Ҳудайбия сулҳи

1 ўн йил аввал 6262 siyrat.uz

Мусулмонларнинг энг биринчи ҳам энг қўрқинчли душманлари қурайшийлар эди. Бу душманлик Расули акрамнинг Макка даврларидаёқ бошланган эди. Макка фатҳига қадар давом этди. Маккалик мушриклар ҳар турли ёмонликлари билан мусулмонларни Маккадан чиқишга мажбур қилганликлари етмагандай, уларни Мадинада ҳам тинч қўймадилар. Ҳатто Бадр, Уҳуд, Ҳандақ каби қонли урушларнинг чиқишига сабаб бўлдилар.

Маккалик мушриклар билан мусулмонлар орасида бир неча йиллар давом этиб келган бу душманлик муносабатлари турли босқичлардан ўтган, бироқ «Ҳудайбия сулҳи»га қадар бирорта тинчлик шартномасига боғланмаган эди.

Ҳолбуки, Арабистон ярим оролида яшаган бошқа қабилалар Қурайш қабиласига қарар, қурайшийларнинг ҳаракатларидан ўзларига намуна олар эдилар. Ислом динининг бу қабилалар орасида ёйилиши учун қурайшийлар билан келишувга, дўстлик муносабатларини йўлга қўйишга эҳтиёж бор эди. Расули акрамнинг маккалик мушриклар билан тузган «Ҳудайбия сулҳ»лари шу жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга молик эди. Ҳудайбия тинчлик шартномаси Ҳандақ ғазотидан бир йил кейин Ҳудайбия қудуғининг номи билан аталувчи қишлоқда тайёрланди101.

Ҳижратнинг олтинчи йили зулқаъда ойининг биринчи душанба куни эди. Расули акрам минг тўрт юз кишилик саҳобалари билан бирга Мадинадан чиқдилар102 ва Маккага томон юрдилар. Мақсадлари Байтуллоҳни − Каъбани зиёрат қилиш эди. Кўрган тушларига биноан, мусулмонларни ҳаж қилишга даъват этган, Каъбанинг биргаликда тавоф этилажагини асҳобга муждалаган эдилар103. Мадинада Умму Мактум ўғли Абдуллоҳни ўз ўринларига вакил этиб қолдирдилар. Маккада қурайшийлар безовта бўлмасинлар учун асҳобга оғир ҳарб қуроллари олдирмадилар, фақат араб одатига кўра, ҳар ким ёнида «йўлчи қуроли» дейилувчи бир қилич олишни буюрдилар. Қурбонлик учун етмиштача туя олдилар. Завжаларидан Умму Салама бу сафарда Расули акрам билан бирга йўлга чиқдилар.

Асҳобдан, айниқса, маккалик муҳожирлар болалик йиллари ўтган Маккага олти йилдан бери боролмаган, она шаҳрини жуда қаттиқ соғинган, шунинг учун ҳам Каъба зиёратига ошиқар эдилар. Ҳатто бир нечаларининг оилалари Маккада қолиб кетган эди. Мадиналик ансорнинг ҳам кўпчилиги бу зиёратни орзу қилар эди.

Араблар орасида уруш қилиниши тақиқланган тўрт ой зулқаъда ойидан бошланарди. Ҳаж ойи эса зулҳижжа эди; ҳаж ойида Маккада одам кўпайиб кетарди. Расули акрам ҳаж мавсумида Маккада душман қабилалар билан тўқнашмаслик учун Каъба зиёратини бир ой олдин қилишни ўйладилар. Умра қилиш ниятида Зулхайфа деган жойда эҳромга кирдилар104. Бироқ душман тарафидан йўлда бирор босқинчиликка учрамаслик учун йигирматача суворийни олдин йўлга чиқардилар.

Расули акрамнинг бу ҳаракатлари тўғрисидаги хабар Маккага ҳам етиб келиб, қурайшийларни ҳаяжон босди. Нима бўлса ҳам, мусулмонларни Маккага киритмасликка қарор бердилар. Валид ўғли Холид ва Абу Жаҳл ўғли Икрима икки юзтача аскар билан пешвоз йўлга тушдилар ва Расули акрам билан саҳобаларини Ҳудайбияда қуролланган ҳолларида кутиб олдилар.

Бу орада Ҳузоъа қабиласининг раиси Будайл ибн Варқаъ кутилмаганда Ислом қўшини томон чиқиб келди. Ҳузоъа қабиласи ҳали мусулмон бўлмаган, аммо яширинча мусулмонлик тарафдори эди. Маккаликлар ҳам Будайлни хусусий бир суратда юборган эдилар.

Будайл Пайғамбаримиз билан кўришди. Расули акрамдан мусулмонларнинг Маккага келишлари сабабини билиб олди. Айни пайтда Қурайшнинг ҳам яширинча қарорини билдирди. Будайлни орқага юбора туриб марҳамат қилдилар:

— Уларга бориб айт, биз бу ерга асло жанг қилиш учун келмадик. Мақсадимиз − Каъбани зиёрат этиш, умра қилишдир. Қурайшийлар аввалги урушлардан сўнг анча кучсизланган. Исташса, улар билан бир тинчлик шартномаси тузаман. Бу таклифни қабул қилишса, қандай ҳам яхши бўларди! Акс ҳолда Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, то ўлгунча улар билан жанг қиламан!

Будайл Маккага қайтди. Расули акрамнинг бу сўзларини қурайшийларга етказди. Воқеан, Қурайшнинг пешволари ҳам уруш қилишни хоҳлашмасди. Ҳатто сулҳ баҳонасида Шом тижорат йўлининг такрор очилиши мумкинлиги уларни қизиқтирарди. Мусулмонлар билан алоқани сақлаб қолиш учун Сакиф қабиласидан тоифлик Урва ибн Масъудни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўлладилар.

Урва Расули акрам билан кўришди. Мусулмонларнинг хатти-ҳаракатларини диққат билан кузатди. Асҳобнинг Расули акрамга бўлган итоат ва ҳурматини кўриб ҳайрон қолди. Қурайшийлар олдига қайтганида кўрганларини бирма-бир айтиб берди:

« Бундан олдин Эрон, Византия ва Ҳабашистон ҳукмдорларининг саройларида бўлганман. Бироқ мусулмонларнинг Пайғамбарларига бўлган юксак боғлиқлик даражасини ҳеч бир саройда кўрмаганман! − деди.

Аммо Урванинг бу сўзлари маккаликлар томонидан яхши кутиб олинмади. Ҳатто қурайшийлар босқин уюштириш мақсадида мусулмонлар устига бир аскарий гуруҳ ҳам юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни асир этган бўлишларига қарамай, мусулмонлар урушиш ниятида бўлмаганларини кўрсатиш учун у аскарий гуруҳни қўйиб юбордилар. Кўрдиларки, Қурайш элчилари ўз қавмларини ишонтира олмаётибдилар. Шуни назарда тутиб, маккаликлар билан музокарага энди ҳазрат Умарни элчи қилиб юборишни ўйладилар. Бироқ Умар узрларини баён этдилар:

— Қурайшнинг менга қарши душманлиги ҳаддан зиёд. Маккада мени ҳимоя қила оладиган одамим ҳам йўқ.

Шундан сўнг Расули акрам маккаликларга ҳазрат Усмонни юборишни маъқул кўрдилар.

Маккада ҳазрат Усмоннинг яқинлари кўп эди, аммо ҳатто у киши ҳам қурайшийларнинг давомли кузатуви остига олиндилар. Улар фақат ҳазрат Усмонга Каъбани зиёрат қилишга рухсат бердилар. Ҳазрат Усмон эса:

— Мен Каъбани фақат Расули акрамдан кейингина зиёрат қиламан! −дедилар, Каъбани ёлғиз ўзлари тавоф қилишни қабул этмаган эдилар.

Натижада ҳазрат Усмон кутилган вақтда орқага − Ислом қўшинларининг ёнига қайтолмадилар. Ҳатто Усмон Маккада қурайшийлар томонидан ўлдирилди, деган ёлғон хабар ҳам чиқди.

Ўшанда сиёсий вазият анча кескин тус олди. Мусулмонларнинг сони оз, бунинг устига қуроллари йўқ эди. Элчи қилиб жўнатилган Усмоннинг қайтмаганлари ва у кишининг ўлдирилиш эҳтимоли борлиги сабабли Расули акрам дарҳол саҳобаларини чақириб:

— Мушриклар билан урушмасдан бу жойдан кетмаймиз! − дея марҳамат қилдилар105. Мусулмонлик даъвоси йўлида жонларини фидо қилишга тайёрликлари ҳақида ўртоқларидан байъат истадилар. Эркак-аёл −  ҳамма асҳоб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча қийинчиликларга дош беришга, асло қочмасликка ва Ислом йўлида урушиб, жонларини-да фидо этишга сўз бердилар. Расули акрамнинг қўлларини тутиб, у Зотга байъат қилдилар. Ҳазрат Пайғамбар бир қўллари билан иккинчисини ушлаб, Усмоннинг номларидан байъат этдилар. Шу тариқа Усмон ҳам бу байъатга қўшилган бўлдилар106.

Ислом тарихида «Буюк Ақаба Байъати» каби буюк аҳамият касб этган бу байъат водийда, бир дарахт тагида бўлиб ўтди107. Бу байъатга «Ризвон байъати» ёки «Ҳудайбия байъати» номи берилди108.

Мусулмонларнинг Пайғамбарларига мутлоқ итоатларини ва уларнинг ўз динларига нисбатан маҳкам боғланганликларини кўрсатган бу байъат ҳақидаги хабарни қурайшийлар ҳам эшитдилар. Бундан анча саросимага тушдилар. Усмон розияллоҳу анҳуни таъқиб қилишни ҳам дарҳол тўхтатдилар. Ҳатто Расули акрам билан сулҳ тузиш учун бир ҳайъат ҳам юбордилар. Бу ҳайъатнинг бошида Умайр ўғли Суҳайл бор эди.

Тарихда мусулмонларнинг биринчи бор имзолаган сулҳлари −Ҳудайбия сулҳи бўлди. Сулҳ шартлари узоқ ва кескин тортишувлардан сўнгра қабул қилинди. Бу шартлар қуйидагилар эди:

1. Ҳудайбия сулҳи ўн йилга мўлжалланган эди. Бу муддат мобайнида икки томон бир-бирларига ҳужум уюштиришмайди, бир-бири билан жанг қилмайди.

2. Бу йил мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмайди, Мадинага қайтади. Бу зиёрат бир йилдан кейингина бўлади. Каъба зиёратига қўйиладиган мусулмонлар Маккада уч кундан ортиқ қололмайдилар. Мусулмонлар Каъбани зиёрат қилаётган чоғларида қурайшийлар Маккадан ташқарига чиқиб туради, мусулмонлар билан алоқа қилмайди.

3. Қурайшийлардан бири мусулмонлар томонига ўтмоқчи бўлиб, валийсининг рухсатисиз Мадинага келса, мусулмон бўлса ҳам, у одам қабул қилинмайди, қайтариб юборилади. Бироқ бирор мадиналик мусулмон Қурайш тарафига ўтиб, Маккага кирадиган бўлса, қайтариб берилмайди. Қурайш қабиласидан бошқа қабилалар, исташса, Расули акрамнинг ҳимояларига киради, исташса, Қурайш ҳимоясини қабул қилади. Айни пайтда бу қабилалар икки томондан бири билан бирлашиш ва муносабат ўрнатишда ҳур, эркин бўладилар.

Ҳудайбия сулҳи у ерда ҳозир бўлган муҳожирлар билан ансорнинг бир қисми ва маккалик мушрикларнинг пешволари гувоҳлигида имзоланди.

Сулҳ котиблигини ҳазрат Али қилардилар. Ҳазрат Алига сулҳ шартлари жуда оғир келгани учун таъсирланган, бир-икки марта қаламни отиб ҳам юборган эдилар.

Қурайшнинг бош мумассили Суҳайл эса шартнома ёзиларкан, энг кўп «Расулуллоҳ» калимасига илашди.

—Биз сени Аллоҳнинг Пайғамбари деб қабул этсак, сен билан уруш қилармидик?! − дея эътироз билдирди. Шартнома матнида —«Расулуллоҳ» сўзининг олиб ташланишини ва ўрнига «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ» деб ёзилишини оёқ тираб талаб қилди.

Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Валлоҳи, сизлар инкор этсаларингиз ҳам «Расулуллоҳ» калимасини қатъиян ўчиролмайман! − деган эдилар, Расули акрам у кишига қараб:

— Сен менга у калималар ёзилган жойни кўрсат! − дедилар ва у жумлани ўз қўллари билан ўчириб, ўрнига «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ» дея куняларини ёздирдилар109.

Шундай қилиб, сулҳ шартномаси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ва Суҳайл ибн Умайр ораларида имзоланди.

Ҳудайбия сулҳи шу тарзда тайёрланган бир пайтда у ерга мумассил Суҳайл ўғли Абу Жандал чиқиб келди. Абу Жандал аввал Маккада мусулмонликни қабул этгани учун отаси томонидан занжирбанд қилиниб, қамаб қўйилган эди. Фақат минг бир машаққат билан қамоқдан қутулган ва занжирини судраб бу ерга келган, мусулмонлардан паноҳ сўрамоқчи бўлган эди. Шу пайтда Абу Жандалнинг отаси Суҳайл:

— Сулҳ шартларига мувофиқ сиздан биринчи бўлиб сўрайдиганим шудир! − деди ва ўғлининг қайтиб берилишини оёқ тираб талаб қилди. Агар берилмаса, сулҳ бузилади, деди қатъий қилиб.

Расули акрам сулҳ ҳукмидан Абу Жандалнинг истисно этилишини хоҳлаган эдилар, бироқ Суҳайлнинг бу қайсарлигини кўриб сулҳни қутқаришни ўйладилар. Валийсининг истагига биноан, Абу Жандални топширишга рози бўлдилар. Бечора Абу Жандал бу ҳол қаршисида қаттиқ хафа бўлган эди.

— Мен мусулмон бўлганим учун шундай зулмларга, исканжаларга учраган эдим. Мени яна ўша исканжалар ичига улоқтирмоқчимисизлар? Мени яна мушриклар қўлига топширмоқчимисизлар? − дея баданидаги яраларни кўрсатар, изтиробли ҳолини тушунтирмоқчи бўлар, мусулмонларнинг марҳаматига кўз тикар эди. Шунда Расули акрам:

— Эй Абу Жандал! Сабр қил, Аллоҳдан умидингни узма. Биз мусулмонлар мағлуб бўлмаймиз. Аллоҳ таоло яқинда сенга ҳам, сен кабиларга ҳам қутулиш йўлини кўрсатади. Биз бир шартнома туздик. Унинг ҳукмларини бузиш бизга тўғри келмайди! − каби сўзлар билан унга тасалли беришга уриндилар110.

Абу Жандал яна ўша кишанлар ичида Маккага қайтарилди.

Бироқ ўша пайтда вазият ўта нозик, асаблар таранглашган эди. Абу Жандалга татбиқ қилинган муомала мусулмонларни ғалаёнга келтирди. Абу Жандалнинг такрор золимлар қўлига ташланиши чидаб бўлмас бир манзара эди. Ҳатто ҳазрат Умар ҳам бу ҳолга чидай олмадилар. Расули акрамнинг ҳузурларига чиқиб:

— Сиз Аллоҳнинг Пайғамбари эмасмисиз, даъвойингиз ҳақ даъво эмасмиди?! Бу залолатни нега қабул қиляпсиз?! − тарзида бир оз шиддат билан гапирдилар. Расули акрам у кишига:

— Муҳаққақ, мен Аллоҳнинг Пайғамбариман. Аллоҳга исён қилганим ҳам йўқ. Биздан уларга кетганларни (яъни мусулмонликдан чиққанларни) Аллоҳ биздан узоқ қилсин. Улардан бизга келганлари учун эса Аллоҳ, албатта, бир чора яратади!− каби сўзлар билан жавоб бердилар. Бироқ Умар тортишувда давом этдилар:

— Сиз бизга Каъбани тавоф этамиз, демаганмидингиз?

Расули акрам:

— Ҳа, айтдим. Бироқ бу йил тавоф  қиламиз, деб айтмадим. Яна такрорлайманки, Маккага кирасизлар, Каъбани тавоф этасизлар!− дея марҳамат қилдилар111.

Ҳазрат Умар Пайғамбаримизнинг ёнларидан кетиб, тўғри Абу Бакрнинг олдиларига югуриб бордилар. Айни саволларни Абу Бакрга ҳам бердилар. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

— Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Пайғамбаридирлар. Нима қилсалар, Аллоҳнинг амрига мувофиқ қиладилар! − дея Умарни огоҳлантирган бўлдилар112.

Расули акрам бошчиликларида мусулмонлар билан қурайшийлар ўртасида имзоланган Ҳудайбия сулҳ шартномаси ҳар томонлама тадқиқ қилишга арзигуликдир.

Ўрта аср тарихида милоднинг 628 йилида (ҳижрий 6 й.) тайёрланган бу шартнома ҳам диний, ҳам сиёсий аҳамиятга эга бўлган бир васиқа эди.

Ҳудайбия сулҳидан олдин маккалик мушриклар (қурайшийлар) мусулмонларнинг бошшаҳри Мадинанинг борлигига ҳам чидай олмас эдилар. Ҳатто мусулмонларни йўқотиш учун бир неча бор (Бадр, Уҳуд ва Ҳандақ ғазотларида) уриниб ҳам кўришди. Бироқ бу сулҳдан сўнг мушриклар, энг аввало, Ислом жамоасини, Ислом борлиғини расмий тан олдилар. Бу билан мусулмонликнинг барча қабилалар ўртасида катта обрў-эътибор қозонишига сабаб бўлдилар. Чунки Арабистондаги қабилалар орасида қурайшийларнинг обрўйи анча баланд эди. Мушриклар бу сулҳ билан маккаликларнинг Ислом динига киришларининг, Мадинага мусулмонлардан ёрдам сўраб боришларининг олдини олмоқчи бўлишди ва «мужрим (айбдор, жиноятчи)ларнинг қайтарилиши» қоидасига тескари иш тутди. Аммо Расули акрам Ислом динининг ёйилишига ҳеч бир нарсанинг тўсиқ бўла олмаслигини кўрсатиш учун ҳам бу моддани қабул қилдилар.

Ушбу сулҳ очиқ ва содда тилда ёзилгани, шу билан бирга, бугунги пайтда миллатлар ўртасида тузилган шартномалардаги шакл ва маросимга мос келиши билан диққатга сазовор.

Шартномадаги муҳим моддалардан яна бири икки томондан (қурайшийлар ва мусулмонлардан) бирининг ҳимоясига кирмоқчи бўлган бошқа қабилаларга «эркинлик, ихтиёрийлик» ҳуқуқининг берилиши эди. Бугунги Оврупода катта аҳамият касб этган «мухайярлик» (ихтиёрийлик, эркинлик) масаласининг бундан ўн тўрт аср олдин мусулмонлар томонидан гўзал ҳал қилингани оламшумул ва қувонарли ҳолдир!113

Мухайярлик моддаси қабул қилинганини кўрган Ҳузоъа қабиласи дарҳол Расули акрамнинг ҳимояларини қабул этганликларини эълон қилди, бу ёқда эса Бани Бакир қабиласи Қурайшнинг ҳимоясига кирди.

Ҳудайбия сулҳининг ҳамма шартлари зоҳиран қаралса, мусулмонлар зарарига эди. Бироқ Расули акрам турли сабаблар туфайли урушга тарафдор бўлолмаган эдилар. Мадинадан аслида уруш қилиш учун чиқилмаган эди ҳам. Мусулмонларнинг ёнларида йўлакай бир қиличдан бошқа қурол йўқ, аммо ўрталаридаги қувватли бирлик бор эди ва бу бирлик билан қурайшийлар устидан зафар қозониш эҳтимоли ҳам йўқ эмас эди. Уруш бошлангудек бўлса, булар ҳам оёқ остида қолиб кетар эдилар.

Бундан ташқари, сулҳ туфайли Макка пешволаридан кўпчилигининг Исломга киришлари ва мусулмонларнинг янада қувватланишлари ҳам кўзда тутилганди. Бинобарин, мусулмонлик фақат қиличга суянган бир дин ҳам эмасди. Ислом дини, аввало, руҳларни фатҳ этиб ёйилган инсонпарварлик динидир. Қурайшийлар билан мусулмонлар ўртасидаги ҳарбий ҳолат узоқ давом этаверса, мусулмонлик маккаликлар билан ҳам, Қурайшдан бошқа қабилалар билан ҳам муносабатда бўлолмас, натижада ўзининг асосий ғоясига етиша олмас эди.

Шартлари қандай бўлишига қарамасдан, мана шу сабаблар туфайли бу сулҳни қабул этиш лозим эди, зарурий эди. Сулҳ кўпчилик ўйлаганидек, ёмон натижа бермади. Аксинча, мусулмонларга кўп фойдалар бериб келди.

Расули акрам сулҳ имзолангач, асҳобга хитобан:

— Қани, энди қурбонликларингизни сўйинглар! Сочларингизни олдиринглар! − дея марҳамат қилдилар.

Аммо у ерда ҳозир бўлган асҳобнинг ҳеч бири жойидан ҳам қимирламади. Ҳатто Имом Бухорийнинг ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу амрларини уч бора такрорладилар. Таассуфки, итоат қилган топилмади. Асҳобнинг кўнгилни чўктирувчи ҳаракатига, улар назарида, шартлари оғир бўлиб кўринган сулҳ сабаб бўлган эди. Мусулмонлар сулҳ ҳукмлари қаршисида ўзларини йўқотаёзган эдилар.

Расули акрам дўстларининг ҳолидан анча хафа бўлдилар. Дарҳол завжаи муҳтарамалари Умму Саламанинг чодирларига кирдилар. Дардларини билдирдилар. Худди шу дамда Умму Салама буюк ва тарихий вазифаларини адо этдилар.

« Ё Расулуллоҳ! Сиз ташқарига чиқинг. Бир оғиз сўз айтмасдан қурбонликларингизни сўйинг, сочингизни олинг! Асҳоб ҳам сизни кўради, сизга эргашади! − дея Пайғамбаримизга тасалли бердилар.

Дарҳақиқат, шундай бўлди.

Расули акрам ҳазрат Умму Саламанинг ёнларидан чиқиб, асҳобнинг ҳеч бирига қарамасдан қурбонлик туяларини сўйдилар, гўштини фақирларга тарқатдилар. Дарҳол сартарошларини чақириб, сочларини олдирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишларини кўрган саҳобалар сулҳнинг ўзгармаслигини тушундилар. Ҳаммалари Расули акрамга эргашдилар. Пайғамбаримиз адо этган амалларни улар ҳам бажардилар. Бирин-кетин қурбонликларини сўйдилар, сочларини олдириб, эҳромдан чиқдилар.

Расули акрам Ҳудайбияда яна уч кун туриб, сўнгра саҳобалар билан бирга Мадинага қайтдилар. Шу тариқа Ҳудайбия сафари ўн тўққиз ёхуд йигирма кун давом этган эди.

Маккага кирмай, Каъбани зиёрат этмай қайтганларига саҳобаи киромлар ўта тушкун кайфиятда эдилар. Лекин мусулмонлар ҳали Макка билан Мадина орасида эканликларидаёқ, Фатҳ сураси нозил бўлди114.

Фатҳ сураси Ҳудайбия сулҳининг келгуси бир неча фатҳларга бошланғич бўлган бир «фатҳи мубийн» (очиқ-ойдин фатҳ)лигини, Ҳақ таоло наздида бу катта муваффақият эканини эълон этди. Чунки Ҳудайбияда эришилган ютуқ мусулмонларга фатҳ ва зафар дарвозаларини очиб юборди. Тамоман сиёсий бир муваффақият бўлган Ҳудайбия сулҳидан сўнг Ҳайбар фатҳи, Макка фатҳи каби бир неча ғалабаларга эришилди. Ҳатто Расули акрамнинг вафотлари атрофида мусулмонлар бутун Араб ярим оролига ёйилди.

Ҳудайбия сулҳидан олдин мусулмонлар билан мушриклар ўзаро ҳеч қандай муносабатда бўлишолмасди. Бу сулҳдан кейин эса икки тарафлама тижорий ва оилавий алоқалар кучайди. Расули акрам очиқ-эркин ҳолда мусулмонликни ёя бошладилар. Қурайшлар ҳам тижорат ишларини анча кенгайтирдилар. Ҳатто кўплари мусулмонларнинг таъсири остида қолди. Мусулмон бўлганларнинг сони кўпайди. Ҳудайбия сулҳидан Макка фатҳига қадар ўтган икки йил ичида Исломга кирганларнинг сони мусулмончилик туғилганидан Ҳудайбия сулҳигача ўтган ўн тўққиз йил ичида мусулмон бўлганларнинг сонидан бир неча марта ортиқ эди115.

Расули акрам ўзлари имзолаган Ҳудайбия сулҳининг шартларига ниҳоятда ҳурмат кўрсатар эдилар. Ҳудайбиядан Мадинага қайтганларидан кейин баъзи маккалик аёллар Ислом динига кириб, Мадинага паноҳ истаб келган эдилар. Ҳазрат Пайғамбар бу аёлларни қурайшларга топширмадилар. Чунки имзоланган сулҳдаги «қайтариб бериш»га боғлиқ модда мусулмон бўлган маккалик эркаклар ҳақида эди, аёлларга тааллуқли эмасди. Қуръони карим ҳам бу каби мусулмон аёлларнинг мушрикларга топширилишини ман этган116.

Мусулмонликни қабул қилган аёллар орасида Қурайш раисларидан Уқба ибн Абу Муайятнинг қизи Умму Кулсум бор эди. Укалари унинг қайтарилишини исташди. Бироқ Расули акрам бу истакни рад этдилар.

Ҳудайбияда имзоланган сулҳ шартларида мусулмонларга энг оғир келган икки модда бор эди: бири Каъба зиёратининг бир йил орқага сурилгани бўлса, иккинчиси Ислом динини қабул қилиб Мадинага келадиган маккалик мултажийларнинг (илтижо қилувчи, ёрдам сўровчиларнинг) орқага қайтариб юборилиши масаласи эди. Аммо бу оғир моддаларнинг иккаласи ҳам кўп ўтмай мусулмонлар фойдасига ҳал бўлди.

Абу Басийр (Сақифий Утба) Абу Жандал каби Маккада мусулмон бўлган, мушрикларнинг зулмидан қочиб, Мадинага ёрдам истаб борган эди. Орқасидан икки маккалик маъмур келиб, Абу Басийрнинг қайтарилишини талаб этди. Абу Басийр эса:

— Мени бутпарастликка қайтармоқчимисиз? − дея ҳайратини билдирди. Расули акрам унга:

— Эй Абу Басийр! Биз аҳдимизни бузолмаймиз. Сени Қурайшга қайтариб беришдан бошқа чорамиз йўқ. Сен бироз сабр эт! Аллоҳ сенга ва мушриклар ичида қолган сен каби мусулмонларга, албатта, бир саломат йўлини кўрсатажакдир! − дедилар ва орқага қайтишини айтдилар.

Бироқ Абу Басийр Маккага эмас, ўлимга олиб борилаётган эди. Унинг назарида энди қутулиш йўли қолмаган, ер юзида Абу Басийрни Қурайшнинг исканжасидан ҳимоя қила оладиган ҳеч бир қувват йўқ эди. Ўзини фақат ўзигина қутқазиши мумкин эди.

Маккага қайтишаётганда Зил-Ҳулайфа деган жойга келиб қолганларида ўрталарида бир кураш бошланиб кетди. Абу Басийрнинг қўлидан қутулган маъмур тўғри Мадинага келиб, ҳазрат Пайғамбарга шикоят қилди. Унинг орқасидан Мадинага етиб келган Абу Басийр ўзини ҳимоя қилиб шундай деди:

— Ё Расулуллоҳ! Сиз мени аҳдга биноан буларга топширдингиз. Мен нафсимни қутқаришга ҳаракат қилдим.

Шунда Расули акрам Ҳудайбия ҳукмларига кўра унинг Мадинада қола олмаслигини тушунтирдилар ва:

— Энди бу ердан кет! Хоҳлаган жойингга бор! − деб унга йўл кўрсатган бўлдилар.

Абу Басийр нима қилсин? Мадинада қололмайди, чунки сулҳ бунга йўл қўймайди; Маккага ҳам боролмайди, чунки у ерда уни даҳшатли ўлим кутяпти!.. Ўйлади. Узоқ ўйлади. Дарё қирғоғига тушди. Макка билан Шом йўли орасида Ис деган бир жой бор эди. Ўша ерга жойлашишга қарор берди. Бу ер бетараф ва хавфсиз бир чегара бўлиб, қурайшийларнинг Шом тижорат карвони шу ердан ўтарди.

Бу «нажот соҳили» тўғрисидаги хабар Маккада қолиб, мусулмонлигини яшириб юрган ва Мадинага ҳам кела олмаётган мусулмонларга-да етиб борди. Тезда бир-иккитадан бўлиб у ерга кела бошладилар. Шу тариқа бир неча мусулмон Абу Басийрнинг атрофига тўпландилар. Кўп ўтмай, Абу Жандал ҳам қутулди. Абу Басийрнинг ёнига борди. Мусулмон гуруҳининг сони уч юзга етди. Оз вақт ичида бу жой бир Ислом маъмураси (обод маскани) ҳолига келди. Бу ердан паноҳ топган мусулмонлар Ҳудайбия сулҳининг ҳукмларига боғлиқ эмасдилар. Иттифоқо, маккаликларнинг Шом тижорат йўли ҳам кесилди. Табиийки, бундан қурайшийлар талвасага тушдилар. Энди таҳдид ва босқин билан виждонларга буйруқ бериш кор қилмаслигини англадилар. Ўшанда маккаликларнинг раҳбари Абу Суфён Мадинага бир мактуб ёзди. Мактубни элчи орқали Расули акрамга юборди.

Мактубда Маккадан қочган мусулмонларнинг Мадинага қабул қилиниши ва мултажийлар ҳақидаги модданинг Ҳудайбия сулҳидан чиқарилиши сўралган эди.

Ҳолбуки, Ҳудайбия сулҳи тайёрланаётганида бу модда Қурайшнинг қатъий талаби билан, мажбуран киритилган эди. Энди эса яна уларнинг талаби билан сулҳдан чиқарилди.

Орадан кўп ўтмай, Расули акрам Абу Басийр билан ўртоқларини Мадинага даъват этдилар. Минг афсуски, бу пайт Абу Басийр ўлим тўшагида бемор ётар эди. Расули акрамнинг хатлари келгач, уни юзига, кўзларига суртди, руҳини Аллоҳга топширди. Абу Жандал унинг ўрнини олди. Абу Басийрни ўша ерга кўмди, унинг жамоатини тўплади. Мадинага олиб борди. Ниҳоят маккаликларнинг Шом тижорат йўли ҳам шу тариқа очилди. Бундан сўнг ҳар икки тараф учун дин ҳуррияти, виждон эркинлиги таъминланди.

Маълумки, Ҳудайбия сулҳи зулқаъда ойида (яъни ҳаж ойи бўлган зулҳижжадан бир ой олдин) имзоланган бўлиб, бу аҳдлашувга кўра, Каъба зиёрати роппа-роса бир йил кейинга сурилган эди. Вақтида адо этилмаган бу зиёрат, битимда кўрсатилганидек, бир йил кейин худди шу ойда адо этилиши керак эди. Мусулмонларнинг у зиёратлари зулҳижжа ойида бўлмагани учун ҳаж эмас, умра эди. Бироқ ўша ҳам қурайшийларнинг тўсқинлиги билан қазога қолган эди. Шу сабабдан Расули акрамнинг бир йил кейин адо этажаклари Каъба зиёратига «Умратул-қазо» деб (Қазо умраси) деб ном берилди.

Расули акрам сулҳдан роса бир йил кейин Ҳудайбияда бўлган мусулмонларга тайёргарлик кўришларини айтдилар.

Ниҳоят, ҳижратнинг еттинчи йили зулқаъда ойида яна умра нияти билан Мадинадан чиқилди. Сарвари олам билан бирга қазо умрасига қўшилган асҳобнинг сони икки мингга етган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага туя устида кириб келдилар. Энг яқин дўстлари атрофларини ўраб олишган, Абдуллоҳ ибн Равоҳа олдинда илоҳий шеърлар айтиб борар эди.

Қурайшийлар мадиналик мусулмонларнинг Маккага келаётганларини эшитгач, сулҳ ҳукмига биноан, дарҳол шаҳарни бўшатишди. Уч кунга Макка яқинидаги тоғларга чиқиб кетишди. Бутун тепаликлар маккаликлар билан тўлди. Булар узоқдан мусулмонларнинг нима қилишларини қизиқиб томоша қила бошладилар.

Бу пайтда Маккага кирган мусулмонлар Каъбани кўрар-кўрмас бир овоздан: «Лаббайк, Аллоҳумма, лаббайк! Бутун итоат Сенгадир! Бутун севги Сенгадир, ё Раббий!» дея чуқур ҳаяжон ва кўзларида ёш билан ҳайқирар эдилар.

Узоқ давом этган (етти йиллик) айрилиқдан кейин муҳожирларнинг Маккага киришлари − Ватанларига қовушишлари, болалик дамлари ўтган бўм-бўш уйларини кўришлари ўта ҳаяжонли бўлди.

Буюк Каъба (Каъбаи Муаззама) тавоф этилди − атрофида етти бор айланишди. Байтуллоҳнинг ташқарисида жойлашган Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй этилди. Сафодан Марвагача, Марвадан Сафогача жами етти марта келиб-кетилиб, «Саъй»аталувчи диний маросим (маносик) адо этилди. Икки яшил устун оралиғидаги масофани югуриб ўтилди. Бу тез ўтишга ҳаж ибодатида «Ҳарвала» номи берилган. Расули акрам мушриклар кўзига мусулмонларнинг кучли бўлиб кўринишларини истаган эдилар. Фахри Коинот: «Бугун ўзини уларга (қурайшийларга) қувватли қилиб кўрсатган кишига Аллоҳ раҳмат этсин!» дея марҳамат қилган эдилар117.

Бир кундан кейин ҳазрат Пайғамбаримиз Каъба ичига кирдилар. Пешин намози вақти етгунча у ерда қолдилар. Каъба ҳали ҳам бутлар билан тўла эди. Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу Каъба томига чиқдилар. «Азони Муҳаммадий»ни чақирдилар. Пешин намози ўқилди118.

Мусулмонлар Ҳудайбия сулҳи билан қарорлаштирилган уч кунни Маккада ўтказдилар. Бу аснода мушриклар мусулмонларнинг бутун ҳолларини, бир-бирларига муносабатларини узоқ вақт диққат билан кузатиб туришди. Чунончи, мусулмонлар ахлоқли, покиза инсонлар эдилар. Ичкилик ичишмас, гуноҳдан қочишар, дунё молига кўп боғланиб қолмасдилар.

Уч кундан сўнг Расули акрам асҳоблари билан бирга Маккадан чиқиб Мадинага томон йўлга тушдилар. Мадина даврида (622-632 й.) Пайғамбаримизнинг илк Каъба зиёратлари ҳам мана шу умра қазоси бўлди (ҳ. 7/м. 629 й.). Ҳудайбия сулҳидан олдин кўрган тушлари тўғри чиқди. Шу билан мусулмонлар Каъбани зиёрат қилолмаганлари сабабли пайдо бўлган аввалги хафаликлари тарқалди.

Расули акрамнинг бу қазо умралари маккаликларга катта таъсир ўтказди. Қурайш пешволаридан Суриянинг бўлажак фотиҳи Валид ўғли Холид, Талха ўғли Усмон, Мисрнинг бўлажак фотиҳи Ос ўғли Амр ана шу даврда Исломга кирган маккаликлардан эдилар119. Булар Аллоҳнинг инояти билан Ҳудайбия сулҳи берган самаралардан эди.

Шу ҳолда Ҳудайбия сулҳи шартномаси фақатгина уч йил амалда бўлди. Қурайшийлар баъзи моддаларни манфаатларига зид келган пайтда битимдан чиқардилар. Бу ҳам етмагандай, икки йил ўтмай, сулҳ ҳукмларига ҳурматсизлик кўрсатиб, уни буздилар. Пировардида бу ҳол Макканинг фатҳ қилинишига йўл очди.

Изоҳлар

101. Ҳудайбия қишлоғи Мадинага тўққиз қўноқ, Маккага бир кунлик йўлда жойлашган эди («Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 259-бет).

102. Ҳудайбия асҳоби (турли ривоятларга кўра) ё минг тўрт юз, ё минг беш юз, ё минг олти юз кишилик бир мусулмон гуруҳи эди.

103. «Қасамки, Аллоҳ Ўз Пайғамбарига (у киши кўрган) тушни ҳаққи-рост қилди: албатта, сизлар, (эй мўминлар), иншааллоҳ, Масжидул-ҳаромга тинч-омон, бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда хавф-хатарсиз кирурсизлар»(Фатҳ сураси, 27-оят).

Ҳудайбия сулҳидан бир йил кейин Расули акрам асҳоблари билан Каъбани зиёрат қилдилар.

104. Белгили вақтда, диний маросим сифатида Каъба ва бошқа мавқеларнинг зиёрат қилиниши «ҳаж» ёки «ҳажжи акбар» − (катта ҳаж) дейилса, бошқа пайт ифо этилган зиёратларга эса «умра» ёки «ҳажжи асғар» (кичик ҳаж) дейилади (Ҳожи Зиҳний. «Китабул ҳаж», 2-жилд, 2-3-бетлар).

105.«Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 363-бет.

106. Фақат қўрқоқ бир мунофиқ туясининг орқасига яшириниб байъатга қўшилмаган эди (Абдураҳмон Шараф. «Зубдатул қисас», 1-жилд, 97-бет).

107. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан − улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида − рози бўлди. Бас, У Зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат − ором туширди ва уларни (Ҳайбар жангида эришиладиган) яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади» (Фатҳ сураси, 18-оят).

108. Расули акрамнинг юксак иродалари намоён бўлган жой сифатида бу дарахт борган сайин мусулмонлар ўртасида тарихий бир шараф қозонди. Бироқ илгари ўтган халқлар тарихида кўрилгани каби бу дарахтнинг келажакда муқаддаслаштирилиб, ибодатга васила бўлиши, шу тариқа мусулмонликда ҳам «бутпарастлик»ка йўл очилиши эҳтимолидан қўрқиларди. Шу сабабли ҳазрат Умар дарахтга ортиқча ҳурмат кўрсатилишига чидаёлмай, «Ризвон Байъати дарахти»ни ўз халифалик даврларида кестирган эдилар («Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 260-бет).

109. «Тажрид» таржимаси, 8-жилд, 189-бет.

110. «Тажрид» таржимаси, 8-жилд, 193-194-бетлар.

111. Ҳазрат Умар Пайғамбаримизга қарши бўлса ҳам, ўз тушунчаларини айтаверар, бу билан мусулмонликдаги фикр ҳурриятига жонли мисоллар кўрсатар эдилар. «Асри Саодат» дейилувчи Расули акрам замонлари милоднинг еттинчи юз йиллигига тўғри келади. У пайт Оврупа бир томондан «феодализм» деб аталувчи дарабайлик режимининг, бошқа томондан черковнинг даҳшатли тазйиқи остида инграр, халқи қутилишга чора излар эди.

112. Ҳазрат Умар Абу Жандалнинг ачинарли аҳволидан таъсирланиб, Расули акрамга қарши қилган бу муомалалари сабабли кейинчалик пушаймон еган ва афсус-надомат чеккан, Аллоҳнинг мағфиратига ноил бўлмоқ учун нафл ибодатлар қилган, рўза тутган, қул озод этган эдилар («Асри Саодат», 1-жилд, 427-бет).

113. Маҳмуд Асъад Жўшон. «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 332-бет.

114.«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гуноҳларингиз)ни мағфират қилиши учун ва сизга Ўз неъматини комил қилиб бериб, сизни тўғри йўлга ҳидоят қилиши учун ҳамда Аллоҳ сизга қудратли ёрдам бериши учун, дарҳақиқат, Биз сизга очиқ-равшан фатҳ-ғалаба ато этдик» (Фатҳ сураси, 1-3-оятлар).

115. «Тажрид» таржимаси, 8-жилд, 269-бет.

116. «Эй мўминлар, қачон сизларга (Макка кофирларининг қўли остида қолган) мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар улар(нинг иймонлари)ни имтиҳон қилиб кўринглар (яъни улар ўз эрларини ёмон кўриб ёки сизлардан биронтангизга ишқи тушиб қолгани учун эмас, балки фақат дини Ислом учун ҳижрат қилганлари ҳақида сизларга қасам ичсинлар). Аллоҳ уларнинг (дилларидаги) иймонларини (ҳам) жуда яхши билгувчидир. Бас, агар сизлар уларнинг (ҳақиқий) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар!» (Мумтаҳана сураси, 10-оят.)

117. Меҳмед Зиҳний. «Китабул ҳаж», 15-бет.

118. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 367-бет.

119. Валид ўғли Холид розияллоҳу анҳу маккалик Қурайш қабиласининг маҳзумий уруғидан эдилар. Исмлари Холид, кунялари Абу Сулаймон, лақаблари Сайфуллоҳ. Оталари Валид, оналари Лубобадир. Фақат Ислом дунёсининг эмас, бутун инсоният тарихининг энг буюк қўмондонларидан эдилар. Ҳудайбия сулҳидан сўнгра мусулмон бўлдилар (ҳ. 8/м. 625). Халифа Умар замонларида Хумус ноҳиясида вафот этдилар (ҳ. 21/м. 642).

Исломга кирмасларидан илгари Қурайш қабиласининг суворий қўмондони эдилар. Ҳарбий ишларни бошқарардилар. Уҳуд ғазвасида аввалига мусулмонларнинг қўли баланд келаётган чоғда жангнинг мушриклар фойдаси томон бурилишига Валид ўғли Холид сабабчи бўлдилар.

Ҳудайбия сулҳи арафаларида ҳам Қурайш қўшинининг лашкарбошиси эдилар. Бироқ Ҳудайбия сулҳидан сўнг Холид Исломнинг ёйилишига қарши туриш имкондан хориждаги иш эканини тушуниб етдилар. Илоҳий нур қалбларини ўраб олди. Бу масалада Амр ибн Ос билан баҳсга киришдилар. Бир-бирларини тушуна олмадилар. Мадинага келдилар. Расули акрамнинг ҳузурларида Исломни қабул қилдилар. Аввалги Холид мусулмон бўлди (Аҳмад ибн Ҳанбал. «Муснад», 4-жилд, 158-бет).

Валид ўғли Холид (Холид ибн Валид) мусулмон бўлганларидан сўнг Расули акрам билан бирга бутун ғазотларда қатнашдилар. Илк қўшилган урушлари эса Мута жанги бўлди.

Мута жангига Расули акрам бормаган эдилар. Бироқ Холид бу ҳарбда Ислом лашкари қўмондонларининг кетма-кет шаҳид бўлаётганини кўргач, мусулмон аскарларнинг истаги билан қўмондонликни ўз қўлларига олдилар. Тезда ҳарбий куч ва маҳоратларини кўрсатиб, саноқсиз душман қаршисидаги бир ҳовуч Ислом мужоҳидларини катта бир фалокатдан қутқардилар. Шу сабабдан Расули акрам Холидга орқаваротдан «Сайфуллоҳ» (Аллоҳнинг қиличи) сифатини бердилар.

Макка фатҳида Ислом лашкари бошқа-бошқа қўмондонлар қўлида эди. Бошқа-бошқа тарафлардан Маккага кирилди. Ҳеч бир айри гуруҳда қон тўкилмади. Фақат Валид ўғли Холид бошқараётган қўшиндагина қон тўкилди.

Макка фатҳидан кейин Ҳунайн ғазвасида, Тоиф муҳосарасида бўлдилар, Тоиф сафарига ҳам қўшилдилар (ҳ. 9/м. 630). Думатул Жандал амирини қўлга туширдилар ва Расули акрамнинг ҳузурларига олиб келдилар. Унинг ҳидоят топишига васила бўлдилар. Бундан кейин баъзи сарияларни бошқардилар. Пайғамбаримизнинг вафотларидан сўнг Холид ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Умар замонларида Ислом қўшинига бош қўмондон сифатида Ироқ ва Сурия фатҳларида бўлдилар.

Абу Бакр халифалигининг дастлабки йилларида Арабистоннинг аксарият жойларида исёнлар бошланган эди. Ҳатто Мадинага қарши ҳам қўзғолонлар кўтарилди. Буюк халифа бу исёнларни бостириш мақсадида аскарий гуруҳлар юборди. Бироқ Исломга қарши бу қўзғолон (иртижо) ва Ислом динидан айрилиш (иртидод) ҳаракатларини тинчитиш йўлидаги ҳаракатларда энг катта фидокорлик кўрсатган яна Валид ўғли Холид бўлдилар. Бутун бу ишларда Холид халифа Абу Бакрнинг ўнг қўллари эдилар гўё.

Бу ҳарбий ҳаракатлар сирасида бош қўмондон Холиднинг тилга тушишларига энг кўп сабаб бўлган ҳодиса Молик ибн Нувайра масаласи бўлди. Молик осийларнинг энг кучлиларидан эди. Аввалига асри саодатда Исломга кирган, закот таҳсил маъмури бўлган эди. Расули акрам вафотларидан сўнг ўртага чиққан ёлғончи пайғамбарлардан Сажжох билан бирлашиб, Исломдан юз ўгирди ва ўз вазифасига хиёнат қилди. Сажжох Бани Тамим қабиласига мансуб бир аёл эди. Нувайра ўғли Молик Сажжох билан тузган бир шартномага биноан Мадина устига юришни қабул қилди.

Ҳазрат Абу Бакр Моликка қарши Валид ўғли Холидни юбордилар. Холид лашкарлари билан Бани Тамим тупроқларига киришлари билан Моликнинг атрофидагилар бирданига тарқалиб кетишди. Ўзи ушланиб, Холиднинг олдиларига олиб келинди. Ўшанда Холид билан Молик ўртасида шундай муҳим бир суҳбат бўлиб ўтди. Молик:

—Намоз ўқийман. Фақат закот бермайман! − деди.

Холид:

— Закот ҳам намоз каби бир фарз эканини билмайсанми? Бирини инкор, бошқасига иқрор бўлиш Ислом динига тескаридир! − дея жавоб бердилар.

— Ҳа, сизнинг соҳибингиз шундай дерди, − дейиши билан Холид:

— Сен-чи?! У Зотни ўзингга соҳиб деб билмайсанми? Нақд бошингни узиб ташлайман-а! − дея огоҳлантирдилар. Молик яна:

— Соҳибингиз сизга шундай буйруқ бердими? − дегач, Холид чидай олмадилар ва:

— Бу гапни иккинчи марта такрорладинг. Бошини танасидан жудо қилинг буни! − дея амр бердилар. Нувайра ўғли Моликни қатл қилдирдилар (Меҳмед Зиҳний. «Ал-ҳақойиқ», 2-жилд, 13-бет).

Холиднинг олдин Моликни ўлдиртиришлари, сўнгра эса унинг завжасига уйланишлари турли мишмишларга сабаб бўлди. Холиддан қасос олиш ёки қўмондонликдан бўшатилишларини талаб қилганлар бўлди. Ҳатто ҳазрат Умар ҳам бу фикрга қўшилдилар. Фақат Абу Бакр:

— Холид бу ишни ўз ижтиҳоди (Қуръон ва суннатга суянган ҳолда фикрлаш; раъй... - тарж.) билан амалга оширган. Мен Аллоҳнинг душманларига қарши суғурилган қилични қинига сололмайман,− дея Холидни ҳимоя қилган эдилар. Ҳолбуки, Холид Моликнинг завжасининг олдиндан эри билан ажрашганини ва иддасининг ҳам чиққанини билгандан кейингина никоҳларига олган эдилар («Миръотул-Ибар», 5-жилд, 320-бет). Шу билан бирга Абу Бакр Холиднинг амри билан ўлдирилган Моликнинг диятини ворисларига тўлаган, салоҳиятларидан ортиқ иш тутганлари учун Холидга танбеҳ берган эдилар. Фақат буюк халифа Молик ҳодисасини Холид учун бир и




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ