Катта Бадр ғазоти

6 йил аввал 1687 siyrat.uz

Расули акрам холаларининг ўғли Абдуллоҳни бош этиб, бир тафтиш гуруҳини Мадина атрофига чиқардилар. Икки кундан кейин очиш шарти билан Абдуллоҳнинг қўлига бир мактуб ҳам бердилар. Абдуллоҳ сариясининг вазифаси Макка билан Тоиф орасидаги Батни Нахла деган жойга бориш, душман аҳволини назорат қилиш, Қурайшнинг ҳаракати ҳақида маълумот тўплаш эди. Сариянинг бу ҳаракати Қурайшнинг Мадинага тўсатдан бостириб киришининг олдини олиш учун кўрилган эҳтиёт чора-тадбир эди.Бадр ғазоти Расули акрам лашкарларининг мушрикларга қарши олиб борган илк қонли уруши эди. Бу урушнинг бошланишига қурайшийларнинг Мадинага томон илк босқинчилик ҳаракатининг олдини олиш ташаббуси сабаб бўлди. Обрў-эътиборли мушриклар маккаликларни Мадина устига ҳаракатга солиш учун баҳона қидирар эдилар. Батни Нахла воқеаси билан Абу Суфённнинг «карвон масаласи» улар кутган воқеалар бўлди.

Иттифоқо, Абдуллоҳнинг сарияси Тоифдан келаётган Қурайшнинг карвонига дуч келди. Карвонни жосусларники, деб ўйлаб ҳужум қилди. Карвон раиси Ҳадармий ўғли Амр ўлдирилди. Икки ўртоғи асир олинди. Моллари тортиб олинди. Исломда илк бора олинган ғанимат мол (ўлжа) шу бўлди. Лекин бу моллар Мадинага олиб борилганда Расули акрам уларни қабул қилмадилар. Чунки бу иш Расули акрамнинг рухсатларисиз амалга оширилган эди. Ҳатто бунинг учун сария бошлиғи Абдуллоҳ қаттиқ огоҳлантирилди.

Батни Нахла ҳодисаси ражаб ойига (уруш қилиниши тақиқланган ойга) тўғри келгани учун бу ҳол катта ҳаяжон ва шов-шувга сабаб бўлди. Айниқса, маккаликларнинг ичида ғазаб ўти ёнди. «Муҳаммад ҳаром ойни ҳалол қилди. Сулҳ пайтида қон тўкди. Асир олди. Молни талон-тарож этди!» дея мусулмонларга қарши тинмай гап тарқата бошлашди31.

Батни Нахлада ўлдирилган Амр ва асир олинган ҳамроҳлари Макканинг кўзга кўринган кишиларидан эдилар. Қурайшийларга бу ҳодиса қулай фурсат бўлди. Шомдан қайтаётган Абу Суфённинг ёрдам сўрагани эса маккаликларнинг ғазабини орттирди. Шундан сўнг мусулмонларга қарши урушга ошкора тайёргарликлар бошланди. Ўлган Амрнинг укаси Омир Макка кўчаларида қип-яланғоч ҳолда:«Воҳ Амр! Воҳ Амр!» дея фарёд кўтариб, халқни интиқомга ташвиқ этар эди.

Расули акрам тафтиш гуруҳлари воситасида Қурайшнинг бутун тайёргарликларидан огоҳ бўлдилар. Асҳобни тўплаб, улар билан маслаҳатлашдилар:

— Сизнингча, карвонни таъқиб этиш мувофиқми ёки Қурайш қўшинини қаршилаш? − дея сўрадилар.

Олдин Абу Бакр, сўнгра Умар ўринларидан туриб, муҳожирлар номидан гапирдилар. Қурайш қўшини билан урушишга тайёр эканликларини билдирдилар. Расули акрам ансорнинг ҳам фикрларини билмоқчи бўлдилар. Машваратда Миқдод оташин нутқ сўзладилар.

— Бизми? Биз Мусо қавмининг ҳазрат Мусога айтганларидек, «Сен ва Ҳорун! Боринг, жанг қилинг! Биз шу ерда ўтирамиз»,32 дегувчилардан эмасмиз. Биз сизнинг ўнг ва чап томонингизда, орқа ва олдингизда туриб, душманга қарши тўхтовсиз жанг қиламиз! − дея Расули акрамни севинтирдилар ва хайр-дуоларини олдилар.

Ансор номидан Муоз ўғли Саъд ҳам гапирдилар:

— Эй Аллоҳнинг элчиси! Биз сизга ишондик. Бизга келтирганингиз Қуръоннинг ҳақ эканлигига гувоҳлик берамиз. Сиз айтганча бўлсин! Бизни дарёга бошлаб шўнғисангиз, биз ҳам сиз билан бирга сувга кирамиз. Ансордан бирор киши ҳам орқага чекинмайди!33

Шундан сўнг Расули акрам:

— Ундай бўлса, қани, Аллоҳнинг баракоти томон юрингиз. Сизга муждалар бўлсинки, Аллоҳ икки тоифадан бирини ваъда берди34. Аллоҳга қасамки, қурайшийларнинг жанг майдонида йиқиладиган жойларини кўраётгандекман, − дея марҳамат қилдилар.

Ҳижратнинг иккинчи йили (12-рамазон) эди. Расули акрам ансордан Абу Лубобани Мадинада вакил этиб қолдирдилар. Асҳоби киромлари билан шаҳардан чиқдилар. Қўшинларининг сони 313 нафардан иборат эди. Булардан саккизтаси маъзуротлари борлиги учун изнли эдилар, урушга қатнаша олмадилар. Бадр асҳобининг олтмиш тўрт нафари муҳожир, қолганлари ансорлардан эди. Учтасида от, етмиштасида туя бор эди. Ҳайвонларга навбатма-навбат миниларди, Расули акрам, ҳазрат Али ва Зайд учовлари бир туяни галма-галдан миниб боришарди.

Илк Ислом қўшинининг уч байроғи бўлган эди. Бири муҳожирларники, қолган иккитаси ансорники эди. Ҳарбий юриш рамазон ойига тўғри келгани учун Расули акрам аскарларга рўзани очишларини буюрдилар35.

Зафар байроғини кейинчалик бу ёғи Атлантик уммонидан, у ёғи Хитой остоналарига қадар олиб борган буюк Ислом оламининг илк қўшини ҳам мана шу уч юз беш кишилик аскарий гуруҳ, Бадр қаҳрамонлари бўлди36. Расули акрам бу илк мужоҳид лашкари билан Бадрга томон йўл олдилар. Бадр Макка ва Шом йўли устидаги бир қишлоқ эди37. Бу қишлоқ Мадинага туя билан уч кунлик, Маккага эса ўн кунлик йўл эди.

Ислом лашкарлари Бадр қишлоғига етиб келганида Қурайш қўшини анча олдин келиб, Бадр водийсининг нариги томонини эгаллаб бўлибди. Мадина билан Макка ораси ўн уч кунлик йўл эди. Ислом лашкари Мадинадан чиқиб уч кунлик йўлни босиб ўтгунига қадар мушриклар янада олдин ҳаракат қилишган, Маккадан чиқиб, ўн кунлик йўлни босиб ўтиб, Мадинага яқинлашиб қолишган эди.

Мусулмонлар учун ҳам Мадинани, ҳам ўзларини мудофаа этиш зарурияти туғилди. Бу ҳол қайси томоннинг тажовузкор эканини ўз-ўзидан кўрсатиб турибди.

Қурайш қўшини тўққиз юз эллик ёки минг нафардан иборат бўлиб, бор-йўғи уч юз беш кишилик Ислом лашкарига нисбатан роса уч баробар кўп эди. Ичида юз отлиқ, етти юз туялиси бор эди. Кўплари зирҳли. Урушда Қурайшнинг барча улуғлари (пешволари) иштирок этар, бироқ Расули акрамнинг душманлари бўлишига қарамай, амакилари Абу Лаҳаб йўқ эди.

Исломнинг энг катта душмани Қурайш қабиласининг Маҳзум уруғидан бўлган Абу Жаҳл (Абу Ҳакам) мушриклар қўшинига бош қўмондон эди. Қурайш пешволари ҳар куни ўнтадан туя сўйишиб, қўшинни овқат билан таъминлаб туришарди.

Қурайш қўшини Бадр ҳудудига борганида Абу Суфённинг ўртани бузган қирқ кишилик карвони анча олдин хатарли жойдан ўтиб олган, соҳил йўли бўйлаб юриб, Мадинани ортда қолдирган эди. Икки қўшин жума куни Бадр саҳроларида учрашди (17-рамазон/13 март).

Шу пайтгача араблар фақат «қавмчилик» ғайрати ила жанг қилиб келган эдилар. Энди «қавмчилик» ўрнини дин олди. Бундан кейин дин учун қон тўкиладиган бўлди ва бу олий мақсад йўлидаги фидокорликни биринчи бўлиб мусулмон томони кўрсатаётган эди.

Ҳолбуки, бир-бирини ўлдириш учун юзма-юз келган икки қўшин бир-бирининг қардоши, амакиваччалари, оталари, ҳатто туғишган фарзандлари эди.

Бир томонда уч юз олтмиш бутга сиғинувчи мушриклар, иккинчи томонда Аллоҳнинг бирлигини (тавҳид эътиқодини) ёймоқчи бўлган мусулмонлар бир-бирларига қарши жанг майдонида саф тортишди. Бу ҳол ҳайратли бир манзара эди38.

Қурайшнинг илк байроқдори Абу Азизнинг рўпарасига укаси Мусъаб муҳожирларнинг яловбардори бўлиб чиқди. Ҳазрат Абу Бакрнинг бир ўғиллари ёнида, бошқа бир ўғиллари Абдураҳмон душман сафидан ўрин олган. Утбанинг бир ўғли Валид ўз ёнида, иккинчи бир ўғли Абу Ҳузайфа мусулмонларнинг ичида.

Расули акрамнинг бир амакилари Ҳамза ёнларида, бошқа амакилари бўлмиш Аббос душман билан бирга эди. Яна бошқа амакилари Ҳориснинг ўғли Убайда мусулмонлар ичида, ўз ёнларида, бошқа ўғиллари Абу Суфён билан Навфал мушриклар сафида эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳомий амакилари Абу Толибнинг Али деган ўғли Ислом қўшинида, Ақийл исмли ўғли мушрик қўшинида хизмат қилаётган эди.

Ҳазрат Хадижанинг укалари Навфал билан Расули акрамнинг куёвлари (Зайнабнинг эрлари) Абул Ос Ислом душманлари орасида эдилар.

Қурайш қўшини тажрибали аскарлардан тузилган бўлиб, сон жиҳатидан мусулмонлардан кўплигидан ташқари қурол ва моддий тарафдан ҳам устун эдилар. Эгаллаган мавқелари ҳам урушга янада қулайроқ эди.

Ислом лашкарлари эса тажрибасиз ёшлардан ва ёши ўтиб қолган қариялардан ташкил топган, бироқ маънавий жиҳатдан устунлик улар томонида эди.

Шу каби сабаблар туфайли катта Бадр ғазоти мусулмонлар учун бир ҳаёт-мамот жанги бўлди.

Расули акрам ўзлари учун тайёрланган сояликка ўтиб, муборак қўлларини юқорига кўтариб Аллоҳга ёлворар, саждадан узоқ вақт бош кўтармай, Буюк Тангридан мадад сўрар эдилар. Бутун асҳоб қаттиқ ҳаяжон ичида аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкарди. Расули акрам Қуръондан оятлар ўқиб, муждалар берар, дўстларидаги маънавий куч ва туйғуни қувватлантириб турар эдилар39.

Қурайш қўшини мусулмонларга секин-аста яқинлаша бошлади. Бироқ Расули акрам асҳобнинг тўсатдан ҳужум қилишларига изн бермадилар. Билъакс, душманнинг ҳужум қилишини кутдилар.

Қурайшийлар орасида қон тўкилишини истамаётганлар бор эди. Бу орада «Карвон тахликадан ўтиб бўлди, энди жанг қилишнинг маъноси йўқ», деганлар ҳам бўлди. Бироқ бу таклифни Абу Жаҳл кескин рад этди. Чунки Бадр жангининг сабаби карвон масаласи эмас эди.

Дастлаб Батни Нахлада ўлган Амрнинг укаси Омир Абу Жаҳлнинг ташвиқи билан ўртага чиқди. Бир ўқ отиб ҳазрат Умарнинг озод қилган қули Миҳжани шаҳид қилди. Мусулмонлардан илк шаҳид Миҳжа бўлди.

У даврда муҳорабалар (жанглар) мубораза шаклида бошланарди. Яъни икки томондан муборизлар бир ё иккитадан ўртага чиқиб урушишар, қўшинни жангга қизитардилар. Бироқ Бадр ғазотида бундай бўлмади. Бу жанг укасининг ўчини олмоқчи бўлган Омир отган ўқ билан бошланди.

Шундан кейин ўртада Утба кўринди. Абу Жаҳлнинг ҳақорати билан майдонга чиққан Утба бир томонига укаси Шайбани, иккинчи томонига ўғли Валидни олган эди.

Буларга қарши Расули акрамнинг буйруқлари билан Убайда, Ҳамза ва Али чиқдилар. Ҳазрат Ҳамза билан ҳазрат Али рақибларини биринчи ҳамладаёқ ўлдиришди. Кейин Убайдага ёрдамга отилиб, тезда Утбанинг ҳам ишини битиришди.

Икки тарафдан ёппасига ҳужум бошланди. Жанг қизигандан қизиди. Қурайшийларнинг даҳшатли ҳамлаларига мусулмонлар мардларча дош бериб, катта ғайрат-шижоат ва сабр намунасини кўрсатишди. Иттифоқо, мусулмонлар Аллоҳнинг ёрдами билан Қурайш қўшинига катта талафот етказдилар40.

Мушрикларнинг энг кўзга кўринганлари жанг майдонидаёқ ўлди. Ҳатто бош қўмондонлари Абу Жаҳл ҳам ансордан икки ёш ака-укалар (Муоз ва Маъуз) томонидан ер тишлатилди. Боши танасидан жудо қилинди.

Мушриклардан етмиш асир, етмиш ўлик бор эди. Қолганлари қочиб, аранг жонларини қутқариб қолишди. Ўлганларнинг йигирма тўрттаси Қурайш буюкларидан эди.

Мусулмонлар ўн тўрт шаҳид беришди.

Мушрикларнинг ўликлари бир қудуққа ташланди. Асирлари асҳобга тарқатилди. Бироқ уларга яхши муомалада бўлиш кераклиги Расули акрам томонидан огоҳлантирилди.

Бадр ғазоти Ислом лашкарининг илк муҳим ва шонли зафари эди. Бу зафар билан ҳам Ислом дини қувватланди, ҳам Мадина қурайшийларнинг илк ҳужумларидан қутулди.

Мадина Бадр ғалабаси туфайли катта қувонч ичида қолди. Бироқ Макка мотамга чўмди. Маккада Абу Лаҳаб ҳам ажали етиб ўлди.

Аммо Расули акрамнинг қизлари, ҳазрат Усмоннинг завжалари Руқайянинг ўлими Бадр зафари хабари Мадинага етиб борган пайтга тўғри келиб қолгани учун мусулмонларнинг севинчи узоққа чўзилмади.

Расули акрам Бадрда яна уч кун қолдилар. Мадинага қайтганларида аввал икки масалани ҳал қилишга тўғри келди. Бири−асирлар иши бўлса, иккинчиси − урушда қўлга киритилган ғанимат моллар масаласи эди. Асирлар масаласида машварат мажлисини чақирдилар. Асҳоблари (ўртоқлари) билан маслаҳатлашдилар. Биринчи сўз ҳазрат Абу Бакрга берилди. Ҳазрат Абу Бакрдан сўнг сўз олган ҳазрат Умар асирларни шиддатли жазолаш тарафдори бўлиб чиқдилар. У кишининг фикрларича, асирларнинг ҳаммасини қиличдан ўтказиш керак, чунки булар мусулмонларга энг кўп ёмонлик қилган, азият берган мушрикларнинг, қурайшийларнинг бошлиқлари эди.

Расули акрам марҳамат кўрсатдилар. Абу Бакрнинг таклифларини қабул қилдилар. Асҳобнинг кўпчилиги ҳам бу таклифни маъқул деб топди41. Асирларнинг ҳар биридан алоҳида-алоҳида тўрт минг дирҳам (кумуш пул) қутулиш бадали олиниб, ҳаммаси озод этилди. Ҳатто асирлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос билан қизлари Зайнабнинг завжи Абул Ос ҳам бор эди. Улар ҳам бошқа асирлар каби фидя беришга мажбур бўлишди. Бу суратда асирлар орасида ҳам тенглик сақлаб қолинди.

Қутулиш пули беришга қурби етмаганларга Расули акрам муҳим бир вазифа бердилар. Маккалик ҳар бир асир мадиналик ўнта болага ўқиш-ёзишни ўргатгандан кейингина асирликдан қутула оларди42.

Бу ўринда асирлар масаласи билан боғлиқ икки жиҳат диққатга сазовор. Бири − ўрта асрда мусулмонлар тарафидан мушрикларга кўрсатилган бир инсонпарварлик муомаласи; иккинчиси − ўқиш-ёзишга (яъни таҳсилга) берилган аҳамият. Расули акрамнинг мадиналик болаларга ўқиш-ёзишни ўргатиш учун маккалик асирлардан фойдаланишлари, тўғрироғи, мусулмон болаларга мушрикларни муаллим қилишлари жуда муҳим ва ибратли ҳодиса эди43.

Маккаликлар орасида саводлилар кўп, мадиналиклар орасида қарийб йўқ эди. Расули акрам қўллаган тадбир туфайли ўқиш-ёзишни билувчиларнинг сони ортди. Ансордан машҳур Зайд ибн Собит ҳам шу тариқа саводини чиқарганлардандир44.

Бадр ғазотида қўлга киритилган ўлжалар ғозийларга баб-баробар бўлиб берилди. Биров бировдан устун кўрилмади. Ҳатто урушга қатнаша олмаганларига ҳам ҳисса ажратилди. Ўлжаларнинг бешдан бир қисми эса Байтулмол (давлат хазинаси) учун олиб қолинди45.

Расули акрамнинг асирларга нисбатан кўрсатганлари бу буюк инсоний муомала жуда яхши натижалар берди. Маккаликлар орасида ҳам, мадиналиклар ичида ҳам кўплар Исломни қабул қилиб, мусулмонлар сафини кенгайтиришди.

Бироқ Абу Бакрнинг раъйлари қабул қилиниб, Расули акрам томонларидан асирлардан фидя олиниб, қўйиб юборилган пайтда илоҳий ваҳий келди46. Ўшанда Расули акрам билан Абу Бакрнинг кўзлари ёшланди. Чунки келган ваҳий бир нави танбеҳ моҳиятида эди.

Имом ат-Термизий дейдиларки: «Ўшанда ҳали Пайғамбарга ғанимат моллар ҳақида ҳеч бир ваҳий тушмаган эди. Мусулмонлар, араб одати бўйича, Бадрда ўлжа тўплашди. «Илоҳий таҳдид»нинг нозил бўлиши ана шу сабабли эди. Фақат илгаридан огоҳлантирилмаганликлари учун кечирилди, олган ўлжа моллари ҳам ҳалол қилинди»47.

Кўплар асирлар қатл этилмаганликлари учун илоҳий таҳдид воқеъ бўлди, дея айтган бўлсалар ҳам, аслида ундай эмас эди48. Қурайшнинг пешволари, хусусан, Абу Жаҳл ҳам ўлдирилган, карвон қаҳрамони Абу Суфён эса Маккада Қурайшнинг бошига ўтиб олган эди. Мусулмонлардан Бадр мағлубиятининг ўчини олиш учун қасам ичган Абу Суфён икки юз кишилик отлиқ қўшин билан Маккадан чиқиб, Мадинага бир соатлик жойгача етиб келди, ҳатто ансордан Саъд ибн Амрни ўлдирди, бир неча уйни ёқиб юборди.

Буни эшитган Расули акрам дарҳол ҳаракатга тушдилар. Абу Суфён бошчилигидаги қўшин қочди. Мусулмонлар қўшинга ета олмадилар. Бироқ қурайшийлар ташлаб қочган қоп-қоп озиқ-овқат моллари мусулмонларга қолди. Қўлга киритилган бу озуқалар қовурилган ун - савиқ (талқон) бўлгани учун бу ғазотга «Савиқ ғазоти» номи берилди.

Бадр ғазоти ҳижратнинг иккинчи йили воқеаларидан эди. Ўша йили Мадина яҳудийлари билан Бани Қайнуқоъ ғазоти бўлиб ўтди. Ҳазрат Али Расули акрамнинг қизлари Фотимага уйландилар. Рамазон рўзаси49 ва закот фарз қилинди50.

Изоҳлар

31. «Сиздан «шаҳри ҳаром» (уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга ишонмаслик ва Масжидул-ҳаромдан (яъни Маккадан) тўсиш ва ундан аҳлларни қувиб чиқариш Аллоҳ наздида улуғроқ гуноҳдир. Фитна (алдаш) ўлдиришдан-да катта гуноҳдир. Улар (кофирлар) қўлларидан келса, то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар» (Бақара сураси, 217-оят).

32. «Қавм айтди: «Ё Мусо, модомики улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутурмиз» (Моида сураси, 24-оят).

33. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 148-бет.

34. «Ўшанда (эй мўминлар), Аллоҳ икки тоифадан (яъни карвон ва қўшиндан) бирини сизлар учун (ўлжа) қилишга ваъда қилган эди. Сизлар қурол-яроғсиз тоифа (яъни карвон) ўзингиз учун бўлишини истаган эдингиз. Аллоҳ эса Ўз сўзлари билан ҳақиқатни муқаррар этишни ва кофирларнинг думини қирқишни ирода қилган эди» (Анфол сураси, 7-оят).

35. Мусулмонлар жанг қиларкан, рўзадор бўлсалар, ҳолсизланиб қолишлари эҳтимоли бор эди. Шунинг учун муҳораба кунларида рўзаларини очдилар. Сўнгра эса қазо қилиб тутдилар (Тоҳир Ўлгун Мавлавий. «Бадр муҳорабаси», «Сабҳилур-рашод», 12-жилд, 24-бет).

36. Охирги воқеанавис Абдураҳмон Шараф («Зубдатул қисас», 1-жилд, 83-бет).

37. Бугунги кунда у ер катта бир ноҳиядир. Тошдан қурилган ва маҳаллий аҳолига кўра «қаср» дейилувчи мингларча уй ва икки жомеъ масжид бордир (Муҳаммад Ҳамидуллоҳ. «Ҳазрат Пайғамбарнинг жанглари». 36-бет).

38. «(Эй яҳудийлар), сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар» (Оли Имрон сураси, 13-оят).

39. «Яқинда ўша жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар!» (Қамар сураси, 45-оят.)

40. «Ахир, Аллоҳ Бадр жангида кучсиз бўлсангиз-да, сизларни ғолиб қилди-ку!» (Оли Имрон сураси, 123-оят).

41. «Мавоҳиби Ладуния» таржимаси, 1-жилд, 90-бет.

42. «Асри Саодат», 1-жилд, 347-бет; «Қисаси анбиё», 161-бет; «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 131-бет; Али Саидий. «Ҳукумати Исломия тарихи», 1-жилд, 143-бет; Тоҳир Ўлгун Мавлавий. «Бадр муҳорабаси», «Сабҳилур-рашод», 12-жилд, 23-бет.

43. Аббосий халифа Маъмун Шом мадрасасига бир насоро муаллимни ишга тайин этган пайт бунга эътироз билдирганларга: «Мен бу одамни дин ишларига раҳбарим бўлсин, деб эмас, бир фан муаллими ўлароқ келтирдим», дея жавоб берган эди.

44. Ибн Саъд.

45. «Билингизки, ўлжа қилиб олган нарсангизнинг бешдан бири Аллоҳ учун, Пайғамбар учун ва у Зотнинг қариндош-уруғи, етимлар, мискинлар ва мусофирлар учундир» (Анфол сураси, 41-оят).

46. «Агар Аллоҳнинг ҳукми азалийсида (билмасдан қилган хатони кечиришлиги) ёзиб қўйилмаганда эди, албатта, сизларга товон олганларингиз сабабли улуғ азоб етган бўлур эди» (Анфол сураси, 68-оят).

47. «Энди ўлжа қилиб олган нарсаларингизни ҳалол − пок ҳолда еяверинглар» (Анфол сураси, 69-оят).

48. «Асри Саодат», 1-жилд, 346-бет.

49. «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара сураси, 183-оят).

«(У саноқли кунлар) рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара сураси, 185-оят).

50. «Тажрид» таржимасида айтиладики: «Уламодан кўпчилиги закотнинг ҳижратдан кейин фарз бўлганини қабул этадилар. Аммо ҳижратдан илгари фарз бўлганини айтганлар ҳам бор» (1-жилд, 15-бет). Марҳум Муҳаммад Ҳамдий эса «Асли закот ҳижратдан аввал фарз бўлгандир. Чунки маккий сураларда закотга доир оятлар бор. Мадинада фарз қилинган закот асл закот эмас, закотнинг кимларга берилажагини тайин этмоқдадир», деган ("Қуръон тили", 7-жилд, 5438-бет).

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ