Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўликларни тирилтириш, чақалоқнинг гапириши каби мўъжизалари

3 йил аввал 3409 Абдулазиз Мўмин

Аллоҳ таоло ўликларни тирилтириш, мохов ва туғма кўрларни тузатиш мўъжизаларини Ийсо алайҳиссаломга берган эди. Худди шу каби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қўлларида ҳам Аллоҳ таоло бир қанча ўликларни тирилтирган, чақалоқларни гапиртирган ва у зотнинг ҳақ пайғамбар эканликларига гувоҳлик берганлар.

Имом Абу Довуд келтирган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Хайбарда бир яҳудий аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган, қовурилган гўшт ҳадя қилди. Расулуллоҳ билан қавм ея бошлади. У зот бирдан: «Қўлларингизни тортинглар. Таом менга заҳарланганини айтди», дедилар. Бишр ибн Баро вафот этди. У зот ҳалиги аёлга: «Бундай қилишга сени нима ундади?» дедилар. У: «Пайғамбар бўлсангиз, қилган ишим сизга зарар бермайди, подшо бўлсангиз, одамларни сиздан қутқармоқчи бўлдим», деди.

Икки «Саҳиҳ»да мазкур ҳадис Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бўлиб, унда яҳудий аёл: «Ўлдирмоқчи бўлдим», деган. У зот: «Аллоҳ сенинг бундай қилишингга йўл бермайди», деганлар. Саҳобалар: «Уни ўлдирамиз», дейишганда у зот: «Йўқ», деганлар. Бу ҳадиси шариф Бишр ибн Баро вафотидан олдин айтилган ва аёл жазоланмаган. У киши ўша гўштдан заҳарланиб вафот этгач, аёл қатл қилишга амр қилинган. Заҳарланган гўшт воқеаси машҳурдир. Уни «Саҳиҳ» ва «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Имом Бухорий келтирган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари вафот этган оғриқдан: «Хайбардаги (заҳарланган) луқма (оғриғи) ҳар доим қайталаяпти. Ҳозирги пайтга келиб жон томиримни кесди», дедилар.

Ибн Исҳоқ: «Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ пайғамбарлик мақомига танлагандан ташқари шаҳид кетганлар деб билишади», деган.

Вакиъ ибн Жарроҳ Фаҳд ибн Атийядан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳнинг олдларига катта бўлиб қолган-у, лекин бирор марта гапирмаган бир болани олиб келишди. У зот унга: «Мен кимман?» дедилар. У: «Аллоҳнинг расулисиз», деди»[1].

Имом Байҳақий ва Ибн Асокир келтирган ривоятда Муарриз ибн Муайқиб айтади: «Видолашув ҳажи эди. Маккадаги бир ҳовлига кирдим. У ерда Расулуллоҳни кўрдим. У зотдаги бир ажойиб нарсага шоҳид бўлдим. Туғилган куни бир чақалоқни олиб келишди. У зот унга: «Мен кимман?» дедилар. У: «Расулуллоҳсиз», деди».

Ибн Адий, Байҳақий, Ибн Абуд Дунё ва Абу Нуъайм келтирган ривоятда Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Ансорлардан бир бола вафот этди. Унинг кўзи ожиз қари онаси бор эди. Унинг устини ёпиб, аёлга таъзия изҳор қилдик. Аёл: «Ўғлим ўлдими?» деди. Биз: «Ҳа», дедик. У: «Ё Аллоҳ! Агар мен сенинг ва Расулинг йўлида ҳар бир қийинчиликда ёрдам беришингдан умидвор бўлиб ҳижрат қилган бўлсам, бу мусибатни менга юклама», деди. Ҳали кетмасимиздан бола юзини очди. Биз биргалашиб таом едик».

Бу ривоятда каромат ҳам мўъжизанинг бир тури эканига, Расулуллоҳга эргашувчиларда одатдан ташқари ишлар рўй бериши мумкинлигига ишора бор. Лекин бунда йигитнинг ўлгандан кейин тирилгани очиқ-ойдин айтилмаган. Эҳтимол, юраги урмай қўйиб, беҳуш бўлгандир. Нима бўлганда ҳам онанинг дуоси билан ғам-ташвиш ариганига шубҳа йўқ.

Имом Байҳақий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ Ансорий айтади: «Мен Ямома(жанги)да ўлдирилган Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг дафнида қатнашган эдим. Уни қабрга қўяётганимизда: «Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. Абу Бакр сиддиқдир. Умар шаҳид, Усмон яхши ва меҳрибондир», деганини эшитдик. Қарасак, у жонсиз, ўлиб ётибди». Бу ривоят ўликларнинг гапиришига далил бўлади.

Имом Табароний, Абу Нуъайм, Ибн Мандаҳ келтирган ривоятда Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтадилар: «Зайд ибн Хорижа Мадина кўчаларининг бирида тўсатдан вафот этиб қолди. Уни кўтариб олиб келишди, юзини ёпишди. Икки кечки намоз (шом ва хуфтон) орасида жасади атрофида йиғлаётган аёлларга унинг «Жим бўлинглар, жим бўлинглар» дегани эшитилди. Юзини очишганда: «Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У уммий пайғамбардир. Анбиёларнинг охиргисидир. Аввалги Китоб (Лавҳул маҳфуз)да шундай битилгандир», деди. Кейин «Тўғри, тўғри», деди. Абу Бакр, Умар ва Усмонни зикр қилди. Сўнгра: «Сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин, ё Расулуллоҳ», деб қайтадан жон берди».

Ибн Абдулбарр «Ал-Истийъоб» номли китобида: «Зайд ибн Хорижа ўлганидан кейин гапирган. Бунда ихтилоф қилишмаган», деган. Имом Заҳабий: «Бу саҳиҳдир», деган.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Ушбу ривоят марфуъ ҳолда келтирилган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ