Пайғамбаримизнинг завжалари ва Исломда аёлнинг ўрни

3 йил аввал 9953 siyrat.uz

Расули акрам жанобларининг олтмиш уч йиллик ҳаётлари давомида никоҳларига олган завжалари ўн иккита эди: 1) ҳазрат Хадича; 2) ҳазрат Савда; 3) ҳазрат Оиша; 4) ҳазрат Ҳафса; 5) Ҳузайма қизи ҳазрат Зайнаб; 6) ҳазрат Умму Салама; 7) Жаҳш қизи ҳазрат Зайнаб; 8) ҳазрат Умму Ҳабиба; 9) ҳазрат Жувайрия; 10) ҳазрат София; 11) ҳазрат Мория; 12) ҳазрат Маймуна.

Булардан София Исроил жинсидан, Мория мисрлик, қолганлари араб эдилар. Араб завжаларидан олтитаси маккалик Қурайш қабиласидан эди.

1. Ҳазрат Хадижа розияллоҳу анҳо

Расули акрамнинг илк завжалари ҳазрат Хадича эдилар. Турмуш қуришганида ҳазрат Хадижа ўттиз тўққиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма беш ёшда бўлганлар («Пайғамбаримизнинг уйланишлари» бўлимига қаранг). Йигирма беш йил бирга яшадилар. Йигирма беш йил давом этган бу масъуд оила ҳаётининг ўн беш йили пайғамбарлик вазифасини ифо этишга бошлашдан олдин кечди. Ўн йиллик қисми эса пайғамбарлик даврининг илк босқичи эди.

Расули акрамга биринчи бўлиб ишониб, орқаларида илк намоз ўқиган одам ҳазрат Хадижа бўлдилар. У киши Ислом тарихининг энг буюк аёли, Пайғамбаримизнинг етти фарзандларидан олтитасининг онаси эдилар. Ҳижратдан уч йил олдин, Расули акрам эллик ёшда бўлганларида ҳазрат Хадижа вафот этганлар.

 

2. Ҳазрат Савда розияллоҳу анҳо

Ибн Исҳоқнинг айтишича, Расули акрам жанобларининг ҳазрат Хадижадан кейин олганлари илк аёл ҳазрат Савда бўлдилар. Пайғамбаримиз Хадижанинг ўлимларидан бир неча йил кейин Тоифдан ниҳоятда мутаассир бўлиб қайтган эдилар. Савдага уйланишлари ана шундай бир пайтга тўғри келди. Савда илгари эрлари Сақрон билан бирга Ҳабашистонга иккинчи қофила орқасида ҳижрат қилган эдилар. Сақрон ўша ерда вафот этди, ўзлари Маккага ёлғиз қайтдилар. Ёшлари ўтган бир хотин эдилар. Қийинчилик ичида эдилар. Эрлари мусулмонлик йўлида уйини, ватанини ва ҳаётини фидо этди. У пайтлари Ислом жамоати оз эди. Мамлакатнинг одатига кўра, бу кимсасиз аёлни ҳимоя эта оладиган ҳеч бир восита ҳам йўқ эди. Расули акрам маишат жиҳатидан мушкул ҳолга тушишларини бўйинларига олиб, Савдага уйландилар1. Ҳазрат Савда Расули акрам даврларидан кейин ҳазрат Умарнинг халифалик даврларида вафот этдилар. Савда Расули акрамдан беш ҳадис нақл этганлар, бу ҳадислардан бирини Имом Бухорий ривоят қилган.

3. Ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳо

Расули акрам ҳазратларининг илк турмуш ўртоқлари ҳазрат Хадижа ҳижратдан аввал Маккада вафот этгач, Расули акрам ёлғиз қолган эдилар. Савда билан турмуш қуришдан олдин ҳазрат Абу Бакрнинг қизлари ҳазрат Оиша билан Маккада нишонландилар (фотиҳаландилар). Ҳижратдан кейин Мадинада никоҳландилар. Нишонланган пайтда ҳазрат Оиша ўн тўрт ёшда эдилар. Турмушга чиққанларида эса оғзига эрк берганларнинг айтгани каби бола ёшида эмас, ўн саккиз ёшда бўлганлари тарихий воқеаларнинг тадқиқи натижасидан англашилади.

«Саҳиҳи Бухорий»га кўра, ҳазрат Оиша Қуръоннинг Маккий оятлари келаркан, ўйин чоғида эдилар. Қамар сурасининг ўша чоқларда нозил бўлганини ўзлари айтганлар. Эллик тўртинчи Қамар сураси Маккий суралардандир. У пайтда Расули акрам Арқамнинг уйида эдилар. Расули акрам ҳижратнинг илк санасида ҳазрат Оишага уйландилар. Бақара ва Нисо суралари ваҳий бўлаётганида ҳазрат Оиша Расули акрамнинг завжалари эдилар. Бақара сураси Мадина даврининг илк паллаларида нозил бўлган.

«Мишкот» муаллифи бундай дейди: «Ҳазрат Оишанинг опалари Асмо ҳижрат асносида йигирма етти ёшда эди. Оишадан ўн ёш катта эди. Асмодан ўн ёш кичик бўлганларига кўра, ҳазрат Оиша ҳижратда 17 ёшда бўлганлар»2.

Бинобарин, Расули акрамга турмушга чиққанларида ўн саккиз ёшда эдилар. Ҳазрат Оишанинг олти ёшларида нишонланганлари (фотиҳаланганлари), тўққиз ёшларида никоҳланганлари ҳақидаги ривоятлар тўғри эмас, уйдирмадир, тарихий ҳақиқатга тескаридир.

Тўғри, ҳазрат Оиша ёш эдилар. Кичик эдилар. Расули акрам билан ораларида ёш фарқи бор эди. Бироқ бу ёш фарқи туфайли турмуш қуришларига мамлакатнинг у замондаги одати монеъ эмасди. Чунончи, ҳазрат Абу Бакр илк пайтлардан бери Расули акрамнинг энг фидокор асҳобидан ҳисобланардилар. Маънавий боғичлар ила боғлиқ бўлган Пайғамбарларига энди ақраболик боғлари билан ҳам боғланишни жуда истардилар. Энг катта умидлари эди бу. Расули акрам ҳам шундай ўйлардилар. Пайғамбаримизнинг ҳазрат Оиша билан турмуш қуришлари ўзаро (икки томонлама) туйғуларнинг, истакларнинг бир натижаси бўлди. Бу никоҳ икки томоннинг ҳам орзусига мос тушди.

4. Ҳазрат Ҳафса розияллоҳу анҳо

Расули акрамнинг завжаларидан яна бирлари эса ҳазрат Умарнинг қизлари ҳазрат Ҳафсадирлар. Пайғамбаримизнинг бутун ҳол ва ҳаракатларида қандайин буюк ҳикматлар бўлса, уйланишларида ҳам шундай муҳим ҳикмат ва сабаблар бор. Ҳазрат Абу Бакрнинг қизлари ҳазрат Оишага уйланишларига нима сабаб бўлган бўлса, ҳазрат Умарнинг қизлари ҳазрат Ҳафса билан издивожлари ҳам айни сабабга кўрадир.

Ҳазрат Ҳафса олдин асҳобдан Хонис исмли бир зот билан турмуш қурганлар. У билан бирга Мадинага ҳижрат қилган эдилар. Бироқ Хонис Бадр жангида, дин йўлида шаҳид бўлгач, ҳазрат Ҳафса тул қолдилар. Ҳазрат Умар қизларини такрор турмушга бермоқчи бўлдилар. Қизларига муносиб умр йўлдош бўла оладиган ҳазрат Усмонга мурожаат қилдилар. Ўшанда ҳазрат Усмоннинг завжалари − Расули акрамнинг қизлари бўлмиш ҳазрат Руқайя вафот этган эдилар. Бироқ Умарнинг таклифларига Усмон мусбат бир жавоб беролмадилар. Ўйлаб кўришларини айтдилар. Шундан сўнг ҳазрат Умар ҳазрат Абу Бакрга бордилар. У кишининг таклифларини Абу Бакр ҳам сукут билан қаршиладилар. Шунда Умар ҳиддатландилар. Юраклари сиқилди. Чунки ҳазрат Ҳафса оталари Умар каби асабий мизожли бир аёл эдилар. У киши билан ҳаёт кечириш осон эмасди. Лекин қизларига муносиб бир йўлдош тополмаганларидан ҳазрат Умар қаттиқ хафа бўлдилар. Сарвари олам ҳазрат Умарнинг хафа юришларини истамадилар. Чунки ҳазрат Умар ҳам ҳазрат Абу Бакр каби бутун борлиқларини ҳазрат Пайғамбарга боғлаган энг яқин ўртоқларидан эдилар. Умарни ҳам Абу Бакрга ўхшаб ақраболик боғлари ила ўзларига боғлаб мамнун этишни ўйлардилар. Ҳафсани шу сабабдан никоҳларига олдилар. Ҳазрат Ҳафса Пайғамбаримизга борганларида ўттиз беш ёшда эдилар.

Бу муборак никоҳдан кейин ҳазрат Абу Бакр ҳазрат Умарга дуч келганларида Умар у кишининг сукутларидан мутаассир бўлганларини билдирдилар. Ҳазрат Абу Бакр ўшанда Расули акрамнинг Ҳафсани сўрашликларидан хабарлари бўлганларини, лекин Расули акрамнинг бу сирларини фош қилишни истамаганларини, шунинг учун овоз чиқармаганларини тушунтирдилар. Мабодо Расули акрам Ҳафсани олмасалар, ўшанда унга оғиз солмоқчи эканларини сўзларига илова қилдилар3.

Ҳазрат Ҳафса Расули акрамдан бир неча ҳадис ривоят қилганлар. Ҳафса Муовия замонида вафот этдилар. «Асри Саодат» муаллифи бундай дейди:«Ҳазрат Умарнинг қизлари ҳазрат Ҳафса билан ҳазрат Абу Бакрнинг қизлари ҳазрат Оиша ҳақларида тарих китобларида бир неча ҳикоялар бор. Бу ҳикояларга мунофиқлар томонидан ўйлаб чиқарилган бир қанча уйдирма гаплар қўшилиб кетгандир. Буларни ўқиётганда ғоят ҳушёр бўлиш керак»4.

5. Ҳазрат Зайнаб розияллоҳу анҳо

Ҳузайма қизи Зайнаб Бани Халил қабиласидан эдилар. Биринчи эрлари билан ажрашганлар, иккинчи эрлари Жаҳш ўғли Абдуллоҳ ҳам Уҳуд ғазотида шаҳид кетиб, тул қолган эдилар. Расули акрам ҳижратнинг учинчи йили ҳазрат Ҳафсадан кейин ҳазрат Зайнабни ҳам никоҳларига олдилар. Зайнаб илгаридан «Йўқсилларнинг онаси» маъносида «Уммул масокин» номи билан шуҳрат топган эдилар. Фақирларни, йўқсилларни ҳимоя қилар, уларни едириб-ичирар эдилар. Чиройли эмасдилар. Ўрта ёшли, марҳамат соҳибаси, ажойиб аёл эдилар. Расули акрам Зайнабни ҳам ҳимояга муҳтож бир тул бўлганлари, ҳам шафқат соҳибаси бир аёл бўлганлари сабабли никоҳларига олдилар. Бироқ Зайнаб Расули акрам билан жуда оз муддат яшай олдилар. Уч ойдан сўнг вафот этдилар. Жаноза намозларини Расули акрам ўқидилар. Бақиъ қабристонига кўмилдилар. Ҳазрат Пайғамбар ҳаётликларида ҳазрат Хадижа ва ҳазрат Зайнабдан бошқа бирор завжалари ўлмаганлар.

6. Ҳазрат Умму Салама розияллоҳу анҳо

Умму Саламанинг асли исмлари Ҳинд эди. Илк завжи Абуласад ўғли Абдуллоҳ Абу Салама номи билан танилган саҳобий эди. Булар бирга мусулмон бўлишган, Ҳабашистонга ҳам бирга ҳижрат қилишган, ўғиллари Салама ўша ерда туғилган эди. Ҳабашистондан Маккага қайтгач, Умму Салама Маккадан Мадинага ҳижрат қилдилар.

Умму Саламанинг завжи жуда жасур эди. Бадр ва Уҳуд ғазотларида бўлди. Уҳудда яраланди. Ҳижратнинг тўртинчи йили вафот этди. Расули акрам Абу Саламани жуда яхши кўрардилар. Ўлаётганида бошида бўлдилар. Сўнгги дақиқаларда унга тасалли бердилар. Ўз қўллари билан кўзларини ёпиб қўйдилар. Жаноза намозини тўққиз такбир билан ўқиганларида ҳамма янглишиб ошиқча такбир олдилармикан, деб ўйлади. Шунда Расули акрам «Абу Саламанинг минг такбирга ҳам лойиқлигини» айтдилар.

Абу Саламанинг вафоти асносида завжаси ҳомиладор эди. Умму Салама болани туғдилар. Идда муддатлари ўтди ҳам. Лекин завжи Абу Саламанинг вафотидан кейин жуда ёмон аҳволга тушиб қолган эдилар. Расули акрам завжининг ўлимидан роппа-роса тўрт ой кейин Умму Саламага уйланиш ҳақидаги таклифларини маълум қилдилар. Умму Салама аввалига тараддудландилар: «Менинг ёшим ўтган. Расули акрам мендан не саодат топадилар?! Устига устак, бир ўғлим, бир неча қизим бор. Мизожим ҳам жуда қизғончиқдир». Ҳазрат Пайғамбар буларнинг ҳаммасини хуш кўришликларини билдирдилар. Умму Саламани никоҳлаб, ҳимояларига олдилар. Унга тасалли бердилар. Ҳижратнинг тўртинчи йили эди ўшанда.

Расули акрамнинг ҳамма завжалари ичида ҳазрат Умму Саламанинг энг охирида вафот этганлари ҳақида Сийрат ёзувчилари якдилдирлар. Умму Салама ҳижратнинг эллик тўққизинчи санаси саксон тўрт ёшларида вафот этдилар. Мадинада Бақиъ қабристонига кўмилдилар.

Фазл ва карам жиҳатидан ҳазрат Оишадан сўнгра Умму Салама келишларини Ибн Саъд «Табақот»ида билдиргандир. Ҳадис ривоятида ҳам ҳазрат Оишадан бошқа ҳамма кундошларидан устун эдилар. Ҳудайбия муоҳадасида энг буюк хизматни адо этган эдилар («Ҳудайбия сулҳи» моддасига қаранг).

7. Ҳазрат Зайнаб розияллоҳу анҳо

Расули акрамнинг завжалари орасида икки Зайнаб бор эди. Бирлари Ҳузайма қизи Зайнаб, бошқалари Жаҳш қизи Зайнабдир. Жаҳш қизи Зайнаб Пайғамбаримизнинг жуда яқин қариндошларидан эдилар. Бир тарафдан холаларининг қизи бўлсалар, бошқа тарафдан боболари Абдулмутталибнинг невараси эдилар. Ўзларини ҳазрат Оиша даражаларида тутардилар.

Жаҳш қизи Зайнабнинг биринчи завжи Расули акрамнинг озод қилган қуллари ва тутинган фарзандлари Зайд эди. Зайнабни Зайдга шахсан Расули акрам никоҳлаб берганлар. Ҳазрат Пайғамбар Зайнабнинг акалари Жаҳш ўғли Абудуллоҳдан Зайнабни Зайдга сўраб бордилар. Бироқ Расули акрамнинг бу таклифлари яхши қаршиланмади. Зайнабнинг ўзлари ҳам, валийлари ҳисобланган акалари Абдуллоҳ ҳам Зайдни истамадилар. Иккилари ҳам Пайғамбарнинг ўзларидан умидвор эдилар. Чунки Зайнаб асолат соҳиби* эдилар. Қурайш қабиласининг ҳошимий уруғидан эдилар. Айни пайтда Расули акрамнинг холаваччалари эдилар. Зайд эса озод қилинган бўлса-да, бир қул эди. Араб анъанасига кўра, асил бир аёл бир қулга турмушга чиқолмасди. Ҳолбуки, мусулмонлик бутун инсонларни яратилиши жиҳатидан тенг ҳисобларди. Қуръони карим: «Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир»5, дея марҳамат қилган («Макканинг фатҳи» бобига қаранг).

Бинобарин, бу араб анъанаси йўқотилиши керак эди. Расули акрам бу йўлдаги тадбирни дастлаб ўз ақраболари ичида татбиқ қилишга киришдилар. Зайд ва Зайнабнинг турмуш қуришларини талаб этдилар. Бу билан мусулмонликдаги ҳақиқий тенгликни кўрсатмоқчи бўлдилар.

Расули акрамнинг бу таклифлари қаршисида Зайнаб истамай Зайдга турмушга чиқдилар. Бу билан арабларнинг эски анъанаси йиқитилди ва ўртадан кўтарилди. Буни энг катта бир инқилоб деса бўлади.

Лекин Зайд билан Зайнаб турмушдан масъуд бўлолмадилар. Оилавий бахтга эришолмадилар. Зайнаб ўта диндор ва Аллоҳдан ниҳоятда қўрқадиган бир хотин бўлганлари билан айни чоқда сулолалари, гўзалликлари билан ҳам фахрланардилар. Озод қилинган қулга турмушга чиққанларини ҳеч ҳазм қилолмадилар. Икки томон бир-бирини мувофиқ ва мос деб ҳисобламагани учун ораларидан тотувлик қочди, турмушлари қаттиқ издан чиқди. Зайнаб мағрур бўлганларидан эрлари Зайднинг қалбини ўкситар эдилар. Зайд ортиқ чидаёлмади. Расули акрамга мурожаат эди. Зайнабни қўйиб юборишини билдирди. Расули акрам бу ҳолдан жуда мутаассир бўлдилар. Чунки уларнинг оила қуришларига шахсан ўзлари сабаб бўлган эдилар. Уларни қўярда-қўймай никоҳлантирган эдилар. Анча вақтгача Зайдга: «Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин (яъни талоқ қилишга шошмагин), Аллоҳдан қўрққин», дея тавсия этиб турдилар6. Расули акрам ўзлари боғлаган бу издивож агар муваффақиятсизликка учраса, бу ҳақда, албатта, миш-миш гап чиқишидан ва бу муваффақиятсизликни ҳамма айтиб юришидан андишада эдилар. Лекин Қуръони карим: «Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ бўлгани ҳолда сиз одамлардан (яъни уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз»7, дея марҳамат қилиб мушкулни осон қилди.

Зайд Расули акрамнинг барча танбеҳларига қарамасдан хотини Зайнабни қўйиб юборди. Чунки энди Зайд ҳам Зайнабдан нафратлана бошлаган эди.

Жоҳилият даврида арабларда бир анъана бор эди: тутинган фарзанд ҳам туғишган авлоддай ҳисобланар, унинг барча ҳақларига эгалик қиларди. Мусулмонлик бу одатни ҳам бекор қилди. Авлодликни (тутинган фарзандликни) фақат «дин қардоши» ўлароқ қабул этди. Қуръони карим авлодликнинг тул қолган завжасини никоҳлаб олишини маънавий оталарга ҳалол қилди8. Эскидан қолган бу одатнинг Қуръон ояти билан ўртадан олиб ташланиши бир зарурат ҳолини олган бўлди. Шу сабабли Расули акрам ҳам Зайнабнинг, ҳам ақраболарининг истаклари билан Зайнабни никоҳлаб олдилар. Зайнабнинг бутун ақраболарининг орзуи ҳам шу эди аслида. Расули акрам шахсан ташвиқ қилганлари бир издивожнинг яхши натижа бермаганига муқобил бу таклифни қабул қилиш мажбуриятида эдилар9. Бу борада ўзларини виждоний жиҳатдан қарздор (бурчли) ва вазифали ҳисоблаган эдилар.

Ислом душманлари мана шу жуда оддий масалани роса пуфлаб шиширадилар. Тилларига эрк бериб иддао этишларича, гўё Расули акрам қия очиқ бир эшикдан Зайнабни кўриб, гўзалликларига маҳлиё бўлганлар-у, Зайд бундан хабар топгач, Зайнабни қўйиб юборган, сўнгра уни ҳазрат Пайғамбар олган эмишлар.

Оврупанинг барча мутаассиб тарихчиларига эргашиб, баъзан мўътадил тарихчилар ҳам бу фикрни илгари сурмоқдалар. Улар ҳам Зайнабнинг Расули акрамга жуда яқин ақрабо эканларини, Мадинага ҳижрат қилган илк мусулмонлар орасида бўлганларини, Зайдга турмушга чиқмасдан олдин Расули акрамга қаллиқ бўлишни истаганларини эътироф этишади-ю, аммо бундан бу ёғида ифтиро (туҳмат, бўҳтон) бошлашади.

Расули акрам олдин Зайнабни олишга истакли бўлсалар эди, уни бокиралик пайтида олишларига ким монеъ бўла оларди? Ажабо, Расули акрам уни кўрмаганмидилар? Бундай даъво қилишга қандай ҳадлари сиғади? Ахир Зайнаб Пайғамбарнинг яқин қариндошларидан эдилар-ку! Зайнаб Зайдга тегмасларидан аввал хотинлар ҳали тасаттурга (ўранишликка) риоят этмасдилар. Зайнаб Зайдга, ундан кейин Расули акрамга никоҳланганларида ҳам ҳали тасаттур оятлари нозил бўлмаган эди. Ҳижоб ҳақидаги оят бу издивожларидан кейин келган.

Зайнабнинг яқин ақраболари сифатида ҳамда у онамиз мусулмонликни илк қабул қилганлардан бирлари экани эътибори билан Расули акрам уни мукаммал бир суратда танир эдилар, бундан ташқари, Зайнабнинг ўзлари ҳам, оила аъзолари ҳам унинг Пайғамбар алайҳиссаломга тегишига тарафдор эдилар, шундай бир ҳолда, яъни ҳали Зайнаб бокираликларида уни жозибадан маҳрум этган, сўнгра «қия очиқ эшикдан кўрингач» (!) унга жозиба берган нима экан? Бу эртак шу қадар аҳмоқона бир уйдирмадирки, ақли салим бўлган ҳеч бир одам бу гапларни ҳеч қайси жиҳатдан қабул қила олмайди10.

Бироқ христиан тадқиқотчилари азбаройи христианлик таассуби туфайли ҳамда ўзларини қониқтириш учунгина бу каби чиркин ифтироларга аҳамият беришмоқда11.

Ҳазрат Зайнаб Расули акрамнинг вафотларидан кейин оламдан ўтган илк завжалари бўлдилар. Ҳазрат Зайнаб кафанларини ўзлари ҳозирлаганлар. Ҳазрат Умар замонларида вафот этдилар. Жаноза намозини халифа ўқиди.

8. Ҳазрат Умму Ҳабиба  розияллоҳу анҳо

Ҳазрат Умму Ҳабибанинг исмлари Рамла эди. Ҳабиба исмли қизлари борлиги учун кунялари Умму Ҳабиба бўлди. Умму Ҳабиба қурайшийларнинг бошлиғи, Уҳуд ва Ҳандақ жангларида мушрикларга бош қўмондонлик қилган Абу Суфённинг қизи эдилар. Илк завжи Жаҳш ўғли Абдуллоҳ билан бирга Ҳабашистонга иккинчи қофила ила ҳижрат қилганлар. Абдуллоҳ Ҳабашистонда христиан бўлиб кетди, лекин Умму Ҳабиба мусулмонликда собит қолиб, эридан ажралдилар.

Умму Ҳабиба юксак мартабали оиладан бўлганлари учун бошқа киши билан турмуш қуролмадилар. Шу сабабли бегона бир юртда кимсасиз қолдилар. Ҳимояга муҳтож бир аҳволга тушдилар. Оталари Абу Суфён эса ҳануз мусулмон эмасди. Билъакс, мусулмонларнинг энг катта душмани эди. Бинобарин, Умму Ҳабиба оталарининг ёнига ҳам қайтолмас эдилар. Расули акрам вазиятдан хабар топдилар. Умму Ҳабибага тасалли бериш учун Ҳабашистонга бир элчи юбордилар. Ҳабаш нажошийсини (ҳукмдорини) вакил қилдилар. Умму Ҳабибани ўзларига никоҳлаб, ҳимояларига олдилар. Нажоший никоҳ маросимини ўша пайтда Ҳабашистонда турган Жаъфари Тайёр ва бошқа мусулмонларнинг ҳузурида ўтказди, Расули акрам номларидан Умму Ҳабибага 400 динор маҳр (никоҳ бадали) берди. Ҳазрат Пайғамбар Ҳабашистонга элчини ҳижратнинг олтинчи йили юбордилар, никоҳ маросими эса ҳижратнинг еттинчи санаси ўтказилди12. Нажоший никоҳдан сўнг Умму Ҳабибани Мадинага юборди.

Умму Ҳабиба Расули акрамнинг пайғамбарлик даврларидан ўн етти йил олдин туғилганларига кўра, Пайғамбаримизга турмушга чиққанларида ўттиз етти ёшда эдилар. Ҳижратнинг қирқ тўртинчи санаси вафот этдилар. Мадинада кўмилдилар.

9. Ҳазрат Жувайрия розияллоҳу анҳо

Ҳазрат Жувайрия Зиро ўғли Ҳориснинг қизи эдилар. Ҳорис Бани Мусталиқ қабиласининг раиси эди. Илк завжи ҳам Бани Мусталиқдан Сафвон ўғли Мусафиъ эди. Расули акрам Бани Мусталиққа қарши олиб борган Мурайсиъ ғазотида Жувайриянинг эрлари Сафвон ўғли Мусафиъ ўлган, ўзлари асирлар орасида қолган эдилар («Маккалик бўлмаган мушрикларга қарши олиб борилган ҳарблар: Мурайсиъ ғазоти» бобига қаранг). Ҳазрат Жувайрия асҳобдан Қайс ўғли Собитнинг ҳиссасига тушган эдилар.

Исломий ҳукмларга кўра, асирлар соҳибларига бир миқдор пул бериб озодликка чиқишлари мумкин эди. Бироқ Жувайриянинг ёнларида етарли миқдорда пул йўқ эди. Расули акрамга мурожаат қилдилар. Ёрдам сўрадилар. Фидялари тўланди. Асирликдан қутулдилар, аммо қабилаларига қайтмадилар, ўз истак-хоҳишлари билан Расули акрамга никоҳландилар. Оқибатда қабилаларига мансуб жами асирларнинг ҳам қутулишига сабаб бўлдилар. Ривоят қилинишича, шу тариқа озод қилинган қул ва жорияларнинг сони етти юз бўлган13.

Ҳазрат Жувайрия ҳижратнинг олтмиш олтинчи санасида 65 ёшда вафот этдилар. Мадинадаги Бақиъ қабристонига кўмилдилар14.

10. Ҳазрат София розияллоҳу анҳо

Ҳазрат София Ҳайбар фатҳи чоғида асир тушган эдилар (II китобдан «Яҳудийлар билан олиб борилган Ислом ҳарблари: Ҳайбар фатҳи» бобига қаранг). Оталари Аҳтоб ўғли Ҳуйя Бани Назир қабиласининг раиси, волидалари Бани Қурайза қабиласи раисининг қизи эди. Софиянинг асл номлари Зайнаб эди. Расули акрамнинг ҳиссаларига тушганлари учун София дейилдилар.

Ҳазрат Софиянинг эрлари ҳам, оталари ҳам, акалари ҳам Ҳайбар жангида ўлган эдилар. Расули акрам яҳудийлар билан мусулмонлар ўртасидаги душманликни йўқотмоқчи бўлдилар. Сафиййани озод қилдилар, сўнгра никоҳларига олдилар. София мусавий бўлиш билан бирга аслида араб (?!)  эдилар15.

София ҳижратнинг эллигинчи санаси вафот этдилар. Бақиъ қабристонига дафн этилдилар.

11. Ҳазрат Мория розияллоҳу анҳо

Ҳижратнинг еттинчи санасида Миср ҳукмдори тарафидан Расули акрамга юборилган ҳадялар орасида икки мисрлик жория бор эди («Мадина ҳаёти» бўлимидаги изоҳга қаранг). Булар Мадинага кетаркан, йўлда муршидлардан мусулмонликни ўрганишди ва мусулмон бўлишди. Жорияликдан ҳам чиқишди. Расули акрам булардан Мория исмли бирига уйландилар. Бу ҳодиса мисрликларга катта таъсир ўтказди. Кейинги Византия урушида мисрликларнинг бетараф қолишларига сабаб бўлди. Расули акрамнинг Иброҳим исмли энг кичик ўғиллари Мориядан туғилган эди. Мория Расули акрамнинг жориялари эмас, завжалари эдилар. Мориядан туғилган Иброҳим араб одатига кўра, бир сут берувчи онага берилди. Иброҳимнинг сут онага берилиши онаси Мориянинг ҳур ва асил бир хотин эканларини кўрсатади16.

Ҳазрат Мория ҳижратнинг ўн олтинчи йили вафот этдилар.

12. Ҳазрат Маймуна розияллоҳу анҳо

Айни сана Маймуна исмли бир бошқа тул хотин Расули акрамга турмушга чиқиш истагини билдирди. Бу билан ўзини Расули акрамнинг хизматларига бағишламоқчи бўлди. Унинг орзуси рўёбга чиқарилди. Расули акрамнинг энг сўнг никоҳланганлари аёл ҳазрат Маймуна бўлдилар. Маймуна ҳазрат Аббоснинг қайинсинглиси− Аббоснинг завжаси Умму Фазлнинг синглиси эдилар. Никоҳ маросимини ўтказган ҳам Аббос бўлди. Ҳазрат Маймуна камбағал, ёшлари элликдан ошган бир хотин эдилар. Ҳижратнинг эллик биринчи санаси вафот этдилар. Жаноза намозларини Аббоснинг ўғли Абдуллоҳ ўқиди. Абдуллоҳ: «Бу Расули акрамнинг завжасидир. Шошиб юриб унинг тобутини чайқатиб юборманг! Унга ҳурмат учун секин юринглар!» деган эди.

Изоҳлар

1. «Руҳи Ислом», 204-бет.

2. «Асри Саодат», 2-жилд, 1010-бет.

3. Табарий. «Асри Саодат», 2-жилд, 1015-бет.

4. «Асри Саодат», 2-жилд, 1016-бет.

5. Ҳужурот сураси, 13-оят:

6. Аҳзоб сураси, 37-оят: ...

8. «Бас, қачонки Зайд ундан (яъни Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач (яъни уни талоқ қилгач), Биз сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач, уларнинг (хотинларига уйланишларида танглик бўлмаслиги учун шундай қилдик). Ва Аллоҳнинг амри-иродаси қилингувчи бўлди» (Аҳзоб сураси, 37-оят).

9.«Тангри буйруғи», 625-бет; «Руҳи Ислом», 206-бет.

10. «Асри Саодат», 2-жилд, 1027-бет; «Пайғамбаримиз», 247-бет.

11. Марҳум Ш.Шомий Бей эса «Қомусул олам»ида (4-жилд, 2442-бет) шундай дейди: «Вольтер-Вольтаира Зайднинг завжаси ҳазрат Зайнабни Зоти ҳазрат Рисолат (Расули акрам) никоҳларига олишлари воқеасини тарихий ҳодисаларга ғирт зид ҳолда, фақат ва фақат ифтиро ўлароқ ёзиб, бир театру китобни (саҳна асарини) ўртага қўймишки, файласуфликка ҳеч ярашмаган бу китоб Папа тарафидан илтифот кўргандир». Вольтер ёзган ва олмон шоири Ҳёте томонидан франсузчадан олмончага таржима қилинган «Муҳаммад ёхуд таассуб» («Mohomed ou fanatisme») номли бу саҳна асарининг мавзуи ва унинг ўгирмасини 1910-1911 ўқув йилларида Истанбул дорилфунуни адабиёт шўъбасида бизга сабоқ берган раҳматли устозимиз Аҳмед Ҳикмат мана бундай тушунтирган: «Беш пардадан иборат манзумдир (шеърий йўлда ёзилган). Илк бор 1742 йилда ўйналган. Иккинчи марта ўйналишда тақиқланган бўлса-да, тўққиз йил сўнгра такрор саҳнага чиқарилди. Асар босилганда муаллиф бир итҳофия (кириш сўзи; бағишлов) ила Прусия қироли Фредерикка юборган. Бу итҳофияда воқеанинг аслида бўлмагани ва Зайднинг завжасини ҳазрат Пайғамбар никоҳларига олганларидан бошқа бу асарнинг тарихга алоқадор бирор жиҳати йўқлигини эътироф этиб, мақсади диний марҳаматнинг қардошликни таъсис этиши, диний таассубнинг эса шафқатсизликни туғдиришини кўрсатмоқчи бўлганини айтади.

Вольтернинг бу билан христианликдаги таассубни танқид ва талмиҳ (ишора, киноя) этгани англашилиб, ишнинг ман жиҳатига кетилган бўлса-да, муҳаррир (муаллиф) айёрлик қилиб, асарини Папа ўн учинчи Яновага тақдим ила тақдис эттириб (муқаддаслаштириб) ўзини қутқаргандир.

Бу театру олмон шоири Ҳёте томонидан олмончага таржима қилинган.

Театрунинг шахслари булардир:

Ҳазрат Муҳаммад;

Зупер (бунинг Абу Суфён эканлигини итҳофиясида айтади);

Ҳазрат Умар;

Зайд;

Палмир (Зайнаб);

Фану (аъёни Маккадан);

Аҳолийи Макка;

Аҳолийи Мадина, аҳолийи муслима;

Воқеа Маккада жараён этади.

Бу ҳазаён (сафсата; беъмани) номанинг мавзусини жолиби нафрат учун мухтасаран қуйида қайд этмоқ азобига бардош берайлик: Зайд билан Палмир (Зайнаб) Абу Суфённинг бири ўғил, бири қиз фарзандларидир (!). Булар ёшликларида асир тушадилар. Ҳазрат Пайғамбарнинг ҳимояларида вояга етадилар. Иккиси ҳам падарларини ва ака-сингил (!) эканликларини билмаганлари учун севишадилар. Ҳазрат Пайғамбар ҳазрат Умар воситасида душман Зуперни қатл этиш учун Зайдни қасам ичдиради, Зайд ҳам қасамига биноан Зуперни қатл этганидан сўнг Зупернинг ўз отаси (!), Палмирнинг эса ўз синглиси эканини (!) билади ва исён этади. Палмер (Зайнаб) эса ҳазрат Пайғамбарнинг издивож таклифларини рад этади (!). Аммо Зайд зиндонда заҳарланиб (!) исён асносида ўлади ва Палмир ҳам ўзини ўзи ўлдиради (!). Бу мавзуни гўёки Волтер ҳазрат Пайғамбаримизнинг қулларидан Абу Усома Зайд ибн Ҳорисатул-калбийнинг завжаси Зайнаб бинти Жаҳшни никоҳларига олганлари воқеасидан чиқарган эмиш. Лекин, аввало, ҳазрат Зайнаб Абу Суфённинг қизи эмас, балки Расули акрамнинг холаларининг каримасидир (қизидир). Пайғамбаримиз уни Зайд ибн Ҳориса талоқ қилгач ва иддаси тугагандан кейингина ҳарами издивожларига дохил қилганлар.

Сониян, Абу Суфённинг каримаси Умму Ҳабиба Макка фатҳи асносида зотан Пайғамбаримизнинг никоҳли завжалари орасида эди.

Солисан, Волтернинг Зупер дегани Абу Суфён Зайд қўли билан ўлдирилган эмас ва ҳатто ҳазрат Аббоснинг талқиноти ила, изҳори Ислом этган ва ҳатто Тоиф ғазотида мужоҳидийни Исломия ила баробар бўлган ва ҳазрат Усмоннинг халифалиги замонига қадар яшаган.

Бошдан-оёқ олчоқча бир ифтиродан (бўҳтон, туҳматдан) иборат бўлган бу театру билан бунга ўхшаш ифлос авроқларни (қоғозларни) ўқигач, воқеаликнинг аслини билмаган ва ўрганиш учун вақти бўлмаган кўпчилик Оврупа аҳолисининг нима учун мусулмонларга қарши бўлганини, уларни севмаслигини тушуниб олиш осон бўлади. (Чунки уларнинг онгига, асосан, шу хил талқинлар сингдирилди, Ислом нотўғри тушунтирилди... - тарж.)

Замонасининг асов фикрлари тизгинини анча муддат қўлга тутган ҳақиқат номига ифлос бир доғдир, ҳатто XVII аср француз адабиёти учун пасткашликдир. Бир ёзувчи тарихий воқеани рўмон ёхуд театрусида хоҳлаганича ўзгартира олади. Адабиётда бу мубоҳдир. Лекин нисфи жаҳонга (дунёнинг ярмига) виждон ҳокими бўлган, оламни ислоҳ этиш учун юборилган Расули Кибриё ҳақларида инсофсизларча ёмон бир лисон ишлатмоқ хиёнатдир, олчоқликдир.«Луғати фалсафа»сида ҳазрат Муҳаммаднинг шахслари ҳақида ҳам, динлари ҳақида ҳам ўрни билан чуқур бир ҳурмат, мақтов ила баҳс этган қалам билан бу театруни ёзган қаламнинг бир эканлигига инсон ҳақиқатан таажжуб этади».

12. «Асри Саодат», 2-жилд, 1031-бет; «Зубдатул қисас», 1-жилд, 181-бет.

13. «Асри Саодат», 2-жилд, 1029-бет.

14. «Зубдатул қисас», 1-жилд, 181-бет; «Асри Саодат», 2-жилд, 1030 -бет.

15. «Пайғамбаримиз», 247-бет.

16. «Асри Саодат», 2-жилд, 1019-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ