Пайғамбаримизнинг ёшликлари: саёҳатлари, фижор жангги ва ҳилфул фузул

1 ўн йил аввал 2676 siyrat.uz

Саккиз ёшлик чоғларида Расули акрамнинг ҳаётларида янги бир давр бошланди. Бу давр то йигирма беш ёшга киргунларича давом этди. Ҳазрат Пайғамбаримиз амакилари Абу Толибнинг қарамоғида эдилар. Маккаликлар қадимдан тижорат билан шуғулланишар, болаларини ҳам ёшлигидан тижорат ҳаётига ўргатишар эди. Қиш мавсумида Яманга, ёзда эса Шомга тижорат карвони юборилар, йилда икки марта сафарга чиқилар эди1. Жумладан, Абу Толиб ҳам тижорат билан шуғулланарди ва жиянини ҳам шу касбга ўргатди. Бундан бир мунча вақт олдин Пайғамбаримиз ҳайвон ҳам боққанлар. Чўпонлик араблар учун оддий касб эмасди. Зодагоннинг ҳам, бойларнинг ҳам фарзандлари чўпонлик қиларди. Расули акрам ҳам ҳайвон боққанликларини айтганлар. Кейинчалик бир тоққа чиқишганида саҳобаларидан бирининг қоратут терганини кўриб: «Бу тутлар қанча қорайса, шунча мазали бўлади. Буни эчки боқиб юрган пайтларимда билиб олганман», деб айтганлар2. (Афсуски, ғарбдаги мухолифлар Расули акрамнинг шахсларини камситиш мақсадида у Зотнинг «чўпонлик» ҳаётларига урғу бермоқда ва масаланинг моҳиятини чуқур англаб етмаган баъзи муаллифларимиз ҳам бу фикрларни маъқулламоқдалар3.)

Ҳазрат Пайғамбар ёшликларида икки марта Сурия томонга ва бир марта Яманга карвон билан сафарга чиққанлар. Сурия сафарининг биринчисида Расули акрам ўн икки ёшда, иккинчисида эса йигирма беш ёшда эдилар. Яманга ўн етти ёшдалик пайтларида сафар қилганлар.

Сурияга биринчи гал амакилари Абу Толиб билан бирга отланганлар. Тижорат карвони Шомнинг жанубида, тўқсон чақиримча масофада Хавронга қарашли Бусро шаҳри орқали ўтган. Ривоятга кўра, бу ерда тижорат карвони поп Буҳайрога дуч келади. Тарихчилар Расули акрамнинг бу саёҳатлари ҳақида турлича ёзишади. Бир мисол келтирамиз: «Карвон келаркан, Буҳайро кўрдики, карвон билан бирга бир булут ҳам келяпти. Карвон бир дарахт остида тўхтаганида булут ҳам у дарахтнинг устига қўнди. Узоқ вақтлардан буён қуриб қақшаб ётган дарахт ўша заҳоти яшил тус олди. Буҳайро дарҳол бир зиёфат тайёрлади. Абу Толибни шериклари билан бирга монастирга таклиф қилди. Расули акрамнинг аҳволларини билиб олиш учун у кишига бир неча саволлар берди. Олган жавоблари уни ҳайратга солди. Вақт ўтказмай, бир баҳона билан у ҳазратнинг орқаларини очиб Хотами Нубувватни кўрди, камоли одоб-ла ўпди ва деди: «Эй Абу Толиб! Бу бола пайғамбарларнинг охиргисидир. Шом яҳудийлари орасида унинг сифат ва аломатларини биладиган коҳинлар бор. Суиқасд уюштириб, болани нобуд қилишлари мумкин. Сен уни Шомга олиб борма. Бу ердан тезроқ кет...» Абу Толиб молларини Бусрода сотди ва дарҳол орқага қайтди»4.

«Асри саодат» китобида бу ҳақда шундай дейилади: «Марголиоз, Драпер, В.Муир ва бошқа христиан тарихчилари ҳазрат Муҳаммаднинг бу роҳиб билан учрашувларини христианликнинг тенгсиз ғалабаси деб билишади ва ҳазрат Пайғамбарнинг динга оид бутун маълумотларни ўша роҳибдан ўрганганликларини айтишади...» Ривоятнинг аслида роҳиб Буҳайронинг Пайғамбаримизга бирор нарса ўргатгани ҳақида ҳеч гап йўқ. Агар ўн икки ёшли бир бола ҳамма диний ҳақиқатлар ва эътиқодларни ўрганиб олиш қобилиятига эга бўлса, у кишининг Буҳайро роҳибдан бирор нарса ўрганишига эҳтиёж қолармиди? Ўн икки ёшли бир боланинг диннинг бутун икир-чикирларини ўрганиб олиши қайси мантиққа тўғри келади?

Буҳайро ўргатди, деган қараш нотўғридир. Чунки у ҳақда ёзаётганларнинг бирортаси ҳам бу воқеанинг шоҳиди бўлишмаган. Ривоятнинг бўш ва ишонарсизлиги Ислом олимлари томонидан тадқиқот натижаси ўлароқ айтилган. Ривоятдаги бир неча нуқтанинг уйдирма экани хусусида, жумладан, Заҳибий бундай дейди: «Агар ҳазрат Пайғамбар ҳамма диний маълумотларни роҳиб Буҳайродан ўрганган бўлганларида христианликнинг таслис (уч худолик) ақидасини кескин рад этиб, тавҳид (Ягона Аллоҳ) ақидасини бунчалик кучли ва Қуръонда кўрсатилганидек тарғиб қила олармидилар?» (1-жилд, 198-бет.)

Маҳмуд Асад шундай ёзади: «Карвон аҳли кўз ўнгида бундай масала гапирилганида эди, у ердагилар буни оғиздан-оғизга нақл этиб, ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини Пайғамбар деб танитган вақтларида у кишига қарши қурол сифатида қўллаган бўлишарди»5.

Ҳолбуки, ўша пайтда Сурия Византия (Ғарбий Рум) императорлигига қарашли эди. Византиянинг расмий дини христианлик, мазҳаби эса ортодоксал ёки Рим черкови эди. Ортодоксал мазҳабининг ўзи бир неча шаҳобчаларга бўлинган эди. Изник консили (Олий Руҳонийлар черков Мажлиси) Византия учун (Ота-ўғил-Руҳул Қуддусдан иборат) уч тангричилик системасини қабул қилди. Ҳазрат Исо эса «тангрилик-инсонлик»дан иборат икки борлиқ сифатида қабул қилинди. Лекин бундай сохта тушунчаларни ифода этган бу расмий диннинг ёнида Ариус, Насториус, Отикес каби мазҳаблар ҳам бор эди. Булардан Искандария усқуфи (епископи) Ариус Исонинг Тангри эканини инкор қилгани учун унга Изниқ Консули томонидан диндан чиққанлик жазоси берилган (325 й.). Ариус мазҳаби фақатгина Миср ва Шимолий Африкада ёйилган эди, холос.

Истанбул патриархларидан Насториус: «Исода тангрилик-инсонликдан иборат икки жавҳар бор, бу икки жавҳар бир-биридан айридир. Марям Исодаги инсонлик жавҳарининг асосидир», деган эътиқодни тағриб қилгани учун Эфес Консули томонидан диндан чиққан, деб эълон қилинди (431 й.). Шунга қарамай, Ироқ ва Ал-жазира ҳудудлари настурий бўлди.

Отикес исмли руҳоний эса:«Исонинг энг кучли томони тангриликдир, ундаги инсонлик ҳам биз билган инсонлик эмас», дегани учун Кадикўй Консули томонидан айни жазони олди (451 й.).

Ҳурматли маслакдошимиз Али Риза Сағмон бундай дейди: «Буҳайро настурий эди. Унинг қаери тавҳидчи? Исонинг ярми тангридир, деган бир инсон тавҳидчи бўла оладими? Қаранг, тавҳиднинг аслини қурган ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кимни устоз деб кўрсатяптилар?!»6

Бағдодлик Масъудий (364 йили вафот топган) «Ахборуз-замон ва Муружуз-заҳаб» асарида: «Роҳиб Буҳайро насрониятнинг настурия мазҳабига мансуб эди», дейди.

Асосан Бусро монастирида роҳиблик қилган Буҳайронинг вазифаси − у ерга тижорат учун келган одамлар билан алоқада бўлиб, уларни христианликка даъват этишдан иборат эди. Абу Толибнинг молларини Бусрода сотиб қайтиб кетиши учун Буҳайронинг тавсиясига ҳожат ҳам йўқ эди. Чунки Бусро араблар билан юнонлар ўртасидаги ҳар ким билган энг гавжум тижорат маркази эди.

Инглиз ёзувчиларидан Бодлей шундай маълумот беради: «Бусро деган жойга юнонлар асосан араблар билан мол айирбошлаш мақсадида келишарди. Бусро бозори яқинида настурий руҳонийларининг бир монастири бор эди. Бу монастирдагилар Абу Толибни танишарди ва жияни икковини меҳмонга таклиф қилишган эди. Буҳайро исмли бир руҳоний ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга алоҳида эътибор берди. Унга ҳазрат Исонинг динидан гапирди. Бутпарастликни ёмонлади ва лаънатлади. Ҳазрат Муҳаммад унга қулоқ солиб турдилар».

Драпернинг ушбу гапларига эътибор берайлик:«Бу толеъсиз, аммо зукко талаба Буҳайронинг ақидасинигина эмас, фалсафий фикрларини ҳам ўрганди. Ҳазрат Муҳаммаднинг бундан кейинги фаолияти унинг настурий ақидасини чуқур англаб етганини кўрсатади». Қизиқ, бу сатрларни ёзган Драпер настурий ақидасида Исонинг ярми тангри деб талқин қилинишини, мусулмонликнинг руҳи эса тавҳид (Якка Тангри) эътиқоди эканини нега унутиб қўйди экан? Ёки мусулмонликнинг асл ғоясига тушуниб етмадими?!

Сарвари олам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн етти ёшларида Абу Толибнинг рухсати билан Яманга ҳам бордилар. Маккадаги бир тижорат карвони билан амалга оширилган бу Яман саёҳати давомида Пайғамбаримизнинг бошқа икки амакилари ҳам (Зубайр билан Аббос) у кишига ҳамроҳ эдилар.

Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма беш ёшларида Яманга иккинчи бор саёҳат қилдилар. Бу гал Расули акрам бой аёл Хадижага ҳамкор сифатида унинг молларини сотишда кўмаклашдилар. Сурияга қилинган бу иккинчи сафар уч ой давом этди ва пировардида Пайғамбаримизнинг ҳазрат Хадижа ила оила қуришларига васила бўлди.

Йигирма ёшдалик чоғларида Расули акрам «фижор жанги»да қатнашган эдилар. Қон тўкилиши тақиқланган ойларда чиққан жангларга «фижор жанги» дейиларди.

Жоҳилият даври араблари ўртасида тинимсиз равишда ички урушлар бўлиб турарди. Фақат «Ҳаром ойлари» деб аталувчи тўрт ойда ўзаро урушлар тўхтарди. Бу ойлар тинч-тотувлик, сулҳ ойлари эди. Бу ойларда савдо расталари ташкил қилинар, шоирлар ўртасида мусобақалар бўлиб ўтар эди. Яҳудийлар, христианлар ва бутпарастлар эса ўз динларини тарғиб қилишарди. Хуллас, ҳамма эркин ҳаракат этарди.

Мана шундай сулҳ ва эркин тижорат палласида араблар ўртасида тўсатдан бир уруш бошланиб кетса, бу уруш фожирона бўлгани учун «фижор уруши» дейиларди.

Расули акрам қатнашган фижор жанги Қурайш билан Ҳавозин қабилалари ўртасида чиққан эди. Ироқда яшаган Ҳира ҳукмдори Нўъмон ҳар йили бир тижорат карвони билан Укоз савдо ёймасида иштирок этарди. Қурайш қабиласидан Бани Кинонадан Баррод бу тижорат карвонининг ҳимоя иши Бани Кинонага топширилишини Ҳира ҳукмдоридан сўради. Худди шундай таклиф билан Ҳавозин қабиласининг мансуби Урва ҳам мурожаат этди. Ҳатто Урва Ҳиранинг бу тижорат карвонини Нажид йўли орқали Ҳижозгача олиб боришини таъкидлаб айтди. Ҳира ҳукмдори Урванинг таклифини қабул қилгач, аламига чидай олмаган қурайшлик Баррод Урвани ўлдириб, карвонни ундан олди. Бу фожеа Ҳавозин ва Қурайш орасидаги «фижор уруши»нинг чиқишига сабаб бўлди. Ўз навбатида ҳавозинлар ҳам интиқом қуролини қўлларига олдилар. Фижор уруши тўрт йил давом этди ва ниҳоят «Чўл сулҳи» билан тугади7.

«Чўл сулҳи»га кўра, икки томондан ўлганларнинг сони аниқланиб, қайси томонники кўп бўлса, иккинчи томон унга ўликларнинг сони баробарида «хун ҳақи» бериши керак эди. Қурайш қабиласи ҳавозинларга йигирма кишининг хун ҳақини тўлашга мажбур бўлди. Киноналик Баррод эса бу хунук воқеанинг бош айбдори деб эълон қилинди.

Расули акрам ҳам амакилари билан бирга бу урушда бўлганлар, бироқ ҳеч кимни ўлдирмаганлар. Фақат отилган ўқларни тўплаб, амакиларига келтириб турганлар.

Ибн Ҳишом «Расули акрамнинг бу урушда ҳеч кимга қарши қурол ишлатмаганларини» таъкидлайди. Имом Шухайлий эса «ҳазрат Пайғамбарнинг урушга қатнаша оладиган ёшда бўлганлари, бироқ қатнашмаганларини» ёзади.

Қурайшликлар билан Ҳавозин қабиласи ўртасида чиққан «фижор уруши» Маккани оғир бир аҳволга солиб қўйди; шаҳарда бир неча киши ўлдирилган, тинчлик-осойишталик йўқолган эди. Ҳатто четдан келганларнинг моли талон-тарож қилинарди.

Макка шаҳри буҳрон ичида бўлган ана шундай бир пайтда Ос ибн Воил бир яманликнинг ҳамма молларини тортиб олиб қўйди8. Бу ноҳақликка чидай олмаган яманлик Маккадаги Абу Қубайс тоғига чиқиб фарёд кўтаради. Қабилаларни ёрдамга чақиради.

Яманликнинг бу дод-фарёдини эшитиб, унинг ҳолига ачинган Пайғамбаримизнинг амакилари Зубайр Қурайш қабилаларини чорлайди. Пайғамбаримиз мансуб бўлган ҳошимийлар, оналари Омина мансуб бўлган Бани Зуҳра, ҳазрат Хадижанинг қабилалари Бани Асад, ҳазрат Абу Бакрнинг қабилалари Бани Тамим вакиллари ва бошқа Бани Абдулуззо чақириққа ижобат этиб, Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида тўпланишди. Бу ерда Макка ичида маҳаллий ва ёт бирор кишига зулм ўтказилишига йўл қўймаслик ва ноҳақликка учраган ҳар бир кишига ёрдам бериш учун қасамёд қилишди. Тўпланганлар ўзаро тузишган бу инсонпарварлик жамоаларига эски Фозилларнинг хотираси ҳурмати учун «Ҳилфул Фузул» деб ном қўйишди.

Аслида Ҳилфул Фузул жамияти биринчи марта журҳумийлар даврида ташкил қилинган эди. Жамиятни уч қабила раиси − Фозил, Фузайл, Муфаддалар тузишган эди. Бу уч қабила бошлиқлари бир ерга тўпланишиб, Маккада ҳеч бир зулм-зўравонлик ва ноҳақликка йўл қўймаслик, заифларга ёрдам бериш учун қасам ичишган. Қабила бошлиқларининг бу қасамёди «Ҳилфул Фузул» (Фозилларнинг қасами) дейилган эди.

Йиллар ўтиб Фозилларнинг бу қасамёди унутилиб кетди. Чунончи, фижор жангидан кейин Маккада зулм ва ноҳақлик авж олди. Ва ниҳоят, яманликнинг шикоятидан сўнгра Ҳилфул Фузул жамияти иккинчи бор ташкил қилинди; фаолиятини қайтадан бошлади. Бу орада Ос ибн Воилдан тожирнинг моллари олиб берилди. Маккага такрор тинчлик ва фараҳлик кириб келди.

Расули акрам бу инсонпарварлик ва адолатпарварлик жамоатига йигирма ёшда кирганлар ва бундан хурсанд бўлганлар. Ҳатто бу ҳақда пайғамбарлик даврларида саҳиҳ ҳадислар ҳам марҳамат қилганлар. Ҳилфул Фузул жамияти ҳақида аҳли мағозий устоди Ибн Исҳоқ (151/768 й.) ва Ибнул Асир (1232 й.), Ибн Халдунлар (808/1406 й.) тўлиқ маълумот беришган9.

Изоҳлар

1. Қуръони каримда қурайшийларнинг бу саёҳати ҳақида ишорат бор:

«Қурайшга осон қилиб қўйилгани − уларга қиш ва ёз сафари осон қилиб қўйилгани учунгина. Улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!» (Қурайш сураси, 1-, 2-, 3-оятлар.)

2. Ибн Асир. «Табақот», 1-жилд, 80-бет.

3. Қуръони каримда Мусо Пайғамбарнинг ҳам қўй боққанликлари билдирилган.

«(Мусо) деди:«У асойим, унга таянурман ва у билан қўйларимга (барг) қоқиб берурман. Яна ундан бошқа ишларим ҳам бор» (Тоҳа сураси, 18-оят).

4. Жавдат Пошо. «Қиссаси анбиё», 1-жилд, 65-бет, хулоса бўлими.

5. «Шариатул Ислом», 211-бет.

6.« Бахира масаласи», 7-бет.

7.«Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 107-бет.

8. Ёмонлиги Кавсар сурасида «...ал-абтар» дея билдирилган Ос машҳур Амрнинг отаси эди (Исмоил Ҳаққи Измирли).

9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида амакиларим билан бирга «Ҳилфул Фузул»нинг мажлисида қатнашдим. Бу мажлисдан шунчалар мамнун бўлган эдимки, менга (бир неча) қизил туялар (яъни дунё матоси) берилса, бунчалар қувонмасдим. Исломиятда ҳам бундай мажлисларга таклиф қилинсам, яна борардим» (Ибн Холдун).

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ