Ўн учинчи ва ўн тўртинчи йиллар: мусулмонларнинг Мадинага ҳижрати ва Пайғамбаримизнинг катта ҳижратлари

3 йил аввал 3254 siyrat.uz

Учинчи Ақаба мулоқотидан сўнг Мадина мусулмонлар учун бир «илтижо маскани» бўлди. Мусулмонлик Маккадан ташқарига чиққан, Мадинада янада ривож топган, қурайшийлар кутган хавф келиб бўлган эди. Чунки Мадина маккаликларнинг Шомга тижорат йўллари устида жойлашган эди. Ислом дини Мадина қабилалари орасида ёйилиб бўлган, маккалик мусулмонлар ҳам Мадинада тўпланишар эди. Расули акрам Мадинага бориб мусулмонларга бошчилик қиладиган бўлсалар, Мадина мусулмонлар учун худди сиёсий марказ бўлиб қолар, аммо иккинчи томондан, бу ҳол маккаликлар учун анча катта йўқотиш бўлар эди.

Расули акрам мушрикларнинг тазйиқларига дош беролмаган асҳобларига Мадинага кетишлари учун рухсат бердилар. Шундай қилиб, Макка даврининг ўн учинчи йили муҳаррам ойида Мадина муҳожироти бошланди (622 й. апрель). Биринчи бўлиб Мадинага кўчиб ўтган маккалик мусулмон Абу Салама (Абдул Асад ўғли) эди. Энг сўнг ҳижрат қилган эса Расули акрамнинг амакилари Аббос (Абдулмутталиб ўғли) бўлди. Мусулмонлик йўлида мулкини ва қабиласини Маккада қолдириб, маълум вақтгача Расули акрамнинг рухсатлари билан Мадинага кўчиб борган маккалик мусулмонларга «муҳожир» дейилди. Бу муҳожирларга ёрдам берган мадиналик мусулмонларга эса «ансор» номи берилди.

Макка билан Мадина ораси 400 чақирим йўл эди. Бу масофани туяда ўн уч кунда босиб ўтиш мумкин эди.

Муҳаррам ва сафар ойларида ҳазрат Умардан ташқари ҳамма маккалик мусулмонлар оилалари билан биргаликда яширинча Маккадан чиқишди, Ясрибга (Мадинага) кўчиб ўтишди. Ҳазрат Умар эса:

— Мана, мен Мадинага кетяпман! Оналарини йиғлатишни, хотинларини тул, болаларини етим қолдиришни хоҳлаганлар (жонидан тўйганлар... - тарж.) орқамдан тушсин! − деган сўзлар билан очиқ-ойдин ҳижрат қилдилар. Ҳазрат Умарнинг ҳижратлари Расули акрамнинг ҳижратларидан ўн беш кун олдин бўлган эди.

Мушрикларнинг азобларига чидаёлмаган маккалик мусулмонлар битта-иккита бўлиб Мадинага келиб ўрнашдилар. Қисқа фурсатда асҳобнинг, деярли, ҳаммаси мадиналик мусулмонларнинг бағрига келди. Маккадан Мадинага кўчиб келаётган асҳоби киромни Мадинадаги Авс ва Ҳазраж қабилалари очиқ чеҳра билан кутиб олар, ёрдам берар, жойлаштирар эдилар. Маккадан келганлар Мадина яқинидаги Авоил деган қишлоққа жойлаштирилди.

Макка кун сайин бўшаб борар, шаҳар пешволари бу ҳолатдан ҳайратга тушишар эди. Маккада асирлардан ва мусулмонлиги туфайли асир олинганлардан бошқа ҳеч кимса қолмади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кўра кўпроқ ўртоқларини (асҳобини) ўйлардилар. Чуқур ва самимий севги туфайли, энг аввало, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилардилар. Ўзлари энг қўрқинчли душманлар орасида, энг буюк таҳликалар қаршисида ёлғиз қолдилар. Гўё муҳожирларни қўриқлаш вазифасини зиммаларига олган эдилар. Бу ҳолат ҳам ҳазрат Пайғамбарнинг иймонлари нечоғлик бақувват эканини кўрсатиб турарди. Расули акрам фақат Абу Бакр Мадинага кетиш учун рухсат сўраганларида:

— Сабр қил, балки, Аллоҳ сенга бир ҳамроҳ бериб қолар, − дея у кишининг сафарларини орқага сурардилар.

Мусулмонларнинг Мадинага жойлашиши қурайшийлардаги душманлик туйғусини янада орттирди. Бу кўчиш Пайғамбаримизнинг мавқеларини анчайин кўтарди. Аввалдан маккаликлар билан мадиналиклар орасида бир-бирини кўролмаслик бор эди. Маккаликлар аднонийлардан, мадиналиклар эса кахтонийлардан эдилар80.

Вазиятни англаб етган қурайшийлар безовта бўла бошладилар. Маккада Расули акрамнинг ёлғиз қолганликларини кўрдилар. Тез фурсатда ҳукумат қароргоҳида (Дорун-надвада) тўпландилар81.

Мусулмонликни йўқотиш, ҳазрат Пайғамбар алайҳиссаломни йўқ қилиш учун турли чоралар изладилар. Абул Бахтарий:

— Муҳаммадни боғлаб, тўрт томони берк бир жойга қамаб қўяйлик, ўлгунча ўша ерда қолсин! − деди. Амир ўғли Ҳишом бундай таклифни ўртага қўйди:

—Уни бир туяга «юклаб», Маккадан чиқарайлик, узоқларга сургун қилайлик.

Бироқ бу таклифларнинг бирортаси маъқул тушмади. Шунда Абу Жаҳл (Ибн Ҳишом) ўз режасини баён қилди.

Абу Жаҳлнинг режасига кўра, Қурайш қабиласининг ҳамма уруғларидан биттадан одам танланади, булар кескир қиличлар ила қуролланиб, бир пайтда Расули акрамга ташланиб ўлдирадилар. Кимнинг ўлдирганлиги аниқ бўлмагач, ҳошимийлар даъво қилишолмай, охири дийатга (жон бадалига) рози бўлишади. Ва ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолади.

Абу Жаҳлнинг таклифи бир овоздан қабул қилинди. Шундай қилиб, Расули акрамни ўлдириш ҳақида Дорун-надва мажлисида келишиб олинди82.

Бу разилона режани амалга оширишга киришилди. Қурайш қабилаларидан бу ишга қасд қилган қирқ киши ажратиб олинди. Улар Расули акрамнинг уйлари атрофини ўраб олишди. Айни пайтда уйнинг ичкариси ҳам кузатиб туриларди. Эрталаб уйдан чиқишларида Расули акрамга суиқасд қилиниш мўлжалланди.

Расули акрам илоҳий ваҳий орқали таҳликадан хабардор қилиндилар83. Ниҳоят, ҳижратга изн берилди84.

Сарвари олам олдин Алини чақиртириб, у кишига:

— Мен Мадинага кетяпман. Бу омонатларни эртага эгаларига топшир. Мендан кейин бу ерда қолмасдан, сен ҳам йўлга чиқ! Бу кеча менинг ўрнимга кириб ёт! Менинг ёпинчиғим билан ўран! − дедилар.

Ҳазрат Али Расули акрамнинг ўринларига кирдилар. Ҳаётларини хавф остига қўйишдан заррача қўрқмадилар.

Ҳазрат Пайғамбар шу кеча хоналаридан чиқдилар. У кишини ҳеч ким кўрмай қолди: суиқасдчилар донг қотиб ухлаб қолишган эди.

Расули акрам Каъбага кириб ўтдилар. Эртаси куни ҳазрат Абу Бакрнинг уйларига бордилар. Абу Бакр амри илоҳий ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилишларини эшитишлари биланоқ қувончдан йиғлаб юбордилар. Икковлари тунда уйнинг орқа эшигидан чиқдилар. Савр тоғидаги бир ғорга бориб яшириндилар85.

Қурайшийлар Расули акрамни уйқуда деб билишарди. Ётоқда Алинигина кўриб, чув тушганликларини англадилар. Ҳазрат Пайғамбарни қидириб Маккани остин-устун қилиб юбордилар. Топганга юз туя ваъда қилинди86. Тўрт томонга хабарчилар жўнатилди. Ўшанда қотил, ўғри − деярли, ҳамма қўлига илинган қуролни олиб Маккадан чиқди, атрофга тарқалди. Ҳатто улар қидириб, Савр тоғигача бордилар ва у ерни роса қидирдилар. Расули акрам билан ҳазрат Абу Бакр яширинишган ғорнинг оғзигача келганлар бўлди. Оёқ овозлари ичкаридан эшитилиб турарди. Ичкаридагилар бу дамда ҳаяжонли дақиқаларни ўтказардилар. Айниқса, Абу Бакр жуда ҳам ҳаяжонда эдилар. У киши Расули акрамнинг қулоқларига шивирлаб:

— Ё Расулуллоҳ! Яқинлашдилар, − дея олдилар зўрға. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса хотиржам:

—Қўрқма! Аллоҳ биз билан биргадир! − дедилар87.

Ҳазрат Абу Бакр ўзларини эмас, фақатгина Расули акрамни ўйлаб безовта бўлган эдилар. Ҳолбуки, Расули акрамнинг илоҳий ваҳийга бўлган боғлиқликлари, Аллоҳга бўлган ишончлари жуда кучли эди. Бу иймон кучи энг оғир дамларда ҳам ўзлигини намоён қиларди.

Қурайшлар Расули акрамни уч кун қидирдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва Абу Бакр ҳам бу ғорда уч кеча-уч кундуз қолдилар88.

Абу Бакрнинг кичик ўғли Абдуллоҳ тунда келар, ташқарида бўлаётган воқеалардан уларни хабардор қилар эди. Қизи Асмо овқат олиб борар, озод қули Омир эса сут ташир эди.

Абу Бакрнинг тўрт ойдан бери боқаётган икки туяси бор эди. У Мадинага бу туяларда ҳижрат қилишни таклиф қилган, Расули акрам бадалини тўлаш шарти билан бу таклифни қабул қилган эдилар. Бу туялар пулга ёлланган Абдуллоҳ ибн Урайқит исмли бир ғайримуслим йўл кўрсатувчига топширилган эди. Ибн Урайқит уч кундан кейин, тўртинчи куни эрталаб туяларни ғорга олиб келди.

Расулуллоҳ билан Абу Бакр бир туяга, йўлбошловчи билан Омир иккинчи туяга минишиб, денгиз йўли билан Мадинага томон йўл олдилар89. Шу кетишда дам олинмасдан йигирма тўрт соат йўл босдилар.

Расули акрам илоҳий ваҳийни биринчи марта Ҳиро (Нур) тоғида туриб қабул қилган эдилар. Энди эса мусулмонлик нури Савр ғоридан порлаётган эди. Бу ҳолга кўра, Ислом нури шу икки ғордан порлаётганга ўхшарди.

Ҳиро билан Савр орасида ўтган вақт Расули акрамнинг Макка даврларини ташкил этди. Саврдан бошланган ҳижрат эса Макка даврининг сўнгги ва Мадина ҳаётининг бошланиши бўлди.

Ҳижрат Ислом тарихидаги муаззам бир ҳодисадир. Бу мусулмонликнинг қутилиши, Ислом инқилобининг бошланиши эди. Ислом дини ҳижрат туфайли истиқлолга эришди. Унинг ёйилишига имкон туғилди. Бу дин «маданий» деб билинган дунёга ўзлигини танитишга муваффақ бўлди. Ҳижратдан олдин мусулмонлик бутпарастликнинг даҳшатли тазйиқи остида эди. Бу тазйиқ ҳам йўқотилди. Ҳижратнинг тарихда ҳам диний, ҳам ижтимоий ва ҳам сиёсий таъсири (аҳамияти) бор эди. Шунинг учун бу ҳодиса ҳижратдан ўн етти йил кейин ҳазрат Умар халифалиги даврида Ислом дунёси учун тақвим боши сифатида қабул этилди.

Расули акрам ҳижрат этаётганларида икки катта хатар пайдо бўлдики, улардан омон-эсон қутулдилар. Биринчиси − Бани Мудлиждан бўлмиш Суроқа бу ҳижратчиларни таъқиб этиб чиққан эди; иккинчиси − Бани Асламдан бўлмиш Бурайда ҳам етмиш нафар отлиғи билан ҳазрат Пайғамбарнинг йўлларини тўсмоқчи бўлган эди. Иккиси ҳам Қурайш ваъда қилган мукофотни қўлга киритиш учун бу ишга киришган эди.

Маълумки, қурайшийлар Расули акрамни ёки Абу Бакрни олиб келганга юз туя мукофот берилажагини эълон қилган эдилар. Мудриж ўғилларидан бўлмиш Суроқа исмли паҳлавон қабиласига билдирмасдан, мукофотни олиш ҳаваси билан қуролланиб, ҳижрат карвонининг орқасидан тушди. Улар дам олаётган жойга етай деб қолганида ва эндигина қиличини ҳавога кўтарай деганида оти сирпаниб, ўзи ҳам отдан йиқилиб тушди. Яна отига миниб уларни қувишда давом этди. Яқинлашганида бу гал отнинг олдинги икки оёғи тиззасигача қумга ботиб қолди. Бу ҳодисадан Суроқа қаттиқ таъсирланди. Қилган ишига пушаймон еб, Пайғамбаримиздан кечирим сўради. Изига қайтиб, бу томонга келаётганларни алдаб орқасига қайтарди90.

Бу ўринда эътиборни тортадиган муҳим нуқта − Пайғамбаримизнинг ҳаётларига қасд қилмоқчи бўлган Суроқадек кучли бир душманнинг ўша куниёқ бирданига ўзгариб, Расули акрамнинг энг самимий дўстларига айланишидир. Бундай ҳоллар Расули акрамнинг ҳаётларида тез-тез учраб турган мўъжизалардандир. Бироқ Расули акрам ҳеч вақт кўз-кўз қилиш учун мўъжиза кўрсатмаганлар, ҳар нарсанинг илоҳий қудрат маҳсули эканини доимо эслатиб юрганлар.

Бурайда ҳам шундай бўлди. Ҳазрат Пайғамбарнинг қўл-оёқларини боғламоқчи эди, ўзи Пайғамбарга қаттиқ ва самимий боғлар билан боғланиб қолди −мусулмон бўлди. Бошидаги оқ саллани ечди. Найзасига боғлади. Пайғамбаримизга: «Рухсат берсангиз, олдингизда илк яловбардорингиз бўлайин», деди. Яловини қўлига олиб, то Қубо қишлоғигача Расули акрамга байроқдорлик қилди. Мусулмонларнинг илк яловбардори Бурайда, ялови эса Бурайданинг оқ салласи бўлди91.

Шундан сўнг йўловчилар Шомдан қайтаётган тижорат карвонига дуч келишди. Карвонда Зубайр ҳам бор эди. Зубайр у ерда Расули акрам билан Абу Бакрга оқ машлахлар (устдан кийиладиган калта енгли кийим. – тарж.) кийгизди.

Расули акрамнинг Маккадан Мадинага томон йўлга чиққанлари маълум бўлган эди. Мадина мусулмонлари кетма-кет уч-тўрт кун Расули акрамнинг йўлларини пойладилар. Ҳар куни эрталаб кутиб олиш учун шаҳар ташқарисига чиқишар, тушгача кутишар, кейин уйларига қайтишар эди.

Яна бир куни (рабиъул аввалнинг бир душанбасида) чиқиб, кутишиб, энди шаҳарга қайтишаётган эди, баланд минора устида ўтирган яҳудийлардан бири узоқдан оқ кийимларга бурканиб келаётган карвонни кўриб қолди ва:

—Ана, сизлар кутаётган Зот келяпти!− дея баланд овозда мусулмонларга хабар берди.

Шаҳар халқи катта ҳаяжон ичида эди, бу хабарни эшитиб қувониб кетди. Ҳар жой-ҳар жойда баланд овозда чиқаётган такбир овозидан шаҳар титраёзди.

Расули акрамнинг ақраболари Бани Нажжор ва бошқа мусулмонлар қуролланиб, табаррук меҳмонларни кутиб олишга шошилдилар. Қай бири отлиқ, қай бири пиёда эди. Улар Мадинадан бир соатлик йўлдаги Қубо қишлоғида Расули акрамга пешвоз чиқдилар. Кун жуда ҳам иссиқ, Расули акрам ҳаддан ташқари чарчаган эдилар. Қубодаги бир хурмо дарахти тагига қўндилар (12-рабиъул аввал/622 й. 1-23 сентябрь)92.

Қубода мадиналик оилалар бор эди. Булардан Авф ўғли Амр Расули акрамни меҳмон қилди. Бир неча киши Расули акрам билан шу ерда кўришди.

Макка билан Мадина ўртасидаги йўл туя юришида ўн уч кунлик бўлишига қарамай, ҳижрат карвони бу йўлни саккиз кунда босиб ўтиб, Қубо қишлоғига келган эди.

Расули акрам Авф ўғли Амрнинг уйида ўн тўрт кеча меҳмон бўлиб қолдилар93.

Қубо масжиди бу ўн тўрт кунлик меҳмонликлари мобайнида қурилди. Расули акрам масжид қурилишида бир ишчидек ишладилар. Мусулмонлар учун илк бор қурилган «Қубо масжиди» бу янги даврнинг бир обидаси бўлди94.

Расули акрамдан уч кун кейин ишларини битирган ҳазрат Али ҳам Маккадан яёв йўлга чиқдилар. Кундузлари яшириниб, кечаси юриб, карвонга Қубода етиб олдилар ва келиб қўшилдилар.

Ва ниҳоят, ўн тўрт кундан кейин бир жума куни Расули акрам туяларига миндилар. Орқаларига Абу Бакрни мингаштирдилар. Кутишга келган муҳожир ва ансорлардан қуролланган юз кишилик муҳташам бир оломон билан Аллоҳнинг буюк лутфига шукроналар айтиб Қубо қишлоғидан чиқишди, Мадинага қараб йўл олишди. Йўлда Авф ўғли Солим ўғилларига қарашли Рануна водийсига борилди. Пешин намози вақти бўлган эди. Расули акрам туяларидан тушдилар. Олдин у ерда кетма-кет икки хутба айтдилар95. Жамоатга имомлик қилиб, жума намозини ўқидилар. Бу намоз Расули акрамнинг Мадинада илк бор амалга оширган жума намозлари эди96.

Намоздан сўнг Расули акрам яна туяларига миндилар ва ниҳоят, Ясрибга (Мадинага) кириб келдилар. У буюк инсоннинг Мадинага киришлари дунё тарихида тенгсиз бир ҳодиса эди. Бу кун Ислом тарихидаги энг шарафли, энг қувончли кун бўлди.

Аллоҳнинг бу элчиси Мадинага кириб келарканлар, дўсту душман − бутун халқ шаҳар ташқарисига чиққан, йўлларда икки қатор бўлиб тизилишган эди. Болалар «Расулуллоҳ келдилар, Расулуллоҳ келдилар!» дея қувониб бақиришар, ҳабашийлар қиличбозлик ўйинлари кўрсатишар, хотинлар томлар устида ажойиб шеърлар, қизлар ширин-шакар манзумалар ўқишар, дафлар чалинар − мусулмонликнинг бу буюк байрами зўр севинч билан нишонланар эди97.

Алқисса, Мадинада катта бир ўзгариш кўзга ташланарди. Неча йиллардан бери бир-бирига душман бўлган Авс ва Ҳазраж қабилалари гина-кудуратни унутиб, буюк Пайғамбар атрофида бирлашишди. Яҳудийлар ва бутпарастлар ҳам ўзгариш қаршисида ҳайрон қолишди.

Мусулмонларнинг ҳаммаси ҳам Расули акрамни ўз уйларида меҳмон қилишни истарди. Сийрат ва тарих китоблари Сарвари олам − Расули акрам ҳеч кимнинг кўнглини ранжитмаслик учун туяларини бўш қўйиб юборганларини, туянинг (ҳозирда Масжиди Набавий жойлашган) бўш бир жойда чўкканини, сўнгра туриб бир неча одим юриб (Абу Айюбга қарашли уйнинг олдида) тўхтаганини, Расулуллоҳнинг у ерга тушганларини хабар беради98.

Имом Муслим Расули акрамнинг Нажжор ўғилларининг уйида меҳмон бўлганларини айтади.

Туяларидан тушишлари билан Расули акрам:

— Ақрабомиздан кимнинг уйи энг яқинда? − дея сўраганларида Абдулмутталибнинг онаси Салмо хотин томонидан ўзининг ақраболигини билдирган99  Бани Нажжор уруғидан бўлмиш Холид ибн Зайд (Абу Айюб Ансорий) дарҳол:

— Ё Расулуллоҳ, менинг уйим яқин, мана уйим, мана эшиги! − деган100.

Шундан сўнг Расули акрам ҳазрат Холиднинг уйида меҳмон бўлиб қолдилар. Бу меҳмонлик то Масжиди Набавий қурилгунга қадар − етти ой давом этди101.

Изоҳлар

80. «Маданияти Исломия тарихи»1-жилд, 33-бет.

81. Мажлисга қатнашган бошлиқлар қуйидагилар эди: Абу Жаҳл, Утба, Абу Суфён, Жубайр ибн Мутъим, Ҳакам ибн Ос, Абул Бахтарий, Укбатубну Аби Муайя, Надр ибн Хориж, Умайятубну Халаф, Замаъатубну Асъад, Убай ибн Халаф, Абу Лаҳаб, Ҳаким ибн Ҳизом, Ибнул Уайт, Ибн Ҳишом, Банийх, Мунаббих ибнул Ҳажжож, Таъматибни Адий («Асри Саодат», 1-жилд, 292-бет).

82. Мушрикларнинг Расули акрамга қарши бу хатти-ҳаракатлари ва бунинг оқибати ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:

«(Эй Муҳаммад), кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «маккор»роқдир» (Анфол сураси, 30-оят).

83. Ибн Исҳоқнинг ёзишича, мушриклар суиқасдидан олдин Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Бу кеча ўз ўрнингда ётмагин!» деб кетган экан.

84. Исро сурасининг 80-ояти каримасида шундай келтирилади: «Ва айтинг: «Парвардигорим, мени (қабримга) ҳаққи-рост (яъни гуноҳлардан пок бўлган ҳолимда) дохил қилгин ва (Қиёмат куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққи-рост (ўнг томоним билан) чиқарган ҳамда мен учун бир мададкор қувват ато қилгин».

Бу оятнинг Расули акрам ҳижратларига ишора эканлигини айтувчи олимлар ҳам бор. Бухорий бу дуонинг Меърож кечаси ваҳий бўлган ҳижрат дуоси эканини ривоят қилади («Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 85-бет).

85. Савр Макканинг жанубида, шаҳардан бир ярим соатлик йўлда жойлашган тоғ эди. Мадина йўлчилари кирган ғор тоғнинг тепасида эди. Савр тоғи ҳам Ҳиро (Нур) тоғидаги ғор каби Ислом тарихида шуҳрат қозонгандир.

86. Ибн Ҳишом; Ибн Асир.

87.«Агар сизлар унга (яъни пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз, (Аллоҳ Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолда (яъни бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида унга Аллоҳ ёрдам берди-ку» (Тавба сураси, 40-оят).

88. Ривоятга кўра, кофирлар ғорга яқинлашганлари замон бир дарахт шохларини ғорнинг оғзига узатади. Икки мусича унга ин қуради. Бу ривоят «Мавохиби Ладуния»да муфассал ёзилгандир. Лекин буларнинг ҳаммаси эртакдир. Бу воқеанинг асил ровийси Авн ибн Амрдир. Бу ривоят ҳақида муҳаддисларнинг энг буюкларидан Яҳё ибн Муийн: «Бўлмаган гап», деган. Имом Бухорий эса «Мажҳулдир», деган. Захабий Авн ибн Амрдан баҳс этаркан, шу ҳолатларнинг ҳаммасини тушунтиради («Асри Саодат», 1-ж., 296-б.). Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли ҳам ушбу сатрларни ёзгандир: «Ҳижрат вақтида ғорнинг оғзида бир дарахт ўсиб чиқди, ғорнинг устида бир туйнук очилиб, бир дарё кўринди, илоннинг бири Абу Бакрни чақди, деган каби сўзлар ботилдир. Асоси йўқдир» («Сияри Жалилайи Набавия», 117-бет).

89. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 101-бет.

90. Суроқа қайтишда Расули акрамдан бир омоннома олган. Мадина даврида Расули акрам Ҳунайн ғазвасидан қайтаётганларида ҳалиги омонномани кўрсатиб туриб мусулмон бўлган эди.

91. Исломнинг илк қўмондони бўлган амакилари Ҳамзага Расули акрам томонларидан берилган дастлабки байроқ «Ҳарб байроғи» ва «Аскарий байроқ» эди (Тоҳир Мавлавий. «Исломнинг илк аълами ва аъламдори», 8-бет).

92. «Риёзул Мухтор» асарининг муаллифи Ғози Аҳмад Мухтор Пошо бундай дейди: «Пайғамбаримиз ҳазратларининг Маккадан ҳижрат ила Мадинага келишлари биринчи ҳижрат йили рабиъул аввал ойининг 12-кунидир. Бу масалада нозик илмий текширишлар шуни кўрсатадики, ўша кун қуёшнинг Мезон буржининг биринчи даражасида бўлган, яъни кузнинг кечаси билан кундузи тенг келган кунига − 23 сентябрга мос келгандир. Асримизнинг мунажжимбошиларидан марҳум Тобир Афанди ҳам Мадина шарафлантирилган куни қуёш Мезон буржининг биринчи даражасида бўлганини таъкидлайди».

93. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 107-бет.

94.«Биринчи кундан тақво асосига қурилган масжид борки, сиз ўшанда туришингиз лойиқроқ. Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутгувчи зотларни севар» (Тавба сураси, 108-оят).

95. «Қиссаси Анбиё», 122-бет.

96. «Қуръон тили», 6-жилд, 4980-бет.

97. Анча аввал тоифликларнинг Расули акрамни тошбўрон қилганлари, бир дафъа маккаликларнинг у Зотни ўлдириш учун бел боғлаганлари ёдда тутилиб, энди эса мадиналиклар бу Зотга кўрсатаётган самимий севги-эҳтиром кўз ўнгига келтирилса, бу илоҳий инқилобнинг (ўзгаришнинг) буюклиги қаршисида лол бўлмасликнинг иложи йўқ!

98. Ибн Ҳишом.

99. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 116-бет.

100. Имом Бухорий.

101. Холид ибн Зайд (Абу Айюб Ансорий) розияллоҳу анҳу. Ислом тарихида шуҳрат таратган икки нафар «Холид» бор. Бириси маккалик Холид ибн Валид бўлса, иккинчиси мадиналик Холид ибн Зайддир. Маккалик Холиднинг қабри Суриянинг Хумус шаҳрида. Мадиналик Холиднинг қабри эса Истанбулда, Айюб Султон мозоридадир.

Холид ибн Зайд (Абу Айюб Ансорий) Мадинанинг Ҳазраж қабиласидан, Бани Нажжор уруғидандирлар. Расули акрамнинг боболари Абдулмутталибнинг онаси ва Ҳошимнинг завжаси Салмо Хотин ҳам Бани Нажжордан эди. Бу жиҳатдан Холиднинг Пайғамбаримизга қариндошликлари бор.

Абу Айюб Ансорий ҳижратдан аввал иймон келтирган мадиналик эдилар. Макка даврининг ўн иккинчи йили ҳаж мавсумида ҳамшаҳарлари билан биргаликда Маккага келганлар, иккинчи Ақоба байъатига қўшилганлар. Сарвари олам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида ақраболари ҳазрат Холиднинг уйларига тушиб, бу уйда етти ой (Мадинадаги масжид ва ёнидаги хоналар қурилиб битгунга қадар) меҳмон бўлиб турганлар.

Мадина даврида Расули акрамнинг ташвиқлари билан Мусъаб ибн Умайр билан ҳазрат Холид ака-ука тутинганлар. Маълумки, Мусъаб мусулмонликни мадиналикларга ўргатиш учун Расули акрам тарафларидан муаллим ўлароқ юборилган эди.

Абу Айюб Ансорий Бадр, Уҳуд, Ҳандақ ва бошқа жангларда Расули акрам билан бирга бўлдилар. У кишини баъзилар Расули акрамга байроқдорлик қилган, ҳатто «Аъламдори Расули Борий Абу Айюби Ансорий», дейишади. Аммо бу нотўғри фикр. Машҳур олим, марҳум Ҳожи Меҳмед Зиҳний «Ал-ҳақоиқ» номли қимматли китобининг 1-жилд 14-саҳифасида: «Абу Айюб Ансорийнинг байроқдорлиги Сияр китобларида собит эмасдир», дейди.

Ибн Асирга кўра, ҳазрат Холид (Абу Айюб) ҳазрат Алининг энг яқин дўстларидан эдилар. Халифа билан барча муҳорабаларда қатнашганлар, Жамал воқеаси асносида халифанинг ёнларида бўлганлар. Фақат (бир ривоятга кўра) Сиффийн воқеасига иштирок этолмаганлар.

Зайд ўғли Холид бутун умрларини (бир йилдан ташқари) жиҳод билан ўтказганлар. Ҳатто Шом халифаси Муовия Биринчи тарафидан илк Истанбул муҳосарасига юборилган Суфён ибн Авф бошчилигидаги Ислом қўшинига кўнгилли бўлиб қўшилган ва Истанбулга борган (49/669 й.). Бир йилдан кейин Истанбулнинг ғарбий ҳудудига сургун қилиндилар ва ўша ерда вафот этдилар (50/670 й.). Қабрлари бир муддат сақланди. Кейин қабр устидан отлиқ аскарлар юргизилиб, ҳеч билинмас бир ҳолатга келтирилди. Фотиҳ Иккинчи Маҳмуд Хон Истанбулни олган йили (1453 й. 29 май) Холид ибн Зайднинг қабрлари машҳур Оқ Шамсиддин тарафидан ер юзига чиқарилди ва Фотиҳнинг буйруғи билан қайтадан рисоладагидек кўмилди. У кишининг қабрларида бир тош бўлгани ва унга «Ҳаза қабру Абу Айюб» (Бу Абу Айюбнинг қабридир) ёзуви борлиги ривоят қилинади.

Холид ибн Зайд эллик беш ҳадис ривоят қилганлар. Бу ҳадислардан ўн учтаси Имом Бухорийда ва Имом Муслимда зикр қилинган.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ