Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломларнинг етказилиши

5 йил аввал 3122 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб хусусиятлари билан бошқа пайғамбарлардан ажралиб турадилар. Бу хусусиятлар у зотнинг юксак мақом ва олий мартаба эгаси, Робби ҳузурида биз идрок эта олмайдиган даражада шараф ва қадрга мушарраф зот эканликларига далолат қилади. Умматлари томонидан йўлланган салавот ва саломларнинг у зотга етказилиши ана шундай хусусиятлардан биридир. Бу ҳақиқатлар саҳиҳ ҳадислар, ишончли ривоятлар билан собит бўлгандир.

Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир киши менга салом йўлласа, Аллоҳ менга руҳимни қайтариб беради ва мен унинг саломига алик оламан», дедилар. Шундан маълум бўладики, Аллоҳ таоло Набийини салом айтувчининг саломига алик олиш учун тирилтирар экан. Бу ҳолат у зотнинг қабрларини зиёрат қилган пайтгагина хос эмас, балки барча жой ва вақт учун умумийдир. Албатта, бу салавот ва салом айтувчи бандаларга Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан боғланиш учун Аллоҳ таоло тарафидан берилган буюк инъомдир.

Баъзилар руҳнинг қайтарилишини Аллоҳ таолонинг Пайғамбар алайҳиссаломга «Сенга фалончи салавот ва салом йўллади» деб билдириши маъносида дейишган. Шунга аниқ ишониш керакки, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар қатори қабрларида тирикдир. Улар Робблари ҳузурида ўзларига хос ҳаётдадир. Қуйидаги ривоят ҳам бу қарашни тушунишга ёрдам беради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга қабрим олдида салавот айтса, унинг салавотини (бевосита) эшитаман. Узоқда туриб салавот айтганларнинг салавотлари менга етказилади»[1], дедилар. Яъни айтилан салавот ва саломларни менга фаришталар етказадилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ерда тинмай сайр қилувчи фаришталари бор. Улар умматимдан менга салом етказадилар»[2], дедилар.

Мўмин-мусулмонлар – у зоти шарифнинг қабрлари ёнидами ёки узоқдами, ёлғизми ёки жамоат бўлибми – салавот ва салом айтишда давом этсалар, албатта саломларига жавоб қайтарилади. Малолланиш бўлмайди.

Имом Байҳақий Абу Умома ва Анас розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга жума куни ва жума кечаси салавотни кўпайтиринглар. Ким шундай қилса, қиёмат куни унинг учун шафоатчи бўламан», дедилар.

Имом Табароний ва Абу Яъло келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаерда бўлсангиз ҳам менга салавот айтинглар. Сизларнинг салавотларингиз менга албатта етиб келади», дедилар. Яъни фаришталар воситасида етиб келади.

Ибн Можа Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга жума кунида кўпроқ салавот айтинглар, чунки у фаришталар гувоҳ бўладиган кундир. Кимда-ким менга салавот айтса, айтиб бўлиши билан салавоти менга кўрсатилади», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан ким салавот ва салом йўлласа, у зотга албатта етказилади»[3].

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо айтади: «Қачон масжидга кирсанг, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом йўлла, чунки у зот: «Менинг уйим(қабрим)ни байрам ўтказиладиган жой(каби) қилиб олманглар. Уйларингизни қабрларга айлантириб қўйманглар. Қаерда бўлсангизлар ҳам менга салавот айтаверинглар, чунки айтган салавотларингиз қаерда бўлсангиз ҳам менга етиб келади», деганлар. Яъни қабримни худди байрамлар каби маълум бир кунларда зиёрат қилишни одат қилманглар. Уйларингизни ибодат қилинмайдиган жой – қабрга ўхшатиб қўйманглар. Баъзи нафл намозларингизни уйда ҳам ўқинглар.

Имом Хаттобий раҳматуллоҳи алайҳ: «Уйларингиз фақат ухланадиган маскан бўлиб қолмасин, чунки уйқу ўлимга ўхшашдир. Ўлик жасад эса намоз ўқимайди», деган.

Жума кунида кўпроқ салавот айтиш мустаҳабдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Сизларнинг салавотларингиз менга намоён қилинади»[4], деганлар.

Сулаймон ибн Суҳайм айтади: «Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб: «Ё Расулуллоҳ! Анави одамлар (зиёратингизга) келиб, сизга салом бермоқдалар. Уларнинг саломлари сизга билинадими?» дедим. У зот: «Ҳа, уларга алик оламан»[5], дедилар».

Ибн Шиҳоб Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менга нурафшон кеча[6] ва порлоқ кундузда[7] салавотни кўпайтиринглар. Шундай қилсангиз, улар (кеча ва кундуз) сизларнинг номингиздан адо этади. Ер пайғамбарларнинг жасадларини асло емайди. Қайси мусулмон менга салавот айтса, уни бир фаришта кўтариб келиб менга топширади ва номини айтиб: «Фалончи сизга шундай, шундай деб салавот айтди», дейди» деганлари ривоят қилинган»[8].

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Ибн Абу Шайба, Абу Шайх ва Байҳақий ривояти.

 [2] Имом Аҳмад, Насоий, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти.

 [3] Исҳоқ ибн Роҳавайҳ «Муснад»ида, Байҳақий «Шуъабул иймон» китобида келтирган.

 [4] Имом Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

 [5] Ибн Абу Дунё ва Байҳақий ривояти.

 [6] Жума кечаси.

 [7] Жума куни кундузи.

 [8] Намирий Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан мурсал ҳолда ривоят қилган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ