ҚУБОГА

6 йил аввал 1811 Абдулазиз Усмон

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар шанба куни Қубо масжидига боришга одатланган эдилар. Масжидга бориб, Бани Авф ибн Ҳорисликларга намоз ўқиб берардилар. Қубога борганда Умму Сулаймнинг синглиси Умму Ҳарам бинти Милҳоннинг уйида қайлула қилардилар. Бинти Милҳон буюк саҳоба Убода ибн Сомитнинг аёли эди. Бу аёл ҳам Умму Сулаймдек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳрам ҳисобланарди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузурига кирган эдилар. У таом тортди ва у зотнинг бошларига қарай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб қолдилар. Кейин кулиб уйғондилар. У: «Нега куляпсиз, эй Аллоҳнинг Расули?» – деди. У зот: «Менга умматимдан Аллоҳ йўлида ғазотга чиққан одамлар намоён қилинди. Улар тахтдаги подшоҳлардек мана бу денгиз ўртасида кетаётирлар» – дедилар. Бинти Милҳон: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан айласин», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақига дуо қилдилар. Кейин яна бошларини қўйдилар. Кейин кулиб уйғондилар. У: «Нега куляпсиз, эй Аллоҳнинг Расули?» – деди. У зот олдинги сафар айтганларидек: «Менга умматимдан Аллоҳ йўлида ғазотга чиққан одамлар намоён қилинди...» – дедилар. Бинти Милҳон яна: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин», – деди. У зот: «Сен биринчилардансан», – дедилар.

Кейинчалик Бинти Милҳон розияллоҳу анҳо Муовия ибн Абу Суфён даврида денгиз сафарига чиқди. Кемага чиқаётган пайт уловидан йиқилиб, ҳалок бўлди»[1].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубога келишни яхши кўрардилар. Аллоҳ таоло Қубо аҳлининг шаънига оят нозил қилиб, уларни мақтаган:

فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَنْ يَتَطَهَّرُوا وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

«Унда (Қубода) покланишни яхши кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўрур!»[2].


[1] Имом Бухорий ривояти

[2] Тавба сураси, 108-оят.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ