Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суҳбатдошлар даврасида

1 йил аввал 1204 Абдулазиз Мўмин

Жамоат ва йиғинлар шахслар ҳақида тегишли хулоса чиқаришда ва инсон қадрини аниқлашда ўзига хос ўлчов ёки мезон ҳисобланади. Ҳар бир киши ҳақида кўпроқ энг яқинларидан бошқалар тўғри баҳо бера олмайди. Шу ўринда инсонлар юксак набавий одобни ўрганиб, амал қилишлари учун Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб нақл қилган ривоятни келтирмоқчимиз: «Ҳасан ибн Али айтади: «Отамдан Расулуллоҳнинг уйларидаги ҳолатлари ҳақида сўрадим. У киши: «У зотга Робби томонидан уйларида бўлиш учун изн берилган эди. Қачон уйларига келсалар, вақтларини уч қисмга, яъни бир қисмини Аллоҳ учун, бир қисмини аҳллари учун ва яна бир қисмини ўзлари учун ажратган эдилар. Сўнгра ўзлари учун бўлган қисмни ўзлари билан одамларга ажратар эдилар. Оммага хослар воситасида манфаат етказар, улардан бирон нарсани яширмас эдилар[1].

Аҳли фазлларга кўпроқ эътибор қаратиб, диндаги фазилатларига қараб қисм ажратишни гўзал одат қилиб олганлар. Чунки улар орасида битта ҳожати бор, иккита ҳожати бор ва бир қанча ҳожати борлари бўлар эди. Олдинига ана ўша фазилат эгалари билан машғул бўлар, ҳол-аҳволини сўраб-суриштирар, ўзлари ва бутун умматга манфаати тегадиган вазифалар билан уларни банд қилар эдилар ва: «Сизлардан ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсин. Арз-шикоятини менга етказа олмайдиганларнинг арз-шикоятини менга етказинглар. Ким арз-шикоятини етказишга қодир бўлмаганларнинг арз-шикоятини султонга етказса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг қадамини собит қилади», дер эдилар. У зотнинг ҳузурларида фақат шу[2] гапирилар, ҳеч кимдан бундан бошқаси қабул қилинмас эди[3]».

Суфён ибн Вакиъ келтирган ривоятда Али розияллоҳу анҳу айтади: «У зотнинг ҳузурларига фазилат эгалари кўпроқ илм истаб келишар ва илму ҳикматни татиб[4] тарқалар эдилар». Яъни Қуръон ва суннатга тегишли илмларни ўзлаштириб, йўлбошчи олимларга айланар эдилар.

Мен отамдан у зотнинг уйдан ташқарига чиққанларида нима ишлар билан банд бўлишлари ҳақида сўрадим. У киши: «Расулуллоҳ бефойда нарсалардан тилларини сақлар, одамларни улфат қилар, фирқаларга бўлмас, ҳар бир қавмнинг улуғига ҳурмат-эҳтиром кўрсатар ва уни ўз қавмига бошлиқ қилиб тайинлар эдилар. Одамлардан эҳтиёт бўлиб, ҳушёр турсалар ҳам, бироқ ҳеч кимдан очиқ чеҳралари ва гўзал хулқларини аямасдилар. Асҳобларини йўқлаб турар, одамлардан улар ичидаги ҳолатлар ҳақида сўрар эдилар. Яхшини яхши деб ҳукм қилар, ёмонни ёмон деб қабиҳликни фош этар эдилар[5]. Барча ишларда мўътадилликка риоя этар эдилар. Саҳобаларининг ғафлатга тушиб, зерикиб қолмаслиги учун ўзлари ҳамиша огоҳ ва сергак ҳолатда турар эдилар. Ҳар бир ҳолатлари ҳозирлик эди[6]. Ҳаққа нисбатан мутлақо бепарво бўлмас, уни ўз мақомидан ошириб ҳам юбормасдилар. У зотнинг атрофларида яхши одамлар йиғилган, уларнинг энг афзали холислиги кўп бўлганлари, даражаси энг юқорилари эса ҳамдардлиги ва кўмаги чиройли бўлганлари эди», деди.

 

Ўтирган вақтларида нима билан машғул бўлишлари ҳақида сўрадим. «Расулуллоҳ ўтирсалар ҳам, турсалар ҳам зикр қилар[7], ўзларига алоҳида жой белгилаб олмас ва бундай қилишдан қайтарар эдилар[8]. Қачон қавм йиғинига келиб қўшилсалар, мажлис тугаган жойда ўтирар ва шунга буюрар эдилар. Ҳар бир ҳамсуҳбатларига илтифот кўрсатиб, уни рози қилар, ҳатто у зотга мендан кўра ҳурматлироқ одам бўлмаса керак, деган хаёлга борарди. Ким бирор юмуши учун у зот билан бирга ўтирса ёки ҳамроҳ бўлиб юрса, то унинг ўзи кетмагунча бирга юрганини малол олмас эдилар. Ким бирор ҳожатини сўраса, ўша ҳожатини раво қилмасдан ёки яхши сўз айтмасдан[9] қайтармас эдилар. У зотнинг саховатлари ва хулқлари ҳаммани қамраб олар, уларга бамисоли ота каби[10] жонсарак ва ғамхўр эдилар.

У зот учун ҳақда ҳамма баробар, тақвода эса бир-биридан фарқли эди. Мажлислари илм, ҳалимлик, ҳаё, сабр ва омонат мажлиси эди. Ҳузурларида овозлар баланд кўтарилмас, обрўлар тўкилмас, хато-камчиликлар ошкор этилмас эди. Яхшилик ва тақво йўлида бир-бирларини яхши кўришар, тавозе кўрсатишар, каттани эъзозлашар, кичикка раҳм қилишар, муҳтожга ёрдам бериб, ғарибга меҳр изҳор этишар эди», деб жавоб берди.

У зотнинг ҳамсуҳбатлари орасидаги сийратлари ҳақида сўрадим. У киши: «Расулуллоҳ ҳар доим очиқ юзли, юмшоқ табиатли ва мулойим эдилар. У зот аччиқ тилли, дағал, бадхулқ, қўпол сўзловчи, айбловчи ва маддоҳликдан йироқ эдилар. Бирон нарса ёқмаса, унга эътибор бермас, бошқаларни ундан ноумид қилмасдилар. Уч нарсадан – риё, кўпайтириш[11] ва бефойда ишлардан тийилган эдилар. Одамларни уч нарсада ўз ҳолларига қўйган эдилар: ҳеч кимни айбламас, таъна қилмас, ёмон гумонга бориб, айбини қидирмас эдилар. Фақатгина савобга сабаб бўлувчи сўзларни айтар эдилар. Агар сўзламоқчи бўлсалар, суҳбатидагилар худди бошларига қуш қўнгандек бошларини қуйи солиб ўтиришар, агар тўхтаб қолсалар, кейин гапиришар ва у зотнинг ҳузурларида талашиб-тортишмас эдилар.

Қачонки бирлари гапирса, то сўзини тугатмагунча ҳамма унинг сўзига қулоқ тутар эди. У зот асҳоблари кулган нарсага кулар, улар таажжубланган нарсадан таажжубланар, бегона кишининг қўпол муомаласига сабр қилар эдилар. «Ҳожатманд одамни кўрсангиз, унга ёрдам беринглар», дер эдилар. Мақтовнинг чин дилдан айтилган ва ошириб юборилмаганини қабул қилар, бошқасини қабул қилмасдилар. Ҳеч кимнинг сўзини бўлмас, ҳаддан ошсагина қайтариқ ёки туриб кетиш билан тўхтатар эдилар.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Одамлардан на илм ва на мол-мулкдан бирор нарсани беркитмас эдилар.

[2] Инсонларга манфаатли ишлар.

 [3] Пайғамбар алайҳиссалом ҳеч кимдан дунё ва охират учун фойдаси йўқ нарсани қабул қилмас эдилар.

 [4] Эгаллаб, баҳраманд бўлиб чиқар эдилар.

 [5] Яхшиликни тарғиб қилиш учун маъқуллар, ёмонликдан сақланиш учун уни қоралар эдилар.

 [6] Дунё ва охират ҳолатларидан ҳар бири абадий ҳаёт учун тайёргарлик эди.

 [7] Ҳамд ва шукр айтар, илмни етказиб, тушунтирар эдилар.

 [8] Имом Ҳоким ва бошқалар келтирган ривоятда: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам киши намоз ўқиши учун муайян жойни тайин қилишдан қайтардилар», дейилган. Бошқа ривоятда «масжиддаги жойни» дейилган. Чунки бунда ибодатга риё кириши, киши ўзини бошқалардан устун ҳис қилиши каби зарарлар бор. Мазкур қайтариқ уйнинг бир томонини доимий намозгоҳ қилиб олишни ўз ичига олмайди.

 [9] Дуо қилар ёки имкон бўлганда беришни ваъда қилар эдилар.

 [10] Меҳрибонлик, раҳм-шафқат, ғамхўрлик ва тарбия қилишда.

 [11] Малол келтирадиган гап-сўзларни ва дунё матосини кўпайтиришдан сақланар эдилар.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ