Мадина яҳудлари

3 йил аввал 2369 siyrat.uz

Маккаи мукаррамада ўз ҳабибин мушриклар ила имтиҳон этган Худо ул Жанобни Мадинаи мунавварада яҳудлар ила имтиҳон айлади. Мадина яҳудлари уч тоифадин иборат бўлуб: биринчи Бани Қайнуқоъ, иккинчи Бани Қурайза ва учунчи Бани Назир жамоатлари эрди. Булар ҳаммалари ҳақни кўруб ва билуб туруб, Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға ҳасад юзасидин адоват қила бошладилар. Ҳолбуки, бир оз кун муқаддам булар мушриклар ила муҳораба қилғон чоғларида дер эрдиларки: «Оз кунда Пайғамбари охири замон дунёда пайдо бўлурлар. Бизлар ҳаммадин аввал ул Зоти ақдасға иймон келтуруб, сизларға ғолиб бўлурмиз ва сизлардин интиқом олурмиз».

Вақтики, Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлуб келдилар ва пайғамбарлик аломатлари тамом ул Жанобда топилди, шундоғ бўлса ҳам, инод (қайсарлик) этуб, иймон келтирмадиларки, на учун бу Пайғамбар Бани Исроилдин бўлмай, Бани Исмоилдин бўлур?

Аларнинг бу хусусдаги далиллари шул эрдики, Муҳаммад алайҳиссалом динларида бу кун жоиз бўлуб турган нарса эртаға ножоиз бўлиб қолур ва бу сана мамнуъ бўлғон нарса иккинчи сана мубоҳ бўлур. Агар бу дин илоҳий бир дин бўлса эрди, ҳамма ҳукм бирдин бир вақт ичинда жоиз бўлсун ё ножоиз, эълон этулур эрди. Чунки Аллоҳ таоло учун ҳар нарса ҳамма жиҳати ила бир лаҳза маълумдир. Гўё насхи аҳком Худо учун билкулл ножоиз, деб эътиқод этур эрдилар.

Аларнинг бу ярамас эътироз ва номақбул эътизорлариға жавоб будурки, Аллоҳ таоло Ҳакийм ва Алийм бир Зотдур. Бандаларин ҳожатларидин хабардордур, табиатларин ҳаммадин яхшироғ билур. Ўз Ҳабиби Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламни охири замон Пайғамбари қилуб юборди. Ҳаммадин аввал бу Жаноб шундоғ бир тоифа ислоҳиға маъмур бўлдиларки, аларда илм йўқ эрди, ҳаммалари бесавод эрдилар. Илоҳий ақидалардин ва диниётдин аларда ҳеч бир нарса йўқ эрди. Ҳикмат шуни тақозо қилур эрдики, буларға аҳкоми осмоний оҳиста-оҳиста, тадрижий суратда тушсун. Чунки агар Аллоҳ таоло аларға шароб ичмакни, қимор ўйнамакни, суд емак (судхўрлик)ни бирдин ҳаром этса ва бирдин ҳаммаларин намозға, закотға, рўзаға ва ҳажға амр этса, бу жамоат бу қадар оғир аҳкомни бирдин қабул эта олмас эрдилар. Ўтган ва кечирган одату турмушлариға буюк тасодум (тўқнашув) бўлур эрди. Шунинг учун Ҳакийм Парвардигор буларға Ўз Ҳабиби Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар қилуб юборди. Аввалан, Ўзининг тавҳидиға, қиёмат куниға, расуллариға, китоблариға, фаришталариға ва тақдириға иймонға даъват берди. Бу нарсалар оҳиста-оҳиста диллариға ўрнашди, сўнгра оҳиста, пайдарпай бошқа аҳкомларин ўз вақтларида тушура бошлади. Бу Анинг буюк карами ва улуғ ҳикмати эрди.

Афсус яҳудларғаки, алар ўз хоҳиш ва рағбатлариға мутобиқ келмаган нарсаға тездин инкор этурлар, инод (қайсарлик)лариға итоат қилуб, ҳақдин маҳрум қолурлар. Аллоҳ таоло бандаларин ҳақға мухолафат ва ботилға мутобаат балосидин ўз паноҳида асрасун.

Шул бахтиёр жамоадин бирлари Бани Қайнуқоъ яҳудларин уламо ва аҳборларидин бўлғон жаноб Абдуллоҳ ибн Саломдурларки, Қуръони каримнинг муборак алфозларин эшитган замон нафсларин хоҳишиятидин филҳол озод бўлуб, Парвардигорлари юборган ҳақ Китоб ва ҳақ Расулға иймон келтурдилар, яҳудларнинг маломатлариға қулоқ ҳам солмадилар, икки жаҳон саодатиға, алҳамдулиллаҳ, ноил бўлдилар.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ