Пешин намози

3 йил аввал 9438 Абдулазиз Усмон

Қуёш заволга кета бошлагач, Билол розияллоҳу анҳу пешин намозига азон айтарди. Пайғамбаримиз ҳали уйқудан уйғонмаган бўлсалар азонни эшитиб турар ва гоҳида таҳорат олар гоҳида эса таҳорат олмасдан тўрт ракъат суннатни[1] ўқиб олардилар. Таҳорат қилмасдан намоз ўқишларининг сабабини: «Менинг икки кўзим ухласада, қалбим ухламайди», – деб баён қилардилар.

Намоздан кейин:

« إِنَّهَا سَاعَةٌ تُفْتَحُ فِيهَا أَبْوَابُ السَّمَاءِ وَأُحِبُّ أَنْ يَصْعَدَ لِى فِيهَا عَمَلٌ صَالِحٌ ».

«Бу шундай соатки, бу соатда осмон эшиклари очилади. Бу пайтда мен учун солиҳ амал осмонга кўтарилишини яхши кўраман», – дер эдилар[2].

Сўнг фарз намозига саҳобалар йиғилишини кутиб ҳужраларида ўтирардилар. Гоҳида фарз намозига иқомат айтилгунга қадар ҳужраларида неваралари Ҳасан, Ҳусайн ёки Умома билан ўйнаб ўтирардилар.

Билол розияллоҳу анҳу қомат айтаётганда, оналаримизни эркалаб масжидга чиқардилар.

Гоҳида ўзлари билан Ҳасан ёки Ҳусайн ёки қизлари Зайнабнинг қизчаси Умомани кўтариб олиб чиқар ва невараларини ёнларига қўйиб, Пешинни ўқиб берардилар.

Бир куни Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтариб намозга чиқдилар. Невараларини қўйиб намозни бошладилар. Узоқ сажда қилдилар. Орқадаги сафдан Шаддод ибн Ҳод розияллоҳу анҳу бошларини саждадан кўтариб қарасалар, сажда ҳолларида у зотнинг орқаларига неваралари миниб олган экан. Намоз ўқиб бўлингач, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг расули, саждада узоқ қолиб кетганингиздан ё ваҳий нозил бўлаяпти ёки бирор нарса бўлдимикин деб хавотирга тушдик», – дейишди. У зот: «Сиз айтган нарсаларнинг бирортаси содир бўлмади. Ўғлим устимга чиқиб олган экан. Уни шошилтириб қўйишни истамадим. Шунинг учун унинг ўзи тушмагунча саждада туравердим», – дедилар[3].

Пешинни аввалги вақтида ўқиб олардилар. Биринчи ва иккинчи ракъатларида қироат қиладиган оятлари ўттиз оят ва гоҳида ундан ҳам кўпроқ бўларди[4]. Гоҳида намозда қироатни узоқ қилардилар. Шу даражада бўлардики, намоз бошлангач, бир киши Бақиъга бориб ҳожатини чиқариб, таҳорат олиб, қайтиб келса ҳали ҳам биринчи ракъатни ўқиётган бўлардилар[5].

Пешин намозида қироатни ичларида қилар, саҳобалар буни соқолларининг қимирлашидан билиб олишарди.

Намоздан фориғ бўлгач, саҳобаларига юзланардилар. Агар бирор иш содир бўлса, ўша ҳақида маъруза қилиб берардилар. Бундан ташқари, саҳобалар пешиндан олдин қайлула қилиб дам олганини инобатга олиб, уларга гоҳида пешиндан кейин маъруза қилишга одатланган эдилар.

Мунзир ибн Жарир отасидан ривоят қилади:

«Куннинг ўртасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Яланғоч, жундан тўқилган кийим ёки чопонларини тешиб, бошларидан ўтказиб олган бир қавм келди. Уларнинг аксарлари, балки барчалари Музар қабиласидан эди. Улардаги муҳтожликни кўриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чеҳралари ўзгариб кетди. Уйларига кириб кетдилар. Сўнг чиқиб, Билол розияллоҳу анҳуга азон ва иқомат айтишни буюрдилар. Пешин намозини ўқиб, қуйидагича хутба қилдилар: «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни тарқатган Раббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб, бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқинг. Албатта Аллоҳ устингиздан кузатувчи зотдир. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эртанги кун (қиёмат) учун нима тайёрлаб қўйганига қарасин»[6]. Бу гапларидан сўнг, одамлар диноридан, дирҳамидан, кийимидан, бир соъ буғдойидан, бир соъ хурмосидан садақа қилди. У зот: «Ҳаттоки агар хурмонинг ярмини бериб бўлса ҳам, садақа қилсин», дедилар. Ансорийлардан бўлган киши халтада бир тўп нарса олиб келди. Қўли уни кўтаришга ожизлик қилай, дерди. Кўтаролмай қолди ҳам. Кейин одамлар бирин-кетин нарса олиб келишни бошлашди, ҳаттоки овқат ва кийимлардан икки уюм бўлганини кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (хурсанд бўлганларидан) юзлари олтин каби ярақларди. У зот: «Кимки Исломда бир яхши одатни йўлга қўйса, савоби унга бўлур ва яна ундан кейин бу одатга амал қилганларнинг савоби мислича ажр берилади. Амал қилувчиларнинг савобларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда. Кимки Исломда ёмон одатни жорий қилса, гуноҳи унга бўлур ва яна ўша ёмон одатга амал қилувчиларнинг гуноҳи ҳам унга бўлур. Уларнинг гуноҳларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда», дедилар»[7].

Яна бир куни Бану Сулайм қабиласидан закотларни йиғиш учун кетган Ибн Лутабийя розияллоҳу анҳу келиб: «Бу сизларнинг молингиз, бу эса менга ҳадя», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўй бўлсанг, ҳадянг олдингга келгунча ота‑онангнинг уйида ўтиравермабсан‑да», дедилар. Кейин бизга хутба қилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. «Аммо баъд. Мен сизлардан бир кишини Аллоҳ менга топширган амаллардан бирига омил қилиб тайинлайман. У бўлса келиб: «Бу сизларнинг молингиз, бу эса менга қилинган ҳадя», дейди. Ундай бўлса, ҳадяси олдига келгунча ота‑онасининг уйида ўтиравермабди‑да! Аллоҳга қасамки, бирортангиз бирор нарсани ноҳақ олар экан, қиёмат куни ўшани кўтарган ҳолда Аллоҳга рўбарў бўлади. Бирортангизнинг ўкириб турган туя, бўкириб турган мол ёки маъраб турган қўйни кўтарган ҳолида Аллоҳга рўбарў бўлганини кўрмайин!» дедилар. Сўнгра: «Аллоҳим, етказдимми?» деб, қўлларини кўтардилар, ҳатто қўлтиқларининг оқи кўринди[8].

Яна бир марта пешин намозини ўқиб бўлгач, минбарга чиқдилар ва қиёмат ҳақида гапириб қиёмат қоим бўлишидан олдин содир бўладиган аломатларни айтиб бердилар.

Кўринишидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан қилинадиган пешиндан кейинги маъруза Жума кунига кечиктириб бўлмайдиган даражадаги муҳим мавзулар ёки тўсатдан пайдо бўлган ҳолатлар ва содир бўлган ишлардан келиб чиқиб қилинарди.

Гоҳида эса пешин намозини ўқиб бўлгач, маъруза қилмасдан ҳужрайи саодатларига кириб кетардилар. Уйга киргач, фарздан кейин ўқиладиган икки ракъат суннат намозини[9] адо қилардилар.

Икки ракъат суннатни ўқиб бўлгач, саҳобаларининг олдига чиқардилар. Исломни ўрганиш учун Абдулқайс қабиласидан келган кишилар билан ўтирганларидек гоҳида саҳобалар билан асргача ўтирардилар.

Гоҳида эса мусулмонларнинг ҳожатини чиқариш учун саҳобалар билан бирга Мадина атрофи ёки Мадинадан ташқарига чиқардилар.

Бу ҳақда ҳадисларда шундай дейилган:

«Қубо аҳли уришиб кетиб, бир‑бирларига тош отишгача боришди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келгач, пешин намозини ўқиб бўлгач саҳобаларга: «Биз билан юринглар, уларнинг орасини ислоҳ қиламиз», – дедилар. Билол розияллоҳу анҳуга: «Аср намози киргач Абу Бакрга буюр одамларга Асрни ўқиб берсин», – деб, Қубога кетдилар. Аср вақти киргач, Билол розияллоҳу анҳу азон айтиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига келди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушланиб қолдилар, намоз вақти бўлди. Одамларга имом бўлиб берасизми?» – деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Шуни хоҳсаласанг, майли», – дедилар. Билол розияллоҳу анҳу қоматни айтгач, Абу Бакр такбир айтиб намозга киришдилар. Шу пайт Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб сафга қўшилдилар. Саҳобалар қарсак чала бошлашди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг одати намозга киргач, ҳеч нарсга эътибор бермас эди. Чапак чалиш кўпайгач, ўгирилиб қаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргач орқага чекина бошлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса жойида қолишга ишора қилдилар. Лекин Абу Бакр орқага тисарилиб, орқа қаторга ўтиб олди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтиб асрни ўқиб бердилар. Намоз тугагач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни намоз ичида қарсак чалишдан қайтардилар ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Нега ишора қилганимда жойингда қолиб намозни давом эттирмадинг», – дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Аллоҳнинг расули олдида имом бўлиш Ибн Қуҳофага мумкин эмас», – деб жавоб берди»[10].

Мусулмонларнинг ҳожатини раво қилиш учун саъй-ҳаракатларига яна бир мисол бу Мадинанинг Асвоф[11] деган жойида яшовчи Саъд ибн Робиънинг қизларининг олдига боришларидир. Саъд вафот этиб, отадан қолган меросни тақсимлаш керак эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо вақтида уларникига бордилар. Тайёрланган таом тортилди. У зот ва бирга келган саҳобалар таомдан тановул қилиб бўлишгач, таҳорат олиб пешинни ўқидилар. Сўнг меросни тақсимлаб бердилар. Аср вақти кирди. Таомдан қолгани келтирилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга қолган таомни тановул қилдилар ва асрни ўқишди[12].

Хулоса қилиб айтганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда пешин намозидан кейин саҳобаларнинг олдига чиқар ёки келган маҳмонларни масжидда кутиб олар ёки бир мусулмоннинг ҳожатини чиқариш учун қаергадир борардилар. Гоҳида пешин вақти кирмасдан олдин бирор мусулмонинг эҳтиёжи чиқиб қолса, саҳобалар билан бориб унга ёрдам бериб, намозни ўша ерда ўкиб қайтардилар.

Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар билан бўлган муомалалари, кўчада юрганда ўзларини тутишлари ҳақида тўхталиб кейин аср намозига киришамиз.


[1] Бу ерда суннатни ўйда ўқир эдилар, дейилмоқда. Лекин гоҳида ушбу суннатларни масжидда ҳам ўқир эдилар. Масжидда ўкиганлари учун саҳобалар кўриб, уни бизга ривоят қилишган. Шунинг учун бизнинг мазҳабимизда суннатларни масжидда ўқишга рухсат берилган.

[2] «Муснад Аҳмад», «Сунан Термизий» ва «Шарҳи сунна Бағавий» китобларига қаралсин.

[3] «Муснад Аҳмад», «Мусаннаф Абу Шайба» китобларига қаралсин.

[4] «Муснад Аҳмад», «Муснад Таёлисий» ва «Саҳиҳ Бухорий» китобларига қаралсин.

[5] «Саҳиҳ Бухорий», «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим» ва «Сунан Абу Авона» китобларига қаралсин.

[6] Ҳашр сураси, 18-оят

[7] Имом Муслим ривояти

[8] «Муснад Шофеъий», «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим» ва «Муснад Баззор» китобларига қаралсин.

[9] Бу ерда суннатни ўйда ўқир эдилар, дейилмоқда. Лекин гоҳида ушбу суннатларни масжидда ҳам ўқир эдилар. Масжидда ўкиганлари учун саҳобалар кўриб, уни бизга ривоят қилишган. Шунинг учун бизнинг мазҳабимизда суннатларни масжидда ўқишга рухсат берилган.

[10] «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Бухорий», «Саҳиҳ Муслим», «Сунан Абу Довуд», «Сунан Насоий» китобларига қаралсин.

[11] Бақиънинг Шом томонга қарагандаги жой номи

[12] «Муснад Аҳмад», «Сунан Абу Довуд», «Табақот Ибн Саъд», «Сунан Термизий» китобларига қаралсин.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ