Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқаларга салавот айтишнинг ҳукми

5 йил аввал 2738 Абдулазиз Мўмин

Салавот айтиш араб тилида раҳмат тилаш ва дуо маъноларини билдиради. Уламолар салавот Аллоҳдан бўлса – раҳмат, фаришталар томонидан бўлса – истиғфор, мўминлар томонидан бўлса – дуо маъносини билдиришини айтиб ўтдик. Аллоҳ таоло: «У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўзи ҳам, фаришталари ҳам салавот айтади. У мўминларга меҳрибон бўлган Зотдир»[1], Тавба сурасининг 103-оятида: «Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва улар ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир», Бақара сурасининг 157-оятида эса: «Ана ўшаларга Роббларидан салавот ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир», деган.

Пайғамбар алайҳиссаломга, у зотнинг аҳллари, издошлари ва умматларига салавот айтиш жоиздир. Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: «Барча аҳли илмлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқаларга салавот айтишнинг жоизлигига иттифоқ қилганлар», деган.

Яҳё ибн Яҳё Лайсий раҳматуллоҳи алайҳ: «Барча пайғамбарларга ва улар билан бирга бошқаларга ҳам салавот айтиш мумкин», деганлар.

Баъзилар фақат пайғамбарларгагина салавот айтилади, дейишган. Яна бир гуруҳ фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш жоиз, чунки Аллоҳ таоло у зотгагина салавот айтишни амр қилган, бошқаларга эмас, деганлар.

Биринчи фикр кучли ҳисобланади, чунки имом Абдурраззоқ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг анбиё ва расулларига салавот айтинглар. Аллоҳ таоло мени юборгандек уларни ҳам юборган», деганлар.

Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Салавот ва саломни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарларга хоссатан айтилади. Бунда уларга ҳеч ким шерик бўлмайди, чунки Аллоҳ таоло: «Сизлар ҳам унга салавот ва салом йўлланг», деган. Пайғамбарлардан бошқа улуғлар тилга олинганда мағфират ва розилик сўралади. Аллоҳ таоло: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга қалбимизда нафрат (пайдо) қилмагин. Роббимиз, албатта Сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар», деган.

Тавба сурасининг 100-оятида: «Муҳожир ва ансорлардан иборат пешқадамлар ва уларга яхшилик билан эргашганлардан Аллоҳ рози бўлди. Улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар», дейилган.

Лекин баъзи аҳли бидъатлар Али, Ҳасан, Ҳусайн розияллоҳу анҳум ва бошқалар зикр қилинганда ҳам салавот айтишни одат қилишган. Ваҳоланки, бу саҳобалар даврида бўлмаган, салафи солиҳлар қилмаган ишдир, чунки бунда уларни Расулуллоҳга тенглаштириш бор. Бу эса мутлақо нодуруст. Аҳли бидъатларга тақлид қилишдан узоқ бўлиш, уларга хилоф қилиш динимизда буюрилгандир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг жуфти ҳалоллари, аҳлларига алоҳида ёки хослаш маъносида эмас, эргаштириш маъносида салавот айтишдан қайтарилмайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Авфанинг аҳлига: «Ё Аллоҳим! Абу Авфанинг аҳлига салавот йўлла»[2], деган сўзлари муҳаққиқ уламоларнинг таъкидлашларича, Аллоҳнинг раҳматини сўраш ва дуо маъносида бўлиб, улуғлашни ифода этмайди.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Аҳзоб сураса, 43-оят.

 [2] Икки шайх ривояти.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ