алайҳиссаломга ўхшатар эдик», дер эди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу қариндош-уруғлари билан Шомга кўчиб ўтади ва у ерда илм билан шуғулланади. Бир қанча муддат ўтганидан сўнг Шомнинг амири Абу Убайда ибн Жарроҳ вафот этади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Муоз ибн Жабални Шомга бошлиқ этиб тайинлайди. Ўлим тўшагида ётган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан кимни ноиб қилиб кетишини сўраганларида, Умар шундай дейди: – Агар Муоз ҳаёт бўлганида уни, албатта, ўзимдан кейинги халифа қилиб қолдирардим. Раббимнинг олдига борганимда у мендан: «Муҳаммаднинг умматига кимни бош қилиб қолдирдинг?» деса, Раббимга: «Уларга Расулуллоҳнинг: «Қиёматда олимларнинг бошлиғи Муоз ибн Жабал бўлади», деганларини эшитганим учун Муоз ибн Жабални қолдирдим», дер эдим. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Шомга бошлиқ этиб тайинланганидан сўнг бир неча ой умр кўрди ва 33 ёшида оламдан ўтди. Абу АЙЮБ тайёрлади




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ