Бани Назир ғазоти

3 йил аввал 2380 siyrat.uz

(ҳ. 4/м. 626)

Бани Назир ва Бани Қурайза яҳудийлари Мадинага яқин ерда яшашарди. Масофа икки соатлик йўл эди. Булар ҳам Расули акрам билан алоҳида-алоҳида битим тузишган эди. Бу сулҳ шартномалари билан яҳудийларнинг мол ва жонларининг хавфсизлиги таъминланган, ўзларига диний ҳуррият берилган, ўз навбатида яҳудийларнинг мусулмонларга моддий ёрдам беришликлари қарорлаштирилган эди.

Бир хатолик билан Умайя ўғли Амр Бани Омир қабиласидан икки кишини ўлдириб қўйган, аммо дияти (хун ҳақи) ҳануз тўланмаган эди. Бу ҳақни Бани Омирга ўзаро тузилган битимга кўра, Бани Назир қабиласи тўлаши керак эди.

Расули акрам ўн кишини ёнларига олиб, Бани Назир юртига келдилар. Диятдан улушларини талаб қилдилар. Яҳудийларнинг раиси Пайғамбаримизнинг таклифларини яхши қабул қилди. Аммо бу ерга Расули акрамнинг ўз оёқлари билан келиб қолганларини қулай фурсат деб билиб, хаёли бузилди ва яҳудийлар суиқасд қилишга шайландилар. Бу билан мусулмонликни тугатмоқчи бўлдилар. Овқат пишгунча Расули акрамни бир уйга олиб кирдилар, девор тагига ўтиришга таклиф қилдилар. Ўтирсалар, томидан бир киши катта тошни Пайғамбарнинг бошларига юмалатишни мўлжаллаган эдилар.

Бироқ Расули акрам яҳудийларнинг ёмон ниятларини дарҳол англадилар. Тезда ўтирган жойларидан туриб, чиқиб кетдилар. Бир оздан сўнг асҳобдан Абу Бакр, Умар ва Али хавотирлана бошладилар. Расули акрамни қидириб битта-битта чиқдилар. Расули акрам ўша бўйича Мадинага қайтиб кетган эдилар. Яҳудийларнинг у Зотга суиқасд уюштиргани шу тарз маълум бўлиб қолди. Бу қалтис қилмишлари билан ўзаро битимни бузган Бани Назирга ҳазрат Пайғамбаримиз хабар йўлладилар: ё сулҳнинг янгиланиши, ё ўн кун ичида Мадинадан чиқиб кетишлари талаб қилинди185.

Ўшанда мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ Бани Назир қабиласига одам юбориб, уларга ёрдам ваъда қилди. Сабр қилиб, юртларидан чиқмай туришни тавсия этди. Бани Қурайза яҳудийларининг ҳам ёрдамини ташкил этишни сўзларига илова қилди186.

Бани Назир қалъаларининг мустаҳкамлигига ишонарди. Бир йиллик озиқ-овқатларини ҳам қалъаларига ғамлаб қўйишган эди. Қурайшийлар билан аввалдан яширин муносабатлари бор эди. Айниқса, Уҳуд ғазотидан кейин мусулмонларга бўлган муносабатлари бутунлай ўзгарди. Расули акрамга қарши уюштирилган суиқасд ҳам Қурайшнинг анча олдин яҳудийларга қилган таклифи туфайли содир этилган эди. Маккаликлар бу таклифи билан Бани Назир яҳудийларнинг кўнгилларини ҳаволантирган эди.

Бани Қурайза қабиласи сулҳларини янгилагани ҳолда Бани Назир Расули акрамнинг таклифларига қулоқ осмади. Ҳатто шиддат билан қарши турди. Натижада Расули акрам асҳоблари билан бирга Бани Назир қабиласини қуршаб олишга қасд қилдилар. Шундай қилиб, Бани Назир ғазоти бошланди (ҳ. 4 й. 4-рабиъул-аввал/м. 626)187.

Муҳосара ўн беш ёки йигирма кун давом этди. Уруш кўчадан-кўчага уйдан-уйга кўчиб юрди. Муҳосара асносида Расули акрам Бани Назирнинг хурмозорларини кестириб, ёқтириб юбордилар188. Асосан, хурмонинг араблар емайдиган нави кесилди189. Шундай қилиб, Бани Назирнинг ҳимоя воситалари йўқ қилинди, чунки бу дарахтлардан пистирма ўлароқ фойдаланиш эҳтимоллари бор эди, бунинг олди олинди.

Бани Назир яҳудийлари қаттиқ тушкунликка тушишди. Мунофиқлар ваъда қилган ёрдам келмади. Бани Қурайза яҳудийлари ҳам уларни ёлғиз ташлаб қўйишди. Чорасиз қолган Бани Назир таслим бўлди190. Уларга Мадинадан чиқиб кетишлари учун изн берилди. Улар таший оладиган молларини олиб кетишлари мумкин эди.

Ўшанда Уҳуд жанги бўлиб ўтганига олти ой бўлган эди. Бани Назир шаҳардан чиқар эканлар, жуда қувноқ кўринарди. Олти юз туяга хотинларини, болаларини, нарсаларини, ҳатто уйларининг хароба ҳолга келган ашёларини ҳам юклашган эди. Ёш қизлар энг янги куйлакларини кийган, энг қимматбаҳо тақинчоқларини таққан, туялар устида даф чалиб, қўшиқ айтиб, рақсга тушиб байрамга кетаётгандай Мадина бозорларидан ўтиб боришар эди. Мадина у замонгача бу қадар хурсандчилик кўрмаган191. Шу йўл билан қалб изтиробларини кеткизишга ҳаракат қилишарди. Улардан бир қисми Шомга (Дамашқ) кетди. Бир қисми Фаластинга кўчди. Раислари эса Ҳайбарга паноҳ сўраб борди. Ҳайбарга илтижо этганлар Салом, Кинона, Ҳуйя исмли бошлиқлари эди. Ҳандақ жангининг содир бўлишида буларнинг «ҳиссалари» катта бўлган эди («Ҳандақ ғазоти» бўлимига қаранг), энди Ҳайбар ғазотига ҳам худди шу бошлиқлар сабабчи бўлишди.

Бани Назир ғазотида мусулмонлар жуда кўп қурол ва ўлжа молларига эга бўлишди. Чунки яҳудийлар эллик зирҳ, эллик мағфар, уч юз қирқ қилич қолдиришган эди. Аммо улар ташлаб кетган ер ўлжа ҳукмига кирмади. Расули акрамнинг шахсларига оид бўлди. Жаноб Пайғамбаримиз бу ерларни Мадинадаги илк муҳожирларга, фақирларга, йўқсилларга бўлиб бердилар. Аммо яҳудийлардан мусулмон бўлганларининг моллари яна ўзларига қолди.

Бани Назир қабиласининг Мадинадан чиқарилиши сиёсий ҳаётда катта таъсирли воқеа бўлди. Расули акрамнинг обрўлари мустаҳкамланди.

 

Изоҳлар

 

185. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 174-бет.

186. «(Эй Муҳаммад), мунофиқ кимсалар ўзларининг аҳли китоблардан (яҳудийлардан) бўлган кофир биродарларига: «Қасамки, агар сизлар (Мадинадан) қувиб чиқарилсангизлар, албатта, бизлар ҳам сизлар билан бирга чиқиб кетурмиз ва сизлар(га қарши урушиш) тўғрисида ҳеч қачон бирор кимсага итоат этмасмиз. Агар сизларга қарши жанг қилинса, албатта, бизлар ҳам сизларга ёрдам берурмиз», дейишларини кўрмадингизми? Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз ёлғончилардир» (Ҳашр сураси, 11-оят).

187. «Сунани Абу Довуд».

188. «(Эй мўминлар), сизлар (Бани Назир хурмозорларидан) бирон хурмо дарахтини кесдингизми ёки ўз поясида турган ҳолида қолдирдингизми, бас, (сизлар қилган ҳар бир иш) Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва у фосиқ-итоатсиз кимсаларни расво қилиш учун (бўлди)» (Ҳашр сураси, 5-оят).

189. Равзул Анф дейдики:«Бани Назирнинг воҳалари тамоман яксон қилинмади. Фақат араблар емайдиган бир навли хурмо дарахтлари кесилди».

190. «Бани Назир учраган ҳодиса буларнинг аҳдларини бузиб қилган гуноҳларининг жазосидир» («Маонии Қуръон», 2-жилд, 493-бет).

191.«У аҳли китоблардан (яҳудийлардан) кофир бўлган кимсаларни биринчи тўплашдаёқ ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарган Зотдир. (Эй мўминлар), сизлар уларнинг чиқиб кетишларини ўйлаган ҳам эмасдингиз. Улар ҳам ўзларининг қўрғон-қалъаларини Аллоҳ(нинг азобидан) тўсгувчи деб ўйлаган эдилар. Бас, Аллоҳ(нинг) азоби улар ҳисобга олмаган томондан келди ва дилларига қўрқинч солди. Улар уйларини ўз қўллари ва мўминларнинг қўллари билан бузурлар. Бас, эй ақл эгалари, (уларнинг аҳволидан) ибрат олингиз!» (Ҳашр сураси, 2-оят.)

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ