Ражиъ ва Биър-и мауъна фожеалари

6 йил аввал 1179 siyrat.uz

(Ҳижрий 4 йил)

Бир ёки икки қабилани ҳисобга олмаганда Арабистон ярим оролида яшайдиган бутун араб қабилалари бутга сиғинувчи эди. Шу сабабли Қурайш қабиласига боғланишган эди. Ҳар йили ҳаж мавсумида Маккага келганларида қурайшийларнинг тарғиб-ташвиқотлари таъсирига тушиб, мусулмонларга кўр-кўрона душман бўлишарди.

Уҳуд жангида мусулмонларнинг зарар кўрганлари маккаликларнинг ғурурини юксалтиргани каби бошқа араб қабилаларининг ҳам жасоратини орттирди. Айниқса, яҳудийлар билан мунофиқлар ташвиқотларини авж олдиришди. Уҳуд ғазотидан кейин Мадина ичида ҳам, ташқарисида ҳам мусулмонларга амният қолмади. Расули акрам эса бир томондан, асҳобларига тасалли берсалар, иккинчи томондан, ҳар турли тадбирлар ахтарар эдилар.

Бироқ у Зотнинг асосий вазифалари жанг қилиш эмасди. Фақат Ислом динини ёйиш эди. Шу сабабли қабилалар орасига муршидлар, муаллимлар юборардилар. Таассуфки, Расули акрамнинг бу хайрли ташаббусларини ҳам баъзи қабилалар хоинлик билан кутиб олишди, ўзлари атай чорлаб олиб кетган иршод соҳибларини ўзлари олчоқларча ўлдиришди.

Ражиъ ва Биър-и Мауъна фожиалари шундай суиқасдларнинг очиқ намуналари эди.

Мадина яқинидаги қабилалардан иккитаси (Одол ва Қоро қабилалари) Расули акрамга мурожаат қилиб: «Ислом динига кирмоқчимиз, бизга мусулмонликнинг асосларини ва Қуръонни ўргатадиган муаллимлардан юборинг», деб сўрашди. Авваллари ҳам ҳазрат Пайғамбар бундай мурожаатларга жавобан саҳобаларидан айримларини юборган эдилар. Чунончи, Буюк Ақаба байъатидан сўнг Мадинага муршидлар жўнатган эдилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Расули акрам мурожаат қилган бу қабилага Осим бошчилигидаги ўн кишилик бир ҳайъатни жўнатдилар.

Ҳайъат йўлда борар экан (Мадина билан Усфон ўрталарида), Ҳузайл қабиласига тегишли Ражиъ ноҳиясига етганда қаршидан туйқус икки юз кишилик бир қуролли тўда йўлни тўсиб чиқди. Муршидлар дарҳол тоққа чекинишди. Ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишди. Ҳузайлликлар уларга:

— Биз сизларни ўлдирмоқчи эмасмиз, маккаликларга топшириб, улардан мукофот оламиз! − дейишди.

Муршид сўраган қабилалар билан Ҳузайл қабиласи Макка мушриклари фойдасига иттифоқ бўлишган эди. Мадиналик муршидларнинг саккизтаси улар билан урушиб шаҳид бўлди. Иккитаси бу мунофиқларнинг сўзларига алданиб, тоғдан тушиб таслим бўлдилар. Зайд ва Ҳубайбларни мушриклар қўл-оёқларини боғлаб, Маккага олиб бориб сотдилар. Ҳар иккиси ҳам Маккада фожеона бир шаклда қатл этилди.

Олдинига Зайдни маккалик Умайя ўғли Сафвон сотиб олди. Отаси Умайянинг хуни бадалига қулига айтиб, уни ўлдиртирди. Сафвоннинг отаси Умайя бир пайтлар Бадр жангида ўлдирилган қурайшийлардан эди.

Зайднинг қатл маросимига Макканинг ҳамма пешволари чақирилди. Қилич Зайднинг боши узра кўтарилган бир пайтда Абу Суфён Зайднинг ёнига келиб:

— Тўғрисини айт! Жонинг омон қолиши учун ўрнингга Муҳаммаднинг ўлдирилишига рози бўлармидинг? − деб сўради.

Зайд ҳеч тараддудланмай:

— Асло!− деди. − Расули акрамнинг ҳаётлари олдида менинг ҳаётим ҳеч нарсадир. Жонимнинг қутулишини билсам ҳамки, бу ерда сизнинг қўлингиз билан ўлдирилишлари у ёқда турсин, ҳатто Мадинада оёқларига бир тикан киришига чидаёлмасдим!

Абу Суфён ҳайратга тушди:

— Ҳақиқатан, Муҳаммаддек биродарларининг бу даражада севгиларини қозонган бирор кимса кўрмадим! − дея бақирди.

Зайддан сўнг Ҳубайб олиб келинди. Ҳубайбни Омир ўғли Ҳорис ўғиллари сотиб олиб, банди қилишган эди. Чунки оталари Ҳорисни Уҳудда Ҳубайб ўлдирган эди. Ҳубайб осилишини билди. Матонатини заррача бузмади. Фақат рухсат сўраб икки ракат намоз ўқиб олди. Ва айтдики:

— Ўлимдан қўрққанидан намозини чўзиб юборди, деманглар, деб намозимни қисқа қилдим!

Қатл қилинадиган бир мусулмонниинг намоз ўқиб олиши ўшандан буён одат тусига кирди.

«Мусулмончиликни ташласанг, сени озод қилар эдик», деган шартларига жавобан Ҳубайб:

—Мусулмон ҳолда ўлиш, мусулмончилик йўлида ўлдириш мен учун динимдан қайтиб омон қолишдан кўра хайрлироқдир! − деди.

Қўлларини боғлаётганларида маккалик мушрикларни дуои бад қила бошлади. Унинг баддуосини эшитганлар қўрқувдан титрашга тушишди, дорга ҳам титрай-титрай осишди.

Ҳа, Ҳубайб ва Зайд шаҳид этилдилар. Ҳар иккиси ҳам динларидан қайтишса (ёлғондакам бўлса ҳам), жонлари омон қоларди. Аммо уларнинг Аллоҳга бўлган иймон-эътиқодлари кучли эди. Ҳар ким қилмишига яраша жазо кўражагига, бир кун келиб Макка бутпарастлик балосидан қутулажагига, Каъба яна «Тавҳид обидаси» ҳолини олажагига қаттиқ ишонишар эди улар.

Оврупалик мусташриқлар (ғайримуслим исломшунослар. - тарж.) Бадр ғазотида мусулмонлар томонидан ўлдирилган икки асир муносабати билан оғиз кўпиртириб, инсофсизларча танқидлар юритишгани ҳолда Ражиъ фожиаси қаршисида оғизларига талқон солиб, лом-мим дейишмайди. Ҳолбуки, Ражиъ шаҳидлари ҳарб асири ҳам эмасдилар. Булар ҳийла билан қўлга туширилган тинч инсонлар эдилар. Пайғамбарнинг амрларига биноан, ўзлари хоҳлаб мусулмончиликни ўрганмоқчи бўлганларга Ислом динини ўргатишга кетаётган муаллимлар эдилар. Вазифаларини адо этишга бораётган эдилар153.

Бу маъсум муршидларга нисбатан қилинган ваҳшийларча муносабатдан Расули акрам ҳам, саҳобалари ҳам қаттиқ ларзага келишди. Ҳатто машҳур Ислом шоири мадиналик Ҳассон ибн Собит Ҳубайб ва Зайд ҳақларида марсиялар ёзди. Буюк ва пок руҳли Пайғамбаримиз эса:

— Бу жонийларга (жиноятчиларга) Аллоҳнинг Ўзи лойиқ жазони берсин! − дейиш билан қотилларни Аллоҳга ҳавола этдилар.

Худди шу йили Биър-и Мауъна   деган жойда ҳам бир фожеа рўй бердики, у ҳам Ражиъ ҳодисаси каби олчоқларча қилинган тубан бир иш эди.

Нажд қабиласининг бошлиғи Абу Баро (Молик ўғли Омир) Мадинага келди. Расули акрамга мурожаат этиб, қабиласини иршод этиш учун Пайғамбаримиздан муаллимлар сўради. Аввалига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тараддудландилар. Ҳатто олиб келинган ҳадяларни ҳам қабул қилмадилар.

— Нажд воҳасидан хавотирим бор, мен дўстларимнинг ҳаётидан масъулман! − дедилар.

Абу Баро қабиласи номидан мусулмонларнинг ҳаёти учун кафиллик берди. Расули акрам Абу Баронинг жияни (укасининг ўғли) Омирга бир хат ёздирдилар. Туфайл ўғли Омир амакиси номидан Нажддаги қабилаларни идора қилаётган эди.

Омир ўғли Мунзир бошчилигида етмиш кишилик бир муаллим ҳайъати ҳозирланди. Буларнинг ҳаммаси асҳоби суффадан эди. Муршидлар гуруҳи Нажд воҳаси томон йўл олдилар. Мадинага тўрт қўноқ масофадаги Биър-и Мауна дейилган жойда муршидлар даҳшатли хиёнатга дуч келишди. Уларни катта бир қўшин ўраб олди. Омир ҳазрат Пайғамбарнинг хатларини ҳам ўқимади; у мусулмонларга қарши бир босқин уюштиришни ўйлаган эди. Аммо ўзининг қабиласи бўлмиш Бани Омир Абу Баро ҳимоясидаги кишиларни ўлдиришни хоҳламаган эдилар. Шунинг учун у ўзига яқин уч қабила аҳлини бу қабиҳликка кўндириб, мусулмонлар карвонига ҳужум қилди. Ҳаммани қиличдан ўтказди. Фожеадан биргина Умайя ўғли Амр омон қолди. Бу машҳур хабарни ҳам Мадинага у олиб борди. Расули акрам қаттиқ изтиробга тушдилар.

— Бу иш Абу Баронинг ишидир. Бўлмаса, мен ҳеч кимни юбормоқчи эмасдим, − дедилар. Шундан сўнг роса бир ой ҳар намоздан сўнг золимларни дуои бад қилдилар.

Ҳимояси остидаги мусулмонларнинг жияни Омир томонидан ўлдирилиши Абу Барони ҳам қаттиқ қайғуга солди ва ҳатто ўлимига сабаб бўлди. Айни чоқда Абу Баронинг ўғли ҳам отасининг интиқомини олиш учун Омирни қатл этди.

Умайя ўғли Амр Мадинага қайтаётганида йўлда наждлик икки бадавийга дуч келди. Биър-и Мауънада ўлдирилган биродарларининг ўчини олишни истади. Уларни ухлаётган пайтларида ўлдирди. Ҳолбуки, булар Бани Омир қабиласидан бўлиб, Мадина зиёратидан қайтаётган эдилар. Пайғамбаримизнинг ҳимоялари остида эканликлари маълум бўлгач, Расули акрам уларнинг оилаларига дият тўлашга амр этдилар.

Ражиъ ва Биър-и Мауъна фожиалари туфайли мусулмонлар аччиқ-аччиқ кўзёши тўкишаркан, бундан Мадинадаги мунофиқлар ва яҳудийлар ўзларида йўқ шод эдилар.

Изоҳлар

 

153. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 395-бет.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ