Олтинчи йил: Ҳамза билан Умарнинг Исломга киришлари

1 ўн йил аввал 2387 siyrat.uz

Мусулмонларнинг илк Ҳабаш сари кўчиши Макка даврининг бешинчи йилига, иккинчиси эса еттинчи йилига тўғри келгани айтилди. Расули акрамнинг амакилари Ҳамза ва Хаттоб ўғли Умарлар эса бу икки ҳижрат орасида − Макка даврининг олтинчи йилида Исломга киришди (615 йил).

Ҳазрат Ҳамза иймонга келишларидан олдин мусулмонларнинг сони ўттиз саккизта эди. Ҳамза қўшилиб, уларнинг сони ўттиз тўққизтага етди. Ҳамзадан уч кун кейин Умар ҳам иймонга келдилар ва мусулмонларнинг қирқинчиси бўлдилар45.

Ҳазрат Ҳамзанинг Исломга киришларига Абу Жаҳлнинг Расули акрамга қилган ҳақорати туртки бўлди.

Ҳамза ҳали Исломга кирмаган, бироқ жиянлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни жуда яхши кўрар эдилар. Бир куни овдан қайтарканлар, жиянларини Абу Жаҳл қаттиқ ҳақорат қилганини эшитиб чидаб туролмадилар. Қиличларини чиқармасдан қурайшийлар тўпланиб турган жойга бордилар. Ҳам Абу Жаҳлдан ўч олдилар, ҳам Пайғамбарнинг олдиларига бориб, мусулмон бўлдилар46.

Ҳамза жасур эдилар. У кишининг Исломга киришлари мушрикларни ташвишга солиб қўйди. Чунки энди мусулмонларнинг қуввати ортаётган эди.

Ҳамза Исломга кирган ўша кунларда қурайш пешволари Дорун-надва дейилган ҳукумат қўноғига тўпланишди. Абу Жаҳлнинг таклифига кўра, Умар жаҳд билан ўрнидан турди. Қуролланиб, йўлга чиқди. У Расули акрамни ўлдириш учун борарди. Мақсади − Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқотиб, бўлиниб кетган қурайшни қайтадан бирлаштирмоқ эди. Умар йўлда Абдуллоҳ ўғли Наймага дуч келди ва ундан синглиси билан куёвининг ҳам мусулмон бўлганларини эшитиб аввал тўғри куёви Саиднинг уйига бостириб борди. Бу пайт уларнинг уйида Қуръон ўқилаётган эди. Умар келиши билан Қуръон саҳифалари дарҳол яширилди. Бироқ Умар ичкарига кирар-кирмас, нима ўқилганини сўради ва дарҳол куёвини оёғи остига олиб дўппослай кетди. Уларни ажратмоқчи бўлган синглиси Фотимани ҳам бир мушт урди. Шундан кейин синглиси унга шундай деди:

— Эй Умар! Нима қилсанг, қил! Барибир, мусулмонликдан воз кечмаймиз!

Синглисига қараган Умар ҳайрон қолди. Унинг юзидаги қонни ва айни пайтдаги шижоатини кўриб, пушаймон бўлди; ҳовуридан тушди. Улар ўқиб турган сурани сўраб олиб, ўқий бошлади. Ўшанда Умар ўқиган оятлар Ҳадид сурасининг илк оятлари эди47: «Осмонлар ва ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтади. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир. Осмонлар ва ер Унинг мулкидир. У ҳаёт ва ўлим берур. У барча нарсага қодирдир. Аввал ҳам, охир ҳам, зоҳир ҳам, ботин ҳам Унинг Ўзидир. У барча нарсани билгувчидир. У осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига ўрнашган Зотдир. У ерга кирадиган (ёмғир, қор суви, хазинаю дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу насиба, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга (самога) кўтариладиган (яъни амал, дуо ва илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир. Осмонлар ва ер Унинг мулкидир. Барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилур. У кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур. У диллардаги сирларни билгувчидир. (Эй инсонлар), Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига−Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиринглар...».8

Бу оятларни ўқиган Умар тахтадек қотиб қолди. Қуръоннинг фасоҳатидан ҳайратга тушди. Шу заҳотиёқ калимаи шаҳодат келтирди. «Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ», дедилар Умар ва Пайғамбарнинг олдиларига олиб боришларини сўрадилар49.

Бу вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафода Арқамнинг уйида асҳоблари билан ўтирардилар. Умар ичкарига кирдилар ва:

— Мусулмон бўлишга келдим! − дея олди, холос.

«Расули акрам «Аллоҳу акбар!» дейишлари билан бутун асҳоби киром ҳам баланд овозда такбир келтирдилар. Бу такбирдан тоғлар ларзага келаёзди» (Ибн Асир).

Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан ҳамма мусулмонлар биргаликда Арқамнинг уйидан чиқиб, Каъбага боришди. У ерда ҳазрат Умар қурайш пешволарига қараб шундай хитоб қилдилар:

—Мени танимаган киши бўлса, таниб олсин. Мен Хаттоб ўғли Умарман!

Умар баланд овоз билан шаҳодат калимасини такрорлади. Довдираб қолган қурайшийлар дарҳол у ердан кетдилар. Мусулмонлар эса у кун Ҳарами Шарифда илк дафъа жамоат бўлиб намоз ўқидилар (Ибн Ҳишом).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дейдилар: «Ҳазрат Умар исломиятни қабул қилгач, қурайшийларга қасдма-қасд Каъбада намоз ўқидилар, биз ҳам бирга ўқидик».

Ўша пайтгача мусулмонлар ибодатларини очиқча қилишолмас, Каъбада намоз ўқий олишмас эди. Ҳазрат Умарнинг мусулмонликни қабул қилишлари ҳамма нарсани ўзгартириб юборди50.

Ҳамза билан Умар розияллоҳу анҳуларнинг бирин-кетин Исломга киришлари тарихда аҳамиятли воқеа бўлди. Бу мусулмонларнинг мушриклар устидан қилган буюк зафари эди. Бу воқеа ажойиб натижалар берди. Макка даврининг олтинчи санаси мусулмон бўлган Ҳамза асҳобнинг ўттиз тўққизинчиси, Умар қирқинчиси эдилар. Бир йил кейин иккинчи Ҳабаш ҳижратига қўшилган мусулмонларнинг тўқсонта бўлганига кўра, Макка даврининг еттинчи йили Расули акрамнинг муборак юзларини кўрган асҳобнинг сони уч юзга етган эди.

 

Изоҳлар

 

45. «Фазоили Умар ибнил Хаттоб».

46. Ҳазрат Ҳамза розияллоҳу анҳу Расули акрамнинг амакилари ва эмикдошлари. Пайғамбаримиздан икки ёш катталар. Қурайш қабиласининг ҳошимий уруғига мансублар. Мадинага кўчиб борган маккалик муҳожирлардан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамзага «Асадуллоҳ» (Аллоҳнинг йўлбарси) деб ном берган эдилар. Пайғамбарликнинг Макка даврида (622-632) илк тайёрланган уч сариядан (душманга қарши тузилган қўшин) биринчиси Ҳамзаники бўлди. Бадр ғазвасида мушрик рақиблари Утба, Шайба, Валидга қарши Расули акрамнинг амрлари билан мубориз (яккама-якка олишув) майдонига Убайда, Ҳамза, Алилар чиққан эдилар. Ҳамза билан Али рақибларини биринчи ҳамладаёқ енгишган. Уҳуд жангида (3/625 й.) эса ҳазрат Ҳамза «Саййидуш-шуҳадо» (Шаҳидларнинг азизи) бўлдилар (625 й. 27 март). Ҳамзанинг қотиллари Ваҳший исмли бир ҳабаш қул эди. Ваҳший Ҳамзани ўлдирган тақдирда ҳам қулликдан қутулар, ҳам Абу Суфённинг хотини Ҳинддан мукофот олар эди. У Уҳуд жанги қизғин кетаётган бир пайтда яширинган жойидан найзасини отди. Найза Ҳамзанинг икки сонлари ўртасига тегди. Ҳазрат Ҳамза шаҳид этилганларида эллик етти ёшда эдилар. Аъзойи баданлари етмиш парчага бўлиб ташланган.

Расули акрам Уҳуд шаҳидларини қонли кўйлаклари билан иккитадан кўмдирдилар. Саккиз йил кейин эса жаноза намозларини ўқидилар («Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 224-бет).

Ҳижратнинг саккизинчи санаси (630 й. 11 январь) Макка мусулмонлар томонидан фатҳ қилинди, йигирма йилдан бери давом этиб келган «мусулмонлик-бутпарастлик» мужодаласи Ислом динининг ғалабаси билан ниҳоясига етди. Ўшанда Расули акрам мушрикларни авф этиб инсонийликнинг юксак намунасини кўрсатадилар. Ҳамзанинг қотиллари Ваҳший ҳам кейинчалик авф этилганлар орасида эди. Бироқ Ваҳшийни кечирган бўлсалар ҳам, унга: «Кўзимга кўринма!»  деб ўзларининг жароҳатли қалбларига таскин беришга ҳаракат қилганлар.

Ҳазрат Абу Бакр халифалигининг дастлабки пайтларида сохта пайғамбарлар пайдо бўла бошлади ва халифа уларга қарши кураш очди. Шундайлардан Мусайламага қарши Холид ибн Валидни юбордилар. Мусайлама қўшинлари тор-мор қилинди. Ёлғончи пайғамбар Мусайламани ҳабаш Ваҳший ўлдирди (Муҳаммад Абулфазл Иброҳим. «Айёмул араб», 169-бет). Ваҳший ҳамиша: «Мушрик бўлган пайтимда мусулмонларнинг энг буюгини ўлдириб катта жиноят қилдим, Исломга киргач, мусулмонларнинг энг катта душманини ўлдириб савобга қолдим», деб ўзига тасалли берарди.

47. Жавдат Пошо «Қиссаи Анбиё»сида бу оятларнинг Тоҳа сурасидан эканини, «Миръотул ибар» ва «Асри Саодат» муаллифлари эса Ҳадид сурасидан эди, деб ёзишади.

49. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу. Пайғамбарликнинг олтинчи йили Исломга кирган Хаттоб ўғли Умар маккалик мусулмонларнинг қирқинчиси бўлганлар. У кишини Абу Хафса ҳам дейишади (Хафса онамиз Пайғамбаримизнинг завжалари бўлганлар).

Тўғрини эгридан ажратишда ўта ҳассос ва одил бўлганларидан Пайғамбаримиз алайҳиссалом у кишига «Форуқ» деб ном берган эдилар. Сулолалари тўққизинчи отада (Каъбда) Пайғамбаримизнинг сулолаларига бирлашади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн уч ёш кичик эдилар, ўн уч йил кейин вафот этдилар. Мусулмонликни қабул қилганларида ўттиз уч ёшда эдилар, ўлганларида Расулуллоҳ каби олтмиш уч ёшда бўлганлар. Исломга кирмасларидан олдин Қурайшнинг сиёсий ишларини юритардилар. Қурайш қабиласи билан бошқа қабилалар орасида чиққан сиёсий муаммоларни ҳал қилиш учун борган Қурайшнинг охирги элчиси Умар бўлдилар («Маданияти Исломия тарихи», 1-жилд, 22-бет).

Ҳабашистонга ва Мадинага кўчишда мусулмонлар Маккадан яширинча чиққан эдилар, Умар бўлсалар, Каъбани зиёрат қилгач, мушрикларга қарата: «Мени билмаган билсин, танимаган таниб олсин! Мен Хаттоб ўғли Умарман! Ҳозир Мадинага кетяпман. Оналарини йиғлатишни, хотинларини тул, болаларини етим қолдиришни истайдиган (жонидан тўйган - тарж.) киши бўлса, орқамдан тушсин (яъни ким менга тўсқинлик қилса, жонидан айрилади)!» дея очиқчасига Мадинага ҳижрат қилганлар.

Ҳамма ғазовотларда Расули акрам билан бирга бўлдилар. Уҳуд жангида қўшин тарқалиб кетганида Расули акрамнинг ёнларидан жилмаганларнинг бири ҳам Умар эдилар (Табарий, Ибн Ҳишом). Пайғамбаримизнинг энг яқин маслаҳатчиларидан бири Абу Бакр, иккинчиси Умар бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, аввало, буларнинг фикр-раъйларини олардилар. Ўн икки масалада илоҳий ваҳий Умарнинг раъйларига мувофиқ тушган. Умар фикр-мулоҳазаларини, ҳатто бу мулоҳаза ҳазрат Пайғамбарнинг раъйларига зид бўлса-да, очиқ гапираверардилар. Ашараи Мубашшарадан бўлдилар. Расули акрамнинг вафотларидан сўнг Абу Бакрнинг ёнларидан кетмадилар. У кишига биринчи бўлиб байъат этдилар. У кишининг халифалик ишларида катта ёрдамлари тегди. Ислом бирлигини сақлаб қолишда буюк хизматлар қилдилар. Қуръони каримни тўплаш ишини Абу Бакрга эслатган ҳам Умар эдилар. Абу Бакр ҳаётлик чоғларида Умарни халифаликка номзод ўлароқ кўрсатган эдилар. Умар иккинчи халифа бўлдилар. Халифалик даврларида халқ билан ўтказилган бир суҳбатда:

— Эй инсонлар! Мен ҳақдан, адолатдан адашсам, нима қиласизлар?− дея сўраганларида тўпланганлар орасидан бир киши:

— Эй Умар! Сени қиличимиз билан тўғри йўлга соламиз! − дея жавоб беради. Ўшанда Умар:

— Алҳамдулиллаҳ, замонамда хатоимни қилич билан тузатадиган биродарларим бор экан! − дея мамнунликларини ифодалаган эдилар.

У кишининг халифалик даврларида Сурия, Фаластин, Миср каби мамлакатлар Византия деб аталувчи Ғарбий Рум императорлигининг қўлидан олинди. Эронга ҳоким бўлган Сосоний салтанати йиқилди. Мажусийлик дейилган оловга сиғиниш мазҳаби бекор қилинди. Эрон тупроқлари бутунлай Ислом чегаралари ичига қўшилди. Расули акрамнинг ҳижрат ҳодисаси мусулмонлар томонидан тақвимбоши ўлароқ қабул қилинди (17/638 й.). Пайғамбаримизнинг асҳобларига даражаларига кўра маош белгиланди.

Эроннинг ва Византиянинг хазиналари Ислом дунёсининг маркази бўлган Мадинага оқаётган, асҳоб ҳузур-ҳаловат ичида тўқ яшаётган бир пайтда мусулмонларнинг халифаси Умарнинг иқтисодий аҳволлари анча оғир эди. Хазинадан олаётган «кифоф» (маош) миқдори билан зўрға кун кечирардилар. Асҳобнинг катталари бу ҳолни кўрдилар. Чидаёлмадилар. Халифанинг маошини кўтармоқчи бўлдилар. Таклифларни у кишининг қизлари Хафса орқали исмларини билдирмай етказишди. Уларнинг орасида Али, Талха, Зубайр каби зотлар бор эдилар. Хафса онамиз асҳобнинг бу таклифини оталари Умарга етказганларида халифа:

— Айт-чи, Расулуллоҳнинг ейиш-ичиш, кийинишлари қай аҳволда эди? − дея сўрадилар.

—Кун ўтказишга етарли даражада эди, − деган жавобни олгач, яна дедилар:

—Икки ўртоғим (Пайғамбаримиз билан Абу Бакр) ва мен айни йўлдан кетган уч йўловчига ўхшаймиз. Биримиз Пайғамбар мақомига борди, иккинчиси (Абу Бакр) айни шу йўлдан бориб, улуғ мартабага ноил бўлди. Учинчиси, яъни мен ҳам ўртоқларимга етишиб олишни хоҳлайман. Оғир юк билан кетсам, уларга етолмайман! (Шабандарзода Аҳмад Ҳилмий. «Тарихи Ислом», 1-жилд, 367-бет.)

Фатҳларнинг кўплиги, бой хазинага эга бўлганларига қарамай, ҳазрат Умар тирикчиликка етадиган даражадан бир мисқол ортиқча нарса қабул қилмаган эдилар. Ўн икки жойидан ямоқли хирқалари билан хутба ўқиганликлари, қарздор бўлиб ўлганликлари мол-дунёга қизиқмаганликларига яна бир далилдир. Ҳа, булар мусулмонларнинг буюк халифаси ҳазрат Умар ҳақларидаги шунчаки ҳикоя эмас, тарихий ҳақиқатлардир.

Умар халифалиги даврида Мадина ҳукумати Византия императорлиги ва Эрон салтанатига қарши уруш ҳолатида эди. Қуддус руҳонийси (патриги) Софрониос шаҳрининг шахсан халифанинг ўзига таслим бўлишини айтганида бу истак дарҳол Мадинада ўтирган Умарга етказилди. Ҳазрат Умар қон тўкилишининг олдини олиш учун Мадинадан Қуддусгача узоқ йўлга чиқишга мажбур бўлдилар. Буюк Умар йўлда қуллари Муғийра билан бир туяни навбат билан миниб келишарди. Ҳатто Қуддусга кираверишда миниш навбати қулга келгани учун уни миндириб, ўзлари пиёда, туяни етаклаб шаҳарга кирмоқчи бўлдилар. Бироқ асҳоб бунга кўнмади, минг бор машаққат билан у кишини туяда шаҳарга киришга кўндирди.

Ҳазрат Умар Қуддус руҳонийси билан эркин учрашиб суҳбатлашган, христианларга диний имтиёзлар берган, ҳатто руҳоний билан қасамнома ҳам имзолаган эдилар.

Миср ҳазрат Умар замонларида олинган бўлиб, фотиҳи Амр ибн Ос эди. Мишмишчилар: «Халифа Умарнинг буйруғи билан Амр ибн Ос  Искандарияда Батламеслардан қолган кутубхона ва ичидаги етти юз минг жилд китобни ёққан!» деган бўҳтонни тарқатишган эди. Тарихий ҳақиқатга тамоман тескари бўлган бу бўҳтонни баъзи оврупалик тарихчилар каби «Маданияти Исломия тарихи» асарининг муаллифи Жўржи Зайдон ҳам, таассуфки, эътироф этиб ёзган. Умар Ризо Дўғрул эса бундай дейди: «Бу кейинчалик уйдирилган бир туҳматдир. Чунки Батламеслар кутубхонаси Юлий Цезарнинг бир сафари асносида ёқилгани маълум. Бундан ташқари, ҳазрат Умарнинг Искандария кутубхонасини ёқтирганликлари ҳақидаги ривоятни айтган Абул Фараж бу воқеадан олти юз йил кейин яшаган. Ҳолбуки, ундан олдин яшаган христиан ва мисрлик тарихчилар бу масала хусусида ҳеч нарса дейишмаган» (Жон Давенпорт. «Ҳазрати Муҳаммад ва Қуръони карим», Умар Ризо таржимаси, 94-бет).

Диёрбақирлик Саид Пошо эса ушбу муҳим маълумотни беради: «Искандария кутубхонаси Юлий Цезарнинг Миср сафари давомида ёнди. Диектелиен Искандария кутубхонасини талон-тарож қилди. Теодосюз замонида Сарапеум мактаби бузиб ташланди. Амр ибн Оснинг Миср фатҳидан аввал эски асарлардан қирқ жилд китоб қолган эди. Искандарияда кутубхона ва китоб ёқилганига доир асосий китобларда ҳеч қандай маълумот кўрмадим. Кейинги баъзи муаррихлар берган маълумотлар ҳеч бир асос манба бўлолмайди. Бутун бу ривоятлар Ибнул Ибрийнинг асари асосида айтилган. Ибнул Ибрий французлар ичида Абул Фараж номи билан танилган. Ҳолбуки, Абул Фараж Онадўлидаги бир яҳудийнинг ўғли эди. Унинг асл исми Маргригоросдир. Ҳижратнинг 622 (м. 1226) йилида туғилган эди» («Миръотул Ибар», 6-жилд, 116-бет).

Ҳазрат Умар мусулмонликка бошқа динлардан бидъат-хурофотларнинг, бутпарастлик одатларининг кириб келишига ҳеч чидаб туролмасдилар. Пайғамбаримиз Ҳудайбия жанггидан олдин маккалик мушрикларга қарши курашиш ҳақида бир дарахт тагида асҳобдан байъат олганлар ва бу ҳодисага «Байъатур Ризвон» дейилган эди. Кейинчалик бу дарахт халқ орасида муқаддаслаштирила бошланди. Дарахтнинг бут ҳолига айланиш эҳтимолини ўйлаган ҳазрат Умар уни дарҳол кестириб ташладилар (Ибн Саъд, «Табақот»).

Сурияда Ғассоний ҳукмдори Жабала мусулмон бўлган, Маккага келган эди, ҳазрат Умар унинг Исломга киришидан хурсанд бўлгандилар. Лекин ҳаж пайти Каъба зиёрат қилинаётганда тиқилинчда бир қул эътиборсизлик қилиб Ғассоний ҳукмдорининг этагини босиб олади. Жабаланинг бундан жаҳли чиқиб, ўша заҳотиёқ қулни бир мушт уриб бурнини синдиради. Қул халифага шикоят қилгач, Умар Жабалани чақиртириб келадилар ва сўроққа тутадилар. Шунда Жабала:

—Қул этагимни босди. Ҳурматсизлик қилди. Зиёратгоҳ бўлмаса эди, бошини қилич билан иккига бўлиб ташлардим, − дейди.

Халифа Умар қатъий огоҳлантирадилар:

—Сен айбингни эътироф этдинг. Энди унинг кўнглини олишга ҳаракат қил. Бўлмаса, сенга ҳам айни муомалада бўлишини буюраман!

Жабала ҳайратга тушиб дейди:

— Эй амир! Бу қанақаси? Мен ҳукмдор, у оддий бир қул эмасми?

—Мусулмонликда ҳукмдорлик − қуллик йўқ. Мусулмонликда тенглик бор. Бир мусулмон бошқасидан икки нарсада ажралиб туради. Булар тақво (Аллоҳдан қўрқув) ва соғликдир, − деб жавоб қиладилар халифа Умар («Маданияти Исломия тарихи», 1-жилд, 50-бет).

Жабала халифа Умарнинг адолатларидан қўрқди ва Византияга қочди. Яна христианликка қайтди.

Ҳазрат Умар инсоннинг ташқи қиёфасига кўп ҳам эътибор бермасдилар, масалага жуда ҳассослик билан ёндашардилар. «Бир одамнинг шон-шуҳратига, кўринишига алданманг. Намозига маҳлиё бўлиб қолманг. Унинг ақлига, тўғрилигига қаранг!» дер эдилар («Асри Саодат», 7-жилд, 499-бет).

Ҳазрат Умар халифа бўлганларида жуда тажрибали Холид ибн Валидни бош қўмондонликдан бўшатиб, Сурия қўшини қўмондони Абу Убайданинг қўл остига ёрдамчи қилиб жўнатдилар. Бунинг сабабини шундай тушунтирдилар: «Холидни қўмондонликдан олишим унинг ёмон хатти-ҳаракатидан ёхуд уни ёқтирмаганимдан эмас. Бунга халқнинг Холидга нисбатан ҳаддан ташқари ҳурмат-эҳтиром кўрсатаётгани, уни ҳамма иш қўлидан келадиган ҳисоблаши сабаб бўлди. Мақсадим − бир инсоннинг якка ўзи ҳеч нарсани уддалай олмаслигини кўрсатиш эди!» (Табарий.)

Ҳазрат Умарни истиқбол ўйлантирарди, бир фитна чиқиб қолишидан хавфсирар эдилар. Энди ўзларидан кейин халифаликка номзод кўрсатиш керак эди. Бир куни Абдуллоҳ ибн Аббос шу масалада Умарнинг олдиларига кириб, Ашараи Мубашшарадан Абдурраҳмон ибн Авфнинг номзодларини кўрсатиб, у киши ҳақларидаги фикрларини сўрайдилар. «Қандай яхши одам! Бироқ жуссаси кичкина, ёши ўтиб қолган», дейдилар Умар.

Кейин Талха ҳақларида: «Бой, чиройли, алмойи кийимларда юради», дея номзодларини мақбул кўрмайдилар.

Зубайр хусусларида: «Тижорат билан шуғулланади. Бой одам. Хубубот (донли маҳсулотлар), тош-тарозудан гапиради», дейдилар.

Эрон фотиҳларидан Қодисия муҳобарасининг қаҳрамони, буюк саркарда Саъд ибн Абу Ваққос ҳақларида фикрлари сўралганда: «Яхши саркарда, жасур аскар, қийматли ҳарбий киши. Аммо аскарлик бошқа нарса, давлат бошқа нарса» , дея жавоб берадилар.

Усмон ҳақларида: «Бой-бадавлат, ҳалийм одам. Умайя ўғилларидан. Қабиласи бошига чиқиб олган. Бошқа қабилалар қизғаниб, фитна чиқади», дейдилар.

Ҳазрат Али ҳақларида фикрларини қуйидагича билдирадилар: «Олим, обид, зоҳид ва муҳожиддир. Бир оғиз луқма, бир ҳирқага қаноат қилиб яшайди. Халифаликка лойиқ, бироқ латифа, кулгуни ёқтиради»(«Қиссаси Анбиё», 5-жилд, 597).

Минг афсуски, Умар ҳеч кимни халифаликка номзод кўрсатмай, Абу Луълуъ исмли бир эронлик қул томонидан шаҳид бўлиб кетдилар.

Қотил бомдод намозида Умарни заҳарланган ҳанжар билан олти жойларидан яралаган, ушлаганларида ўзини ўзи ўлдирган эди. Ҳазрат Умар уч кунгина яшай олдилар («Фазлакаи тарихи дувалаи Исломия», 80-бет). Қотилнинг эронлик бўлиши, ўзини ўлдириши жиноятнинг оддий эмаслиги ва махсус тайёрланганидан далолат берарди. Ўлим тўшагида ётган Умарга ўғилларининг номзодини кўрсатишганида «Бир оилага бир қурбон етади!» деганлар ва халифаликни олти кишилик ҳайъат аъзоларига топширганлар («Зубдатул қисса», 1-жилд, 143-бет).

Абу Бакр каби Умар ҳам Расули акрамнинг «Ҳужраи Саодат» деб аталувчи қабрлари ёнига кўмилдилар. Умар қабрнинг жойини ҳазрат Оишадан сўраб олган эдилар. Оиша :«У жойни ўзимга айирган эдим, мамнуният билан Умарга бераман», деганлар (27-зулҳижжа, 23/645 й.).

50. «Ҳазрат Умар исломиятни қабул қилганларида мусулмонлар қуйидагилар эди: Абу Бакр, Усмон, Али, Зайд, Талха, Зубайр, Саъд, Абдурраҳмон, Саид, Абу Убайда, Ҳамза, Убайдатубну Ҳорис, Жаъфар, Мисъаб ибн Амир, Ибн Масъуд, Иёс ибн Абу Рабиъа, Абу Зарр, Абу Салмон ибн Абуласад, Усмон ибн Мазъун, Зайд ибн Ҳориса, Билол, Ҳаббоб, Миқдод, Суҳайб, Аммор, Амир ибн Фухайра, Умар ибн Анбаса, Нуайм, Хотиб ибн Абил Ҳорис, Холид ибн Саид, Холид ибн Бакир, Абдурраҳмон ибн Жахш, Арқам, Унайс, Воқид, Саид, Омир ибн Рабиъа, Омир ибн Бакир, Абу Аҳмад ибн Жахш» («Асри Саодат», 7-жилд, 44-бет).




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ