Ўлжаларнинг тақсимоти

7 йил аввал 1209 siyrat.uz

Ҳунайн ғазоти ва Автос жангида мусулмонларнинг қўлларига жуда кўп асир тушган, ҳисобсиз ғанимат моли (ўлжа) ўтган эди. Шу пайтга қадар бу даражада кўп мол ва асир олингани араб тарихида кўрилмаган бир ҳодиса эди. Расули акрам Тоиф муҳосарасига кетар эканлар, бу асирлар билан ўлжаларни Жиърона мавзеида сақлаб туришни буюрган эдилар. Тоифдан қайтишда Маккадан ўн чақиримча берида жойлашган Жиъронага келдилар. Бу ерда бир неча кун қолдилар. Асирлар масаласи ҳамда ўлжаларни тақсимлаш иши билан машғул бўлдилар.

Жиъронага келтирилган асирларнинг жами сони олти минг эди. Ўлжа моллари ичида йигирма тўрт минг туя, қирқ минг қўй-эчки бор эди. Беш минг килога яқин оғирликдаги олтин ва кумуш ҳам тўпланганди169.

Расули акрам асирларнинг қариндошларини кутдилар. Уларнинг келиши, асирларни қутқаришга ҳаракат қилиши умидида эдилар. Аммо ҳеч ким келмади.

Автос жангида қўлга тушган асирлар орасида Бани Саъд қабиласидан Ҳориснинг қизи Шаймо бор эди. Шаймо уни асир этганларга ўзини танитди. Расули акрамнинг эмикдош опалари эканликларини айтди. Улар дарҳол Шаймони ҳазрат Пайғамбар ҳузурларига олиб бордилар. Ҳазрат Пайғамбар уни кўришлари билан танидилар ва муборак кўзларига ёш олдилар. Шаймони ёнларига ўтирғиздилар. У билан гаплашдилар, кўп илтифот кўрсатдилар. Хоҳласа, уни ўзлари билан бирга Мадинага олиб кетишларини айтдилар. Ихтиёрини ўзига бердилар. Бироқ Шаймо ёши ўтган бир хотин эди. Оиласи ёнига, қабиласига қайтишни танлади. Расули акрам уни қимматли совға-саломлар билан ота юртига жўнатдилар.

—Эй Муҳаммад! Асиралар орасида сизнинг эмикдош аммаларингиз, холаларингиз бор. Булар гўдаклигингизда сизга хизмат қилганлар. Асраб-авайлаганлар. Сиз додларни эшитадиган инсонларнинг энг фазилатлисисиз! Бизга ҳам карам қилинг! − деди. Молларини ва асирларнинг қайтариб берилишини сўради.

Шунда ҳазрат Пайғамбар Ҳавозин қабиласига қараб дедиларки:

— Мен ўлжаларни шу кунгача тарқатмай, жойида сақладим. Энди кеч қолдингиз. Халқ атрофимда тўпланган, молларнинг тақсимланишини кутяпти. Энди ихтиёрни сизларга бераман: асирлар қийматлими ёки молларингизми?

— Молларимизнинг ўрнига хотинларимиз ва болаларимизни танлаймиз! − деди улар. Пайғамбаримиз:

— Мен сизларга, мен ва Абдулмуталлиб ўғилларига тушган асирларни қайтариб бераман. Бошқа асирларнинг масаласида эртага пешиндан кейин олдимга келинглар! «Аллоҳнинг Пайғамбарини мусулмонлар ёнида, мусулмонларни Аллоҳнинг Пайғамбари ёнида шафоатчи қиламиз. Хотинларимизнинг ҳам, болаларимизнинг ҳам қайтариб берилишини сўраймиз», денглар. Ислом жамоасига мурожаат қилинглар! − деб марҳамат қилдилар.

Эртаси куни Ҳавозин ҳайъати намоздан кейин яна келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилди. Истакларини такрорлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мен бутун оиламнинг ҳиссасига оид бўлган асирларни қўйиб юбордим!» дейишлари билан муҳожирлар:

— Биз ҳам ҳиссамизга тушганларни Аллоҳнинг Пайғамбарига тортиқ қиламиз! − дедилар.

Ансорлар ҳам айни сўзларни такрорлашди. Шу зайл бутун асҳоби киром Пайғамбаримизнинг йўлларидан борди ва бир дақиқа ичида олти минг асир озод қилиб юборилди170. Бу ҳол инсоният тарихида мисли кўрилмаган воқеалардан эди.

Хотин ва бола-чақаларининг марҳаматкорона қайтариб берилганини кўрган қабила аъзолари ёппасига Ислом динини қабул қилдилар, мусулмон бўлдилар. Бу пайтда Ҳавозин қабиласининг бошлиғи Авф ўғли Молик Тоифда эди. Расули акрам у ҳақда:

— Агар Молик келиб мусулмон бўлса, моллари ва асирларидан ташқари ўзига яна юз туя ҳам бераман! − деб марҳамат қилдилар. Бу ваъдани унга етказишни Ҳавозин ҳайъатига буюрдилар.

Молик бу хабарни эшитгач, дарров келиб, Ислом динини қабул қилди. Ҳам бола-чақасини қутқарди, ҳам ваъда қилинган юз туяни олиб, орқага қайтиб кетди.

Асирлар масаласидан сўнг навбат ўлжаларга келди. Бу орада, айниқса, бадавийлар тоқатсизланиб:

— Энди туядан, қўй-эчкилардан бизнинг ҳам ҳақимиз берилсин!− дейишар, ҳар ким тезроқ улушини олишга ошиқар эди.

Расули акрам бу гап-сўзларни эшитдилар. Бир туянинг олдида туриб, уларга шундай хитоб қилдилар:

— Эй инсонлар! Нега бунча сабрсизлик қиласизлар?! Ўлжа моллари шу водийнинг дарахтлари қадар (яъни ниҳоятда кўп) бўлса ҳам, сизларга тарқатаман!

Сўнгра туядан бир тола юнг олиб:

— Сизларнинг ўлжаларингиз билан менинг бир туя тугул, бир юнги қадар ҳам алоқам йўқ. Буларнинг ичидан ажратаётган бўлсам, у ҳам яна фақат сизларнинг фақирларингизга сарф этилажакдир!−дея марҳамат қилдилар ва ўлжаларни тарқата бошладилар.

Бу моллар бешга бўлинди. Тўрт қисми аскарларга берилди. Бешдан бири Байтулмол учун ажратилди. Байтулмол ҳиссасининг тасарруфи Аллоҳнинг Пайғамбарига оид бир ҳақ эди.

Бироқ тақсимот давомида Расули акрам энг катта пайни мадиналикларга эмас, янги мусулмон бўлган Макка ашрафига (шарафли, обрўли кишиларига) ажратдилар. Қуръони карим буларга «муаллафаи қулуб» (кўнгиллари Исломга ошно қилинувчи кишилар (Алоуддин МАНСУР). - тарж.) номини бергандир171. Муаллафаи қулуб ўттизтача эди172. Улар икки тоифага ажратилди: Абу Суфён ва ўғиллари (Язид ва укаси Муовия)173 сингари биринчи тоифага юзтадан туя ва маълум миқдор кумуш, иккинчи тоифа саналганларга эса қирқтадан туя ва ва шу миқдорича кумуш берилди. Абу Суфён:

— Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз ғоят буюк лутф ва эҳсон кўрсатяпсиз! Аллоҳ ҳаққи, сиз уруш пайтида ҳам, сулҳ пайтида ҳам нақадар сахийсиз! − дея миннатдорчилигини изҳор этди.

Сафвон Макканинг улуғларидан бўлиб, муаллафаи қулубнинг биринчи синфида эди. Исломга кириш учун Расули акрамдан тўрт ойлик бир муҳлат сўраган эди. Водийда айланиб юрган олий зотли юз туяни кўриб:

— Нақадар чиройли туялар! − деб уларга меҳри илинди.

Ҳазрат Пайғамбар:

— Ундай бўлса, улар сеники бўлсин! − дея марҳамат қилдилар.

Сафвон ҳеч кутилмаган бу эҳсон қаршисида чидаёлмади:

— Бу даражада эҳсон фақат Пайғамбарларда бўлади! − деб дарҳол мусулмон бўлди.

Муаллафаи қулубга кўрсатилган бу юксак лутфлар янги мусулмонларни Ислом динига исинтириш ёки мусулмон бўлмаганларни Исломга олиб кириш учун қилинган эди. Аммо муаллафаи қулубга ажратилган бу кўпдан-кўп ўлжа пайлари аскарларнинг умумий ҳақларидан чегириб олинмади. Бундай моллар хазина ҳиссасидан (яъни Расули акрамга оид ҳиссадан) ажратилди. Диққатга ва таҳсинга лойиқ жиҳати шундаки, Расули акрам энг катта улушни ўзларига энг кўп ёмонлик қилган, энг кўп озор етказганларга бердилар. Шу тариқа ҳалигача мусулмон бўлмаган кишиларнинг қалбларидан жой олар эдилар.

Бироқ буюк Пайғамбаримизнинг энг юксак тушунча ва ниятларини англай олмаган баъзи мадиналик ёшларга бу ҳол унча хуш ёқмади. Улар ҳатто ўзаро:

— Аллоҳ Пайғамбаримизга хайр-эҳсон этсин! Расули акрам ўз қавмларига қовушдилар. Энди бизни ташлаб қўйдилар. Қурайшга мўл-мўл мол-дунё берилди. Ҳолбуки, қиличларимиздан ҳали ҳам Қурайш қони томмоқда! − каби гапларни гапира бошлашди.

Расули акрам бу висир-висир гапларни ансор Убода ўғли Саъддан эшитдилар. Қаттиқ хафа бўлдилар. Саъдга дарҳол ансорни тўплашни буюрдилар. Бир чодирда тўпланган ансор билан ҳазрат Пайғамбар жуда самимий ҳасби ҳолда бўлдилар. Аллоҳга ҳамд ва санодан сўнгра:

— Эй ансор! Сизлар йўлидан адашган мушриклардан эдингизлар! Аллоҳ менинг воситам ила сизларга тўғри йўлни кўрсатмадими?! Сизлар фақир эдингизлар! Ораларингизга менинг киришим билан Аллоҳ сизларни фароғатга қовуштирмадими?! − деган саволлар билан мурожаат қилдилар.

Шунда ансор:

— Барча миннат Аллоҳ ва Расули учун! − дея жавоб бердилар.

Расули акрам сўзларида давом этдилар:

— Эй ансор! Агар сизлар хоҳлаганингизда менинг сўроқларимга мана бундай жавоб беришларингиз ҳам мумкин эди: «Сени қавминг ёлғончига чиқарди. Бизга ҳижрат қилдинг. Сени биз тасдиқ этдик. Сени қавминг тарк этди, сенга биз ёрдам бердик. Сени қавминг қувди, биз сени кўксимизга босдик. Сен йўқсил эдинг, биз сени молимизга шерик қилдик»174. Бугун агар шундай деганларингизда тўғри гапирган бўлардингизлар. Мен ҳам бу гапларингизни тасдиқ этардим. Эй ансор! Бир неча кишиларга берганим дунё моли туфайли сизлар гапирган баъзи сўзлар менгача етиб келди. Бу сўзлар ростми?

— Ё Расулуллоҳ! Бизнинг катталаримиз ичида ҳеч бири сизни хафа қиладиган гап айтишмади. Лекин баъзи ёшларимиз бошқача тушунчага бориб, ҳиссиётларига берилиб кетдилар, холос! − деб жавоб қилишди.

Шундан кейин Расули акрам:

— Қурайшнинг баъзиларига дунёлик берганим рост. Булар мушриклар замонига яқин бўлганликлари учун кўнгилларини Ислом билан исинтирмоқчи бўлдим. Шунинг учун бердим. Эй ансор! Ҳамма ўзига теккан молни олиб уйига қайтади, сизлар ҳам уйларингизга Пайғамбарингиз билан қайтишни хоҳламайсизларми?! − дея сўрадилар.

Бутун ансор бир оғиздан:

– Ё Расулуллоҳ! Бизга сиз билан қайтишнинг ўзи кифоя! − дея ҳаяжон ичра бақирдилар. Бир нечалари ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юборди175.

Расули акрам сўзларига илова қилиб:

— Агар ҳижрат шарафи, ҳижрат фазилати бўлмаса эди, мен муҳаққақ ансордан бири бўлишни истардим176. Эй ансор! Ҳар ким бир йўл тутиб кетса, мен ансорнинг йўлидан кетган бўлардим! − дея марҳамат этдилар. Ансор ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.

Ҳазрат Пайғамбар ўлжаларни тақсимлаб бўлгач, Жиъронадан кўчдилар. Ҳаж ойи бўлгани учун (зулқаъда ойи эди) Маккага умра нияти билан кирдилар. Каъбани зиёрат қилдилар. Ҳижратнинг саккизинчи йили умрани адо этгандан сўнгра Расули акрам ансор ва муҳожирлар билан биргаликда Маккадан чиқдилар. Мадинага қайтдилар. Мадинадан чиққанларидан то қайтгунларигача орадан икки ой-у ўн олти кун ўтган эди.

Кўп жиҳатдан устунликларини эътиборга олиб Усаййид ўғли Аттобни ҳазрат Пайғамбар сал илгари Маккага волий вакили этиб қолдирган эдилар.

Ҳунайндан қайтиб келганларидан сўнг Аттобнинг раҳбарлик ишини ёқтириб, уни Маккага ҳақиқий волий этиб тайинладилар. Мусулмонларнинг илк Макка волийси Аттоб йигирма ёшли ажойиб йигит эди. Расули акрамнинг ўлимларига қадар шу вазифада қолди. Кўзга кўринарли хизматлар қилди. Аттобнинг раҳбарлигидан ҳамма мамнун эди. Аммо Қурайшнинг Абу Суфён каби Макканинг кибор давлат идора тизимига ўрганиб қолган пешволарига бу ёш волийнинг адолатга таянган идораси оғир келди. Бир қанчалари Маккани тарк этиб, Мадинага бориб жойлашдилар. Шу кўчганлардан Абу Суфёнга Пайғамбаримиз Нажрон волийлиги вазифасини бердилар. Ўғли Муовия эса закот котиби бўлди177.

Изоҳлар

169. Ибн Ҳишом.

170. Ибн Асир.

171.

«Албатта, садақалар (яъни закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлгани ҳолда фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошно қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни жиҳод ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба сураси, 60-оят).

172. Профессор Исмоил Ҳаққи Измирли. «Маонии Қуръон», 1-жилд, 333-бет.

173. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 374-бет.

174. «Тажрид» таржимаси , 10-жилд, 374-бет.

175.«Асри Саодат», 1-жилд, 478-бет; Имом Бухорий.«Боби маноқибил ансор»; «Фатҳул-борий».

176. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 373-бет.

177. Муовия. Шом Умавий давлатининг қурувчиси бўлган, маккалик, Қурайш қабиласидан, Умавия уруғидан эди. Бешинчи отада (Абдуманоф) Расули акрам оид бўлган Ҳошим ўғиллари билан бирлашади.

Муовия отаси Абу Суфён, волидаси Ҳинд ва акаси Язид билан бирга Макканинг фатҳ этилиши асносида мусулмон бўлишган эди. Шу сабабдан Муовия маккалик бўлгани ҳолда муҳожир бўлиш шарафига ноил бўлолмади. Чунки Макка фатҳидан аввал сўнгги муҳожир ҳазрат Аббос эдилар. Шундай бўлса ҳам, Муовия Расули акрамнинг асҳоблари сафига кирди. Лекин «муаллафаи қулуб»дан бўлди. Отаси Абу Суфён каби «муаллафаи қулуб»нинг биринчи даражасида эди («Ал-Ағоний», 13-жилд).

Расули акрам Муовияни закот котиблиги вазифасида ишлатдилар. Ҳазрат Умар замонларида Муовия Шом қўшинларида фирқа (туман) қўмондони бўлди. Укаси Язид Шом волийлиги вазифасини бажараётган бир пайтда тоғуни амвос касаллигига чалиниб ўлгач, ўрнига Муовия Сурия волийси бўлди (ҳ. 18/м. 639).

Халифа Усмон умавийлардан эдилар. Умавийлар учун Усмон даврлари саодат даври бўлди. Шом волийси Муовия ҳазрат Усмон замонларида Қибрисни олган, Ислом ҳудуди ичига қўшган эди (ҳ. 28./м. 648).

Сабаийя фирқаси тайёрлаган даҳшатли ихтилол фақат халифа Усмоннинг фожеали ўлимлари билангина ниҳоясига етмади. Айни пайтда бу ихтилол Ислом дунёсининг бирлигини ҳам бузди. Осийларнинг қистови билан халифа этиб сайланган Али сиёсий бирликни таъминлай олмадилар. Ҳазрат Али ҳошимийлардан эдилар. Ҳошимийлар билан Умавийлар эса азалдан бир-бирини кўролмай келаётган эди.

Муовия Усмоннинг ўлдирилишларини баҳона қилиб, халифа Алига қарши тайёргарлик кўраркан, Византия императорининг Сурия устига юриш бошлаяжагидан хабар топди. Тезда императорга ғоят қўпол ва шиддатли бир таҳдид хати жўнатди. Шом волийси бу хатида: «Агар Шом устига ҳаракат қилаётганинг рост бўлса, дарҳол халифа Али билан бирлашиб, шахсан сенинг устингга мен бостириб бораман. Аллоҳга қасамки, давлат марказинг бўлган гўзал Қустантиния (Истанбул)ни ёқаман, йиқаман, кўмирга айлантираман. Ўзингни ҳам ердан бир сабзини суғуриб олгандек, мамлакатингдан чиқариб юбораман, чўчқабоқар қиламан!» деган эди.

Агар Муовия бу айтганларини бажарса эди, муҳаққақки, Истанбул олиниши мумкин эди. Чунки у пайт Византия алғов-далғовлар ичида сузарди. Муовия бундай бир сафар бошласа эди, Ислом дунёсининг ички ҳодисаларига нисбатан бетараф қолишни танлаган кўплаб мусулмонлар жиҳод нияти билан «Ислом− Византия» урушига жон-жон деб қўшилган бўлур эдилар. Таассуфки, илоҳий муқаддарот бундай тажаллий этмади: халифа Али билан волий Муовия қўшинлари «Сиффийн» жанг майдонида бир-бирлари билан тўқнашишди. Мусулмон қони сел бўлиб оқди.

Муовия йигирма йилдан бери Сурия волийлиги вазифасида ишлаган, жуда катта бойликка эга бўлган эди. Катта бир бошқарувчи ва сиёсат кишиси эди. Ҳар кимнинг заиф нуқтасини топар ва шу еридан ушларди. Пул билан қўлга киритилган нарсаларни пул бериб сотиб оларди. Фикрларидан фойданиладиган одамларни эса ҳеч назардан қочирмас эди. Ҳазрат Али ишдан бўшатган кишиларни ўз томонига олишни унутмади. Ос ўғли Амр каби бир доҳийни ҳам қўлга киритган, муваффақият қозонган тақдирда Амрга Миср волийлигини беришни ваъда қилган эди.

Муовия ҳодисалардан фойдаланиш йўлларини топган, сурияликларни ҳазрат Усмоннинг интиқомини олиш учун яхши тайёрлаган эди. Шомда халқ синфини ҳам, юксак табақа вакилларини ҳам қўлига олди. Хатиблар, шоирлар, воизлар фақат Муовиянинг даъвосини ҳимоя қилар эди. Хуллас, Муовия замонасининг юксак бир доҳийси эди.

Ҳазрат Али эса ўзию сўзи бир, ичи ҳам, таши ҳам тоза, тўғри ва шарафли бир зот, ниҳоят диндор эдилар. Бироқ замоннинг зайлига қараб сиёсат инжаликларига мурожаат қилмадилар, ғалвали йўллардан юришни ўзларига эп кўрмадилар.

Ҳазрат Али олдинига Муовиядан байъат олиш учун унга элчи жўнатдилар. «Муҳожирлар билан ансорнинг ҳаммаси менга байъат қилди. Сиз ҳам айни йўлдан юрингиз. Ўз мақсадингиз учун Усмоннинг шаҳодатини баҳона қилиб кўрсатмоқчимисиз?! Усмоннинг қотилларидан интиқом олмоқчи бўлсангиз, аввало, бизга итоат этингиз. Сўнг адолатга мурожаат қилинг. Шунда биз ҳам масалани ҳал қиламиз!» деган эдилар ҳазрат Али.

Аммо Муовия Усмоннинг қотилларини топиб бериш талаби устида қаттиқ турди.

Икки қўшин Фирот қирғоғида, Сиффийн деган жойда қаршилашди (ҳ. 36/м. 656). Алининг қўшини тўқсон минг, Муовия аскарлари саксон беш минг эди. Уруш босқичма-босқич бир юз ўн кун давом этди. Икки томондан етмиш минг мусулмон жон берди.

Ҳарб асносида ҳазрат Али Муовияни яна итоатга чорладилар. Аммо волий Муовия:«Усмонга қарши исён қилганлар топширилмагунча ҳеч қандай келишув бўлиши мумкин эмас!» деб қатъий жавоб қилди.

—Сен, эй Муовия, халифа Усмоннинг қонини даъво қиляпсанми? Усмон қамалда экан, сендан қўшин сўралган пайт қаерда эдинг?! Нега Усмонга ёрдам беришга шошилмадинг? Билиб қўй, бу ишда сен ҳам масъулсан (жавобгарсан)!− дея жавоб берилди унга.

Бинобарин, Муовия ҳам халифа Усмонга қарши қўзғалган мингларча инсоннинг унга топширилишининг жуда қийин иш эканини кўрди ва англади. Бироқ мавқеини сақлаб қолиш учун урушдан бошқа йўл тополмаётган эди.

Сиффийн ҳарбининг энг нозик ва шиддатли бир онида ҳазрат Али:

— Эй Ҳинднинг ўғли! Токайгача мусулмонлар биз учун бир-бирларини қирадилар. Кел, иккимиз яккама-якка жанг қилайлик. Аллоҳ кимга қисмат этган бўлса, бу дунёга у соҳиб бўлсин! − дея Муовияни жанг майдонига чақирдилар. Шунда Муовия шошганидан нима деб жавоб беришни билмай қолди.

Уруш қизигандан-қизиб, икки томондан мусулмон қони сел бўлиб оқарди. Иттифоқо, урушнинг энг нозик палласида Муовияга ёрдамга етиб келган Ос ўғли Амрнинг ҳийласи вазиятни батамом ўзгартириб юборди. Бу Муовиянинг ҳаётини ҳам, истиқболини ҳам қутқариб қолди. Амр ҳам Муовия каби араб доҳийларидан эди. (Ос ўғли Амр ҳақидаги изоҳга қаранг.) Амр Шом аскарларига Қуръонни чиқартирди. Муовия аскарлари найзаларининг учига Қуръони каримни боғлашлари билан жанг дарҳол тўхтади. Табиий равишда келишув бошланди. Тарқалган Шом қўшини бирлашди. Бироқ Али қўшинида ихтилоф бош кўрсатди. Қўшиннинг асов фитначилари ҳисобланган хорижийлар халифа қўшинида жуда кўпайиб кетган эди. Ҳазрат Алига қарши турганларнинг бошида шулар эди. Волий Муовия икки тарафдан биттадан ҳакам сайланишини таклиф қилди. Халифа Али жангни янгиламоқчи эдилар, лекин ҳеч кимга гап уқтиролмаганлари учун «ҳакам усули»га чорасиз рози бўлдилар. Муовия Ос ўғли Амрни, хорижийлар эса Абу Мусони ҳакам ўлароқ қабул қилдилар. Ҳакамлар қарори ёзилди ва имзоланди (ҳ. 37/м. 657). (Абу Мусо ҳақидаги изоҳга қаранг.)

Ос ўғли Амр Муовиянинг Сиффийн урушида ютқазаётганини кўриб, бу урушни ҳийла билан қандай тўхтатган бўлса, ҳакам усулидан ҳам бир наф келмаслигини тушунгач, айни йўлни тутди.

Уруш ҳолатига қайтилди. Ҳазрат Али билан волий Муовия ўртасида қонли жанглар такрор бошланди. Бу қонли муҳорабалар туфайли Ислом мамлакатларида яшаётган мусулмонларнинг ҳузур ва роҳати бутунлай йўқолди. Оммавий норозиликлар бошланиб кетди. Икки томон ўртасида ўзаро бир неча хатлар ёзилди. Охири бир сулҳ тузилди («Қиссаси анбиё», 7-жилд, 131-бет, «Миръотул-ибар», 6-жилд, 347-бет). Ички урушлар тўхтатилди. Ироқ водийси Алига берилди, Шом тарафи эса Муовияга қолди (ҳ. 40/м. 660). Икки томон бир-бирини расмий равишда тан олди. Ислом олами иккига ажралди. Ислом бирлиги бўлинди, парчаланди. Мана шу вақтдан «Шом умавийлари» даври бошланди. Бироқ Куфа халифаси Али бир хорижий фидойиси томонидан шаҳид этилгач (ҳ. 40/м. 661), ўринларига ўғиллари Ҳасан сайландилар. Аммо ҳазрат Ҳасан халифалигини Шом халифаси Муовия тан олмади. Катта бир қўшин билан Куфа устига юриш қилди. «Хулафои Рошидин» даврининг сўнгги ва бешинчи халифаси ҳазрат Ҳасаннинг қўлларида қирқ минг кишилик Ироқ лашкарлари бор эди. Ҳозиргача бўлгани каби оталари Али билан Муовия ўртасида кўплаб мусулмон қонининг тўкилишига сааб бўлган бу даъво туфайли яна қон тўкилиши мумкин эди. Ҳазрат Ҳасан ишнинг сулҳ йўли билан битирилишини хоҳлардилар. Ислом бирлигининг бузилганлигидан қаттиқ қайғу чекаётган эдилар. Абу Мусо каби ўйлар эдилар. Мусулмон қонининг тўкилишига ҳеч рози эмасдилар. Катта фидокорликлар кўрсатдилар: Куфа халифалигидаги ҳақларини муносиб шартлар билан Муовияга топширдилар (ҳ. 41/м. 661).

Шом волийси Муовия энди мақсадига эришган, иқтидорини қўлга олган эди. Олдин осий бир волий эди. Ҳазрат Али билан сулҳ тузиб, ўзини расман танитди. Ҳазрат Ҳасанга халифалик ҳаққини ташлаттириб  Ислом бирлигини ўз шахсида тўплади. Кейинчалик халифаликни салтанатга айлантирди. Ислом тарихининг илк султони бўлди. Қурган давлатига эса «Шом умавий салтанати» номи берилди. Хулафои Рошидин даврида халифалар ижмои уммат (айни асрда яшаган мужтаҳид Ислом олимларининг шариатнинг бирор масаласи ҳақида чиқарилган ҳукмда ҳамфикр бўлишлари. - тарж.) билан сайланар эди. Шу сабабли илк беш (тўрт эмас) буюк халифа замонига тарихчиларимиз «Исломда жумҳурият даври» номини берганлар. Аммо Ислом Жумҳуриятини салтанатга айлантирган киши илк умавий халифаси Муовия бўлди.

Шом халифаси Ислом бирлигини йўлга қўйгач, ўғли Язидни валиаҳд қилди. Ўзи ҳали ҳаёт чоғида волийлардан ўғлига байъат олди. Ўзидан кейин ўғлининг халифалигини таъминлаб қўйди. Беш халифа даврида роса ўттиз йил татбиқ этилган «машварат усули»ни бекор қилди. Отадан ўғилга ўтадиган «салтанат усули»ни жорий қилди. Исломда жумҳурият усули барҳам топди ва подшоҳликка ўхшаган мутлақият даври бошланди. Халифалик билан салтанат бирлаштирилди.

Машҳур тарихчи Масъудий шундай дейди:«Муовия замонида ичкарида тинчлик ва осойишталик таъминланди, ташқарида эса муваффақиятлар қўлга киритилди».

Тарихчиларнинг ривоятларига кўра, ҳазрат Али:«Муовиянинг амаротини (халифалигини) унчалик кариҳ (жирканчли) кўрмангиз. Агар уни йўқотсангиз, бошингизга янада катта ғалвалар келишини кўрасиз!» деганлар.

Муовия эса: «Мен Алидан тўрт нарсада устун келдим. Мен сир сақладим. У сирни ошкор (фош) қиларди. Мен итоатли қўшиннинг бошида эдим. У осий бир қавмга қўмондонлик қиларди. Алини Жамал асҳоби билан қолдирдим. Улар (Жамал асҳоби) ва Али Ироқ аҳолисига ишонишди. Бу ҳол Алининг ҳалокатига, менинг эса зафар қозонишимга сабаб бўлди», деган.

Андалусиянинг буюк файласуфи Ибн Рушд ўз фикрини қуйидагича баён этади: «Афлотун истаган ҳукумат шакли − Ислом жумҳурияти бўлган «Хулафои Рошидин» даври эди. Умавийлар бу тузумни бузишди, Ислом олами учун ҳалокат эшиклари очилди».

Муовия Шомда роса қирқ йил салтанат сурди. Муовия саксон ёшига қадар шон ва шараф ичида яшади. Бутун орзуларга қовушди. Фақат ҳаётидан умидини узаётганида «Кошки бир қишлоқи бўлсайдим ва халифалик ишлари билан машғул бўлмасайдим!» дегани тарих саҳифаларида ёзиб қолдирилгандир. Ўлганида (ҳ. 60/м. 680) Қайс ўғли Даҳҳоқ қўлида кафан билан минбарга чиқиб, шундай бир хутба ўқиган эди:

— Муовия арабнинг куч-қуввати эди. Аллоҳ унинг воситаси билан фитнани йўқотди. Уни қуллари устидан ҳукмрон қилди. Денгиз ва қуруқликда аскарларига зафар берди. У билан кўплаб ғазолар амалга оширилди. Мамлакатлар олинди. У ҳам Аллоҳнинг бир қули эди. Энди ўлди. Мана, кафани қўлимда. Уни ўз амаллари билан Аллоҳга ҳавола қиламиз. Аллоҳ хоҳласа, мағфират қилади, хоҳласа, азоб беради!

Муовия жаноза намози ўқилгандан кейин Шомда «Боби Соғийр» дейилган жойда кўмилди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ