Еттинчи йил: иккинчи Ҳабаш ҳижрати

1 ўн йил аввал 2377 siyrat.uz

Макка даврининг еттинчи йили (617 й.) мусулмонлар иккинчи марта Ҳабаш элига ҳижрат қилишга мажбур бўлиб қолишди. Бу сафар кўчганларнинг сони тўқсонта бўлиб51, уларнинг етмиш еттитаси эркак, ўн учтаси аёл эди. Бошларида ҳазрат Алининг биродарлари − Абу Толиб ўғли Жаъфар турган эди.

Қурайшийлар мусулмонларнинг Ҳабаш элига кўчишларидан, Ҳабаш диёрига жойлашаётганларидан чўчиб қолдилар. Улар Ҳабаш ҳукмдорларидан муҳожирларни орқага қайтаришини сўрашга қарор қилишди. Бу иш учун Рабиъа ўғли Абдуллоҳ ва Ос ўғли Амрдан иборат икки кишилик ҳайъатни вакил сифатида қийматли совғалар билан Ҳабашистонга юбордилар.

Ҳабаш нажошийси (ҳукмдори) ўз ҳузурида маккалик муҳожирларни Маккадан юборилган расмий ҳайъат билан учраштирди. Ҳабаш ҳукмдори саройида нажоший (Адҳама) билан муҳожирлар бошлиғи Жаъфари Тайёр ўрталарида диққатга сазовор қуйидаги муҳовара бўлиб ўтди.

Нажоший:

— Қурайшийлар элчи жўнатиб, сизларнинг Маккага қайтишларингизни сўрашибди52.

Жаъфар:

— Эй ҳукмдор, сўранг булардан: қулмизмики, бизнинг қайтишимизни хоҳлайдилар?

Келган ҳайъат номидан Ос ўғли Амр жавоб берарди:


— Йўқ, уларнинг ҳаммаси ҳур, озод.

— Сўранг: қарздормизми бўлмаса?

— Йўқ, ҳеч кимдан қарзлари йўқ!

— Сўраб кўринг-чи: қотилмизмики, қасос олиш учун чақирсалар?

— Йўқ, бундай ниятимиз ҳам йўқ.

— У ҳолда нега бизнинг қайтишимизни талаб қилишяпти?!

Амр шундай деди:

— Булар ота-боболаримизнинг динидан айрилдилар, илоҳларимизни инкор қилдилар. Ёшларимизнинг эътиқодларини буздилар. Халқимизнинг орасига парокандалик солдилар. Буларнинг дастидан Макка халқи иккига бўлинди.

Нажоший бу янги дин ҳақида маълумот олишни хоҳларди. Амр сўзини тугатар-тугатмас, мусулмонлар бошлиғи Жаъфар сўз олиб, Ислом динини тушунтириб бериш мақсадида шундай деди:

— Эй амир! Биз жоҳил бир қавм эдик. Тошдан, ёғочдан ясалган бутларга «илоҳ» деб сиғинардик. Ўлган ҳайвонларнинг гўштини ер, қиз болаларимизни тириклайин кўмар эдик. Қимор ўйнардик, фоизчилик (судхўрлик) билан машғул эдик. Зинони, бир аёлнинг бир неча эркак билан муносабатда бўлишини ёқтирардик. Қариндош-уруғ, қўшничилик ҳақларини билмасдик. Зўравонлар заифларни эзар, бойлар фақирларнинг меҳнат-машаққати орақасидан фойда кўрар эди. Ҳақ-ноҳақнинг фарқи қолмаган эди... Аллоҳу Азимуш-шан бизнинг ислоҳимизни тилади. Ичимиздан бир Пайғамбар чиқди. Насл-насаби, қабиласи тоза эди унинг. Ўзини тўғриликча танитди. У бизни Аллоҳнинг бирлигига чақирди. Ибодат қилишни кўрсатди. Бизни адашган ота-боболаримизнинг бутларидан ажратиб олди, ахлоқсизликлардан узоқлаштирди. Қон тўкишни, қимор ўйнашни, ичкиликни, судхўрликни, ёлғончиликни, етимларнинг молини ейишни тақиқлади. Барча яхшиликларни ўргатди. Тўғриликка, сўзининг устидан чиқишликка, қўшниларга, ҳеш-ақраболарга яхши муомала қилишликка, аёлларнинг шарафини ҳимоя этишга, қизларимизнинг ҳаётларини қутқариб қолишликка буюрди. Бизни даҳшатдан қутқарди. Орамизга маданият кирди, яхши инсон бўлишимизга сабабчи бўлди. Биз ҳам унга ишондик ва ҳозир унинг йўлидан боряпмиз. Шу сабаб қурайшийларга душман бўлиб қолдик, турли азоб-уқубатларга дучор бўлдик. Бироқ динимиздан қайтишни истамадик. Пайғамбаримиздан рухсат олдик. Ҳукмдорлар орасидан сизни танладик. Юртингизда зулмга дуч келмаслигимиздан умид қилиб, сизнинг ҳимоянгизга келдик!

Сўзининг охирида Жаъфар Қуръони каримдан баъзи оятларни ҳам ўқиди.

Жаъфарнинг бу оташин қалб сўзлари ҳаммани ҳаяжонга солди ва йиғлатди. Уни диққат билан тинглаб турган Ҳабаш ҳукмдори:

— Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, бу сўзлар ҳазрат Мусога ва Исога келган ваҳийларнинг манбаидандир, − деди. Ва Қурайш элчиларига қарата:

— Мен бу муҳожирларни сизларга топшира олмайман, −  деди. Бу билан у Қурайшнинг расмий таклифини рад этди.

Бир кундан кейин яна Ҳабаш ҳукмдорининг ҳузурига чиққан Амр:

— Биласизми мусулмонлар ҳазрат Исо ҳақида нималарни гапиришини? − дея гап бошлаб, нажошийни муҳожирларга қарши тезламоқчи бўлди. Чунки Ҳабаш нажошийси христиан эди. Шунда Жаъфар:

— Қуръонда Аллоҳ таоло нима деб марҳамат қилган бўлса, ўшани айтамиз! − деди ва Қуръони каримдаги ҳазрат Исога доир оятларни ўқиди53.

Буни эшитган нажоший баланд овозда ҳайқирди, ердан бир чўп олиб:

— Бизнинг динимиз билан сизларнинг динларингиз ўртасида фақатгина шу чўпчалик фарқ бор! − деди. Ҳукмдор Қурайш ҳайъатини ҳам, совғаларини ҳам орқага қайтарди. Маккаликлар бу гал ҳам тарвузлари қўлтиқларидан тушиб шаҳарга келишди.

Иккинчи Ҳабаш ҳижратида иштирок этган муҳожирларнинг бир қисми маккалик мусулмонларнинг Мадинага ҳижратигача ўша ерда қолган (622 й.), бир қисми эса Расули акрамнинг Мадина даврида мушриклар билан тузган «Ҳудайбия сулҳи»гача иқоматларини чўзишди (628). Жаъфари Тайёр қўмондонлигидаги ўн олти кишилик гуруҳ Хайбар жанги асносида Ҳабаш ҳижратидан Мадинага қайтиб келишди ва Расули акрамни севинтиришди (6/628 й.).

Изоҳлар

51. Ибн Ҳишом. «Сийрат».

52. Жаъфари Тайёр розияллоҳу анҳу. Расули акрамнинг амакилари Абу Толибнинг ўғли Жаъфар ҳазрат Алининг ота-она бир акалари, ҳазрат Алидан ўн беш ёш катта эдилар. У кишини «Абу Абдуллоҳ» ҳам дейишарди. Исломга кирган асҳобнинг ўн тўққизинчилари. Қурайшнинг даҳшатли зулмларидан қутулиш мақсадида иккинчи Ҳабаш ҳижратига қўшилган карвонга бошлиқ бўлганлар.

Расули акрам мушриклар билан Ҳудайбия битимини тузганларидан кейин (6/628 й.) катта давлатларга, қўшни ҳукмдорларга, Араб бекликларига уларни Исломга даъват қилиб элчи орқали мактублар юборганлар (7/628 й.). Ҳабаш нажошийсига саҳобалардан Умайя ўғли Амр жўнатилган. Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатларини ўқиётганида Жаъфар унинг ёнида эдилар. Ҳабаш ҳукмдорининг Жаъфар ҳузурларида мусулмонликни қабул қилгани ҳақида ривоят бор («Тажрид» таржимаси, 12-жилд, 421-бет). Нажоший Расули акрамнинг истаклари билан Ҳабашистондаги маккаликларнинг қолган қисмини ҳам икки кемага миндириб кузатади. Бу сафар ҳам муҳожирларга Жаъфар бошчилик қиладилар. Муҳожирларнинг Мадинага қайтиши Ҳайбар фатҳига тўғри келади (7/628 й.). Расули акрам бу икки воқеадан ниҳоятда қувонганлар, ҳатто «Қайси бирига қувонай: Ҳайбарнинг фатҳ қилинишигами ёхуд Жаъфарнинг қайтиб келишигами!?» дея марҳамат қилганлар.

Ғассоний амирига юборилган элчи Шом ҳудудида шаҳид этилгач, Расули акрам уч минг кишилик бир қўшин ҳозирладилар ва қўшинни тутинган ўғиллари Зайдга топширдилар. «Зайд шаҳид этилса, қўшинга Жаъфар бошчилик қилсин, Жаъфар шаҳид бўлса, саркардаликни Равоҳа ўғли Абдуллоҳ олсин...» деган эдилар ўшанда Расули акрам. Уч саркарда ҳам Мута жангида шаҳид бўлдилар. Жаъфар бу қонли урушда икки қўлларидан ажралдилар. Ҳазрат Пайғамбар: «Аллоҳ Жаъфарга Мутада кесилган икки қўлига бадал сифатида икки қанот берди. Уни жаннатда фаришталар билан бирга учаётганини кўрдим», дея мужда берганлар. «Тайёр» (учувчи) сифати Жаъфар исмига мана шу воқеадан кейин қўшиб айтиладиган бўлди («Ал-ҳақоиқ», 1-жилд, 201-бет).

53. «Албатта, ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям фақат Аллоҳнинг Пайғамбари ва Унинг Марямга етказган сўзи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир), холос» (Нисо сураси, 171-оят).

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ