Макка даврига умумий бир назар

1 ўн йил аввал 3257 siyrat.uz

Энди шу ўринда Макка даврини қайтадан умумий бир назардан ўтказсак.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврларининг ўн уч йили Макка шаҳрида ўтди. Маълумингизким, Макка даври Ҳиро (Нур) тоғида илк ваҳийнинг келиши билан бошланиб (610 й.), то ҳижратга қадар (622 й.) ўн уч йил давом этди102.

Бир юз ўн тўрт сурадан иборат Қуръони каримнинг тўқсон уч сураси Макка даврида нозил бўлди. Маккий суралар «Инсонларни Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, буюклигига, сўнгсиз ва тенгсиз қудратига ишонишга, буйруқларига итоат этишга, яхшилик қилишга чақиради, руҳларига хитоб этади, инсонларни ўйлантиради, уларнинг қалбида жонли бир иймонни вужудга келтиради... Бу суралар Аллоҳнинг азаматини баҳс маркази қилиб олгани учун услуби ҳам мавзунинг буюклиги билан бир мақомдадир»103.

Расули акрамнинг Макка даври мушрикларга қарата ваъзу насиҳат даври эди. Бироқ мушриклар Ислом динини масхара қилдилар. Ҳамма ерда мусулмонларни таҳқир этдилар. Уларга турли тазйиқ ўтказдилар. Уларни қамал қилиб, оч қолдирдилар. Ватанларини ташлаб чиқишга, аввал Ҳабаш элига, сўнгра Мадинага ҳижрат қилишга мажбур этдилар.

Бир христиан тарихчиси бўлган Жўржи Зайдон шундай дейди: «Ҳазрат Муҳаммад одамларни тўғриликка ва самимият билан Исломга даъват қилди. Ўзининг Аллоҳ томонидан юборилганига, инсонларни мусулмонликка чақириш учун илоҳий амрлар олганига иймони комил эди. Бундай бир эътиқоди бўлмаса, унга қарши ўтказилган турли-туман тазйиқ-зулмларга дош беролмасди.

Ҳазрат Муҳаммад пайғамбарликдан олдин Маккада бутун халқнинг севги-ҳурматига сазовор бўлган, буюк мавқе топган эди. Ҳеш-ақраболари ҳам уни беҳад ҳурмат қилишарди. Ҳам Хадижанинг мол-дунёси, ҳам ўзининг тижорат ишлари туфайли фаровон ҳаёт кечирарди.

Ислом динига даъватни бошлаганидан кейин ҳамма унга душман бўлиб қолди. Унга турли хил тазйиқ-исканжалар раво кўрилди. Ҳатто қариндоши Бани Ҳошимни ҳам тинч қўймадилар. Улар билан ҳар қандай муносабатни уздилар. ҳошимийлар бу қийинчиликлар дастидан тоғларга чиқиб кетишга мажбур бўлдилар, уч йил тоғлар орасида қолиб кетдилар.

Ҳазрат Пайғамбар амакиси Абу Толибнинг ўлимидан кейин ҳам, ундан олдин ҳам унинг сабр-матонатидан бир неча бор зиёд матонат кўрсатди. Аҳолининг эса ҳазрат Муҳаммадга қарши душманлиги янада ортди. Амакиси Абу Толиб ва завжаси ҳазрат Хадичанинг вафотларидан кейин фалокатлар тўхтамай, ҳазрат Пайғамбарнинг устига ёмғир каби ёғилар, қурайшийларнинг тазйиқи ҳаддан ошар эди. Азиятлар шу даражага бордики, бундан сўнг Расули акрам чидаёлмади. Даъватини тинглайдиган ва қабул қиладиган бошқа бир муҳит топиш умидида Тоифга чекинди. Бироқ бу ерда ҳам айни шиддат, айни нафратдан бошқа нарса кўрмади. У ердан ўта тушкун ҳолатда қайтди. Айни пайтда ўзига тушган вазифанинг оғир эканини тушуниб етди. Аллоҳга ёлворди. Маккага қайтди. Шунча азобларга қарамай, азму саботига путур етказмасди.

Макка аҳолисининг душманлиги яна кучайди. Агар Пайғамбар бу даъвосидан воз кечса эди, дарҳол ҳурмат-эътиборга эришиши муҳаққақ эди. Буни унинг ўзига очиқдан-очиқ айтишарди. Бироқ Набий Замон бу таклифларнинг ҳеч бирига заррача аҳамият бермади. Киришган ишининг тўғрилигига ишонмаганида ва ўзининг Ҳақ таоло томонидан пайғамбарлик вазифаси билан вазифалантирилгани эътиқоди унда ниҳоят даражада кучли бўлмаганида бунча жабру жафоларга чидаб тура олармиди?! Йўқ, албатта, аллақачонлар бу йўлдан воз кеча қоларди»104.

Ҳар турли қийинчиликлар исканжасида қолган Расули акрамнинг бу юксак даражали иймонлари ва метин сажияларига, асҳоби киромнинг ҳам бу йўлдаги сабот ва ҳаракатларига қарамай, маккалик мушриклар уларга қарши ўн уч йил курашдилар. Албатта, бунинг бир неча сабаблари бор эди:

Диний сабаб. Араб ярим оролидагиларнинг кўпи ўша вақтларда бутга сиғинувчилар эди. Маккада ҳам бутпарастлик ҳоким бўлган. Ҳолбуки, Каъба ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом замонларида Ягона Тангри (тавҳид) эътиқодининг илк обидаси ўлароқ қурилган эди. Бироқ ҳазрат Иброҳим ва ўғиллари ҳазрат Исмоил томонларидан ёйилган Ягона Тангри эътиқоди вақт ўтиши билан унутилди, унинг ўрнини бутга сиғиниш эътиқоди олди. Каъба ҳам бутга сиғинувчи арабларнинг уч юз олтмишта бутини сақлайдиган «бутхона»га айлантирилди.

Ҳазрат Муҳаммаднинг даъватларини қабул қилиб Исломга кириш дегани − Каъбадаги бу уч юз олтмиш бутга сиғинишдан воз кечиб, ўрнига Ягона Тангрига боғланиш ва буюк Аллоҳга ибодат қилиш дегани бўладики, бу нарса бутга сиғинувчи арабларга оғир келарди. Кўз билан кўриб, қаршисида тиз чўкиб турилган уч юз олтмиш бутни ташлаб, кўзга кўринмайдиган, ягона, шериги йўқ, маконсиз ва тенгсиз қудрат Соҳиби, бутун борлиқларнинг Яратувчиси мавжуд экани фикрини қабул қилиш маккалик мушрикларга қийин эди; яратган асарларига ибрат назари билан қараб, бутун сифатлари билан коинот Холиқини идрок қилишолмасди улар.

Ахлоқий сабаб. Бутун ҳақиқатларнинг айтилганига қарамай, маккаликларнинг ҳазрат Пайғамбарга ишонишни истамаганликларига яна бир сабаб − уларнинг ёмон ахлоқлари ва ёмон феъл-атворлари эди. Ахлоқсизликлари ва ёмон одатлари туфайли қурайшийлар Исломга киришни хоҳлашмасди. Чунки улар ҳаром тижорат ва қароқчилик, юлғичлик йўли билан бойишарди. Мол-дунёларини фақат ўйин-кулгу, айш-ишратга сарфлардилар. Пули кўпнинг қилмайдиган ёмон иши йўқ эди. Бутларимизга қурбонлик келтирсак, барча гуноҳларимиз ювилади, деб ўйлашар, шу сабаб хоҳлашса, қон тўкишар, хоҳлашса, номусга тажовуз қилишар − ҳар турли ёмонликларни амалга оширишар эди105.

Ҳолбуки, Расули акрам воситаларида таблиғ этилаётган Қуръон оятлари уларнинг қалбларини жойидан қўпорадиган хабарлар − Аллоҳнинг ҳар нарсани кўриб турганини, билаётганини, инсонлар охиратда ҳисоб беришга мажбур эканликларини, бу ҳисоб-китоб асносида кишини фақат иймони, ибодати ва қилган яхши амалларигина қутқариши мумкинлигини билдирарди106.

Ижтимоий сабаб. Ислом дини туғилган пайтда Маккада кибор бир шаҳар жумҳуриятига ўхшаш бир идора усули мавжуд эди. Мусулмонлик эса фақат ҳақиқий бир тенглик руҳи билан боғлана оларди. Қуръони карим кўзи ожизни ҳам, шону шараф эгасини ҳам бирдек кўрар, инсонлар ўртасидаги фарқни фақатгина тақводан, қалб софлигидан излар, мол-дунё инсонларни бир-биридан устунлигини кўрсатувчи омил бўлолмаслигини таъкидлар эди. Шу сабабдан киборлар Ислом динига яқинлашолмасди. Бутпарастлик эса Маккада Қурайш пешволари учун бойлик, шон-шуҳрат манбаи эди. Улар бундай бойлик ва шон-шуҳратдан айрилишдан кўра, қон тўкишни афзал кўришарди. Мусулмонлик туфайли бойлик ва обрўларини таҳликада кўраётганлар мусулмонларга қарши тазйиқларни кундан-кунга кучайтиришарди107.

Маккаликларнинг фикрича, бошлиқ бўладиган Зот бой ва бола-чақаси кўп бўлиши керак эди. Ҳатто Муғийра ўғли Валид:

« Қурайшнинг (Маккага ҳоким қабила) ичида мен каби, Сакийфнинг (Тоифга ҳоким бўлган қабила) орасида Масъуд ўғли Урва каби одамлар турганида Муҳаммад қандай қилиб Пайғамбар бўлиши мумкин? Макка ва Тоифнинг буюклари бизлармиз! − деган эди108.

Сиёсий сабаб. Маккаликларнинг мусулмонликка қарши даҳшатли тазйиқ олиб борганларининг сабабларидан яна бири Қурайшнинг ички ва ташқи сиёсати билан боғлиқ эди.

Ички сиёсат. Расули акрам мансуб бўлган ҳошимийлар билан Қурайшнинг бошқа уруғлари орасида бир-бирини кўролмаслик бор эди. Хусусан, қурайшийларни ёмон йўлларга оғдирган, уларни Расули акрамга иймон келтиришларига монеъ бўлган Бани Умайя бўлди. Азалдан улар ҳошимийларнинг шон-шуҳратига ҳасад қилиб келишарди. Бу шон-шараф ва обрўга «пайғамбарлик» шарафи ҳам қўшилаётганини кўриб қалбларидаги ҳасад янада оловланди. Пайғамбаримизга энг ёмон азоб берганлардан Уқба ибн Муайят ҳам умавийлардан эди. Ҳошимийларга ҳасад қилаётганлардан яна бир қабила Бани Махзум уруғи эди. Ваҳид ибн Муғийра ва жияни Абу Жаҳллар махзумийлардан эдилар. Ҳатто мусулмонликнинг энг катта душмани Абу Жаҳл бир марта: «Биз билан ҳошимийлар ўртасида азалдан қолган рақобат бор. Энди эса ҳошимийлар пайғамбарлик даъвоси билан чиқишмоқда. Биз уларнинг пайғамбарларига ишонмаймиз!» деган эди109.

Қурайшнинг ташқи сиёсати ҳам маккаликларнинг Исломга киришларига тўсиқ бўлди.

Қурайшийлар Араб ярим оролида барча қабилалар орасида юксак мавқега соҳиб эдилар. Ҳарами Шарифда ўтиришлари, Каъбанинг калитларини ёнларида олиб юришлари қурайшийларга бу мавқени таъминлаб турган эди. Бутга сиғинувчи қурайшийлар дин билан сиёсатни бирлаштиришган эди.

Каъбадаги бутларнинг ҳар бири бир қабилага тегишли эди. Қурайшийлар мусулмонликни қабул қилишса, Каъбани барча бутлардан тозалашга тўғри келарди. Унда қурайшийлар қабилалар орасидаги эътиборларини ҳимоя қилишолмас, аксинча, бошқа ҳамма қабилаларнинг ўзларига душман бўлиб қолишларига сабабчи бўлишар эди. Қурайшнинг мусулмонларга қарши курашига бу тушунчанинг ҳам катта таъсири бўлган.

Иқтисодий сабаб. Қурайшийларнинг Ислом динини қабул этишни хоҳламасликларининг бир неча иқтисодий сабаблари ҳам бор эди. Макка водийси деҳқончиликка қулай бўлмагани учун бу ерда кун кечириш қийин эди. Макка аҳолисининг даромад манбаи тижорат карвонлари билан келиб, Каъба ва Макка атрофларига савдо расталарини қураётганлар ҳисобига эди. Бундан ташқари, ҳамма қабила кишилари ўзларига ажратилган бутларни зиёрат қилиш учун югуришар, Макканинг даромадини кўпайтиришар эди.

Бутпарастликни ташлаб, Ислом динини қабул қилсалар, шаҳарнинг бу даромад манбаидан маҳрум қолиш андишаси маккаликларнинг эски динларида оёқ тираб олишларига сабаб бўлди...

Изоҳлар

102. Шамсий (қуёш) ойларига кўра ҳисобланган Қуёш йили 365 кун бўлгани ҳолда, қамарий ойларга кўра, Ой йили 354 кунни ташкил этади. Орадаги фарқ 11 кунча. Қуёш ойлари асосида юритиладиган милодий йилларда йил боши январь ойи бўлиб, қамарий ойлар асосидаги ҳижрий санадаги йил боши билан мос келмайди. Бинобарин, ҳижрий саналар милодийга айлантирилганда орадаги фарқ ҳеч қачон бир йилдан ўтмайди.

103. Умар Ризо Дўғрул. «Тангри буйруғи», муқаддима.

104. «Маданияти Исломия тарихи», 1-жилд, 32-бет.

105. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо»107-бет.

106.«Бас, қачон (қулоқларини) кар қилгувчи (даҳшатли қичқириқ) келганда (яъни сур иккинчи марта чалиниб, барча халойиққа қайтадан жон ато этилганда ҳар бир инсон ўзи билан ўзи бўлиб қолур)! У Кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию бола-чақасидан ҳам қочур! (Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур! У Кунда (мўминларнинг) юзлари ёруғ, кулгувчи ва ҳуррам бўлур. Ва у Кунда (кофирларнинг) юзлари устида чанг-ғубор бўлиб, у (юз)ларни қаролик қоплаб олур. Ана ўшалар фисқу фужур қилгувчи кофирларнинг ўзидир!» (Абаса сураси, 33-42-оятлар.)

107. «Асри Саодат», 1-жилд, 237-бет.

108. «Яна улар: «Бу Қуръон икки қишлоқ (нинг бири)дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди», дедилар»(Зухруф сураси, 31-оят).

109. Ибн Ҳишом.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ