Абдуллоҳнинг Оминага уйланиши

7 йил аввал 1440 siyrat.uz

Абдуллоҳ Абдулмутталибнинг энг суюкли боласи эди. У ўн саккиз ёшга кирганда отаси унга Ваҳбнинг қизи Оминани олиб берди. Ваҳб Абдуманофнинг ўғли, Абдуманоф Зуҳранинг ўгли, Зуҳра эса Килобнинг ўғли эди. Омина қурайш аёллари орасида насл-насаб жиҳатдан энг зоти поклардан ҳисобланарди. У Абдуллоҳга турмушга чиққач, Пайғамбар алайҳиссаломга ҳомиладор бўлди. Гумона эндигина икки ойга тўлганда Абдуллоҳ вафот этди ва Адий ибн Нажжор авлодидан бўлмиш тоғалари уни Мадинага дафн этдилар. Абдуллоҳ Шом (Сурия)га савдо-сотиқ билан бориб келаётганида Мадина шаҳрида қазо қилди. Оминанинг ой-куни етиб, гўзал ахлоқ, илм-маърифат ва покиза эътиқод билан оламни мунаввар этгувчи чақалоқ туғилди. Мисрлик астроном Маҳмуд Пошо Муҳаммад алайҳиссалом рабиул аввал (ҳижрийнинг учинчи ойи)нинг тўққизинчи куни душанба эрталаб туғилганларини, бу қувончли ҳодиса мелодий 571 йил тўртинчи ойнинг 21 кунига, яъни фил* воқэасининг биринчи йилига тўғри келишини аниқлаган.

Пайғамбар алайҳиссалом Бани Ҳошим кўчасидаги Абутолиб хонадонида дунёга келдилар, Абдураҳмон ибн Авфнинг онаси Шаффо (ёки Шифо) доялик қилди. Бу хушхабарни эшитган Пайғамбар алайҳиссаломнинг бувалари чақалоққа Муҳаммад дея исм қўйди. Илгари арабларда бундай от қўйиш расм бўлмаган эди. Аввалги пайғамбарларга нозил қилинган Таврот,* Инжил* каби илоҳий китобларда бу исм зикр этилган, Аллоҳ ўша китобларда зикр қилинган нарсани амалга оширишни ирода қилиб, Расулуллоҳнинг отини буваларининг кўнглига солган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг энагаси Абдуллоҳнинг чўриси Умму Айман Барака ҳабашия, илк дафъа эмизган  аёл эса Абу Лаҳабнинг  чўриси Сувайба эди.

____________

*Фил воқеаси — Маккада юз берган машҳур воқеа. Араблар бу воқеани тарих боши қилиб олишган. Қуръоннинг «Фил» сурасида ҳам бу воқеа зикр этилади. Унда айтилишича, Яманга ҳукмронлик қилган ҳабаш подшоларидан бири Маккага ҳужум қилиб, Каъбани бузмоқчи бўлади. У баҳайбат бир филни олиб келади. Оллоҳ таоло тумшуғида тош тишлаган қушларни юбориб, ғанимларни ер билан яксон қилади ва Каъбани сақлаб қолади.

*Таврот — яҳудийларнинг муқаддас китоби.

*Инжил — Насронийларнинг муқаддас китоби.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ