Макка даврининг паллалари: илк ваҳий, ваҳийнинг кесилиб қолиши

6 йил аввал 1723 siyrat.uz

Биъсат − Аллоҳ томонидан бир пайғамбарнинг юборилиши демакдир. Юборилган Пайғамбарга эса «Илоҳий мабъус» дейилади.

Бироқ илоҳий ваҳий ноил бўлган Пайғамбарга «Набий», илоҳий ваҳий билан бирга илоҳий ҳукмларни умматига билдирган, етказган пайғамбарларга «Расул» дейилади. Расул билан Набий ўртасида қуйидагича фарқ бор:

Расул − Китоб соҳиби, шариат соҳиби. Набий эса бундай эмас. Набий ўзидан олдин келган Расулнинг шариатига халқни даъват этиш билан вазифалантирилган бўлади. Ҳамма расулларни «Набий» деса бўлади, аммо ҳамма набийлар «Расул» бўлмайди. Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Набий, ҳам Расулдирлар.

Ҳазрат Пайғамбаримизга қирқ ёшларида набийлик, бир муддатдан сўнг эса расуллик келди. У пайтгача Макка аҳолиси ичида «зоҳидлар» ва «ҳанифлар» бор эди. Улар ражаб ойида Макка атрофидаги сокин гўшаларга бориб, чуқур ўйга толардилар. Улардан ҳар бирининг Ҳиро тоғида маълум бир жойлари бўларди. Ёшлари ўтган сайин Расули акрам ҳам секин-аста ўшандай сокин гўшага − узлатга чекина бошладилар. «Ашҳури ҳурум» деб аталувчи ойларда Макка яқинидаги Ҳиро тоғидаги бир ғорга кириб, узоқ вақтгача тафаккурга чўмардилар1.

«Асри Саодат» асарининг муаллифи бундай ёзади:« Ҳазрат Муҳаммад Маккадан уч мил (бир соатлик) масофада жойлашган Ҳиро (Нур) тоғига кетар, у ерда бир неча ой муроқабага (қалбан Ҳаққа йўналмоқ... - тарж.) борар эдилар»2.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларни шарҳлаган Айний (вафоти 855/1451 й.) бундай дейди: «Пайғамбаримизнинг қай тарзда ибодат қилганликлари ҳақида сўраладиган бўлса, бунинг тафаккур ва ибратдан иборат эканини айтамиз. Пайғамбаримизнинг катта боболари ҳазрат Иброҳим ҳам Пайғамбар бўлмасларидан олдин шу тарзда ибодат қилардилар».

Бухорийни шарҳлаган бошқа бир шориҳ Имом Қасталоний эса (вафоти 923/1517 й.) бундай дейди: «Фахри Коинот қирқ ёшга тўлганларида Ҳақ таоло у Зотни жамики инсу жинга Пайғамбар қилди. Нубувват билан шарафлантирилган у муборак кун рамазон ойининг ўн еттинчи (душанба) куни эди. Рамазони шарифда мабъус бўлдилар (пайғамбарлик мақоми берилди... - тарж.) деганларнинг далиллари шудирки, Қуръони Мубин Рамазон ойида нозил бўла бошланган эди3. Ҳатто баъзилар Қуръони Азим «Қадр кечаси»да самолардаги «Байти иззатга» биратўла нозил бўлди4, шундан кейин Ер юзига тадрижан йигирма уч йилда тушди, деганлар»5.

Бухорийнинг мухтасари «Тажрид»да илк ваҳийнинг келиши ҳодисаси шундай ривоят этилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бўлиб нозил бўлган нарса рост (чин) тушлар эди. Жаноб Расулуллоҳ тонг шафағи янглиғ нурафшон тушларнигина кўрардилар. Кейин у Зот ёлғизликни хушлайдиган бўлиб қолдилар. Ҳиро тоғига бориб, бир неча кеча ибодат билан машғул бўлдилар. Бунинг учун озиқ-овқат ғамлаб олардилар. Ибодатдан кейин оилаларига қайтардилар-да, Хадижа онамиздан егуликлар олиб, яна ғорга борардилар. Ниҳоят, у Зотга ҳақиқат зоҳир бўлди (ваҳий келди). Бир куни Жаноб Расулуллоҳ Ҳиро ғорида эканликларида қошларига бир фаришта келиб: «Иқроъ» («Ўқингиз!»), деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ма ана биқориин» («Мен ўқиёлмайман»), дедилар. Жаноб Расулуллоҳ айтадилар: «Фаришта мени ушлаб шундай қаттиқ қисдики, ҳатто мен ҳолсизланиб қолдим. Кейин бўшатиб, яна «Иқроъ», деди. Мен:«Ма ана биқориин», дедим. У учинчи бор мени ушлаб, шундай қаттиқ қисдики, ҳатто мен ҳолсизланиб қолдим. Сўнг у мени бўшатиб: «Эй Муҳаммад, бутун мавжудотни яратган Парвардигорингиз номи билан ўқингиз! У инсонни лахта қондан яратди. Ўқингиз, Парвардигорингиз инсониятга қалам билан ёзишни ўргатган Зотдир! У Зот инсонга унинг билмаганини ўргатди», деган оятларни ўқиди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳодисадан қўрқиб, дағ-дағ титраган ҳолда ортларига қайтдилар-да, Хадижа онамизнинг олдиларига келиб: «Мени ўранглар, мени ўранглар!»  дедилар. Жаноб Расулуллоҳни қўрқувлари босилгунча ўраб қўйишди. Кейин Хадижага: «Эй Хадича, менга нима бўлаётир? Менга бир нарса бўлиб қолмасайди, деб ўзимдан қўрқдим», деб бўлиб ўтган воқеани гапириб бердилар. Хадижа розияллоҳу анҳо: «Қўрқманг, аксинча, хурсанд бўлинг, Худо ҳаққи, Аллоҳ таоло сизни асло хор қилмагай. Худо ҳаққи, сиз қариндошларингизга оқибат қиласиз, рост гапирасиз, бировларнинг оғирини енгил қиласиз, йўқсилларни тўйдирасиз, меҳмондўстлик қиласиз, эзгулик йўлида саъйу имдод айлайсиз», дедилар. Сўнг Жаноб Расулуллоҳни амакиларининг ўғли Варақа ибн Навфалнинг ҳузурига олиб бордилар. Варақа жоҳилият замонида насроний динини қабул қилган эди. У арабча хат ёзишни ҳам билар, Аллоҳ таоло муяссар этганича Инжилдан арабчага кўчириб ёзар эди. Ўзи қари киши бўлиб, кўзи ожиз эди. Хадижа онамиз унга: «Эй амаки, биродарингизнинг ўғлининг сўзига қулоқ солинг!» дедилар. Варақа: «Эй жияним, неларни кўрдинг?» деб жаноб Расулуллоҳдан сўради. Пайғамбар алайҳиссалом кўрган нарсаларининг хабарини бердилар. Варақа: «Бу Номус (яъни ҳазрат Жаброил) бўлиб, Мусога ҳам ваҳий билан туширилган фариштадир. Кошкийди, ўша пайтда менинг ёшлигим бўлса, кошкийди, мен ҳаёт бўлсам!» деди. Кейин яна баъзи гапларни ҳам айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Қавмим мени ҳайдаб чиқарадими?» деб сўрадилар. Варақа: «Ҳа, шундай бўлади. Аммо бирор киши сиз келтирган нарса билан (пайғамбарлик билан) келмаган. Гар келса, қийноққа солинган бўлур эди. Агар сизнинг кунларингизда мен тирик бўлсам, сизга катта ёрдам берган бўлур эдим!» деди.

Лекин орадан кўп ўтмай, Варақа вафот этди. Кейин бир мунча вақт жаноб Расулуллоҳга ваҳий келмай қўйди. У Зот бундан қайғура бошладилар» .

Ҳа, Алақ сурасининг илк беш ояти Пайғамбаримиз қабул қилиб олган илк оятлар эди. «Ислом −Турк қомуси»да ушбу оятларнинг шарҳи қуйидагича берилган: «Ўқи! Ҳамма нарсани ўқи! Аллоҳнинг китобини ўқи! Аллоҳнинг оятларини ўқи! Табиат китобини ўқи! Башарнинг бутун тарихини ўқи! Илмнинг ҳар саҳифасини ўқи! Ҳар бир ҳақиқатни ўқи! Ҳар доим ўқи! Ҳидоятга эришмоқ учун ўқи! Залолатдан узоқлашмоқ учун ўқи! Иймонингни мукаммаллаштирмоқ учун ўқи! Ва бунинг учун Аллоҳ номи билан ўқи! Қудрат қалами бу оламга ёзган ҳар сатрни ўқи! Инсонга билмаганини ўргатган Тангрининг номи билан ўқи!»

Исломий ҳидоятнинг бутун инсониятга қарата айтган илк хитоби ана шу эди. Ва башарият қабул қилган энг юксак ҳидоят ҳам шудир. Чунки бу ҳидоят илмга суянади ва илмни ҳар нарсадан устун тутади... Бироқ унинг илмга берган устунлиги ҳукмронлик моҳиятидаги устунлик эмас, балки ҳидоят устунлигидир. Тўғри йўлни кўрсатувчи восита устунлигидир. Чунки илмдан жоҳилларча фойдаланиш ҳам башариятни сафолат ва изтиробга бошлайди... Пировардида фақат илмнинг ҳидоятигина саодат ва фараҳлик келтиради.

Шунинг учун ҳам мусулмонликнинг илк хитоби «Ўқи!» амридир. Бироқ мусулмонлик барча ҳидоят ва барча раҳматнинг манбаи бўлмиш «Аллоҳ номи билан ўқи!» дейишни ҳам унутмайди. Ва бутун ўрганилган илмнинг ҳидоят ва раҳматга маёқ бўлишини, унинг разолат ва бузғунчиликка ҳаммол бўлмаслигини истайди.

Илмдан фақат эзгу мақсадларда фойдаланиш, илм-фаннинг ҳидоятига кўнгил боғлаш энг тўғри ва оқилона йўлдир7.

Илк ваҳийнинг бу тарзда бошланганини Ибн Исҳоқ (вафоти 151/768) Зухрийдан, у эса Урвадан (вафоти 94/712), у эса Оиша онамиздан (вафотлари 58/677), у киши эса ўз навбатида Расули акрамдан ривоят қилганлар.

Илоҳий ваҳийнинг ҳақиқатини илоҳий пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким билолмайди. Ҳадис олимларимиздан марҳум Аҳмад Наим бундай деган эди: «Ваҳийнинг моҳияти пайғамбарлардан бошқасига маълум эмас. Бошқа бировнинг ваҳийни тушунтиришга уриниши кўрнинг ранглар ҳақида гапириб беришига ўхшайди. Фақат нузул (ваҳий тушаётган) пайтда у ерда бўлганлар кўрган баъзи аломатларни айтиб ўтса бўлади».

Ваҳийнинг саккиз мартабаси бор:

Биринчи мартаба − содиқ (тўғри) тушдир. Мўминлар онаси Оиша Сиддиқанинг ривоят қилишларича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бир туш кўрмасдиларки, тонг шафағи янглиғ очиқ-ойдин зуҳур этмасин. Ҳатто Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра, «Ваҳий қиссаси»нинг бошланиши ваҳий нозил бўлган кундан бир кеча аввал айни шаклда тушда ҳам зуҳур этган эди. Ваҳийнинг уйқу ҳолатида ҳам нозил бўлиши мумкинлигини билган саҳобаи киромлар ҳар қандай ҳолда Расули акрамни то ўзлари уйғонмагунларича уйғотишмас эди. Уйғоқликларида нимаики нозил бўлган бўлса, дастлаб тушларида ҳам шулар нозил бўлганини айтганлар ҳам бор.

Иккинчи мартаба − Расули акрам уйғоқ ҳолларида фаришта кўринмасдан, у Зотнинг қалби шарифларига жойлашардики, бу фақатгина мужаррад илҳомгина эмас, Аллоҳ яратган зарурий илм воситасидаги илоҳий ваҳий ҳам эди.

Учинчи мартаба − фаришта бир инсон суратига кириб, Расули акрамга хитоб қилар, у киши эса эшитганларини ҳеч нуқсонсиз умматларига етказардилар. Жаброил алайҳиссалом кўпинча жуда ҳам хушсурат бўлган Дихятубну Халифатал Қалбий (вафоти 54/673) қиёфасига кирарди. Бошқа суратга кирганлиги ҳам воқеъдир. Жумладан, иймон, Ислом ва эҳсон ҳақида Пайғамбаримизга савол бериб, жавобини умматига эшиттирган бир аъробий суратига кириб келгани Бухорий ва Муслимларда ривоят қилинади.

Тўртинчи мартаба − Жаброил алайҳиссалом Расули акрамга қўнғироқ овозига ўхшаш қўрқинчли бир овозда хитоб қилардилар. Бу овоз у фариштанинг ўзининг ёхуд қанотининг овозидир. Бу овоз эшитилиб турган пайтда Пайғамбарнинг қалби шарифлари Аллоҳ хитобининг ҳайбатидан титроққа тушиб, ворид бўлган илоҳий каломни бирданига қамраб ололмасалар ҳам, маълум вақтдан кейин айтилган у хитоби илоҳий қалбдан жуда яхши жой олган бўларди. Илоҳий ваҳийни қабул қилиб олиш Пайғамбаримиз учун жуда оғир ва шиддатли кечган. Бунинг сабаби − Расули акрамнинг ваҳий келиш асносида инсонлик табиатидан бирданига чиқиб, малаклик вазиятига киришларидан бўлса керак. Башарий сифат ва малакий талқин у Зотга жуда оғир жисмоний ҳорғинлик берарди, ҳатто энг совуқ кунда ҳам муборак вужудларидан дув-дув тер оқар, минган туялари ҳам бундайин оғирликларга дош беролмай, ҳеч ўйламаган жойда чўкиб қолар эди. Шундай воқеа Сарвари оламга Арофатда − Моида сураси нозил қилинаётган пайтда рўй берган эди. Ўшанда туянинг оёқлари синишига оз қолган. Яна бир гал муборак тиззалари ваҳий котибларидан Зайд ибн Собит Ансорийнинг тиззаси устидалигида ваҳий келиб қолган. Ўшанда оёғига тушган оғир юкдан Зайднинг тиззалари синиб кетар даражада бўлган.

Бешинчи мартаба − Жаброил фариштанинг асл қиёфада кўриниб ваҳийни етказишидир. Бу ҳол икки марта содир бўлган. Биринчи марта Жаброил у Зотга Ҳиро тоғида кўринган эди. Бу қўрқинчли манзарага ҳатто «Башарияти Муҳаммадия» (Муҳаммадий фитрат) ҳам чидаб туролмай, кўрар-кўрмас ўзларидан кетиб қолганлар. Иккинчиси Меърож кечаси − «Сидратул Мунтаҳо» ёнида рўй берган.

Олтинчи мартаба − Меърож кечаси, Самовот уйидалик чоғларида беш вақтлик намознинг фарзлиги у Зотга фаришта воситасисиз билдирилган. Хитобнинг бу тури рўъятсиздир.

Еттинчи мартаба − юзма-юз ва пардасиз гапиришликдир. Меърож кечаси рўъят билан бирга хитобнинг келиши фақатгина Расули акрамга насиб бўлган. (Баъзи олимлар бу фикрни қабул қилишмайди.)

Саккизинчи мартаба - Тушда (мушоҳадаи жамол) ила ваҳийга ва хитобга мазҳар бўлишдир»8.

Расули акрамга дастлаб келган ваҳийдан кейин бир мунча муддат илоҳий ваҳий кесилиб қолади. Проф. Аҳмад Наим Бей бу «фитрати ваҳий» ҳақида қуйидаги маълумотни беради: «Ваҳийнинг келмай қолган муддати ҳақида турли фикрлар бор. Энг ками ўн беш кун, энг кўпи эса уч йил деб кўрсатилади»9.

«Асри Саодат»да эса қуйидаги сатрларни ўқиймиз: «Илк ваҳийдан кейин бир неча кун илоҳий ваҳий келмай қолганида Расули акрамнинг тоғ тепасига чиққанликлари, қаттиқ изтироб тортганликлари, у ердан ўзларини отмоқчи бўлганликлари ривоят қилинади. Бироқ бу аснода фаришта такрор кўриниб: «Эй Муҳаммад, сен дарҳақиқат Аллоҳнинг Пайғамбарисан!» дер, бу сўзлар у Зотга тасалли берар ва у кишидаги азим шижоатни орттирар эди. Илоҳий ваҳий яна келмай қўйса, Пайғамбарни тағин аввалгидек безовталик, руҳий танглик ўраб олар, бироқ бу пайтлар фаришта яна кўриниб қолар эди».

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний (вафоти 853/1449) ўз китобида бу мавзуда мунаққидларнинг фикрини ҳам, танқидларга берилган жавобларни ҳам қайд этиб ўтади. Мунаққидлар шундай дейишади: «Ҳазрат Муҳаммаднинг ўз нубувватларидан шубҳа қилишларига имкон борми? Борди-ю, у Зотда бирор шубҳа бўлса, бу шубҳани бир христиан бўлган Варақанинг сўзлари йўқотармиди?» Бунга бир муҳаддис қуйидагича жавоб беради: «Нубувват шу қадар муаззам бир вазифаки, инсоннинг уни осонгина ўз зиммасига олишига имкон йўқ. Расули акрам бу шарафли ва оғир вазифага тадрижий равишда олиб келиндилар. Аввало, содиқ тушлар орқали ўргатилдилар. Лекин бирдан фариштани кўришлари билан башарий фитратда бўлганлари учун чўчиб қолдилар. Хадижа ва Варақа у Зотга тасалли беришгач, кўнгиллари хотиржам бўлди». «Асри Саодат» асарининг муаллифи бу маълумотларни бергандан кейин шундай дейди: «Ровийларнинг бу ривояти қаршисида ҳайрон қолмаслик мумкин эмас. Қаранг, гўёки Расули акрам фариштани кўришлари билан қўрқибдилар-у, тасалли берилса ҳамки, ўзларини тоғлардан ташламоқчи, жарликларга отмоқчи бўлибдилар. Қизиқ, бошқа бир Пайғамбар ўз нубуввати ҳақида шунчалар шубҳага борганмикан?»10 Мавлоно Муҳаммад Али ҳам шу каби фикрни билдиради: «Расули акрамнинг бу орада тоғларнинг бошига тирмашиб чиқиб, у ердан ўзларини отмоқчи бўлганларига доир нақл этилган ривоятлар асоссиздир. Расули акрамнинг ўз жонларига суиқасд этишлари билан боғлиқ ривоятлар у Зоти муборакнинг аҳволи-руҳияларига тамоман зиддир. Ёшликлариданоқ Пайғамбаримизнинг қалблари башарнинг ҳолини ислоҳ қилиш, башариятни тажаддудга (янгиланиш, тозаланишга) эриштириш орзуи билан ёнарди. Ниҳоят, «фатрати ваҳий» тугади. Инқитои ваҳий (ваҳийнинг кесилиши)нинг илоҳий бир ҳикмати бор эди. Ваҳийни қабул қилиш асносида ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дучор бўлган изтироблар у кишининг вужудларида кўринарди. Шунингдек, олти ойдан ўтмаганлиги муҳаққақ бўлган «фитрат»дан (икки ваҳий орасидаги муддатдан) кейин аввалгидек шиддатли тарз бўлмаса ҳам, у Зот айни ҳисларни бошларидан кечирган эдилар»11.

Ибн Аббосга кўра, фатрати ваҳий (икки ваҳий ораси) жуда ҳам қисқа бўлган. Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан шундай бир ҳадис ривоят қилинади: « Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатрати ваҳийдан баҳс юритиб, гап орасида марҳамат қилдилар: «Бир куни йўлда кетаётиб, осмондан бир овоз эшитдим. Бошимни кўтариб қарасам, Ҳирода менинг олдимга келган фаришта (Жаброил) само билан ер ўртасида бир курсида ўтирибди. Жуда ҳам қўрқиб кетдим. (Уйимга) қайтиб:«Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!» дедим. Шу пайт Аллоҳ таоло: «Эй (либосларига) бурканиб олган Зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан йироқ бўлинг!» (Муддассир сураси, 1-5-оятлар) ояти каримасини нозил қилди. Бундан сўнгра ваҳий тез-тез кела бошлади ва келиши тўхтаб қолмади»12.

Марҳум Муҳаммад Ҳамди Язир ҳам шу қийматли фикрни илгари суради: «Ҳазрат Оишадан ваҳийнинг аввали ва Қуръон нузулининг бошланиши «» бўлгани ривоят этилгандир. «Саҳиҳи Муслим»да бу ҳадис мутааддид (кўп бор – тарж.) тариқлар-ла ривоят қилинган. Гарчи ҳазрат Оиша бу воқеанинг устида бўлмаган бўлсалар ҳам, бу ҳол ҳадиснинг мурсал бўлишини тақозо этмайди. Баён тарзи кўрсатяптики, ҳадиснинг боши ва охири йўқ бўлса ҳам,  ҳеч шубҳасиз, шахсан Пайғамбаримизнинг оғизларидан эшитилиб ривоят қилинган.

Саҳиҳ ривоят: оят нуқтаи назаридан Қуръон Иқро сурасининг аввали билан нозил бўла бошлаган, сура нуқтаи назаридан нузулининг аввали Фотиҳа сурасидир. Фотиҳанинг нузули «»нинг ҳаммаси, «»дан, «»дан ва «»дан аввалдир.

Демак, Жаноби Ҳақ Китобининг Фотиҳасини туширишдан олдин Расулини қабулга тайёрлаган ва у кишига Раббисидан бир Китоб эҳсон бўлажагини хабар бериш учун аввал қироатга (ўқишга), сўнгра қалам билан китобатга (ёзишга) тарғиб этган ва буларни Раббининг номи билан бошлашни буюрган. Ниҳоят, бу тайёргарликдан кейин Китобининг илк сурасини асос ўлароқ эҳсон қилган13.

Проф. Исмоил Ҳаққи Измирлининг фикрича, илоҳий ваҳий йигирма икки йилу икки ойу йигирма икки кун давом этган14.

Расули акрамнинг йигирма уч йилдан иборат пайғамбарлик ҳаётларининг бир қисми Маккада, бир қисми Мадинада ўтгани учун Қуръон оятлари ҳам иккига − «Маккий» ва «Маданий» ояларга бўлинади.

Оятлар тўпланиб, суралар ҳосил бўлган. Қуръон каримда 114 сура бор. «Кашшоф» тафсири муаллифи машҳур олим Замахшарийнинг (Абулқосим Жоруллоҳ Маҳмуд ибн Умар, вафоти 538/1143) фикрича, Қуръондаги оятлар сони 6666 тадир. Ибн Камол (Камол Пошозода Аҳмад Шамсуддин, вафоти 940/1533) Қуръон оятлари ҳақида назмий йўлда шундай ёзган:

Билмоқ истарсан агар сен оятлар ададин,

Жумласи ояти минг ва олти юз олтмиш ояти.

Минги ваъди баён анинг, минги эса ваъид,

Мингидур амри ибодат, минги наҳий ва таҳдид.

Минги амсоли ибардур, минги ахбор ва қисас,

Беш юз ояти ҳалол бирлан ҳаромга нухтас.

Юз оятида жамланмиш дуо ва тасбеҳ,

Олтмиш олтиси эса насх ила мансух.

Яъни бу оятлардан мингтаси амр (буйруқ), мингтаси наҳий (тақиқ), мингтаси ваъда (мукофот), мингтаси ваъид (жазо), мингтаси қисса, мингтаси амсол (мисоллар), беш юзтаси ҳалол ва ҳаром, юзтаси дуо, олтмиш олтитаси насх ва мансух (ҳукми ўзгартирилган) оятлардир.

Қуръон сураларининг тўқсон учтаси Маккада, йигирма биттаси Мадинада нозил бўлган. Маккий суралар ўн икки йилу беш ойу ўн уч кун давомида Маккада, Маданий суралар эса тўққиз йилу тўққиз ойу тўққиз кун давомида Мадинада нозил бўлган.

«Маккий сураларда инсонлар ягона Аллоҳга иймон келтиришга чақирилганини, Маданий сураларда эса бу иймон амаллар шаклида тазоҳур эттирилганини кўрамиз. Маккий сураларда инсонлар яхшиликлар қилишга даъват этилади. Маданий сураларда эса яхшиликнинг қандай амалларга боғлиқлиги кўрсатилади. Маккий сураларда энг кўп тавҳид ақидасидан баҳс юритилса, Маданий сураларда яхшилик билан ёмонликнинг асл моҳияти мукаммал тарзда баён қилинади»15.

«Суралар бир-бирига мусовий (тенг) эмас. Энг узуни Бақара сураси, энг қисқаси Кавсар сурасидир»16.

Марҳум устоз Исмоил Ҳаққи нузул санаси ўлароқ, Маккий сураларни қуйидаги тартибга қўяди: 1) Алақ сураси; 2) Нуҳ, Қалам; 3) Муззаммил; 4) Муддассир; 5) Фотиҳа сураси.

Қоҳиралик Имом Суютий (Жалолиддин, вафоти 911/1505) эса Маккий сураларни 1) Фотиҳа; 2) Иқроъ; 3) Нуҳ; 4) Муззаммил; 5) Муддассир тарзида санайди.

Бироқ «Ҳозирги пайтда қўлимизда мавжуд Қуръон нусхаларида оятлар ва суралар нозил бўлган йилига мувофиқ равишда қўйиб чиқилмаган. Барча далиллар Қуръони каримнинг бугунги шаклда Расули акрам томонларидан тузиб чиқилганини исбот этади»17.

Илк нозил бўлган оятлар Иқроъ (Алақ) сурасининг илк беш ояти эди. Энг охирда келган оят эса Бақара сурасининг 218-ояти бўлди18. Бу ояти карима ҳайитнинг биринчи куни нозил бўлган эди. Вадоъ ҳажида Арофатда нозил бўлган Моида сурасининг учинчи:

 «Бугун Мен сизларга динингизни мукаммал қилиб бердим» ояти эса Қуръони каримдаги аҳком оятларидан энг сўнг нозил бўлган оятдир19.Эҳтиёжга қараб вақти-вақти билан нозил бўлган Қуръон оятлари Фахри коинот − Расули акрам ҳузурларидаги ваҳий котиблари томонидан ёзиб олинар, бир нусхадан сақлаб қолинар эди. Айни пайтда у ердаги саҳобаи киромлар ва ҳофизлар (қорилар) томонидан ёдланарди. Бироқ ҳамма оят-суралар тўпланиб, бир китоб ҳолига келтирилмаган эди. Бу муҳим ва хайрли иш биринчи халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳу томонларидан амалга оширилди. Бинобарин, охирги оят келгач, орадан кўп ўтмай (саксон бир кундан кейин), Сарвари олам Муҳаммад алайҳиссолату васаллам дорул фанодан дорул бақога ўтган эдилар (1-рабиъул аввал/632 йилнинг 11-27 майи).

Изоҳлар

1. Маҳмуд Асад. «Шариати Исломия ва жаноб Қарлайл», 238-бет.

2. 1-жилд, 224-бет.

4. «Биз (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр сураси, 1-оят).

5. «Мавохиби Ладуния», 1-жилд, 30-бет.

6. Марҳум проф. Аҳмад Наим таржимаси, 1-жилд, 8-бет.

7. «Ислом-Турк қомуси», кириш сўзи.

8. «Тажрид» таржимаси, 1-жилд, 2-бет.

9. «Тажрид»таржимаси, 1-жилд, 11-бет.

10. 1-жилд, 228-бет.

11. «Пайғамбаримиз», 62-бет.

12. «Тажрид» таржимаси, 1-жилд, 11-бет.

13. «Қуръон тили», 1-жилд, 8-бет.

14. «Маонии Қуръон», 2-жилд, 577-бет.

15. «Тангри буйруғи» мажалласи, 7-сон.

16. Маҳмуд Тоҳир Бурсий. «Далхилут Тафосир», 21-бет.

17. «Тангри буйруғи» мажалласи, 15-сон.

18. «Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган Кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди» (Бақара сураси, 281-оят).

19. «Маонии Қуръон», 1-жилд, 196-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ