Жоҳилият даврида дунё ва Арабистондаги аҳвол

6 йил аввал 1852 siyrat.uz

Қуръони каримда жоҳилият даври ҳақида шундай марҳамат қилинади: «Қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) фасод (офат-балолар) юз берди»21.

Бу ояти карима араб мушриклари билан яҳудийларнинг ва христианларнинг ижтимоий ҳаёт тарзини, ўша пайтлар дунёнинг ҳар томонидан фасод ҳукм сурганини билдиради.

Ҳолбуки, дунёнинг аҳволидан хабар берган Пайғамбаримиз хат-саводни билмасдилар. Демак, юрт кезиб, турли мамлакатлардаги шарт-шароитларни ўрганиб чиқишга имконсиз эдилар; у пайтлари газета, радио каби ахборот воситалари ҳам йўқ эди. Аммо шу нарса аниқки, дунёнинг аҳволи Расулуллоҳнинг тилларидан Қуръон хабар берганидек эди. Жоҳилият даврида фасод ва олчоқлик ҳамма ёқни эгаллаб олгани тарихий ҳақиқатдир. Алқисса, шарқнинг қадимдан илм-урфон ўчоғи бўлиб келган Ҳиндистон даҳшатли аҳволга тушиб қолган эди. Бу ерда ёмонликнинг қўли шунчалар узун эдики, ҳатто энг оқил кимсаларнинг ҳам юзига қора лой чапланарди. Хитой ва Эронда ҳам аҳвол айнан шундай эди.

Мусавийлик, брахманлик, буддизм, зардуштийлик, конфутцизм каби мазҳаблар инсонларга тўғри йўлни кўрсатишдан ожиз эдилар. Бу оқимларга мансуб инсонлар фазилатга ишониш у ёқда турсин, ҳаттоки ахлоқсизликни илоҳий бир буйруқ, деб кўрсатишга ҳаракат қилишарди.

Ўша даврнинг энг янги дини ҳисобланган христианлик эса бузилиб, ботил динга айланган эди. Шу сабабдан бўлса керак, искочиялик (шотландиялик) бир инглиз шарқшуноси (мусташриқи) Вильям Муир еттинчи аср христианлигига «бузилган христианлик» деб баҳо берган эди22.

Дарҳақиқат, у пайтлардаги христианлик тубанлик ботқоғига чўкаётган эди; ичкиликбозлик, қимор, бузуқлик кенг қулоч ёйган эди.

Лотинларнинг ғарбий Рим империяси сиёсий, диний-ахлоқий ва иқтисодий эврилиш сабабли йиқилган эди (476 й.). Юнонларнинг Византия империяси эса сиёсий, иқтисодий зиддиятлар туфайли ич-ичидан тугаёзган эди.

Ўрта асрнинг бу юз йиллигида бутун дунёни ҳақсизлик ва жоҳилият қоплаб бўлган эди. Арабистоннинг икки қўшниси − Византия номини олган шарқий Рум ва унинг ашаддий душмани бўлмиш Эрон ҳалокат жари ёқасига келиб қолишган эди.

Ҳа, ер юзини зулмат эгаллаган, инсонларнинг руҳлари ҳам, эътиқодлари ва хатти-ҳаракатлари ҳам бузилган эди. Дунё зулм, истибдод, жаҳолат дастидан инграрди гўё. Фақатгина араблар эмас, бутун инсоният моддий ва руҳий изтироблар ичида қийналар, қутулиш (нажот) йўлини қидирар эди. Тарих ҳалигача фасод авж олган бундай бир даврни бошидан кечирмаган. Яна бир даҳшатли томони шуки, инсонлар «яхшилик», «фазилат»номидан ҳар турли ёмонликларни қилишдан ийманишмасди; уят туйғуси йўқолган эди.

У йилларда Арабистондаги аҳвол қуйидагича эди: энг аввало, шуни қайд этиб ўтиш керакки, араблар эронликлар, византияликлар, яҳудийлар, асурияликлар, бобилликлар, мисрликлар ва ҳабашийлар билан қўшни эдилар.

Умумий савдо марказлари қуриларкан, бу ерларга ҳар тарафдан минглаб одамлар келишарди. Энг катта савдо марказлари Укоз (Нахла билан Тоиф орасида), Мажанна (Маккага яқин), Зилмажоз (Ҳунайн водийси яқинида), Мушаккарлар (Баҳрайнда) эди.

Араблар тижорат марказларига келган турли қўшни қавмлар, миллатлар билан алоқага киришишлари табиий эди. Турли миллат, қавмларнинг эътиқодлари, ахлоқи, урф-одатлари ва хурофотлари шу зайлда Арабистонга кириб келарди.

Катта қаршиликка учраган яҳудийлар Арабистоннинг баъзи ерларига кўчиб келишган, христианлик ҳам айрим араб шаҳарларига кириб улгурган эди. Мажусийлик деб аталувчи оташпарастлик эътиқоди эса Эронга қўшни араб қабилалари орасида ёйилган эди.

Мусулмонлик келмасидан олдин Араб ярим оролида бутпарастлар, мажусийлар (оловга сиғинувчилар), яҳудийлар (Мусо динида), христианлар (Исо динида), собийлар (юлдузларни илоҳийлаштирувчилар) бор эди. Ҳазрат Иброҳим давридан қолган ҳанифийлар эса озчиликни ташкил этарди. Булар Варақа ибн Навфал, Абдуллоҳ ибн Жахш, Усмон ибн Ҳувайрис, Зайд ибн Амр, Қусс ибн Саидо кабилардир23.

Имом Бухорий ҳанифлардан Варақа билан Абдуллоҳ ва Усмонларнинг христианликни қабул қилганликларини ёзади24.

Арабистонга биринчи марта бутпарастликни олиб кирган Амр ибн Лухай бўлди. Амрдан олдин Каъба мутавалилари журҳумийлардан эди. Амр бу вазифани улардан олди. Ҳижозга кўчиб келган Хузоъа қабиласи Амр бошчилигида журҳумийларни Маккадан ҳайдаб чиқаришди. Амр Сурияга қилган сафаридан қайтишда бир шаҳарда кўрган бутларидан бир нечасини олиб келиб, Макка атрофига тизиб қўйди25.

Макка Арабистоннинг энг муқаддас жойи эди. Шаҳарда Каъба, Ҳажарул Асвад деб номланган қора тош, булар билан бирга ҳамма араблар ҳурмат қиладиган бутлар бор эди. Атрофида катта тижорат марказлари қурилгани учун ҳам Макканинг тижорий ва иқтисодий обрўйи анча баланд эди. У пайтлари Каъбада уч юз олтмишта бут мавжуд бўлиб, улардан энг «суюкли»лари қуйидагилар эди: Хубал (Каъбанинг устида; бутларнинг энг каттаси), Лот (Тоифда жойлаштирилган бўлиб, унга Сақиф қабиласи топинарди), Уззо (Маккадан бир оз узоқликда жойлашган Кинона қабиласининг бути), Манот (Маккадан етти миллик масофада бўлиб, мадиналикларга қарашли бут).

Катта савдо марказлари четдан келган томошабинлар, тужжорлар, обидлар, зоҳидлар, шоирлар, хатиблар, ҳакамлар, фоҳишалар, ичувчилар ва қиморбозлар билан тўлиб кетарди. Византия, Сурия ва Арабистоннинг лўлилари, раққоса ва қўшиқчилари ҳамиша шу ерга тўпланишарди.

Хулоса қилиб шуни айтса бўладики, жоҳилият даврида Араб ярим ороли ҳамма дин ва мазҳабларнинг, урф-одатларнинг, хурофот ва бузуқликларнинг катта намойишгоҳи бўлиб қолган эди.

Қабилалар орасидаги урушларнинг кети узилмасди. Мусулмонликдан олдин араблар уюшган бир миллат эмасдилар. Улар алоҳида-алоҳида қабила бўлиб яшашар, ҳар бир қабила ўзича мустақил бир давлат каби эди. Қабила оқсоқоллари «шайх» дейилар, қабилаларни ўша шайхлар бошқарар эдилар. Қабилалараро урушга кўпинча қасос олиш ёки тушунмовчиликлар сабаб бўларди. Лекин йилнинг тўрт ойида (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражабда) уруш бўлмасди. Бу ойларга «ашҳури ҳурум» дейиларди. Ашҳури ҳурум тинчлик, осойишталик ойлари эди. Бу ойларда ҳамма қабилалар эркин саёҳат қилиш имконига эга бўлишарди. Катта тижорий марказлар ҳам, асосан, шу ойларда қуриларди. Макканинг ҳокими ва қўриқчилари бўлганларидан қурайшийларнинг бу борадаги имкон ва имтиёзлари кенгроқ эди. Бутун қабилалар қурайшийларни ҳурмат қиларди. Шу сабабдан қурайшийлар истаган пайт саёҳатга чиқишаверарди. Макка атрофидаги Укоз савдо маркази ҳам йилда бир марта жанг қилиниши тақиқланган жойларда очилар ва бу ерда шеърий мушоиралар ўтказилар эди.

Бу шеърий мусобақага кибор шоирлардан Набиғат аз-Зубёний ҳакамлик қилар, у ўзига теридан бир чодир қурдириб олган эди. Мусобақада томошабинларнинг таҳсинига сазовор бўлган энг яхши қасидалар олтин ҳарфлар билан ёзилиб, Каъба деворларига осиб қўйиларди26. Жоҳилият даврининг энг машҳур шоирлари наждлик Имриул Қайс бошчилигидаги етти шоир эди. Қуръони карим нозил бўла бошлаши билан бу шоирларнинг обрў-эътиборлари ўз-ўзидан йўқола бошлади ва уларнинг асарлари ҳам Каъба деворларидан бирин-кетин олиб ташланди27.

Жоҳилият даврида арабларда шеър ва адабиёт ниҳоятда ривожланган эди. У йилларда Арабистон ярим оролининг жанубида яшовчи набтийлар (марказий шаҳарлари Патра) набтий ёзувини, шимолида (Яманда) яшовчи химярийлар химярий ёзувини қўллашарди. Ироқдаги сурёнийлар эса сурён тилини бир неча ёзувларда ифода қилишарди. Демак, Исломдан олдин Арабистонда уч ёзув − набтий, химярий ва сурёний ёзувлари мавжуд бўлган.

Мусулмонлик келмасидан аввалроқ Ҳижоз араблари Ироқ ва Сурияга сафар қилиб, бу икки жой аҳолисидан набтий ва сурёний ёзувларини ўрганиб олишган эди28. Набтий ёзувидан насх хати, сурёний ёзувидан эса кейинроқ куфий хати пайдо бўлди. Исломдан олдин куфий (Хийра беклигига нисбат берилиб) «хийра ёзуви» дейиларди.

Мусулмонлик туғилиши арафасида Ҳижозда ёзишни билувчилар ҳам бўлган, бироқ улар озчиликни ташкил этишарди. Хулофои Рошидан даврида ва умавийлар замонида хаттотлар Қуръони каримни хийра (куфий) ёзувида кўчиришган.

Арабий ёзувларнинг манбаи ҳам куфий ва насх ёзувлари бўлиб, бошқа ҳамма исломий ёзувлар бу икки ёзувдан тарқалган.

Жоҳилият даври араблари орасида хат-саводни биладиганлар жуда оз эди. Бироқ хатиблар, чиройли шеър ўқувчилар анчагина бўлган. Араблар қувваи ҳофизаси кучли, тиллари бой, зукко халқ эди. Туя устида тахтасиз шахмат ўйнашар, узоқ ўйланмасдан узун ва мукаммал қасида айтадиганлар бор эди. Шу билан бирга феъл-атвори жуда ёмонлари ҳам учрарди. Меҳмондўстлиги, сахийлиги, душман бўлса-да, ёрдам сўраб келганларга яхшилик қилишлари, кучсизларни ҳимоя қилишлари, жанггоҳда шижоат кўрсатишлари, ҳурриятга эришиш истагининг кучлилиги, араб ирқини бошқа ирқлардан устун қўйишлари каби сифатлари билан бирга уларнинг ораларида қароқчилик билан шуғулланувчилар, ашаддий қиморбозлар ҳам, қиз болаларини тириклайин кўмиш каби ярамас одатлари ҳам бор эди29.

Лондон дорулфунуни ўқитувчиси Т.В.Арнолд:«Жоҳилият даврида араблар учун энг азиз нарса аёл ва ичкилик эди»30, дейди. Кенг тарқалган раққосалик араб аёлларига ёмон таъсир кўрсатарди. Араблар аёлларига деярли эътибор беришмасди. Мавлоно Муҳаммад Алининг ёзишича, «Араблар орасида аёлнинг ўрни жуда паст, ҳатто уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ эди. У замонларда, бошқа миллатларда бўлганидек, араблар орасида ҳам кўп хотин олиш одати кенг ёйилган эди. Фуҳуш ҳам бир касб ҳолига келиб қолган эди гўё. Асиралар бошлиқларига пул топиш учун фоҳишалик қилишарди. Энг даҳшатлиси − бола кўриш учун аёлларга бошқа эркаклар билан муносабат ўрнатишларига рухсат берилган эди. Бир хотин ўлган эрининг бир ҳисса ҳам меросига эгалик қилолмас, аммо ўзи мерос ашёси бўлиб қолар эди. Фарзанд отаси ўлгач, мерос ашёлари орасида ўз онасига ҳам эгалик қилар, ундан хоҳлаганича фойдаланар эди»31. «Тул хотин болаларга қоларди. Араблар қиморга шунчалар муккадан берилиб кетишган эдики, баъзилари ўртага тикадиган пуллари қолмагач, ўз ҳурриятларини ҳам сотишарди. Бу ахлоқсизликларни таг-томиридан қўпориб ташлаш учун нажот йўли − Ислом дини рақсни, қимор ўйнашни ва ичкилик (ароқ) ичишни тақиқлаган»32.

Мусулмонликдан олдин араблар орасида етти хил никоҳ тури бор эди. Ислом дини булардан фақат биттасини маъқул кўриб, қолганларини фуҳуш ва ботил ҳисоблаган33.

Ислом аёлга табиий ҳақ-ҳуқуқини олиб берди. Тарихда биринчи бор аёлнинг мавқеини кўтарди34.

Изоҳлар

21. «Одамлар ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди» (Рум сураси, 41-оят).

22. "Пайғамбаримиз", 16-бет.

23. «Асри саодат» муаллифи Мавлоно Шиблий (вафоти 1914 й.) ишонарли манбаларга суянган ҳолда Қусс ибн Саидога тегишли деб кўрсатилаётган нутқнинг уйдирма эканини айтади (1-жилд, 216-бет).

24. 1-жилд, 147-бет.

25.«Асри саодат», 1-жилд, 143-бет.

26. Маҳмуд Асад Афанди. «Тарихи дини Ислом», 1-жилд, 72-бет.

27. Абдурраҳмон Шараф (1925 йил 18 февралда вафот этган). «Зубдатул қисас», 1-жилд, 72-бет.

28. Жўржи Зайдон. «Маданияти Исломия тарихи», 3-жилд, 98-бет.

29.«Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабари берилса, ғазабга тўлиб юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки тириклай тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни қиз кўришнинг) «ёмон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни ноҳақ) ҳукм чиқарурлар» (Наҳл сураси, 58-59-оятлар).

30. «Интишори Ислом тарихи» (М. Халил Холид таржимаси), 48-бет.

31. "Пайғамбаримиз", 24, 25-бетлар.

32. Амир Али. «Ислом руҳи», 52-бет.

33. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Усули фиқҳ дарслари».

34.«Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор» (Бақара сураси, 228-оят). Расули акрам ҳам Вадоъ ҳажида айтган хутбаларида (632 йил 8-март): «Эй инсонлар! Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқингиз! Сизнинг хотинлар устида ҳақларингиз бўлганидек, уларнинг ҳам сизнинг устингизда ҳақлари бордир!» дея марҳамат қилганлар.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ