Шом Умавий халифалиги

3 йил аввал 8096 siyrat.uz

(660-750)

Шом Умавий халифалиги еттинчи асрда қурилди (ҳ. 40/м. 660), саккизинчи асрда йиқилди (ҳ. 132/м. 750). Тўқсон йил яшади. Бу давр ичида ўн тўрт халифа келди.

Шом Умавий халифалигини қурган Муовия бўлди. Шом волийси Муовия билан тўртинчи халифа Али ўрталарида узоқ ва қонли урушлардан кейин тузилган бир битим ила Ислом халифалиги Куфа ва Шом халифаликларига бўлинди (ҳ. 40/м. 660). Шу сулҳ билан Шом Умавий халифалиги барпо этилди ҳисоб. Айни пайтда Хулафои Рошидин даврининг давоми бўлган Куфа халифалиги ҳам яшар эди.

Бироқ сал кейин Куфа халифаси ҳазрат Али шаҳид этилиб, ўрнига сайланган ўғли Ҳасан олти ой халифалик қилгандан сўнгра Куфа халифалигини Шом халифаси Муовияга топшириб, шу зайл Ислом халифалиги Шом халифаси Муовиянинг шахсида бирлашди ва Ислом бирлиги такрор ўрнатилди.

Араб доҳийларидан машҳур Муғийранинг ташвиқи билан Муовия тириклигида ўғли Язидни валиаҳд этиб кўрсатди (м. 675). Волийлари воситасида халқдан байъат олди. Шундай қилиб, отадан ўғилга ўтувчи салтанат усули қурилди. Машварат усули бекор қилинди.

Хулафои Рошидин даврида халифалар ижмои уммат ила сайланарди. Жумҳурият идорасига (бошқарувига) ўхшагани учун илк беш буюк халифа замонига, ҳозирги пайтга келиб, «Исломда жумҳурият даври» номини ҳам бераётирлар. Бу жиҳатдан қаралса, Ислом жумҳуриятини салтанатга айлантирган шахс Шом халифаси Муовия бўлди. Шом волийси Муовия мақсадига эришди. Иқтидорни қўлга олди. Илгари ҳазрат Алига қарши осий бир волий эди. Ҳазрат Али билан тузган сулҳ туфайли ўзини расман танитди. Ҳазрат Ҳасаннинг халифаликни ташлашлари ила Ислом бирлигини шахсида тўплади. Кейинроқ эса халифаликни салтанатга айлантирди. Исломда жумҳурият усули барҳам топди. «Исломда мутлақият» деб аталувчи монархияга ўхшаган давр бошланди.

Ислом тарихининг илк халифаси ҳазрат Абу Бакр эдилар. Илк султон эса Муовия бўлди. Халифалик билан салтанат бирлаштирилди. Умавий халифалари Умавий уруғидан сайланар, байъат (қўл сиқиш) маросими орқали уларга итоат этиш учун овоз берилар эди. Бу тарзда бошланган Шом Умавий давлати хуросонлик Абу Муслим бошқарган буюк ва қонли ихтилол билан тугатилди (м. 750).

Андалуснинг машҳур Ислом файласуфи Ибн Рушд шундай дейди: «Афлотун истаган ҳукумат намунаси Ислом жумҳурияти бўлган Хулафои Рошидин давридир. Муовия ўзи қурган ҳукумат усули билан бу мафкурани йиқитди ва шу тариқа фалокат эшиклари очилгандир»9.

Шом Умавий давлатини тўқсон йил яшатган ўн тўрт ҳукмдордан илк уч халифа Абу Суфён авлодидан бўлгани учун булар «Суфёния» деб ном олди. Қолган ўн бир халифа Марвон сулоласига мансублигидан уларга «Марвония» номи берилди.

Биринчи Умавий халифаси Муовия ўлгач, ўрнига ўғли Язид ўтди. Лекин куфаликлар Язиднинг халифалигини истамадилар, оёққа қалқдилар. Расули акрамнинг кичик неваралари ҳазрат Ҳусайнни чақирдилар. У кишига байъат этмоқчи бўлдилар.

Ҳазрат Ҳусайн етмиш икки кишилик бир оила афроди билан Маккадан йўлга чиқдилар. Куфа томон келарканлар, Карбалода даҳшатли бир Умавий қўшини билан тўқнашдилар. У ерда фожеона бир тарзда шаҳид этилдилар (ҳ. 60/м. 680).

Карбало фожеаси Ҳижоз қитъасини ғалаёнга солди. Язид халифаликдан олиб ташланди. Маккада Зубайр ўғли Абдуллоҳ амирлигини (халифаликни) эълон қилди. Зубайр ўғлининг бу тарзда бошлаган Макка халифалиги ўн йилга яқин давом этди (683-692). Аммо иккинчи Умавий халифаси Язид Ҳижоз қитъаси устига бир қўшин юборди. Бу қўшин олдин Мадинани ёндириб юборди. Кейин келиб Маккани қуршади. Каъбани йиқди. Иттифоқо, Язиднинг ўлганлиги ҳақидаги хабар келиб, Умавий қўшини Макка муҳосарасини ташлади ва Шомга қайтди.

Язиднинг ўрнига ўтган ўғли Муовия Иккинчи ҳам халифаликдан чекингач, умавийлар Марвонни халифа қилдилар. Марвон хотини томонидан бўғиб ўлдирилгач эса, Абдуллоҳ унинг ўрнига ўтди.

Ўшанда Куфада сиёсий бир ҳаракат кўрилди. Ҳазрат Али тарафдорлари ҳам яширин бир фирқа тузишди. Карбало воқеаси туфайли пушаймон бўлганликларини, гуноҳларига тавба этганликларини билдириш учун қурган фирқаларига «Таввабийн» (Тавба этувчилар) дея ном бердилар. Бошларига эса Мухтор исмли бир қўмондон ўтди. Мухтор Куфада янги бир «Шиий ҳукумати»ни қуриб, Карбало фожеасининг интиқомини олган эди. Ўша пайт Ислом дунёсида уч халифа ўртага чиқди:

1. Ироқда: Таввабийн фирқасига суянган, Сақафий сулоласидан бўлган қўмондон Мухтор.

2. Ҳижозда: Макка ва Мадина аҳолисининг халифаси Зубайр ўғли Абдуллоҳ.

3. Сурия ва Мисрда: Умавийлар хукмдори Абдулмалик.

Макка халифаси Абдуллоҳ Куфа халифаси Мухтор устига қўшин юборди. Қонли муҳорабада Мухтор ўлди. Бутун Ироқ Макка амири Абдуллоҳга боғланди. Бундан фойдаланиб қолиш ниятида Абдулмалик мукаммал бир қўшин билан Ироқ устига юриш қилди. Ироқ ҳокимлигини тиклади ва Ироқ билан Эронни Шом халифалигига боғлади. Ироқдан Шомга қайтгач, Юсуф ўғли Ҳажжожни кучли бир қўшин билан Ҳижоз устига юборди. Ҳажжож қўшинини икки қисмга ажратиб, бир қисм қувват билан Мадинани итоат остига олди, иккинчи томондан эса ҳаж мавсумида Маккани келиб қуршади (ҳ. 72/м. 691). Етти ойлик муҳосарадан сўнг золим Ҳажжож Маккага кирди. У муборак шаҳарни қонга бўяди. Неча-неча табаррук зотларни ўлдиртирди. Зубайр ўғлининг кесилган боши Шомга юборилди. Жасади оёғидан осилди.

Макка амири Зубайр ўғли Абдуллоҳ Қурайшнинг режасини ўзгартириб, Каъба биносини ҳазрат Иброҳимнинг илк режаси бўйича янгилаган эди (ҳ. 64/м. 683), энди эса Ҳажжож Каъбани йиқитди. Абдуллоҳнинг бу режасини бузди, Қурайшнинг охирги режасига кўра, қайтадан бино қилди (ҳ. 73/м. 692). Ҳозирги бино Ҳажжож қурдирган бинодир. Усмонли подшоҳлари замонида Каъба асосли таъмир кўрди.

Маккаликлар Абдулмаликка байъат этдилар. Ислом бирлиги такрор Абдулмалик бошчилигида тикланган бўлди.

Бироқ Шом умавийларининг саккизинчиси Абдулазиз ўғли Умар Ислом дунёсида салбий таъсирлар қолдирган мутлақият усулини йўқотмоқчи, Хулафои Рошидин даврида бўлган сайлов усулини қайта тикламоқчи бўлди. У ҳазрат Абу Бакрнинг невараси Қосимни валиаҳд қилмоқчи эди. Қосим фиқҳ олими эди. Халифаликка энг муносиб номзод эди. Шу зайл сулола усули бекор бўладиган эди. Аммо Умавийлар бунга чидаб туролмадилар, салтанатнинг қўлларидан кетишидан қўрқдилар. Шахсий манфаатларини ўйладилар. «Фақиҳи Умавий» деб ном қозонган халифа Абдулазиз ўғли Умарни хизматчисининг қўли билан заҳарладилар. Ўрнига Язид Иккинчи бўлди. Салтанат усули, мутлақият тузуми йўқотилмади.

Умавий давлатининг Сурияда маркази Дамашқ − Шом эди. Хулафои Рошидин даврида адолатга суянган Ислом фатҳлари Шом Умавий давлатида истило ҳаракатлари шаклида давом этди. Ислом ҳудудлари янада кенгайди. Ислом оламининг чегаралари бу ёғи Атлантика океанидан у ёғи Хитой деворларига қадар етди. Истанбул бир неча бор Умавий қўшинлари томонидан муҳосара қилинди. Родос ва Кирит оролларига, Ҳиндистонга ва Туркистонга сафарлар уюштирилди. Мағриб мамлакатлари (Тунис, Жазойир, Мароқош) олинди. Испания фатҳ этилди.

Ўн тўрт Умавий халифа ичида Муовия Биринчи, Абдулмалик ва Ҳишом каби ҳурматли, иқтидорли ва ҳақиқий давлат одамлари келди. Муовия Иккинчи, Фақиҳи Умавий Абдулазиз ўғли Умарлардек адолатпарвар, ҳақпараст, тўғрилиги туфайли ҳаётини ҳам фидо қилишдан қайтмаган номусли халифалар чиқди. Айни пайтда Язид Биринчи каби, Марвон Биринчи каби, Валид Иккинчи каби ўта золим, ахлоқсиз ва ҳатто динсизлар ҳам кўринди. Валид Биринчи каби бахтиёрларга, Марвон Иккинчи каби толеи пастларга ҳам дуч келинди.

Ислом мамлакатларида турли ишончда, турли тилларда гаплашувчи инсонлар яшар эди. Булардан араблар фақат Араб ярим оролининг аҳолиси эди. Кейинчалик Сурия, Фаластин − Ироқ, Миср, Мағриб мамлакатларининг аҳолиси ўз тилларини унутдилар, арабчани маъқул кўриб, араблашдилар.

Ислом тарихчилари мусулмонлик оламини ташкил қилган турли қавмларни ўн саккиз ирқдан ортиқ (балки йигирма икки) деб кўрсатадилар10. Нуфуси юз эллик миллионга юксалган Ислом дунёсининг бошида умавийлар қурган Умавий давлати бир араб салтанати эди.

Умавийлар араб жинсидан бўлмаган бошқа ирқларга қарата «араблик сиёсати» юргизар, араблар устун бир насл деган ғояни илгари сурар эди.

Ислом динининг ғояларига тескари бўлган «устунлик даъвоси» Ислом дунёсида катта нохушлик туғдирди. Араб бўлмаганлар арабларга қарши бирлашди. «Шуъубийя» номи билан фирқалар вужудга келди.

Шуъубийя фирқаси Ислом оламининг тепасидан умавийларни олиб ташлашни ўйлар эди. Мақсадлари араблар билан айни (тенг) ҳақ-ҳуқуққа эга бўлиш эди.

Араб бўлмаганлар Умавий салтанатига қарши бирлашаётган бир пайтда арабларнинг ўзлари ҳам бу салтанатни йиқиш учун ҳаракат бошладилар. Чунки Умавийлар бир томондан араблар билан араб бўлмаган ирқлар ўртасида тенгсизликка йўл очган «араблик» даъвоси билан чиққан бўлса, бошқа томондан арабларнинг ичларида ҳам эски «қабилачилик» қутқусини ташламаган эдилар.

Мусулмонликдан аввал умавийлар Макканинг ҳокими ва Каъбанинг муҳофизи бўлган Қурайш қабиласининг бир уруғи (тармоғи) эди. Бошқа бир уруғи эса ҳошимийлар эдилар. Ҳошимийлар билан умавийлар ўртасида азалдан «рақобат − қизғаниш» хасталиги, қабилачилик ғайрияти бор эди. Қурайшнинг бу икки тармоғи ўртасидаги бу даҳшатли қизғанчиқлик Исломдан кейин ҳам давом этди. Ислом тарихида кўп қонли воқеаларга сабаб бўлди.

Ҳошимийлар Али авлоди ва Аббос авлоди каби икки тармоққа ажралишди. Ҳошимийларнинг энг муҳим тармоғи бўлган Али авлоди халифаликнинг умавийларда қолишига чидаб туролмадилар. Улардан халифаликни олиш учун мухталиф пайтларда, мухталиф василалар билан, мухталиф шаклдаги исён ҳаракатларига мурожаат қилдилар. Умавийларни давлат идорасидан узоқлаштирмоқчи бўлдилар. Бу мақомнинг ўзларига оид тарихий бир ҳақ эканини иддао қилдилар. Бироқ муваффақ бўлолмадилар. Язид замонида ҳазрат Ҳусайннинг ҳаракатлари ва Карбало фожеаси (ҳ. 61/м. 680), Ҳишом замонида Ҳусайннинг неваралари Зайднинг исёни ва ўлдирилиши (ҳ. 122/м. 739), Валид Иккинчи замонида Зайднинг ўғли Яҳёнинг исёни ва фожеали оқибати (ҳ. 125/м. 742) Али авлодининг энг муҳим ташаббуслари ва муваффақиятсизликлари эди.

Ҳошимийларнинг бошқа тармоғи Аббос авлоди эса Али авлодига ўхшаб, очиқдан-очиқ исён бошламадилар. Ҳишом замониданоқ ғоят махфий тарғибот қуролига ёпишдилар. Зимдан Шуъубийя фирқалари билан ҳамкорлик қилишни ҳам унутмадилар. Охири мақсадларига эришдилар. Умавийларни йиқдилар, идорани қўлларига олдилар.

Атлантика океанидан то Хитой деворларига қадар ҳукмини юритган Шом Умавий салтанати Абу Муслим ихтилоли сабабли йиқилди.

Хуросонлик Абу Муслим бошчилигидаги бу даҳшатли ихтилол аввал Хуросонда бошланди. Ироққа кирди. Абул Аббос Абдуллоҳ қирқ кундан бери Куфадаги яшириниб ётган уйидан чиқди. Жомеъда хутба ўқиди. Халқ унга байъат қилди. Шу тарзда Ироқ Аббосий халифалиги қурилди. Илк халифаси эса Абул Аббос бўлди.

Умавийларнинг ўн тўртинчи халифаси Марвон Иккинчи катта бир қўшин билан Аббосийларнинг ихтилол қўшинига қарши урушиш учун Мусул устига юриш қилди. Икки қўшин Катта Заб суви бўйида қаршилашди. Марвон Иккинчи замонасининг энг буюк жангчиси эди, аммо бу жангда бир неча хатоларга йўл қўйиб, мағлубият аламини тотишга мажбур бўлди (ҳ. 132/м. 750). Сурия йўли билан Мисрга қочди. Бир маъбадга кириб яширинган эди, ушланиб, боши кесилди. Абул Аббосга юборилди.

Аббосийлар қўрқинчли бир интиқом сиёсатини юргизиб, умавийларни ушлаган жойда ўлдира бошладилар. Ҳатто халифанинг Шомга волий ва қўмондон бўлиб кирган амакиси Али Абдуллоҳ бир куни умавийлардан тўқсон кишини зиёфатга чақириб, тўпланганларнинг ҳаммасини фожеона тарзда ўлдиртириб юборди. Шомда умавийларга оид қабрларни очдирди, суякларни ёқтириб юборди. Ҳатто «Умавий жомеъи» дейилувчи катта бир жомеъ ҳам етмиш кун Аббосийлар томонидан ҳайвон охури ҳолига келтирилди. Фақат одил Умавий халифаси Абдулазиз ўғли Умарнинг қабригагина тегинмади.

Умавий шаҳзодалари мамлакатнинг ҳамма томонида қидирилди. Қўлга тушганлар қиличдан ўтказилди. Умавий халифаси Ҳишомнинг невараси Абдурраҳмон Аббосийларнинг бу ўлим сочган таъқибларидан илоҳий бир мўъжиза туфайлигина омон қолди.

Йигирма ёшли Умавий шаҳзодаси Абдурраҳмон олдинига қидирилган жойидан топилмади: у Сурияга қочишга муваффақ бўлган эди. Исмини ва қиёфатини ўзгартириб, бадавийлардан паноҳ истади. Минг бир машаққат ила Африқога ўтиб олди. Мароқошгача борди. Барбарийлар орасига кирди. Улар ёрдамида Испанияга ўтди. Олти йиллик ҳаёти бир рўмон қаҳрамони сингари мана шундай сарсари кечди, шундан тўрт йили давомида Аббосий халифаси Абул Аббос томонидан тинмай қидирилди.

У замон Андалусия (Испания) анархия ичида эди. Абдурраҳмон Қуртуба устига юриш қилди. Аҳоли шаҳар дарвозасини очди. Абдурраҳмонга байъат этди. Бу суратда Абдурраҳмон Ислом маданиятининг жонли обидаларини тарихга армуғон этган Андалус Умавий давлатини қурган бўлди (ҳ. 135/м. 756). Абдурраҳмон мусулмон Испаниянинг илк ҳукмдори эди. Шарқда Шом Умавий давлати йиқиларкан, ғарбда Андалусияда олти йил кейин иккинчи бир Умавий давлати қурила бошланди.

Абдурраҳмон биринчи ўтмишни унутмади. Толеининг бу охирги ва ажойиб жилваси қаршисида ўзини йўқотиб қўймади. Асл руҳли инсон эканини намоён этди. Ўттиз икки йил порлоқ бир салтанат сурди. Олтмиш ёшгача яшади (ҳ. 172/м. 788). Ҳаётининг охиригача комиллигини йўқотмади. Қуртубадаги муҳташам саройнинг гуллар билан безанган боғига чўлдан бир хурмо дарахти келтириб тиктирган эди. Вақти-вақти билан бу дарахтнинг соясида ўтириб, у билан дардлашар, унга эҳтирос тўла шеърлар ўқир эди:

— Эй гўзал хурмо дарахти! Сен ҳам менингдек бу ернинг ғариби, бегонасисан! Лекин ғарб шамоллари сенинг шохларингни нозли-нозли эркалаётир. Илдизларинг баракотли тупроқдан фойдаланаётир, бошинг соф ва тоза ҳаво ичра юксалаётир...

Оҳ! Мендаги ғамлар сенда бўлса, ким билади, не аччиқ кўзёшлар тўкардинг!? Толеинг хосиятсизлигидан ҳеч андиша этмагин!

Мен бўлсам, толенинг бетўхтов, қўрқинчли тажовузларига дучор бўлдим. Паст толеим, Аббосийларнинг сўнмас кин-адовати севимли ватанимдан мени айирганида Фирот дарёсининг соҳилларини безаб турган неча-неча хурмо дарахтларини аччиқ кўзёшларим-ла суғордим. Хурмо дарахтлари ҳам, Фирот наҳри ҳам, ҳеч бири менинг бу аччиқ кунларим хотирасини сақлай олмади. Сен, эй гўзал хурмо дарахти, юртингдан узоқлашганингга зинҳор хафа бўлма, ватанингдан айро тушганинг учун ғам чекма!

Қуртуба Умавий ҳукмдорлари ўн бешта эди. Илк ҳукмдори Абдурраҳмон Биринчи, охирги ҳукмдори эса Ҳишом Учинчи бўлди.

Изоҳлар

9. «Руҳи Ислом», 304-бет.

10. Шаҳбандарзода Аҳмад Ҳилми. «Тарихи Ислом», 2-жилд, 415-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ