Уч йил яширинча даъват

1 ўн йил аввал 2789 siyrat.uz

Муддассир сурасининг келиши билан (милодий 610 йил) Пайғамбаримизнинг «Макка даврлари» бошланган. Расули акрамга тушган вазифа бошқа пайғамбарларнинг вазифаларига ўхшамасди. Мисрда туғилган ҳазрат Мусонинг вазифалари мисрликлар орасида даҳшатли асоратда яшаётган Исроил ўғилларини фақатгина у заҳарли муҳитдан қутқармоқ, уларни Фаластин мамлакатига олиб бормоқ эди. Фаластин мамлакатида туғилган, Мисрда катта бўлган ҳазрат Исонинг вазифалари Фаластинда пайғамбарликларини яширинча ёйишдан иборат эди.

Қуръонда «Раҳматан лил ъаламийн» дея таърифланган Пайғамбаримиз алайҳиссалом Хотамул Анбиё эдилар. Вазифалари ҳам ўта муҳим ва мушкул эди. У Зотнинг вазифалари фақатгина Арабистонни эмас, балки бутун инсониятни сафолатдан қутқариб, саодатга эриштирмоқдан иборат эди. Шу сабабли ҳам Расули акрам ўта ҳассослик ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишлари керак эди. Макка даврининг илк уч йилида даъватнинг ниҳоятда яширинча олиб борилишининг сабаби ҳам мана шу эди. У киши дастлаб қалбларини энг яқинларига, самимий дўстларига очган эдилар.

Муддассир сураси нозил бўлиши билан Расули акрам ётган жойларидан дарров туриб кетдилар. Завжалари Хадижа розиzллоҳу анҳонинг «Нега турдингиз, дам олмадингиз?» деган сўроқларига «Энди дам олишнинг, истироҳатнинг вақти ўтди!» дея жавоб бердилар.

Янги келган ваҳий Пайғамбаримизга инсонларни Аллоҳ йўлига чақиришни билдирди. Бироқ Расули акрамни «Мен бу ҳақиқатни кимга айтаман? Мени ким тасдиқларкан?» деган андиша қийнарди. Ўшанда муҳтарама аёллари Хадижатул Кубро Расули акрамга шундай дедилар: «Эй Аллоҳнинг элчиси! Сизнинг гапларингизни мен қабул қилиб, тасдиқлайман. Энг аввало, Аллоҳ йўлига мени даъват этинг!»

Бу сўзлар ҳазрат Пайғамбардаги андишани кетказиб, у Зотни маънавий қувонч эгаллаб олди.

Кўриняптики, Ислом тарихида Расули акрамга энг аввал ишонган, иймонини билдирган мусулмон ҳазрат Хадижа онамиз бўлганлар. Расули акрам билан биринчи марта намоз ўқиган ҳам у муҳтарама волидамиз эдилар.

Хадижадан кейин энг қадрдон дўстлари Абу Бакр, сўнгра амакиваччалари Али, озод қилган қуллари ва тутинган ўғиллари Зайдлар Ислом динини қабул қилдилар, кейинчалик ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу иршодлари билан яна беш маккалик мусулмон бўлишди. Шу тариқа маккалик илк мусулмонларнинг сони Хадижа онамиз билан бирга тўққизтага етди.

Мағозий аҳлининг раиси Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра, Хадижадан кейинги маккалик саккиз мусулмон қуйидагилар эди: Али, Зайд, Абу Бакр, Усмон, Зубайр, Абдурраҳмон, Саъд, Талха розияллоҳу анҳулар. Маккалик бу илк мусулмонлар «Собиқуни Ислом» деб аталадилар.

Ваҳий келганида Расули акрамнинг пайғамбарликларини тасдиқлаганлари учун ҳазрат Хадижанинг илк мусулмон бўлганларига шубҳа йўқ. Бироқ олимлар ўртасида ихтилофга сабаб бўлган масала − Абу Бакр, Али ва Зайддан қайси бирларининг биринчи бўлиб Исломга кирганликлари масаласи эди. Кўпчиликнинг фикрича, ҳазрат Хадижадан кейин илк мусулмон Абу Бакр, кейин Али, ундан кейин эса Зайд бўлганлар. Шу билан бирга ҳамма ривоятлар асосида шу хулоса ҳам чиқарилган: аёллардан илк мусулмон − Хадижа, эркаклардан − Абу Бакр, болалардан − Али, озод қилинган қуллардан − Зайд эдилар20.

Сияр китобларининг баъзиларида Расули акрамга Алақ (Иқроъ) сурасининг оятлари келиши асносида Варақанинг мусулмон бўлгани ҳақида гапирилса ҳамки, бу тўғри эмас. Чунки Варақа анча олдин вафот этган ва Пайғамбаримизнинг Исломга даъват қилган кунларига етиша олмаган эди.

Хулоса шуки, Расули акрамнинг илк умматлари Хадижа ва саккиз мусулмон эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илк ёрдамчилари ҳам шулар бўлдилар.

(Маккалик бу илк саккиз мусулмонни алоҳида-алоҳида таниб олмоғимиз керакки, бу ишни биз бобнинг охиридаги изоҳда қисқача баён қилдик.)21

Расули акрам маккаликларни бутга сиғинишдан қутқариш ва Якка Тангри (тавҳид) эътиқодига олиб кириш учун уч йил яширин равишда, сукунат билан ҳаракат қилдилар. Фақат ўзлари ишонган одамларни Исломга чақирардилар. Ҳазрат Абу Бакр ҳам ўз аҳбобларини яширинча даъват қилар эдилар. Макка аҳолиси бирин-кетин бутпарастликни ташлаб, ҳақ динга кирар, кирганлар эса танишларига тушунтириб берар эди. Уч йил ичида мусулмонларнинг сони бор-йўғи ўттизтага етди. Булар намозларини Масжиди Ҳарамда очиқча ўқишолмас, уйларида ибодат қилишар эди. Бомдод билан кечқурунги намозларда Қуръонни овоз чиқармай ўқишар, мусулмонликни яширин тарзда ёяр эдилар.

Бутпарастлик маккаликларнинг руҳиятига катта таъсир ўтказган эди. Қурайшийлар ўз динларига бир қанча манфаатлар воситасида боғланиб қолган эдилар. Улар Арабистонда баланд мавқеларининг давом этишини фақатгина эски динларининг яшаши билан боғлиқ, деб билардилар.

Пайғамбримиз фақат бутпарастликка қарши курашибгина қолмай, балки қурайшийлар ичидаги хурофотларга ҳам барҳам беришга ҳаракат қилдилар.

Макка уфқларида Ислом нурининг кўриниши билан маккаликлар иккига ажралишди. Аллоҳнинг бирлигига ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар эканларига ишонганлар «мўмин ва мусулмон», ишонмаганлар эса «мушрик ва кофир» дейилди.

Мушриклар сон жиҳатдан кўп бўлиш билан бирга бой ва кучли, аммо ахлоқлари ҳаддан зиёд бузуқ эди. Ўз динлари ва бутларига нисбатан ҳам самимий эмасдилар. Фақатгина манфаатлари учунгина бутга сиғинишарди.

Мусулмонлар оз сонли бўлишларига қарамай, иймонлари ҳам, сажиялари (феъл-атворлари) ҳам юксак эди. Улар Расули акрамга чуқур самимият билан мустаҳкам боғланган эдилар. Бу боғлиқлик сабаби эса Пайғамбаримизнинг ҳам чуқур самимиятлари, илоҳий вазифани бажариш йўлида ҳатто жонларини фидо қилишга тайёр турганликлари каби васфлари эди.

Ўн уч йил давом этган Макка даври мобайнида бу икки қарама-қарши қутбнинг (мушриклар ва мусулмонларнинг) муносабатлари ҳам айрича эди. Мушрикларнинг мусулмонларга қарши қилаётган ёмонликлари беш хил эди: дастлаб бу ёмонликлар бир истеҳзо тарзида бошланди. Сўнгра эса ҳаракат тусини олди. Кейинроқ исканжа ҳолига кирди. Бир мунча вақтдан кейин эса ҳар қандай тижорий ва маданий муносабатларни узиш даври бўлди. Охирида шиддат сиёсати бошланиб, Расули акрамнинг ва бутун мусулмонларнинг Маккадан чиқариб юборилишларигача етиб борди.

Бу турли-туман ёмонликлар ва қийинчиликларга қарши Расули акрам ва у кишининг атрофларидаги мусулмонлар қандай муносабат билдиришди? Улар ўзларини ҳимоя қилиш ёхуд суиқасд уюштириш каби йўлларни тутишса бўлмасмиди? Қуръони карим сабр билан ҳаракат қилишни тавсия қилгани учун Расули акрам ваъз ва насиҳат йўли билан қурайшийларни Исломга даъват қилардилар.

«(Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг йўли − динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг» (Наҳл сураси, 125-оят).

Ўша пайтда мусулмонларга энг кўп азият етказган маккалик мушрикларнинг бошлиқлари қуйидагилар эди: Абулмутталиб ўғли Абу Лаҳаб ва завжаси, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва ўғли Ҳакам ибн Абил Ос, Уқбатубну Аби Муайят, Абу Бухтарий, Асвад ибн Абдийус, Асвад ибн Мутталиб, Надар ибн Ҳорис, Умайятубну Халаф, Мунаббих, Ос ибн Воил, Асвад ибн Абдил Асад, Абу Қайс, Соиб, Осим ибн Саид, Ҳорис ибн Қайс, Ос ибн Ҳишом.

Қурайшийнинг дастлабки ёмонлиги масхара даври бўлди. Бу давр пайғамбарликнинг илк уч йили − даъватнинг яширинча қилинган уч йилига тўғри келади. Дастлаб қурайшийлар Расули акрамнинг пайғамбарликларини жуда ҳам бепарволик ва лойқайдлик билан кутиб олишган эди. Улар Ислом динини Арабистонда анча йиллардан буён мавжуд бўлган турли динлар орасига яна бир янги диннинг қўшилгани сифатида билишган, бошида индамай юришган эди. Аммо Расули акрамга ҳам, бошқа мусулмонларга ҳам изтеҳзоли кулиб қарашар, уларни мазах ҳам қилишар эди. Ҳатто Расули акрам кимнинг ёнидан ўтсалар: «Мана ўша − кўкдан хабар берган, ўзига сирлар очилаётганини даъво қилган Абдуллоҳ ўғли Муҳаммад−, деб бир-бирларига кўрсатиб кулишарди. Мушрикларнинг бу масхарали хатти-ҳаракатлари ҳақида Қуръони карим ҳам ишорат қилган22.

Ҳазрат Пайғамбар Ислом динини ёйишни бошлаган пайтларида Маккадаги мушрикларнинг мусулмонларга бўлган илк муносабати ана шундай истеҳзо шаклида эди.

Изоҳлар

20. Ҳофиз ибн Ҳожар.«Фатҳул Борий», 7-жилд, 130-бет.

21. 1. Ҳазрат Абу Бакр розиzллоҳу анҳу Маккадаги Қурайш қабиласининг Тамим уруғидан эдилар. Қурайш ичида баланд обрўлари бўлиб, ҳамма у кишини севар, гапларига қулоқ солар эди. Оталари Усмон (лақаби Абу Кухофа) бўлиб, ҳам ота, ҳам она (Уммул Хайр) томонидан сулолалари Пайғамбаримизнинг сулолалари билан Муррада бирлашади. Расули акрамдан икки ёш кичик бўлиб, икки йил кўп яшадилар − ҳазрат Пайғамбар каби олтмиш уч ёшда вафот этдилар (13/634 й.). Насаб илмининг билимдони бўлганлар. Жоҳилият даврида қон даъво қилиб тортишганларга ҳакамлик қилардилар, ҳамма у киши чиқарган ҳукмга итоат этар эди. Тижорат билан шуғулланишлари орқасидан жуда бой эдилар. Исломдан аввал Пайғамбар алайҳиссалом ҳам шу иш билан шуғулланганлари учун Абу Бакр билан дўстликлари ўша тижорат даврида бошланган.

Муҳаддислардан Ибн Саъднинг ривоятига кўра, Исломга кирган пайтда Абу Бакрнинг қирқ минг дирҳам сармоялари бўлган. Бу бойликларининг катта қисмини Аллоҳ ризолиги йўлида Исломнинг ривожи учун сарф этдилар. Мусулмонлиги туфайли қаттиқ исканжа-азоблардан юрак-бағри хун бўлган етти (эркак ва аёл) жория ва қулларни эгаларидан сотиб олиб, озод қилганлари буюк ва унутилмас яхшиликларидандир. Имом Бухорийга кўра, бир-икки бор Расули акрамни ҳам мушриклар қўлидан қутқариб қолганлар. Ақл-заковатлари билан бутга сиғинишнинг бемаъни ва ёмон эканини англаганлар, ҳеч қачон бутларга сиғинмаганлар, оғизларига бир томчи ичкилик олмаганлар. Ҳазрат Абу Бакрнинг исмлари Абдуллоҳ бўлган. Бу номни у кишига Расули акрам берган эдилар. Бироқ мусулмонлар орасида «Абу Бакр» лақаби билан танилганлари учун «Абдуллоҳ» исми унутилиб кетган. Илк фарзандларига нисбат берилиб «Абу Бакр» (Бакрнинг отаси) дейилган бўлса, Ислом динини ҳеч тараддудсиз қабул қилганлари ва Расули акрамнинг меърожларини эшитибоқ тасдиқлаганлари учун «Сиддиқ» унвони ҳам берилган эди. Қизлари ҳазрат Оиша розиzллоҳу анҳони Расули акрамга никоҳлаб бериб, ақраболик ришталарини боғлаган Абу Бакрнинг Пайғамбаримизга Ислом йўлида кўрсатган ёрдамлари ҳам беқиёс эди. Абу Бакр Қуръон ошиғи эдилар. Ажойиб овозда Қуръон ўқир ва ўқиркан, йиғлар эдилар. Оятларнинг мазмунини тушунар, билмаган ўринларини Расули акрамдан сўрар эдилар. Катта ҳижрат куни Мадинага Расули акрам билан биргаликда бир туяга мингашиб ҳижрат қилганлар. Мадина даврида мушриклар, яҳудийлар ва христианларга қарши ҳамма ғазовотларда Пайғамбаримиз билан бирга бўлдилар. Пайғамбаримизнинг ёнларидан ажралмасдилар, у кишининг вазири эдилар. Асҳоб билан истишора чоғида Расули акрам Абу Бакрни ўнг томонларига, ҳазрат Умарни чап томонларига олиб, олдин уларнинг фикру раъйларини сўрардилар. Абу Бакр, шубҳасиз, асҳобнинг энг билимдони эдилар. Исломий ҳаж қилинган вақт Расули акрам Абу Бакрни ҳаж раиси қилиб Маккага жўнатганлар. Сарвари олам хасталаниб ётганларида «Жомеъга томон очилган Абу Бакрнинг эшигидан бошқа ҳамма эшикларни ёпингиз!» амрини берганлар. Кейинчалик хасталиклари оғирлашиб, Жомеъга чиқолмайдиган бўлиб қолганларида «Абу Бакрга айтинг, жамоатга имомлик қилсин», деб уч марта такрорлаб айтганлар.

Абу Бакр Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларида уч кун (ўн етти вақт намозга) имомлик қилдилар. Ҳатто бир марта Расули акрам Абу Бакрнинг орқаларида ўтирган ҳолда намоз ўқиганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари муносабати билан мунофиқларнинг мишмишлари Мадина ҳавосини булғаётган буҳронли бир пайтда Абу Бакр совуққонликни сақлай олдилар; ақл билан иш юритдилар. Тўппа-тўғри қизлари Оишанинг уйларига бориб, Расули акрамнинг юзларини очдилар. Йиғлаб Сарвари оламнинг икки кўзлари орасидан ҳурмат билан ўпдилар. Оилаларига тасалли бердилар. Масжидга чиқиб хутба ўқидилар. «Эй инсонлар! Орамизда Муҳаммадга ибодат қилганлар бўлса, яхши билишсинки, энди Муҳаммад ўлгандир. Аллоҳга ибодат этганлар бўлса, яхши билишсинки, Аллоҳ боқийдир, асло ўлмагайдир!» деган сўзлар билан асҳобнинг кўнглини тинчитдилар, тасалли бердилар. Ўша куни халифаликка сайлов пайтида жуда қизиққонликка ва ҳаяжонга берилган ансорни таҳликали йўлдан қайтариб қолдилар, Ислом бирлигининг парчаланишига йўл қўймадилар. Иттифоқо, ўзлари мусулмонларнинг илк халифаси этиб сайландилар. Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнгра«Собиқуни Ислом» деб аталган илк саккиз мусулмоннинг биринчиси эдилар. Ашараи Мубашшаранинг (яъни ҳаётлик чоғларидаёқ жаннатга киришлари ўзларига муждаланган ўн зотнинг) ҳам, Хулофои Рошидиннинг (яъни беш буюк халифанинг) ҳам биринчиси бўлдилар. Давлат раиси этиб сайланганларида мусулмонлик жуда буҳронли дамларни бошидан кечираётган эди. Арабистон ярим оролининг ҳар ер-ҳар ерида сохта пайғамбарлар чиқди. Тахликали қўзғолонлар бошланди. Бироқ бу ҳодисалар қаршисида Абу Бакр бир зум ҳам эсанкираб қолмадилар. Расули акрамнинг ўлимларидан бир-икки ой кейин чиққан барча иртижо (Исломга қарши қўзғолон) ва иртидод (диндан чиқиш) каби нохуш ҳолларга тезда барҳам берилди. Ислом бирлиги қайтадан ўз ҳолига келди. Халифаликлари даврида Қуръони карим оятларини биринчи бўлиб тўплатганлари учун «Жомиъул Қуръон» (Қуръонни жамлатган) деган шарафли номга сазовор бўлдилар. Биринчи марта қурган давлатни исломий сиёсат билан юргиздилар. Қуръонни «Асосий қонун» ўлароқ тадбиқ қилдилар. Ҳамма ишларда адолатни биринчи ўринга қўйдилар.

Абу Бакр халққа ёрдам беришдан завқ олардилар. Ниҳоятда оддий ҳаёт кечирардилар. Давлат раиси сифатида Байтул молдан (Молия бўлимидан) ўзларига ажратилган икки дирҳам (кумуш) маош билан кун кечирганлари учун ўлган пайтларида на уйларидан, на ёнларидан ҳеч пул чиқмади.

Абу Бакр намозни ниҳоят даражада хушуъ - ҳузуъ билан ўқирдилар. Доимо Қуръон ўқиб юрар, бутун диний ибодат ва ишларини рисоладагидек бажарар эдилар. Марҳум устоз Ҳожи Зиҳний «Ал-ҳақоиқ» номли китобида Абу Бакрнинг Расули акрамдан 142 та ҳадис ривоят қилганларини ёзади (1-жилд, 71-бет). Жасадлари Расули акрамнинг «Ҳужраи Саодат» дейилган мақбараларига дафн этилганлар.

21. 2. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу. Жаноб Пайғамбаримиз каби ҳазрат Али ҳам Қурайш қабиласига мансуб бўлиб, ҳошимий уруғидан, Расули акрамни ҳимояга олган амакилари Абу Толибнинг ўғли эдилар. Абу Толиб жияни Муҳаммад алайҳиссаломни саккиз ёшларидан бери ўз ҳимоясига олгани учун Пайғамбаримиз ҳам Хадижага онамизга уйланганларидан сўнг амакиларига ёрдам бўлсин, деб ўғли Алини ўз ёнларига олган эдилар. Абу Толибнинг оиласи кўп кишилик бўлиб, моддий шароити оғир эди. Шу сабабдан ҳам кичик ўғли Али беш ёшларидан бери Расули акрамнинг уйларида турдилар. У Зотнинг тарбиялари билан вояга етдилар. У кишининг ирфон хазинасидан файз олдилар.

Ҳазрат Алининг оталари Абу Толиб, оналари Фотима бинти Асад эдилар. Бинобарин, Али ҳам ота, ҳам она томонларидан ҳошимий эдилар. Мадина даврида Расули акрамнинг суюкли қизлари Фотиматуз-заҳрога уйлангунга қадар ҳазрат Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида қолганлар, куёв бўлгач эса, бошқа уйга чиқиб кетган эдилар.

Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарлик келган вақтда Али ёш, эндигина ўнга тўлган бир бола эдилар. Ҳазрат Хадичадан кейин мусулмон бўлган «Собиқуни Ислом»нинг иккинчиси бўлдилар. Абу Толиб ўзи Исломга кирмагани ҳолда ўғли Алининг мусулмон бўлганларига қаршилик кўрсатмаган, ҳатто ўғлига Расули акрамдан ажралмаслигини тавсия этган эди. Ҳазрат Алининг ҳаётлари ҳазрат Расули акрамники билан бирга кечди. Али катта ҳижрат асносида Пайғамбаримизнинг ётоқларида ётиб, ҳаётларини хавф остига қўйишдан чўчимадилар. Ўшанда у киши йигирма уч ёшда эдилар. Уч кун кейин Маккадан чиқдилар. Расули акрамга Қубода етиб олдилар.«Пайғамбар масжиди» қуриларкан, ҳазрат Али ҳам тош ва тупроқ ташидилар. Пайғамбаримизнинг Мадинада ўн уч йил давом этган ҳаётлари мобайнида Исломнинг қўрқинчли душманлари билан бўлган жангларда ҳазрат Али буюк қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Расули акрам вафот этганларида жасадларини ўзлари ювдилар. Бундан ташқари, ҳазрат Али олим, фозил, сахий ва тақво соҳиби эдилар. Ибн Саъднинг ривоятларига кўра, ҳазрат Али: «Мен Қуръони каримдан қайси оятнинг қаерда, нима ҳақда ва ким ҳақида нозил бўлганини биламан», деганлар.

Расули акрам кўпинча ҳазрат Оиша, ҳазрат Али ва ҳазрат Умарлар билан истишора қилардилар.

Ҳазрат Али ҳам Ашараи Мубашшарадан эдилар. Хулофои Рошидиннинг тўртинчиси бўлдилар (35/656 й.). Бироқ халифаликлари ички исёнлар авж олган паллага тўғри келди. Олдин Жамал (36/656 й.), сўнгра Сиффийн (36/656 й.) каби қонли воқеалар рўй берди. Бир ижтиҳод ихтилофидан чиққан Жамал воқеасида яширин ташкилот бўлган «Сабаийя» фирқасининг қўли бор эди. Шом волийси Муовия бошчилигидаги Сиффийн воқеаси асносида шомликларнинг найзаларида Мусхаф (Қуръон) саҳифаларининг боғланганлигини кўрган халифа Али:

«Муовийа ва дўстлари Қуръон аҳлидан эмаслар. Қуръон ҳукмларини ҳаммадан яхши биламан. Мағлуб бўлганликлари учун сизларни алдамоқчилар!»,  деб ҳайқирган эдилар.

Сиффийн ва Ҳакам (37/657 й.) воқеаларидан сўнгра ички урушлар яна авж олди. Орада кўп мусулмонларнинг қони тўкилаётгани учун икки тараф ўртасида бир зарурий битим имзоланди (40/660 й.).

Ислом бирлиги сиёсий жиҳатдан парчаланди. Шом халифалигида Муовия, Куфа халифалигида Али розияллоҳу анҳу бир-бирларининг халифаликларини қабул ва тасдиқ қилдилар. Бироқ Куфа халифаси Али розияллоҳу анҳу хорижийлар томонидан олтмиш уч ёшларида шаҳид этилдилар (40/661 й.). «Машҳади Али» деб аталувчи қабрлари Куфанинг ғарб томонидадир.

Ҳазрат Али инсонлик тарихида буюк сиймолардан эдилар. Ислом тарихида ҳам номлари (Абу Бакр, Умар ва Усмондан кейин) тўртинчи бўлиб келади. Ҳазрат Алини севганлар ҳам, у кишига душман бўлганлар ҳам мутаассибларча ҳаракат қилишган. Ҳазрат Али мусулмонликнинг бутун масалаларини билардилар. Қуръонни у кишига шахсан Расули акрам ўргатганлар. Ваҳий котибларидан бўлганлар. Фиқҳ илмида энг салоҳиятли бир зот эдилар. Ҳазрат Умар: «Энг катта қозимиз Алидир», деб айтганлар.

Ҳазрат Алининг ўринларига у кишининг ўғиллари Ҳасан тайинландилар. Ҳазрат Алининг халифаликларини тан олган Ислом ўлкалари ўғилларига боғландилар. Шундай қилиб, ҳазрат Ҳасан Хулофои Рошидиннинг бешинчиси бўлдилар. Ҳазрат Ҳасан Куфа халифалигини олти ой бошқардилар. Расули акрамга жуда ҳам ўхшаган Ҳасан муқтадир (кучли устамон), тадбиркор, тўғри ўйлайдиган, чиройли хитоб қиладиган, адолатни яхши кўрадиган буюк бир халифа эдилар. Ислом бирлигининг бузилиб кетаётганидан қаттиқ қайғурардилар. Ҳаким воқеасида ҳазрат Алининг ҳакамлигини адо этган Абу Мусо каби чуқур тафаккур қилувчи эдилар, мусулмонлар қонининг тўкилишини ҳеч ҳам истамасдилар. Иқтидорлари ва қўлларида аскарий қувватлари бўлгани ҳолда катта фидокорлик кўрсатиб, муносиб шартлар асосида ўз истаклари билан халифалик ҳуқуқини Шом волийси Муовияга топширдилар (41/661 й.). Бу билан Ислом бирлигининг қайтадан вужудга келишига хизмат қилдилар. Буюк Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу неваралари ҳақида:«Бу ўғлим саййиддир. Умид қилманки, бу билан Аллоҳ икки Ислом жамоатининг орасини ислоҳ айласа!»  дея марҳамат қилганлар.

21.3. Ҳазрат Зайд розияллоҳу анҳу Расули акрамнинг озод қилган қуллари ва тутинган ўғиллари эдилар. Ёшликларидан Пайғамбар алайҳиссалом оилалари ичида улғайдилар. Ҳазрат Хадижадан кейин маккалик илк мусулмонларнинг учинчилари, Қуръонда исмлари зикр қилинган бирдан-бир саҳобадирлар (Аҳзоб сураси, 37-оят). Зайднинг оталари Ҳориса Қадоъа қабиласидан эди. Кичик ёшда Зайд оналари билан бирга қабила зиёратига бораётиб асир тушганлар, Маккага келтирилиб Укоз тижорат марказида сотилганлар. Бозордан ҳазрат Хадижага атаб сотиб олинганлар. Зайдни кейинчалик Хадижа онамиз ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга  ҳадя қилганлар, Расули акрам эса у кишини қулликдан озод этган эдилар.

Зайднинг оталари Ҳориса ўғлини кўп қидиради. У кишининг Расули акрам ёнларида эканларидан хабар топгач, Маккага бориб ўғли билан дийдор кўришади. Ҳазрат Пайғамбар Зайдни ўз ихтиёрларига қўядилар. Шунда Зайд оталари билан кетмайдилар. Қабилаларига қайтишни истамайдилар. «Отам ҳам, онам ҳам сизсиз, сиздан айрилиб ҳеч ёққа бормайман!» деганларидан сўнг Пайғамбаримиз Зайдни бир тошнинг устига чиқарадилар ва у ерда ҳозир бўлганларга: «Гувоҳ бўлингиз, Зайд менинг ўғлимдир. Уни фарзандликка оляпман, ўзимга меросхўр қиляпман. У ҳам мени ота деб билди», дедилар.

Зайд Пайғамбаримизнинг маънавий ўғиллари бўлдилар. Расули акрам у кишига озод қилган қуллари Умму Айманни никоҳлаб бердилар. Булар Усома исмли фарзанд кўрдилар. Кейинроқ аммаларининг қизи Зайнабни ҳам никоҳладилар. Бироқ бу турмушдан икки томон масъуд бўлмади. Зайнаб жуда диндор бир аёл бўлганлари билан олийнасабликлари, гўзалликларидан фахр туярдилар. Озод қилинган қул билан ҳаёт кечиришни ҳеч ҳазм қилолмадилар. Зайд билан Зайнаб ўрталаридаги муносабат кескинлашди. Ниҳоят Зайд Зайнабдан ажралишга қарор бердилар. Ҳазрат Пайғамбар бундан жуда хафа бўлдилар, чунки уларнинг турмуш қуришларига шахсан ўзлари сабабчи бўлган эдилар. Зайд Расули акрамнинг танбеҳ беришларига қарамай, Зайнабни қўйиб юбордилар. Ўшанда ҳазрат Пайғамбар аммалари Умайманинг қизи Зайнабни ўз никоҳларига олишга мажбур бўлдилар. Зайнаб ва ақраболарининг тилак-хоҳишлари ҳам шу эди. Қуръони каримда бу масала зикр этилгандир (Азҳоб сураси, 37-оят).

Зайд Бадр жангидан тортиб то Мута жангида шаҳид бўлгунга қадар барча ғазавотларда Расули акрам билан бирга бўлдилар. Ҳазрат Пайғамбар атрофга юборадиган сарияларга (ўзлари бўлмаган қўшинларга) доимо Зайдни амир этиб тайинлардилар. Зайд энг сўнг Мута жангида қатнашган аскарий қўшинга амирлик қилдилар (8/629 й.).

21.4. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу Қурайш қабиласидан, умавий гуруҳидан эдилар. Оталарининг исми Аффондир. Расули акрамнинг сулолалари билан бешинчи отада (Абдуманофда) бирлашади. «Собиқуни Ислом» дейилган ва ҳазрат Хадижадан кейин мусулмон бўлган маккалик саккиз зотдан тўртинчилари, Абу Бакрнинг далолатлари ила мусулмон бўлган беш зотдан (Усмон, Абдурраҳмон, Саъд, Зубайр, Талха) биринчилари эдилар. Ашараи Мубашшарадандирлар. Ҳижратдан қирқ етти йил олдин туғилганлар, саксон икки ёшларида шаҳид қилинганлар (35/656 й.). Расули акрамнинг куёвлариданлар. Аввал Руқайя исмли қизларига, у зотнинг ўлимлардан кейин Умму Кулсум деган бошқа қизларига уйланганлари учун у кишига «Зиннурайн» (икки нур соҳиби) деб ном берилган. Макка даврида илк Ҳабаш ҳижратида завжалари Руқайя билан қатнашган илк мусулмон ҳазрат Усмон бўлдилар. У киши бой-бадавлат эдилар. Ҳижратдан кейин сотиб олган «Рум қудуғи»ни мусулмонларга вақф қилиб берганлар (қудуқ эгаси бўлган бир яҳудий мадиналикларга бу қудуқнинг сувини сотарди). Завжалари Руқайя оғир касал бўлганлари туфайли ҳазрат Усмон буюк Бадр ғазовотида қатнаша олмаганлар, бунга Расули акрам изн берганлар. Ҳатто қўлга киритилган ўлжалардан ҳам у кишининг ҳиссалари ажратилган эди. Бироқ бошқа барча жангларда иштирок этдилар. Ҳудайбия муаҳадасида (икки томонлама шартнома, қасам) маккаликларга элчи қилиб юборилган Усмоннинг ўлдирилганликлари хабари тарқалган бир пайтда Расули акрам асҳобни байъатга чақирдилар. «Байъатур Ризвон» деб ном олган бу байъатда Усмоннинг номларидан Пайғамбаримизнинг ўзлари бир қўлларини иккинчиси билан тутиб, у кишини бу байъатга қўшган эдилар. Табук сафарида қўшиннинг учдан бирини (ўн минг мужоҳидни) фақат ўзлари тайёрлаган ҳазрат Усмон минг олтин хайрия ҳам берган эдилар. Вадоъ ҳажида Расули акрамнинг ёнларида бўлганлар.

Халифалик сайлови муноқашасида Бани Саида суфасида ҳазрат Абу Бакрга байъат этдилар. Илк халифанинг машварат мажлиси аъзоси эдилар. Абу Бакр халифаликларининг сўнгги дамларида ҳазрат Умарнинг халифаликка номзодликларини билдирувчи «Аҳднома»ни ҳазрат Усмон ёзган эдилар. Ҳазрат Умар шаҳид қилинганларидан кейин Хусусий шўрони ташкил қилган олти зотдан бири ҳам Усмон эдилар. Хулофои Рошидиннинг учинчиси бўлдилар (24/644 й.).

Усмоннинг халифаликларига ҳеч ким эътироз этмаган. Мадинада барча уммат сайловда иштирок этиб, «Ижмои уммат» ҳосил бўлган эди (Ислом олимларидан мужтаҳид бўлганлари у кишининг сайланганликларини тўла қўллашган эди... - тарж.). Усмоннинг халифаликлари ўн икки йил давом этди (644-656 й.).

Илк олти йили Ислом тарихидаги «Олтин давр»нинг (Абу Бакр ва Умар даврларининг) давоми бўлди. Бироқ халифаликларининг иккинчи олти йилида нохушликлар бош кўтарди. Катта фитна қўзғалди. Пировард натижада халифа Усмон фожеали тарзда ўлдирилдилар. Ислом тарихида илк фасод ана шу тариқа содир бўлди. Мусулмонлар орасида катта бўлиниш ана шундай бошланди. Миср ва Ироқдан ҳазрат Усмонга қарши юборилганлар яширин ташкилотнинг қуроли бўлишган эди. Бу яширин ташкилотни бошқарган киши Сабаъ ўғли Абдуллоҳ эди. Абдуллоҳ асли яманлик яҳудийлардан бўлиб, ҳазрат Усмон замонларида мусулмонликни қабул қилган, бироқ унинг мусулмонлиги халқни алдаш учун эди. Ҳақиқатда эса мусулмонларнинг катта душмани эди. Мақсадини амалга ошириш учун мусулмонлик номидан халқ орасига бир неча хурофотлар олиб киришни бошлади. Ҳамма жойда фасод уруғини экди. Халифанинг қилган ишларини ўзгартирар, соф дилларни заҳарлар эди. Басрада, Куфада, Мисрда яширин ташкилотлар қурилди. Сабаъ ўғли Абдуллоҳ қурган бу ташкилот «Сабаийя фирқаси» деб айтилди. Сабаъ ўғли жуда золим бир қўмитачи эди. Шиаликнинг асосларини ўртага қўйди, бироқ мақсадини яширди. Ҳазрат Усмон осийларнинг додини беришлари мумкин эди. Муваққат бир вақтга Мадинадан чиқиб, Шом ёки Мисрга кетсалар, душманларини мағлуб қила олардилар. У кишига бу йўлни таклиф қилишганида қабул этмадилар. Мадина аҳолисига жиҳод амрини берганларида ҳам душманларининг ёмонлигидан омон қолардилар. Бу йўлни ҳам тутмадилар. Бирор мусулмон қонининг тўкилишига рози эмасдилар. Ҳазрат Усмон ҳақларида туҳмат ва бўҳтонлар уюштирилди. Машҳур «Мактуб масаласи» ҳам тўқиб чиқарилди. Бу Усмон розияллоҳу анҳуни халифаликдан тушириш учун тузилган режа эди. Осийлар ҳазрат Усмонни уйларида роса қирқ кун қамал қилиб туришди. Асҳобнинг бир қисми Мадинадаги бу нохуш воқеадан қаттиқ ранжиб, шаҳардан чиқиб кетдилар. Ҳазрат Алининг икки ўғиллари, Зубайрнинг ўғли, Талханинг ўғли ҳазрат Алининг эшикларини қўриқлашарди.

Осийлар қўшнининг деворидан ошиб, халифанинг уйига бостириб кирдилар. Унга халифаликдан кетишни айтдилар. Кекса халифа шундай нозик дақиқада ҳам матонатини сақлай олди. Душманларининг бу сўнгги таклифини ҳам рад этди. Ичкарига кирган мисрликлардан Гафиқий Усмоннинг бошларига қилич солди. Шериклари ҳам уришди. Бечора халифа шаҳид этилди. Ўшанда у киши рўзадор бўлиб, Қуръони каримни ўқиётган эдилар. Қароқчилар Усмоннинг уйларини таладилар, давлат хазинасини ҳам талон-тарож қилишди. Уйда ўтирган завжалари Ноиланинг бармоқлари ҳам чопиб ташланди. Шаҳид халифанинг жанозалари уч кун қолиб кетди. Ниҳоят учинчи куни шом билан хуфтон ўртасида олиниб, Бақий қабристонининг орқа томонига кўмилдилар. Жанозани Зубайр ўқиди. Жанозада ўн етти кишигина қатнаша олган эди.

Ҳазрат Усмон пайғамбарликнинг ваҳий котибларидан эдилар. Чиройли ёзар, чиройли гапирар, кучли хатиб эдилар. Доимо Қуръон ўқирдилар. Қуръонни яхши тушунардилар. Ҳазрат Абу Бакр тўплатган Мусхафнинг асосий нусхаларини кўпайтириб, ҳар томонга ёйган, Исломга катта хизмат қилган эдилар. Шу сабабдан Абу Бакрга «Жомиъул Қуръон» дейилган бўлса, Усмонга «Ноширул Қуръон» (Қуръонни ёйган киши) васфи берилган эди. Расули акрамдан ҳазрат Усмон 146 ҳадис ривоят қилганлар. Халифа Усмон жасур эдилар. Ҳар қандай оғир шароитда ҳам эсанкираб қолмасдилар. Ҳазрат Пайғамбар у кишини жуда яхши кўрардилар. Халифа Усмоннинг фожеона ҳаётлари барча асҳобни чуқур изтиробга солди. У пайтгача мусулмонлар ҳамжиҳат бўлиб яшардилар. Бу даҳшатли жиноятдан кейин Ислом бирлиги бузилди. «Сунний», «шиий» каби номлар билан мусулмонлик олами турли фирқаларга бўлиниб кетди.

21. 5. Ҳазрат Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу Абу Бакрнинг иршодлари билан мусулмон бўлган беш зотнинг иккинчилари, маккалик илк саккиз мусулмоннинг (Хадижадан кейин) бешинчилари бўлиб, Расули акрамдан тўққиз ёш кичик эдилар. Пайғамбаримизнинг сулолалари билан бешинчи отада (Ҳакамда) бирлашадилар. Абдурраҳмон ҳам Ҳабашистонга, ҳам Мадинага кўчган муҳожирлардан эдилар. Бадр, Уҳуд ва бошқа ғазовотларда Расули акрамнинг ёнларидан айрилмадилар. Уҳуд жангида йигирма жойларидан яраландилар. Икки тишлари синиб тушди, оқсоқ бўлиб қолдилар. Дастлаб фақир эдилар. Тижорат билан шуғулланиб бойиб кетдилар. Хайр-эҳсонни кўп қиладиган, бу одатни яхши кўрадиган бир зот эдилар. Бир кунда ўттиз қулни озод қилганлар. Мол-дунёларининг бир қисмини ҳаётликларида мусулмонларга тарқатдилар, бир қисмини ғозийларга васият қилиб қолдирдилар. Ҳазрат Умар шаҳид этилганларидан кейин тўпланган олти кишилик машварат масжлисида бўлдилар. Халифаликка лойиқ номзодлардан эдилар. Бироқ халифа бўлишни хоҳламадилар; ҳакамлик қилдилар. Усмонни халифа этиб сайладилар. Ҳаммадан олдин у кишига байъат қилдилар. Ҳазрат Усмон даврларида етмиш беш ёшда вафот этдилар. Ашараи Мубашшарадан эдилар.

21. 6. Ҳазрат Саъд розияллоҳу анҳу Абу Бакр воситаларида Исломга кирган беш зотнинг учинчилари, маккалик мусулмонларнинг эса олтинчилари эдилар. Ашараи Мубашшараданлар. Мусулмон бўлганларида ўн етти ёшга кирган эдилар. Қурайш қабиласиданлар, Расули акрамнинг оналари Омина каби Бани Зуҳра уруғидан эдилар. Оталари Абу Ваққос (Молик) эди. Саъд олтинчи отада (Ҳакамда) Пайғамбаримизнинг сулолаларига боғланадилар. Мадинага кўчиб борган муҳожирларданлар. Саъд ибн Абу Ваққос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазовотларида қатнашадилар. Расули акрамнинг ҳурматларига сазовор бўлдилар. Ғоят жасур, мард эдилар. Яхши ўқ отардилар. Уҳуд урушида Расули акрамнинг ёнларида туриб жанг қилган Саъд мингдан ортиқ ўқ отганлар. Ҳазрат Умар замонларида Куфа шаҳрини қурдилар. Эрон устига юборилган қўшинга лашкарбоши этиб тайинландилар. Қодисия жангида ғолиб келдилар (636 й.) Эрон фотиҳларининг биринчиси бўлдилар. Ҳазрат Умар ўзларидан кейин сайланажак халифа номзодлигига Абу Ваққос ўғли Саъднинг номларини ҳам кўрсатган эдилар. Ҳазрат Усмоннинг фожеали ўлимларидан сўнг Саъд бирор ишга қўшилмадилар. Халифаликка даъвогарлик қилмадилар. Жамал ва Сиффийн жангларида иштирок этмадилар. Муовия чақиртирганида бормадилар, уйларидан чиқмадилар. Муовия даврида Мадина ташқарисидаги уйларида саксон тўрт ёшларида вафот этдилар (55/674 й.). Ашараи Мубашшарадан энг охирда ўлган Саъд бўлдилар. Ўлганларидан кейин васиятларига биноан Бадр жангида кийган ва эллик беш йилдан бери асраб келганлари− жундан тўқилган бир жуббалари билан кафанландилар.

21.7. Ҳазрат Зубайр розияллоҳу анҳу Абу Бакрнинг даъватлари билан мусулмон бўлган беш маккаликнинг тўртинчилари,«Собиқуни Ислом»нинг эса еттинчилари эдилар. Ашараи Мубашшараданлар. Оталари Аввомдир. Расули акрамнинг сулолаларига бешинчи отада (Қусайда) бирлашадилар. Зубайр Қурайш қабиласидан, ҳазрат Хадижа каби Бани Асад уруғидан эдилар. Пайғамбаримизга холавачча, Хадижага эса аканинг ўғли эдилар. Ҳазрат Оишанинг опалари Асмога уйланганлари учун Расули акрамга божа ҳисобланардилар. Олдин Ҳабашистонга, сўнгра Мадинага кўчганлардан эдилар. Расули акрам ҳижрат қилаётганларида Зубайр Шомдан қайтаётган тижорат карвони орасида бўлганлар, ҳижратчиларга дуч келишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакрга оқ яктак кийдирганлар. Пайғамбаримизнинг барча ғазотларида қатнашганлар. Бадр жангида душманга биринчи бўлиб қилич солиб ҳамла қилган Зубайр эдилар. Умар даврларида Ярмук сафарида бўлдилар. Икки жойларидан яраландилар. Мисрни фатҳ этишда қатнашдилар. Зубайр жуда бой эдилар. Бир қул, ҳисобсиз мол, ер ва бир неча уйга эга эдилар. Хайр-эҳсонни севар, мол-дунёни Аллоҳ йўлида сарфлар эдилар. Ҳазрат Умарнинг халифалик учун ажратган олти кишилик маслаҳат асҳобидан эдилар. Ҳазрат Усмон халифаликлари даврида чиққан ихтилофларга қўшилдилар. Олдинига ҳазрат Алига қарши чиққан Жамал мухолифлари билан ҳамкорлик қилдилар, аммо кейин афсус чекиб, орқага қайтдилар. Бироқ қайтишда бир дарахт тагида ухлаб ётганларида ўлдирилдилар (36/656 й.). Қотил Ибн Журмуз Зубайрнинг бошларини Алига олиб борди. Мукофот кутган қотилга ҳазрат Али Пайғамбаримизнинг: «Зубайрнинг қотилига жаҳаннамга кириши хабарини берингиз»,  мазмунидаги ҳадисларини ўқиб бердилар. «Ҳазрат Зубайр Пайғамбаримиздан ўттиз саккиз ҳадис ривоят қилганлар»(Ҳожи Зиҳний. «Ал-ҳақоиқ», 2-жилд, 67-бет).

21. 8. Ҳазрат Талха розияллоҳу анҳу Абу Бакрнинг иршодлари билан мусулмон бўлган бешликнинг бешинчилари, Исломга кирган илк саккиз маккаликнинг саккизинчилари (Абу Бакр, Али, Зайд, Усмон, Абурраҳмон, Саъд, Зубайр, Талха) эдилар. Талха ҳам Ашараи Мубашшараданлар (Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талха, Зубайр, Саъд, Абдурраҳмон, Саид, Абу Убайда). Шўро асҳоби бўлган олти кишидан бирлари (Усмон, Али, Талха, Зубайр, Саъд, Абдурраҳмон). Бироқ машварат ўтказилганда Мадинада бўлмаганлари учун музокараларда қатнаша олмаганлар.

Талха Қурайш қабиласидан, ҳазрат Абу Бакр каби Бани Тамин уруғидан эдилар. Оталари Абдуллоҳ, сулолалари учинчи отада (Амрда) Абу Бакрнинг, еттинчи отада (Муррада) Расули акрамнинг сулолалари билан бирлашади.

Талха Исломга кирган пайтлари мушриклардан кўп зулм кўрган эдилар. Бадр жангидан бошқа ҳамма ғазовотларда ва «Байъатур Ризвон»да Расули акрам билан бирга бўлдилар. Бадр ғазовотида Расули акрам Талхани Қурайш карвони ҳақида маълумот келтириш учун Шомга юборганлар. Бу сабабдан у киши Бадр жангида қатнашмаганлар, бироқ ўлжалардан у кишига улуш ажратиб қўйилган. Уҳуд жанггида Расули акрамнинг ёнларидан жилмаганлар, ҳатто душман тарафидан Пайғамбаримизга сермалган бир қилични қўллари билан қайтариб, қаттиқ жароҳат олган эдилар. Халифа Усмоннинг ўлдирилишлари билан бошланган бошбошдоқлик давом этаётган бир пайтда мисрликлар ҳазрат Алининг, басраликлар ҳазрат Талханинг, куфаликлар ҳазрат Зубайрнинг халифа бўлишини исташган. Қотиллар эса Саъд ибн Абу Ваққосга ва Абдуллоҳ ибн Умарга мурожаат қилиб, халифа бўлишларини сўрашган. Бироқ биронталаридан ҳам мусбат жавоб олмагач, мадиналикларни таҳдид қила бошладилар. Чунки улар бир халифа сайламасдан Мадинадан кетишни мақбул кўришмасди. Бу таҳдиддан мадиналиклар қўрқиб қолишди ва ҳазрат Алига боришди. Ҳазрат Али халқнинг қайта-қайта илтимосига чидаб туролмадилар, хоҳламасалар ҳамки, халифаликни қабул қилишга мажбур бўлдилар. Фожеанинг олтинчи куни Пайғамбар алайҳиссалом масжидларида байъат ўтказилди (35/656 й.). Осийлар Зубайр билан Талхани зўрлик билан масжидга олиб келишди. Олдин Талха, кейин Зубайр истар-истамас байъат қилдилар. Ҳазрат Алига илк байъат қилган Талханинг қўллари мажруҳ эди, шунинг учун «Илк байъатчининг қўли чўлоқ», деб қилинган байъатни хосиятсиз, хайрсиз ҳисоблаганлар ҳам бўлди.

Сабаийя фирқаси томонидан тайёрланган қўрқинчли ихтилол фақат ҳазрат Усмоннинг ўлимларига сабаб бўлибгина қолмай, Ислом оламининг бирлигига ҳам путур етказган эди. Ҳазрат Али бу бирликни қайтадан тиклаш учун кўп саъй-ҳаракат қилдилар, таассуфки, ҳатто Мадинани ҳам осийлардан қутқара олмадилар, сиёсий бирликни ўрнатолмадилар, халифаликни қувватлантиролмадилар. Усмоннинг қотилларини топишга, уларни жазолашга вақт ва имкон тополмадилар. Натижада жуда қийин аҳволга тушдилар. Улкан мушкулот қаршисида қолдилар. Икки жойда бош кўрсатган мухолифат, айниқса, жуда тахликали эди: бириси − Шомда умавийларни тўплаган волий Муовия бўлса, иккинчиси − Маккадаги мухолифчиларнинг ҳаракати эди. Маккада бирлашганлар фақатгина ҳазрат Оиша, Талха ва Зубайрдан иборат эмасди... Талха билан Зубайр Маккага борганларида Усмоннинг хунини талаб қилиб келганликларини билдиришди. «Сизлар Алига байъат қилмаганмидингизлар?» деган саволга «Тўғри, байъат қилганмиз, лекин ўшанда бошларимиз устида қилич турган эди!» деб жавоб қилишди. Мухолифлар Маккадан Басрага томон ҳаракат қилдилар. Ҳазрат Али ҳам Басрага бордилар. Талха ва Зубайр билан алоҳида-алоҳида гаплашдилар. Энди улар ўрталарида ҳеч қандай мухолифат қолмаган эди. Бироқ Сабаийя бошлиқлари икки тараф келишиб бирлашса, мусулмонлар




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ