Пайғамбаримизнинг уйланишлари

6 йил аввал 1318 siyrat.uz

Пайғамбаримиз алайҳиссалом йигирма беш ёшларида ҳазрат Хадижага уйландилар. Бу пайт ҳали илоҳий ваҳий келмаган эди.

Хадижа қирққа борган, бой, чиройли, комил одоб соҳиби бўлган маккалик тул бир аёл эдилар. Бу онамиз Макканинг ҳокими, Каъбанинг муҳофизи бўлган Қурайш қабиласининг Бани Асад уруғидан эдилар. Оталари Асад ўғли Хувайлиддир. Аждодлари Расули акрамнинг аждодлари билан Қусайда бирлашади. Хадижа илгари икки марта турмуш қурган бўлсалар ҳамки, эрлари вафот этган, улардан икки ўғил ва бир қиз қолган эди10. Хадижа ўқимишли аёл бўлганлар. Хушхулқликлари учун аввал «Тоҳира», кейин эса «Хадижатул кубро» дея таъриф олганлар.

Туллик чоғларида бу онами»зга Макканинг бир неча пешволаридан совчилар келган, лекин уларнинг бирортасига ҳам розилик бермаганлар. Хадижа фақат ўзлари ишонган шахсларгагина сармоя бериб, у билан ҳамкорлик қилар, сарватларини орттирар эдилар.

Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёшликдан тижорат билан шуғулландилар. Бошқа ёшлар каби у кишига ҳам тижорат ҳаётини ҳомий амакилари Абу Толиб ўргатди. Ҳаттоки Расули акрамнинг бир неча тужжор дўстлари ҳам бор эди. «Тижорат учун бир неча бор Басра ва Сурияга, (юқорида айтиб ўтилганидек) уч марта Яманга бориб келган эдилар»11.

Ҳазрат Хадижа Расули акрамнинг тижорат билан шуғулланишларини, бу соҳада тўғри, ҳалол эканликларини билар, «ал-амийн» (ишончли киши) дея ном чиқарганларини эшитган эдилар. Хадижа Пайғамбаримизга ҳам сармоя таклиф қиладилар, ҳатто таклифни қабул қилганлари тақдирда у кишига бошқаларга бериладиган ҳиссанинг икки мисли берилишини таъкидлаб айтадилар. Шу зайл Расули акрам ҳам Хадижа розияллоҳу анҳонинг ҳамкорлари сафига кириб қоладилар.

Инглиз ёзувчиси Жон Давенпортнинг ёзишича: «Ҳазрат Муҳаммад уч йил унинг (Хадижанинг... - тарж.) номидан Шом ва бошқа шаҳарларга борган эдилар»12.

Ҳазрат Пайғамбар ҳазрат Хадижанинг тижорат карвонлари билан иккинчи марта Сурияга борганларида карвонда Хадижанинг қуллари Майсара ҳам бор эди. Майсарани Расули акрамга ёрдам бериш учун Хадижанинг ўзлари қўшиб юборган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам араблар билан юнонлар орасида олди-сотди маркази ҳисобланган (айни пайтда Ҳавранинг ҳам маркази бўлган) Бусрога бордилар. Шу ерда молларини сотиб, орқага қайтдилар. Бу тижорат сафари туфайли Хадижа катта фойда кўрдилар. Шу билан бирга, Хадижа Расули акрамнинг юксак ва комил ахлоқ соҳиби эканликларини, муомалада ўта ҳассослик фазилатларини ҳам билдилар. Инсонларнинг сарвари бўлган у Зоти муборакка чин дилдан кўнгил қўйдилар. У кишига турмушга чиқишни жон-дилдан истадилар. Орага (Нафиса бинти Муня каби) воситачилар кирди. Ва ниҳоят, турмуш қуришга аҳдлашилди.

Имом Сухайлийнинг маълумот беришича, ҳазрат Хадижанинг оталари Асад ўғли Хувайлид фижор урушидан олдин вафот этган эди. Лекин амакилари Асад Амр ҳали ҳаёт эди. Никоҳ маросими ҳазрат Хадичжнинг уйларида бўлиб ўтди. Расули акрамнинг амакилари бир хутба ўқиди (яъни Хадижани Расули акрамга никоҳлаб олиш истагини билдирди). Хадижанинг амакилари Амр (ёки амакиваччалари Варақа ибн Навфал) никоҳга розилик берди13. Никоҳни Абу Толибнинг шахсан ўзи ўқийди. Қурайшнинг мўътабар зотлари никоҳда вакил бўлишди. Никоҳлик (маҳр) сифатида Хадижага беш юз олтин берилди. Шундай қилиб, ҳазрат Хадижа Расули акрамнинг илк завжалари бўлди.

Ҳазрат Хадижа Пайғамбаримиздан икки ўғил (Қосим, Абдуллоҳ − Тоййиб, Тоҳир) ва тўрт қиз (Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Фотима) − жами олти фарзанд кўрдилар. Қосим биринчи фарзанд эди. Араб одати бўйича ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом «Абулқосим» (Қосимнинг отаси) деб атала бошландилар. Энг катта қиз Зайнаб, энг кичиги Фотима эдилар. Фотима розияллоҳу анҳо отасининг энг суюкли фарзанди эдилар. У Зот Пайғамбаримиз қирқ ёшга тўлганларида - илк ваҳий келган йили дунёга келган эдилар14.

Пайғамбаримиз бошқа бир завжалари − Исломга кирган мисрлик никоҳлилари Мориядан Иброҳим исмли учинчи ўғилни кўрганлар. Иброҳим вафот этган йили Расули акрам 63 ёшда бўлганлар (632 йил 7 январь).

Расули акрам ўғил фарзандларидан жуда эрта ажралганлар, қизлари ҳам ўзларидан олдин вафот этишган. Фақатгина Фотима Пайғамбаримиздан кейин яна олти ой яшадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сулолаларини давом эттирган ҳам ҳазрат Фотима бўлдилар. Қизларидан Зайнаб Рабиъа  ўғли Абул Ос (холаларининг ўғли) билан, Руқайя ва Умму Кулсум ҳазрат Усмон билан, Фотима эса ҳазрат Али билан турмуш қуришган эдилар. Бешинчи халифа ҳазрат Ҳасан ва Ҳусайн ҳазрат Алининг ўғиллари эдилар. Ҳазрат Усмон аввал Руқайяга, у вафот этгач, Умму Кулсумга уйланганлар; кетма-кет Расули акрамнинг икки қизларини олганлари учун у кишини «Зиннурайн» (икки нур эгаси) дейишар эди.

Ҳазрат Хадижанинг Расули акрамга ҳурмат-муҳаббатлари чексиз эди. Пайғамбарликдан олдинги ҳаётларида ҳам, пайғамбарлик даврларида ҳам бу буюк инсонга жуда кўп моддий ва маънавий ёрдам берганлар. Расули акрам билан ўтказган ҳаётлари давомида Хадижа онамиз содиқ йўлдош ва соф кўнгилли бир аёл эканликларини кўрсатганлар.

Хадижа онамизга уйланганларидан кейин Расули акрам у кишининг моллари билан маълум вақтгача яна тижорат қилиб турдилар. Катта фойда қозондилар. Ўзлари ҳам, амакилари Аббос ҳам Макканинг энг бадавлат кишилари қаторига ўтишди. Ҳатто амакилари Абу Толибга ёрдам бўлсин учун унинг кичик ўғли Алини ўз ёнларига олдилар. Катта ўғли Жаъфарни эса Аббосга бердилар.

Расули акрам ҳазрат Хадижа билан йигирма беш йил бахтиёр ва масъуд, бутун инсонларга ўрнак бўладиган ҳаёт кечирдилар. Пайғамбаримиз ҳазрат Хадижадан жуда мамнун эдилар. Хадижанинг устларига бошқа бир хотин олмадилар. Ҳолбуки, у даврда маданий деб билинган дунёда ҳам, Арабистон ярим оролида ҳам бир неча бор уйланиш одат тусига кириб қолган эди. Ҳатто бу одатга биноан ҳазрат Пайғамбарга ҳам бир неча бор таклифлар тушган эди. Лекин Расули акрам йигирма беш ёшдан то Хадижанинг вафотларигача ва ундан сўнгра то эллик уч ёшларигача бир завжа билан яшадилар.

Ғарблик муаллифлар ва уларга ҳамтовоқ бўлаётган бизнинг баъзи «ёзувчи»ларимиз оғиз кўпиртириб таъкидлаётган «кўп уйланишлик масаласи» эса ҳазрат Пайғамбарнинг эллик уч ёшларидан ва Макка ҳижратидан кейин кўринган эди. Ҳаётларининг навқиронлик даврини Маккада бир хотин билан ўтказган Расули акрамнинг ҳижратдан кейин Мадинадаги ҳаётларида кўп хотин олишларининг бир қанча муҳим ва юксак сиёсий, ижтимоий ва диний мақсадлар билан боғлиқлиги бор эди. Пайғамбаримиз ҳаётларини бетараф туриб ўрганган ҳар бир илм одами бу ҳақиқатларни ҳеч қийинчиликсиз кўради15.

Изоҳлар

10. Ҳазрат Хадижанинг илк завжлари Бани Махзумдан Обид ўғли Атийқ, иккинчи завжлари эса Бани Абдуддарнинг шериги Набаша ўғли Абу Хола эди.

11. «Асри Саодат», 1-жилд, 208-бет.

12. «Ҳазрат Муҳаммад ва Қуръони карим», 24-бет.

13. «Сийратул-Халабий», 1-жилд, 154-бет. Абдураҳим Запсу. «Буюк Ислом тарихи», 1-жилд, 48-бет.

14. Ҳайкал Пошонинг «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо» асари таржимасининг 112-бетидаги изоҳида Умар Ризо Дўғрулнинг ҳазрат Хадижа қизлари Фотимани 55 ёшларида туққанликлари, бу ёш Арабистонда фарзанд кўриладиган ёш эмаслиги ҳақидаги фикрлари келтирилади.

15. Китобнинг иккинчи қисмида мусулмончиликда аёлнинг мавқеи ва Пайғамбаримизнинг завжалари ҳақида тўлиқ маълумот берилади.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ